1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ҳадис ва ҳаётдан (30 жуздан)

05:00 / 17.01.2017 3821 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймон-Ислом йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл ҳавойи нафснинг, бу дунё муҳаббатининг, кофир, мушрик, мунофиқ ва бошқа дину диёнат душманларининг қаршилигини, турли тўсиқ ва машаққатларини енгиб юриш лозим йўл эканлиги таъкидланади...

ал-Ҳорис ал Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шунғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб: «Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар», дедим.
«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.
«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар: «Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Огоҳ бўлингизким, албатта фитна бўлур!» деганларини эшитдим.
Шунда: «Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор.
У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир.
Ким бир жаббордан қўрқиб, Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур.
Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур.
У-Аллоҳнинг метин арқонидир.
У-ҳикматли зикрдир.
У-сиротул мустақиймдир.
У-унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган,
У-унинг ила тиллар тутилмайдиган,
У-уламолар ундан тўймайдиган,
У-кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир.
У-жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир.
Ким у билан гапирса, содиқ бўлур.
Ким унга амал қилса, ажр олур.
Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур.
Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур.
Мана буларни олгин, эй, Аъвар», дедилар
». Термизий қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда. Азиз ўқувчи, келинг ушбу набавий васфни қўлимиздан келганча ўрганиб чиқайлик.
Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.
Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса, одамларнинг масжидда ўтириб олиб турли гапларга шўнғишларини ўша, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган фитна, деб тушунтирмоқдалар. Энди ўша ҳолат билан бизнинг ҳолатимизни солиштириб кўрайлик. Биздаги фитна ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хавф қилган фитнадан юз миллион марта ортиқ эмасми?!
Ислом, Қуръон таълимотлари бутунлай тарк қилиниб, одамлар неча замонлардан бери нафақат турли гапларга, балки дунёда борки гуноҳларга, ҳаром-харишларга, фисқу фужурларга, куфру нифоқларга шўнғигандан-шўнғиб юришмаяптими?!
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари билан ўша фитнадан чиқиш йўлини сўрадилар. У киши бир марта муҳтож бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз .
Келажакда мусулмонлар фитнага учрашидан огоҳлантирган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг:
«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули», деган саволига
«Аллоҳнинг китоби ила», деб жавоб бердилар.
Бугунги кунда мусулмонлар фитнага учраганлари шубҳасиз. Ҳа, бугун мусулмонлар ўзларининг узоқ тарихларида ҳеч учрамаган фитнага учраб турибдилар. Бугунги кун мусулмонлари иймону эътиқод, дину диёнат, Қуръону шариатдан мисли кўрилмаган даража узоқлашиб турибдилар. Улар ададлари кўп бўлишларига қарамай ер юзининг бирор нуқтасида Аллоҳ уларга ишониб топширган омонатни уддалай олмаяптилар. Заминнинг бирор парчасида Аллоҳнинг шариатини Аллоҳ айтганидек қоим қила олмаяптилар. Дунёнинг ҳаммасини ҳидоятга бошлаб, етакчилик қилиши лозим бўлган мусулмонлар, хору зор бўлиб, ҳаммадан кейин қолиб, бировларнинг етовида юрибдилар.
Гапнинг қисқаси, мусулмонлар ҳар томонлама фитнага учраганлар. Улар ушбу фитнадан қутулиб чиқмоқлари лозим. Фитнадан чиқиш эса, Аллоҳнинг севикли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таъкидлаганларидек, фақатгина Аллоҳнинг китоби ила бўлади. Ҳа, бу улкан фитнадан чиқиш учун ҳар бир мусулмон ва барча мусулмонлар биргаликда Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримга қайтишлари, уни маҳкам тутишлари лозим.
Бунинг учун эса Қуръони Каримга бўлган иймонни мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир ҳарфини қунт билан ўрганиш, энг муҳими, Қуръонга тўлалигича оғишмай амал қилиш лозим. Ана шундагина фитнадан чиқиб, саодат йўлини топиш ва олий мақсадга эришиш мумкин.
Ҳа, мусулмонлар Қуръони Каримга тўлалигича оғишмай амал қилсаларгина ўзларининг олий мақсадларига эришишлари, бугунги фитнадан чиқишлари мумкин. Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қилган тавсиялари шу. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун Қуръони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб тушунтириб бермоқдалар. У зот ўз умматларига бу ҳақда қуйидагиларни айтмоқдалар:

