1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Бойлик қаноатдадир

05:00 / 17.02.2017 3322 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алло таоло: «Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?» деган (Зуҳо, 8).
Ҳақиқатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарсаси йўқ камбағал одам эдилар. Аллоҳ у зотни бу ҳолдан чиқарди. Энг муҳими, — назарларини тўқ қилиб қўйди. Ҳақиқий бойлик шундадир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир», дедилар
».
Шарҳ: Беҳисоб мол-дунёси бўла туриб, тийиннинг устида етти думалайдиган назари оч бандалар қанчадан-қанча. Аммо мол-дунёси кам бўлса ҳам, хотиржам бўлган назари тўқ инсонлар қани?

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингизнинг назарингиз молда ва халқда ўзидан афзал қилинган кишига тушса, ўзидан пастга назар солсин», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Бундоқ қилишингиз Аллоҳнинг сизга берган неъматига ношукр бўлишингизга олиб келиши мумкин», дедилар».
Ушбу учтани икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Мол-дунёда ва тана тузилишида ўзидан афзал кишига қараб ўксиниш, яхши эмас. Мабодо баъзи бир сабабларга биноан, бу иш содир бўлса, банда мазкур нарсаларда ўзидан паст бўлганларга назар солиб, шукр қилсин. Чунки мазкур нарсаларда ўзидан афзал кишига қараб ўксиниш кишидан шукр қилиш фазлини кетказади.
Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:
«Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз дунё ҳаётининг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир», деган (131-оят).
Баъзи кишиларга берилган турли зебу зийнатларга ҳавас билан боқма. Улар бу дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Биз уларга бу матоҳларни синаш учун вақтинча берганмиз. Беш кунлик дунёнинг зебу зийнатида бақо йўқ. Бирпасда заволга учрайди.
«Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир».
Роббинг сенга берган ризқ энг яхши ризқдир, энг боқий ризқдир. У вақтинчалик эмас, доимийдир. У синаш учун эмас, сийлаш учундир.
Аммо солиҳ амалларда ўзидан афзалларга назар солиш лозим. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан бирида:
«Икки хислат бор. Кимда ўшалар бўлса, Аллоҳ уни собир ва шокир, деб ёзади: ким дунёсида ўзидан пастга назар солса ва Аллоҳга ўзини ундан афзал қилиб қўйгани учун ҳамд айтса ва ким динида ўзидан афзалга назар солса ва унга иқтидо қилса», дейилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мендан бир калималарни олиб, уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиганларга таълим беради?» дедилар.
«Мен, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. Бас, у зот менинг қўлимдан тутдилар ва беш нарсани санадилар: ҳаромдан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдирадир», дедилар».

Термизий ва Акрлад ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом сиз билан бизнинг ҳар биримизга ўз ҳаётимизда асосий қоида бўлиши лозим бўлган улкан ҳақиқатларни тақдим этмоқдалар:
«Ҳаромдан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан».
Ҳаромнинг кичиги ҳам, каттаси ҳам бандага икки дунёнинг ёмонлигини келтиради. Бу ҳаммага аён бўлган улкан ҳақиқатдир. Аммо ўша улкан ҳақиқатга амал қиладиганлар камдир. Агар банда ҳаромдан сакланса, улкан даражага — одамларнинг энг обиди бўлиш даражасига эришар экан. Бу даражага эришишни истайдиганлар борми?!
«Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан».
Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса, одамларнинг энг бойи бўлади.
Имом Тобароний Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Қаноат туганмас молдир», деганлар.
Ўтган азизларимиздан Абу Ҳазим раҳматуллоҳи алайҳи: «Уч нарса бор. Улар кимда мужассам бўлса, унинг ақли расо бўлади: ким ўзини ўзи билса, ким тилини тийса ва ким Аллоҳ азза ва жалланинг берган ризқига рози бўлса», деган.
«Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан».
Дарҳақиқат, бошқа кўпгина ҳадиси шарифларда ҳам таъкид этилганидек, қўшнига яхшилик қилиш мўминликнинг аломатларидан биридир.
«Ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан».
Ҳақиқий мусулмон барча инсониятга ўзига яхши кўрган нарсани ҳам яхши кўради. Бас, шундоқ экан, зоҳидлик йўлига кирган мусулмон бу ишда барчага ўрнак бўлиши лозим.
«Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдирадир».
Беҳуда кулгини ҳамма ҳам хуш кўрмайди. Шунинг учун уни кўпайтиришдан не фойда?! Қалбни ўлдирадиган нарсадан не фойда?!

Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам қаноатли бўлиш катта бойлик эканига кучли таъкид бор.
Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражасида зиёда истеъмол қилишнинг соғлиққа зарари яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига ушбу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақиқатни Қуръони Мажийддан узоқ бўлган ғайридинлар ҳам тушуниб етдилар.
Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига:
«Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар» ояти каримасини ўқиган экан.
Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.
Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар.
Бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш, деганда уни емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмон инсонга муносиб эмас.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласига қуйидаги хислатлардан бошқага ҳақ йўқ: сокинлик топадиган уй, авратини беркитадиган кийим, бир бурда нон ва сув», дедилар».

Иккисини Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.

Убайдуллоҳ ибн Миҳсандан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан ким хотири жам ва жасади офиятда тонг отдирсаю, ҳузурида бир кунлик қути бўлса, дунё унга мулк бўлибдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Чунки тинчлик-омонлик ва сиҳатсаломатлик бўлса, ҳамма нарса топилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Мева ҳали кўринмай туриб унинг савдосини қилиш жоиз эмас. Чунки, йўқ нарсанинг савдоси дуруст бўлмайди.2. Мева зоҳир бўлгач, у ҳали пишмай туриб, узиб олмай давоми...

4392 05:00 / 17.02.2017
Ашраф Алий Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтдилар .Баъзи одамлар зарурийят сабабидан, яъни ўзининг зарурий ҳожатларини битириш учун пул топишга ҳаракат қилади. давоми...

4279 18:35 / 02.04.2018
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом зоҳир бўлган пайтда инсоният жаҳолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Деярли инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари йўлдан чиққан эди. давоми...

6765 05:00 / 17.02.2017
.Ароя,, яъни .орият, луғатда .вақтинча фойдаланиш,, деганидир. Шариатда эса, вақтинча фойдаланиш учун берилган нарсанинг фойдасини муддатдан илгари мол эгасининг давоми...

4839 05:00 / 17.02.2017