1. «Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори»...бор.
Ҳа, Қуръони Каримда мусулмон уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан олдинги ўтган нарсаларнинг хабарлари бор. Бўлганда ҳам энг ишончли, энг тўғри, энг ибратли хабарлар бор. Мусулмонлар Қуръони Каримдаги ўша ўзларидан олдин бўлган нарсаларнинг ахборини ўқиб, ўрганиб, улардан ибрат олишлари матлуб. Мазкур ахборларда ким кофир, фосиқ, мушрик, осий, мунофиқ, саркаш бўлса, ҳалокатга учраши ҳақида сўз юритилади. Мусулмонлар улардан ибрат олиб, ўша ҳалокатга учраганларнинг қилмишларидан бирортасининг ҳам яқинига йўламасликлари лозим.
Мазкур ахборларда Аллоҳга, У зот юборган Пайғамбарларга, У зот нозил қилган китобларга иймон келтириб, У зот жорий қилган шариатларга амал қилганлар икки дунё бахту-саодатига эришганлари таъкидланади. Мўмин- мусулмонлар бу ҳақиқатлардан ибрат олиб, Аллоҳга, У зотнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Роббил оламийннинг охирги ва абадий китоби Қуръонга бўлган иймонларини мустаҳкамлашлари ва сўнгги, мукаммал, баркамол илоҳий шариат Исломга тўла-тўкис амал қилмоқлари лозимдир.
Қуръони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймон-Ислом йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл ҳавойи нафснинг, бу дунё муҳаббатининг, кофир, мушрик, мунофиқ ва бошқа дину диёнат душманларининг қаршилигини, турли тўсиқ ва машаққатларини енгиб юриш лозим йўл эканлиги таъкидланади.
Муҳтарам ўқувчим, сиз билан биз мазкур ахборлардан ҳам ибрат олишимиз лозим. Иймон-эътиқод, дину диёнат ва татбиқи шариат йўлидаги учрашимиз лозим бўлган ҳар бир қийинчиликларга ҳам тайёр бўлмоғимиз лозим.
Азиз ва қадрли ўқувчи, аввал ўтган ҳодисалардан ибрат олиш лозимлигини ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм қайта-қайта таъкидлайди. Лекин ўша ибрат олиниши лозим бўлган қиссалар бир-биридан фарқли. Дунёда фақатгина сиз билан бизнинг, яъни мўмин-мусулмонларнинггина ибрат олишимиз лозим бўлган ўтмиш ҳақидаги қиссаларимиз энг тўғри ва энг ишончлидир. Биз ибрат оладиган ўтмиш қиссаларини ўтмишнинг, ҳозирнинг ҳамда келажакнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб берган. Биздан бошқалар ўтмиш қиссаларидан ибрат оламан деса, ёлғон-яшиқ, бидъат-хурофот, турли афсона ва дийдиёларга дучор бўладилар.
Ҳозирги кунда Инжил ва Таврот номли илоҳий китобга эга эканликларини, уларда ҳам олдин бўлган нарсаларнинг ахбори борлигини даъво қилаётганлар бор. Аммо, ҳозирги Инжил ва Тавротлар Аллоҳдан қандоқ нозил бўлган бўлса, ўшандоқ ҳолида эмас, уларга кўплаб бузилишлар ориз бўлиб, асли илоҳийлик ҳоллари қолмаган. Айниқса айнан ўтмишдаги бўлиб ўтган ҳодисаларга тааллуқли жойларида бузилиш катта бўлган.
Шунинг учун ҳам ўтмишдаги тарихий ҳодисаларни илмий асосда ўрганиб, Таврот, Инжил ва Қуръонга солиштириб чиққан ғарблик олимлар Таврот ва Инжилнинг бузилганлигини тушуниб етиб, улардан юз ўгириб, Қуръонга иймон келтирмоқдалар.
Ҳа, муҳтарам ўқувчим, дунёда фақат сиз билан бизгина олдин бўлиб ўтган нарсалар ҳақида тўғри маълумотга ва улардан фойдали ибрат олиш имконига эгамиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилайлик ва Роббимизнинг китобини қунт билан ўрганайлик.
Қимматли ўқувчи, жанобингизга маълум бўлсинким, Қуръони Каримдаги бор нарсалар фақат биздан олдин ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссасидан иборат эмас. Мазкур ахборлар ичида Аллоҳ таоло бутун борлиқни йўқдан бор қилиб яратгани, бутун мавжудотларни яратгани, Одамни Ўз қўли билан яратиб, уни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиб қўйгани, Одамдан унинг жуфтини яратгани, Одам алайҳиссалом билан Шайтон алайҳи лаъна орасида бўлиб ўтган можаролар ва яна бошқа кўпгина нарсалар ҳам бор.
Мазкур нарсалар билан батафсил танишиш, улардан ибрат олиш ва бошқа ишлар, ушбу «Тафсири Ҳилол»ингизни қунт билан ўқиб, зеҳн солиб тушуниш, дўстлар билан муҳокама-мунозара қилиш орқали бўлади.

2. «Унда сиздан кейинги нарсаларнинг хабари...бор».
Қуръони Каримдаги биздан-уммати Муҳаммадиядан кейинги нарсалар хабари, қиёмат қоим бўлиши, ҳамма ўлганлар қайта тирилиши, маҳшарга тўпланиши, бу дунёда қилган ишлари заррача ҳам қолдирилмай, ҳисоб-китоб қилиниши, иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар хурсанд, куфр келтирган ва фисқу-фужур қилганлар хафа бўлиши, мезон, кўприк, жаннат ва дўзах ҳамда шунга ўхшаш бошқа хабарлардир.
Бу хабарларга иймон келтириш мўмин-мусулмон шахс учун иймоннинг арконларидан бир рукндир. Мазкур хабарларни Қуръони Каримда зикр қилиниши, уларни иймон рукнларидан бирига айлантирилишидан мақсад, кишиларни иймон, Исломга чақиришдир. Аллоҳнинг каломидан қиёмат ва унга тегишли нарсалар ҳақида маълумот олган, унга иймон келтирган киши ўша кунга тайёргарлик кўриб яшашга ўтади. Мўмин ҳолида Аллоҳ буюрган ҳамма нарсаларга оғишмай амал қилади ва Аллоҳ қайтарган ҳамма нарсалардан қайтади.
Ҳа, муҳтарам диндошим, фақат сиз билан биз мусулмонларгина ўзимизни олдинда нималар кутаётганини биламиз, уларга иймон келтирамиз ва ҳозирдан тайёргарлигимизни кўриб борамиз. Бу ишда бизга Қуръони Карим ёрдамчи бўлади. Биз бу билан қанчалар фахрлансак оз. Чунки, биздан бошқалар бу имкониятга эга эмаслар. У бечораларнинг Қуръонлари йўқ. Олдиларида нима борлигини аниқ билмайдилар. Шунинг учун ҳам улар залолатнинг турли йўлларида юрибдилар. Бизга эса, бу масалани Аллоҳ таолонинг Ўзи ечиб берган. Сиз билан биз эса, ўша илоҳий ечимни ўргансак бўлди, бошқа оворагарчиликнинг кераги йўқ. Бунинг учун Роббимизнинг каломини ўрганишимиз, қунт ва ихлос билан дарс қилиб ўқишимиз лозим ва лобуддир.

3. «ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор». 
Ҳа, Қуръони Каримда сиз билан биз мусулмонларнинг орамиздаги барча нарсаларнинг ҳукми бордир. Ўша нарсалар ҳақида ҳукмнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари бордир. Мўмин-мусулмон ўз ҳаётининг ҳар бир соҳасида, каттаю кичик ҳар бир ишида фақатгина Ислом шариати ҳукми билан иш тутмоғи ҳам фарз, ҳам қарз. Мўмин-мусулмонлик даъвосини қилиб туриб ўз ҳаётидаги бирор нарсада Исломнинг ҳукмидан бошқанинг ҳукми билан иш тутмоқ мутлақо мумкин эмас. Бу нафақат шариатга, Қуръонга ва Суннатга, балки, соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди.
Хўш, азизим, айтинг-чи, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг ҳар бир ишини муқаддас динимиз ҳукмига мос қилиши лозиму лобуд экан, бу мақсадга эришиш учун энг аввал нима қилиш керак? Албатта, аввало ўша ҳукмларни ўрганиш керак.

4. «У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир». 
Ҳа, содиқул масдуқ сифати соҳиби бўлмиш, Муҳаммад ал-Содиқ лақабини олмиш ростгўй Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу қавлларида ҳам содиқ-ростгўйдирлар.
Зотан, Роббул оламийннинг Ўзи ҳам «Ториқ» сурасида Каломи Шарифни васф қила туриб:
«Иннаҳу лақовлун фасл ва маа ҳува билҳазл», яъни «Албатта у фосил қилувчи қавлдир, У ҳазл эмасдир», деб марҳамат қилган.
Қуръони Каримнинг фосил қилувчилиги-ажратувчилиги ҳақиқийдир. У ҳар бир нарсани ажратиб-ажратиб кўрсатиб берган. Жумладан, ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан, мўминни кофирдан, мухлисни мунофиқдан ажратиб қўйган. Ана ўша ажримларни, оддий ажрим эмас, илоҳий–Қуръоний ажримларни билиб олишимиз учун Қуръони Каримни яхшилаб, зеҳн ва ихлос ила ўрганмоғимиз зарурдир.
Ҳа, Қуръон ҳазил эмас, Унда бирорта ҳам бефойда, каммаъно, ҳикматсиз сўз йўқ. Қуръони Каримдаги ҳар бир сўз ўта жиддий, ўта фойдали, ўта пурмаъно ва ўта ҳикматлидир. Сиз билан биз Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатларни ҳам доимо ёдимизда тутмоғимиз лозимдир. Ана шунда ўрганаётган нарсамизнинг қадр-қийматини ўз жойига қўйган бўламиз.

5. «Ким бир жаббордан қўрқиб Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради». 
Яъни, ким бирор томоннинг жабру-зулмидан қўрқиб Қуръони Каримни тарк қилса, Аллоҳ таоло ўша Қуръонни тарк қилувчининг умуртқа поғонасини синдириб, ҳеч нарсага ярамай, қимирлай олмасдан ётадиган қилиб қўяди.
Бу, албатта, мажозий маънодаги гапдир. Бирор жаббордан қўрқиб Қуръонни тарк қилганларнинг белларидаги умуртқа суяклари синиб ётиб қолмайдилар. Балки, улар бу дунёю у дунё ишларида уларни тўғри йўлга бошлаб, белларига қувват бўлган омилдан ажраган бўладилар.
Майда-чуйда нарсаларни гапириб ўтирмасдан, кўз ўнгимиздаги оламшумул миқёсдаги ҳолатни олайлик. Қуръони Каримга амал қилиб бутун дунёга раҳбарлик қилаётган мусулмон уммати аста-секин Қуръон таълимотларидан узоқлашиш оқибатида ўз мавқеини йўқотди. Кейин эса турли жабборлардан, хусусан, ғарблик мустамлакачи жабборлардан қўрқиб Қуръонни тарк этди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу умматни жиноятига муносиб равишда жазолаб, умуртқа поғонасини синдирди. Шундан буён бу уммат осмонга қараганича кўзини мўлтиратиб қимирлай олмай ётибди.
Бу умматнинг сони кўп, бойликлари кўп, дунёнинг энг қулай ва энг бой ерларига жойлашган, лекин бойликларини бошқалар ташиб кетмоқда. У эса ҳеч нарса қила олмай ётибди. Хўш, бу оғир дарднинг давоси борми?
Ислом уммати қандоқ қилиб ўз умуртқа поғонасини қайта ишга тушира олади?
Жавоб битта. Буларнинг ҳаммаси Қуръон билан тузалади. Шунинг учун, азиз ўқувчи, Қуръонни яхшироқ ўрганмоғимиз лозим.

6. «Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади». 
Қуръони Карим бандаларни икки дунё саодатига бошловчи илоҳий ҳидоятдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бир қанча оятларда Қуръон барча оламлар учун ҳидоят эканлигини қайта-қайта таъкидлаб айтган. Буни бошқалар билмаса ҳам мусулмонлар яхши билади.
Бундоқ улкан ҳақиқатни билиб туриб-Қуръон Аллоҳнинг ҳидояти эканлигини англаб туриб, ундан бошқадан ҳидоят излаш соғлом ақлга мутлақо тўғри келмайди. Лекин, минг афсуски, шундоқ бўлди. Мусулмонлар турли омилларга кўра, энг ачинарлиси, ўзларига етган жаҳолатга кўра Қуръондан бошқадан ҳидоят излашга ўтдилар.
Хўш, бу аянчли ҳолдан қандоқ қилиб чиқиш мумкин? Қандоқ қилиб мусулмонлар ўзларининг олдинги мавқеларини тиклашлари мумкин?
Қандоқ қилиб мусулмонлар яна дунё халқларининг пешқадами бўлишлари мумкин?
Жавоб битта. Мусулмонлар фақатгина Қуръони Карим ҳидоятига юриш билангина ҳозирги аянчли ҳолдан чиқишлари, ўзларининг олдинги мавқеларини тиклашлари ва яна қайтадан дунё халқларининг пешқадамлари бўлишлари мумкин. Бунинг учун эса, азиз диндошим, Қуръони Каримни қунт ва ихлос ила ўрганмоғимиз лозим.

7. «У–Аллоҳнинг метин арқонидир». 
Инсон ҳаётнинг асов дарёсидан нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олмоғи учун бирор арқонга осилмоғи лозим. Ана ўша нажот арқони Аллоҳ таолонинг метин арқонидир. Бу метин арқон ҳеч қачон узилмайди, ҳеч қачон панд бермайди. Ким унга осилса, ҳаёт дарёсининг ҳар қандай асовлигидан, хавф-хатаридан ўтиб нажот қирғоғига эсон-омон чиқиши турган гап. Аллоҳнинг метин арқонидан бошқа ҳеч бир арқон ҳеч кимни нажот қирғоғига олиб чиқа олмаслиги ҳам турган гап. Модомики, нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олиш ниятимиз бор экан, Аллоҳнинг метин арқони– Қуръони Каримни маҳкам тутайлик. Уни маҳкам тутишлик учун эса яхшилаб ўрганайлик.

8. «У–ҳикматли зикрдир». 
«Ҳикмат»нинг маъноси, ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш, баён қилишдир. «Зикр» эса эслатма маъносидадир.
Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган «ҳикматли зикр»дир.
Ундаги зикрнинг ҳаммаси ўта ҳикматлидир. Одамлар бу дунёда ҳикматга эҳтиёжли бўлиб юрадилар. Ҳикматли гап-сўзларни ўқиб-ўрганиб, эшитиб-ёдлаб, яна бошқа ишлар ҳам қилиб юрадилар. Улар ана ўша ҳикматларни ўзларига, ўзгаларга эслатма бўлишини ҳаётдаги ишларида йўл кўрсатувчи, танбеҳ берувчи бўлишини хоҳлайдилар.
Сиз билан биз-мусулмонлар нақадар бахтлимиз, ана ўша юқорида зикр қилинган ҳолатлар учун сиз ва бизга Роббил оламийннинг Ўзи ҳикматли зикрни тушириб қўйибди.
Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила бандаларнинг ҳикмати орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор.
Қани Қуръоний ҳикматлар билан танишишга муштоқлар?
Қуръондаги ҳикматлар мисли йўқ ҳикматлардир.
Қуръондаги ҳикматлар илоҳий ҳикматлардир.
Қуръони Карим бошдан-оёқ ҳикматли зикрга тўладир.
Зотан Қуръони Каримнинг номларидан бири Қуръони Ҳакиймдир.
Қуръони Каримнинг номларидан яна бири зикрдир.
Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида Қуръони Каримни «Ҳикматли зикр» деб номлабдилар.
Дунёдаги энг яхши ҳикматларни ўрганай, улардан ўрнак олай, уларга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни яхшилаб ўргансин.
Дунёдаги энг яхши эслатмани ўрганай, ундан ўрнак олай, унга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни ўргансин.

9. «У–сиротул мустақиймдир». 
Ҳа, Қуръони Карим–сиротул мустақийм–тўғри йўлдир.
У Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидир.
Ҳар бир банда ҳар бир мақсадга эришиш учун сиротул мустақиймга муҳтождир.
Сиротул мустақиймсиз ҳеч ким мақсадга эриша олмайди.
Сиротул мустақиймда юрмаган одам, нотўғри йўлдан юриб адашади, кўзлаган манзилга ета олмай, ҳалокатга учрайди.
Сиротул мустақиймга юрмаган одам нотекис йўлдан юриб, қоқилади, йиқилади, бурни қонайди, бўйни синади, кўзлаган манзилига ета олмай, сарсон-саргардон бўлиб ҳалок бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўзи учун сиротул мустақиймни излайди. Сиз билан биз-мусулмонлар нақадар бахтлимизки, Роббимиз Ўзи бизга сиротул мустақиймни бериб қўйибди. Икки дунёда кўзланган саодат манзилига элтадиган сиротул мустақиймни шундоқ хизматимизга тайёр қилиб қўйибди. Биздан бўладигани ўша илоҳий сиротул мустақиймдан юриб кетиш холос. У эса бизларни икки дунёдаги саодатли муқсадларимизга элтади. Ана ўша сиротул мустақиймда юришни амалга ошириш учун уни ўрганиш лозим.

10. «У–унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган... нарсадир». 
Ҳа, Қуръони Каримга алоқадор бўлган ҳавойи нафс ҳеч қачон ҳақ йўлдан тоймайди. Чунки, Қуръони Карим барча ҳавойи нафсларни халқ қилган Холиқ томонидан уларни жиловлаб, тойиб кетмайдиган қилиб ушлаб турувчи қўлланмадир. Дунёдаги барча бандаларнинг бу дунёдаги асосий муаммоларидан бири ҳавойи нафслари билан бўладиган муаммоларидир. Кишиларни ёмонликка бошлаётган нарса ҳам асосан ҳавойи нафсдир. Қачонки банданинг ҳавойи нафсига шайтон кўрсатма берса, банданинг ўзи кўрсатма берса ёки ўша бандага ўхшаш бошқа бандалар кўрсатма берса, албатта, у ҳавойи нафс ҳақ йўлдан тояди ва ўз эгасини ҳалокатга бошлайди. Ҳар замон, ҳар маконда бандалар якка-якка ҳолларида ҳам, тўп ҳолларида ҳам ҳавойи нафсни тойдирмайдиган қўлланмани қўллаганда нажот топадилар. Ҳавойи нафсни тойдирмаслик учун илоҳий қўлланмани қўлламаганлар эса, ҳавойи нафсларига қул бўладилар ва ҳалокатга учрайдилар.
Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилиб уларга ҳавойи нафсларини тойдирмай ушлаб турадиган Қуръони Каримни бериб қўйган. Ана ўша илоҳий қўлланмани яхшилаб ўрганиб, унга оғишмай амал қилган кишининг ҳавойи нафси тоймайди.

11.«У–унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган... нарсадир».
Ҳа, Қуръони Карим ила бўлган тиллар ҳеч қачон илтибосга тушмас. Яъни, бошқа нарсалар билан аралашиб кетиб, қайси бир ҳақ, қайси бири ноҳақ бўлиб қолиб илтибосга тушилмайди. Қуръони Карим билан бўлган тил ҳеч иккиланмасдан ҳақни гапираяпман, деяверади. Қуръондан бошқа нарса аралашдими, дарҳол илтибос тушади. У ҳолда банда қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканинни ажрата олмай сарсон бўлади. Айниқса, ҳозирга келиб бу нарса жуда ҳам авж олди. Ўзининг гапи ҳақ эканини дақво қилувчилар: якка шахс, гуруҳ, фирқа, миллат, давлат, уюшмалар ҳаддан зиёд кўпайди. Уларнинг ҳар бири ўзининг гапи ҳақ эканини даъво қилиш билан бирга ўзганинг гапи ноҳақлигини ҳам таъкидлайди.

12. «У–уламолар ундан тўймайдиган... нарсадир». 
Ҳа, Қуръони Каримдан уламолар тўймаган, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам. Модомики, Қуръони Каримни Роббил оламийндан қабул қилиб олган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ деганларидан кейин уламолар Қуръондан тўймасликлари ҳақиқатдир.
Бу улкан ҳақиқатни воқеълик ҳам тасдиқлайди. Илмлар кўп, уламолар ундан ҳам кўп. Чунки, ҳар бир илм бўйича қанчадан-қанча олим бўлади. Ана ўша турли илмлар бўйича қайси бир олим Қуръони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керак нарсани олади. Лекин бари бир тўймайди. Яна янги нарса олгиси келаверади. Қуръон нозил бўлгандан буён уламолар ундан олишган нарсани ўзлаштириб, улардан баҳраманд бўлган бугунги олим ҳам тўймай яна ўзи бир нарса олишга уринади.
Дунёда бир хил мавзуда ёзилган китоблар ичида Қуръони Каримга боғлаб ёзилган китобларчалик кўп китоб бўлмаса керак. Тафсир китобларини ёзиш бир минг тўрт юз йилдан буён давом этмоқда. Ҳар бир тафсир билан танишсангиз, ўзига хослиги, озгина бўлса ҳам, бошқалардан ажралиб туриши билан фарқ қилади. Демак, уламолар Қуръондан тўймаганлари учун шундоқ қиладилар. Ҳозирги кунимизда ҳам янги-янги тафсирлар чиқиб турибди. Улар ҳам ўзига хослиги билан ажраб туради. Демак, уламолар Қуръонга тўймаяптилар.
Агар Қуръонга тўймайдиган уламолар тафсирчи уламолар, десак катта хато қилган бўламиз. Балки, бошқа уламолар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Мисол учун муҳаддис уламоларни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Чунки, уларнинг мутахассислиги бўлмиш ҳадис илми Қуръони Карим ила чамбарчас боғлиқдир. Зотан, ҳадиси шарифлар Қуръони Каримнинг тафсири ва ҳаётга татбиғидир.
Фиқҳ уламоларини олиб кўрайлик. Қуръони Каримга тўймайдиган уламолар айнан фуқаҳолардир, десак муболаға бўлмайди. Чунки, Қуръони Карим фуқаҳоларнинг биринчи навли ва энг асосий озуқаларидир. Улар Ислом шариатининг аҳкомларини асосан Қуръони Каримдан оладилар. Бунинг учун улар ҳар бир оят, ҳар бир Қуръоний ҳарфни синчиклаб, қайта-қайта, атрофлича ва чуқур ўрганадилар. Бу ҳолатда уларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.
Араб тили уламолари ҳам худди шундоқ. Улар хоҳ илми наҳв, хоҳ илми сарф, хоҳ илми баён, хоҳ илми бадийъ бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъий назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар. Чунки, Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Унинг тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар. Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва доимо унга тўймайдилар.
Хулоса шулки, қайси бир илмни олсак ҳам, илми ақоидми, илми фароизми, илми мантиқми, илми тасаввуфми ёки бошқа илмларми, бари-бир уларнинг уламолари Қуръони Каримга тўймасликлари Қуръони Каримнинг ўзига хос бир неча илмларни пайдо бўлишига олиб келди.
Бу илмларнинг мажмуаси «Улумул Қуръон»–«Қуръон илмлари»-деб аталади. Бу қадимги илм бўлиб, унга қанчадан-қанча уламолар ўз умрлари, зеҳн-заковотларини бағишлаганлар. Бу соҳада сонсиз-саноқсиз китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. «Улумул Қуръон» ўз ичига илмул қироат, илмул носихи вал мансухи, илмул маккиййи вал маданиййи, илму сабаби нузул, илмул расми, илмул муҳками вал муташобиҳи каби бир қанча илмларни олади. Табиийки, ушбу илмларга мутахассис бўлган уламолар асло Қуръони Каримга тўймайдилар.
Тарихчиларни олиб кўрайлик. Бу дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланиши, қадимда содир бўлган тарихий ҳодисаларнинг энг ишончли масдари Қуръони Карим асосида қадимги дунё тарихини битдилар. Улар ўз замонларида шунинг учун ҳам етакчи тарихчилар бўлдилар.
Кейинчалик баъзи бир тоифалар, шахслар чиқиб, ўзларича дунё тарихини «илмий» равишда қайта кўриб чиқдилар. Улар дунёда энг ишончли тарих битганларини айтиб айюҳаннос солдилар. Бошқаларни, жумладан, мусулмон тарихчиларни илмсизликда, афсоналарга берилишда айбладилар.
Аммо, вақт ўтиб илм ривожланиши билан ҳалигиларнинг «илмий»лиги жаҳолатдан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди. Ҳаммаси муз каби эриб кетди. Қуръондан баҳра олган мусулмон тарихчиларнинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди. Демак, мусулмон тарихчиларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.
Энди жуғрофиячиларимизни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръони Каримдаги жуғрофияга тегишли оятларга асосланиб, улардан руҳланиб бу илм тарихида мисли кўрилмаган улкан натижаларга эришдилар.
Агар Қуръони Каримдан турли соҳадаги мусулмон уламолар тўймайди, десак хато қилмаган бўламиз. Балки, Қуръони Каримга мурожаат қилган ғайримуслим олимлар ҳам ундан тўймаётганига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Дунё тарихини Таврот, Инжил, Қуръон ва янги илмга солиштириб ўрганиб чиққан ғайридин олимлар Қуръони Каримга тан бериб мусулмон бўлдилар.
Дунёда денгиз-уммон илми бўйича кўзга кўринган ғайридин олимлар ўз соҳалари бўйича Қуръони Каримни ўрганиб чиқиб мусулмон бўлдилар. Шунингдек, табиблар, инсон наслини ўрганувчилар ва бошқа-бошқалар ҳам Қуръони Каримга тўймаяптилар.
Ҳозир «Қуръондаги илмий ожиз қолдиришлик» номли халқаро ҳайъат ишлаб турибди. Ундаги баҳслар асосан ғайри мусулмон олимлар Қуръондан тўймасликларининг далили эмасми?

13. «У–кўп такрораш билан эскирмайдиган... нарсадир». 
Ҳа, дунёда кўп такрорлаш билан эскирмайдиган бирдан-бир нарса Қуръони Каримдир. Қорилар ҳар бир ояти каримани ёдлаш учун минглаб марта такрорлайдилар, ёдлаб бўлганларидан сўнг ҳам доимий равишда ўқиб турадилар. Аммо ҳар ўқиганларида янги завқ, янги шавқ, янги ҳузур, янги ҳаловат оладилар. Бу маъно Қуръони Каримни тингловчиларга ҳам тегишли. Ояти карималар ҳар сафар такрор эшитилганда, янгича ҳаловат, янгича ҳузур олинади. Чунки, Қуръони Карим такрорлаш билан эскирмайдиган нарсадир.
Бундан келиб чиқадиган хулосамиз, демак, Аллоҳнинг каломини қанчалик кўп такрор ўқисак, ўргансак, эшитсак, Аллоҳ азза ва жаллага шунчалик яқин бўламиз. Маъносини тушунмай ўқиганга шунчалик мартаба бўлса, тушуниб ўқиганларга қанчалик бўлиши маълум.

14. «ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир». 
Ҳа, Қуръони Карим дунёдаги ажойиблари тугамайдиган бирдан- бир нарсадир. Зотан барча ажойибларнинг эгаси Аллоҳ таолонинг китоби бўлганидан кейин шундоқ бўлади-да. Қуръони Каримнинг катта-кичик ажойибларига, инсоният ўн беш асрдан бери кўриб, мулоҳаза қилиб, тан бериб келмоқда. Инсоннинг ақлий даражаси, илми ўсган сари Қуръони Каримнинг янгидан-янги ажойиботларини англаб етмоқда.
Биргина мисол келтирайлик, электрон ҳисоблаш машиналари чиқиб, ҳамма нарсани ҳисоблаш, атрофлича ўрганиб олиш имкониятлари кўпайди. Қуръони Карим ҳам ўша машиналарга солиб ўрганиб чиқилди. Натижада, Қуръони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва оятлари-ҳамма-ҳаммаси ҳисобли экани маълум бўлди. Ана ўша ҳисоб асосида янги чоп қилинган Қуръон нусхаларини электрон ҳисоблаш машиналари ёрдамида текшириб, хатолари бўлса осонлик билан топиш имкони ҳам пайдо бўлди. Охир-оқибат келиб, Қуръондаги ададий ожиз қолдирувчилик соҳаси пайдо бўлди ва уламоларимиз бу соҳа бўйича китоблар ёза бошладилар.

15. «У–жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир». 
Ҳа, Қуръони Карим фақат инсларни эмас, балки, жинларни ҳам икки дунё саодатига элтувчи дастурдир.
Авваллари жинлар осмонга чиқиб, у жойдаги гапларни ўғринча эшитиб олиб, ердаги ўзлари билан алоқадор одамларга ёлғон-яшиқ қўшиб етказар эдилар. У одамлар эса фолбинлик қилиб кишиларга ғайбнинг, хабарини бераётган бўлиб, турли нарсаларни айтар эдилар. Узоқ вақт шундоқ давом этиб келди.
Лекин бирдан осмон хабарини эшитгани чиққан жинларни юлдузлардан оловли парчалар ажраб чиқиб қувлайдиган бўлиб қолди. Энди жинлар осмон хабарларига ўғринча қулоқ оса олмай қолдилар.
Шунда улар бу ғайриоддий ҳолнинг сабабини ахтариб дунё кеза бошладилар. Насийбин деган жойлик жинлар йўлда кета туриб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловатларини тўсатдан эшитиб қолдилар. Тўхтаб, биз билан осмон хабари орасига тушган шу нарса экан, дейишди. Тиловатни эшитиб бўлгандан кейин эса, «биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», дейишди.
Яъни, жинлар дарҳол Қуръони Каримнинг ажиб эканини ҳам, ҳидоятга бошлашини ҳам англаб етдилар. Улар зудлик билан Қуръони Каримга иймон келтирдилар ва бошқа жинларни ҳам унга иймон келтириб, амал қилишга даъват қила бошладилар.
Жинларнинг бу ишлари сиз билан биз инсларга сабоқ бўлиши керак. Қуръони Каримга улар каби ҳозиржавоб бўлишимиз керак. Шу билан бирга бу улкан ҳақиқатдан бошқа ибрат ва мулоҳазаларни ҳам олмоғимиз керак. Жумладан, сиз билан биз ўрганаётган « Қуръони Карим» деб номланган илоҳий китоб нафақат ҳамма макон ва замондаги ҳамма инсонларга, балки, барча жинларга ҳам илоҳий дастурдир. Унинг мухлислари, ўқиб, ўрганувчилари кўпчилик тасаввур қилгандан кўра чандон-чандон кўпдир. Сиз билан биз ўша кўпчиликнинг бири эканимиз билан ҳар қанча фахрлансак, шунча оздир.

16. «Ким у билан гапирса, содиқ бўлур». 
Ҳа, Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи, Аллоҳ таоло эса каломида содиқ зотдир. Шунинг учун ким Қуръон билан гапирса, у одам гапида содиқ бўладир. Аллоҳнинг гапини гапирган содиқ бўлмай, ким ҳам содиқ бўлар эди.
Ҳа, азиз ўқувчи, сиз билан биз Каломуллоҳни ўрганар эканмиз, ўзимиз учун энг олий мақом, энг содиқ гаплар хазинасини ўрганаётган бўламиз. Ушбу илоҳий дастурдан олиб гапирган гапимиз энг содиқ гап бўлади. Барча гапимиз Қуръон ила гапириладиган бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак.
Азиз ва муҳтарам ўқувчи, ўйлаб кўринг, сиз билан биз нақадар хушбахт бандаларимиз. Аллоҳ таолонинг гапини гапириб, энг содиқ гап эгаси бўлиш бахтига эришишимиз мумкин. Бунинг учун тайёр нарсани ўрганиб олсак бўлади. Аммо, биздан бошқалар бу бахтга сазовор эмаслар. Қуръони Каримни ўзига дастур тутмаганлар, бу илоҳий каломни ўрганмай юрганлар гапига содиқ бўлиш имконига эга эмаслар. У шўрликлар, нимани, кимнинг гапини ўзига дастур тутишни билмай сарсон бўладилар. Бирор гапни лозим тутсалар ҳам, ўзларига ўхшаган ожиз банданинг гапини тутадилар. У эса содиқ бўлиши мумкин эмас. Ҳалиги шўрликлар мазкур ўзига ўхшаган банданинг каломи ўрганиб, иқтибослар ёдлаб овора бўлиб юрадилар. Уларнинг бу қилган ишидан на ажру савоб бор, на рушди ҳидоят бор ва на саволга жавоб бор. Биз ўзимизга дастур тутган нарса билан у шўрликлар ўзларига дастур тутган нарса ўртасида қанча фарқ бор, биласизми? Аллоҳ билан ожиз банда орасида қанча фарқ бўлса, шунча фарқ бор. Чунки, биз ўзимизга дастур тутган нарса Аллоҳнинг каломи содиғи, улар ўзларига дастур тутган нарса эса ожиз банданинг хом хаёлидир.
Ҳа, азизлар, шунинг учун ҳам ўз бахтимизнинг қадрига етмоғимиз, бизга бу бахтни берган Зотга тинимсиз шукур қилган ҳолда, ўз бахтимиз маёғи Қуръони Каримни кўпроқ ўрганмоғимиз, ҳар бир гапимиз ундаги гаплар ила гапирилиши учун қаттиқ ҳаракат қилмоғимиз зарур.

17. «Ким унга амал қилса, ажр олур».
Ҳа, ким Қуръони Каримга амал қилса, ушбу муборак дастурни хаётига татбиқ қилса ажр олади. «Ажр» сўзини сал қўполроқ иборалар билан таъриф қиладиган бўлсак, қилган ишига иш ҳаққи олиш маъноси чиқади. Арабларда ҳозир ҳам иш ҳаққини ажр дейишади. Демак, Қуръони Каримга амал қилган–ишлаган одам иш ҳаққини олади. Унинг бу дунёдаги иш ҳаққи тинч-омон, соғ-саломат, хотиржамлик, барча яхшиликларга тўла, фаровон ва саодатли ҳаёт бўлади. Қуръонга амал қилган кишининг ҳақиқий ажри–иш ҳаққи эса у дунёда берилади. Қуръонга амал қилган кишининг у дунёдаги иш ҳаққи–жаннати фирдавс бўлади. У ўша ерда, нозу-неъматлар, ҳури ғилмонлар, олий мартабалар ва Аллоҳнинг розилигига бурканган ҳолда абадий қолади.
Қуръони Каримдан бошқага амал қилганларга эса, на бу дунёда ва на у дунёда ҳеч қандай ажр–иш ҳаққи йўқ. Чунки, улар ўзларига ўхшаган ожиз банданинг айтган, ёзган, тузган, ишлаб чиққан нарсаларига амал қилдилар. Мазкур ожиз бандалар ўзларининг тузган дастурларига амал қилганларга қандоқ ажр беришлари мумкин? Ҳеч қандай. Зотан унинг ўзи ажрга муҳтож. Бу дунёда уч-тўрт кун имкон топган бўлса, кишиларга совға-салом ёки мукофотлар берса, ажр берган бўлади. У Аллоҳ берган омонат нарсанинг тасарруфини қилади, холос. Шунда ҳам адолат ила иш юритмай кўпчиликнинг ҳаққидан уриб қолади. Мазкур шахс имкондан ажраган куни ўзи ҳам, унинг дастурига амал қилганлар ҳам расво бўладилар. Бу дунёда ундан кейин келган имконли шахс ёки тузумнинг тазйиқи остида, у дунёда эса жаҳаннам хазиначиси бўлган кучли, қўпол ва шафқатсиз фаришталар гурзиси остида ўтадилар.
Амал қилувчиларга бериладиган иш ҳаққи билан иш ҳаққинниг фарқи бор. Қуръондан бошқага амал қилганларнинг иш ҳаққи ҳақиқий эмас, мажозийдир, доимий эмас, онийдир, битмас-туганмас эмас, фонийдир. Шунингдек, уларнинг иш ҳаққи адолатли эмас, тахминийдир.
Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажри эса ҳақиқийдир. Чунки уларнинг ажрларини ажрнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажрлари оний эмас, доимийдир. Чунки уларнинг ажрларини чексиз ва доимий имконга эга Зот–Подшоҳи азалий Зот–Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажрларини Боқий сифатга эга бўлган, ҳам фоний дунёнинг, ҳам боқий дунёнинг Молики бўлган Аллоҳ таоло беради.
Бас, шундоқ экан, азиз диндошим, Қуръонга амал қилиб яшайлик. Қуръонга амал қилиш учун эса аввало уни яхшилаб ўрганайлик. Ўрганган ҳар бир оятимизга дарҳол амал қилайлик. Қуръонга амал қилишликнинг ажри борлиги билан бирга Қуръонга амал қилмасликнинг гуноҳи, азоби борлигини ҳам унутмайлик.
Зотан, ҳар бир мусулмон учун Қуръони Каримни ўқиб, ўрганмоқлик, унга амал қилмоқлик лозиму лобуддир. Қуръони Каримни ўқиб-ўрганиш, унга амал қилиш фақат уни ўқиб-ўрганувчи ва унга амал қилувчининг ўзигагина яхшиликлар келтириб қолмайди, балки унинг қариндош- уруғи, ота-оналарига ҳам улкан яхшиликлар етишига сабаб бўлади.
Қуръони Каримни ўқишнинг, ўрганишнинг, ёдлашнинг, у ҳалол деган нарсани ҳалол билиб, ҳаром деган нарсани ҳаром билиб амал қилишнинг фазли қанчалик улуғ эканини кўрдингизми?!

18. «Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур».
Ҳа, Қуръони Карим ила ҳукм қилгангина адолат қилиши мумкин. Қуръони Каримдан бошқа нарса билан ҳукм қилган эса, ҳеч қачон адолат қила олмайди.
Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримни бу дунёда у ила ҳукм қилиш учун туширгандир. У Зот азза ва жалла Ўз Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Албатта, Биз Сенга китобни одамлар орасида ҳукм қилишинг учун ҳақ ила нозил қилдик», дегандир.
Ҳа, Қуръони Карим бандалар орасидаги Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳнинг ҳукми эса адолатлидир. Шунинг учун ҳам Қуръон ила ҳукм қилгангина адолатли ҳукм қилган бўлади.
Қуръони Карим ила ҳукм юритиш учун эса, уни қунт ва иймону ихлос билан ўқиб-ўрганиш керак. Келинг, ушбу илоҳий дастурни яхшилаб ўрганиб, унга яхшилаб амал қилишга, унинг ила ҳукм қилишга аҳдлашайлик.

19. «Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур». 
Ҳа, ким одамларни сиротул мустақиймга–энг тўғри йўлга–даъват қилмоқчи бўлса, Қуръони Каримга даъват қилмоғи керак. Қуръони Каримдан бошқага даъват қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Чунки, уларнинг ҳеч бирида сиротул мустақийм йўқ. Чунки, уларнинг барчаси ердан чиққан кимсалар томонидан ишлаб чиқарилган нарса бўлгани учун улар ҳам ердан чиққан бўлади. Ердан чиққаннинг айтгани ўз атрофидан нарига ўтмайди. Ердан чиққан нарса ерга-пастга қараб тортади.
Қуръони Каримни эса Аллоҳ таоло сиротул мустақийм қилиб етти осмон устидан туширгандир. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, нафақат ерни, балки, бутун оламларнинг тўғри йўлини ўзида мужассам қилган бўлади. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, ўзига эътиқод ва амал қилганларни энг юксак мартабаларга олиб чиқади.
Шунинг учун ҳам сиротул мустақиймга ҳидоят қилинишимиздан умидвор бўлиб, ўзимизни, бола-чақаларимизни, оила аъзоларимизни, қариндош–уруғларимизни, дўсти-ёрлармизни, ўзимиз билан бирга яшаётганларни ва бутун дунёни Қуръони Каримга даъват қилайлик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Алаҳвол ашшахсийя, Бу атамани .шахсий ҳолатлар, деб таржима қилсак, тўғри бўлади. Фиқҳий истилоҳда оила ичидаги алоқаларни тартибга солувчи тушунча ва ҳукмлар давоми...

2023 13:45 / 05.09.2019
Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча турга тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар давоми...

3436 05:00 / 18.01.2017
Баъзи кишилар гумон қилганларидек, ижтиҳод ҳамма одам ҳам қила оладиган умумий иш эмас. Унга ҳар бир инсон журъат қилишга ҳаққи йўқ. Ижтиҳод жуда ҳам нозик давоми...

3439 16:15 / 14.12.2017
3. Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. Аср намози вақтининг кириши ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгандан то қуёш ботгунча. Бу ҳукмнинг далили ҳам давоми...

3100 16:00 / 27.05.2021