1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Наҳий қилинган савдолар ҳақида

05:00 / 17.01.2017 4987 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан риовят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу жоҳилиятдаги бор савдо эди. Бир одам туяларни туққунча ва унинг қорнидаги ҳам туққунча сотиб олар эди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Жоҳилият вақтида бир одам бошқасига туяси қорнидаги ҳомила туғилиб, ўсиб катта бўлиб, у ҳам туғадиган боласини ҳам сотиши мумкин эди. Бу мутлақо бўлмаган савдо эканлигидан Ислом уни ҳаром қилди. Аввало, туянинг қорнидаги туғиладими, йўқми, биров билмайди. Яъни, ўлиб қолиши мумкин. Қолаверса тирик ҳолида туғилган чоғида эркак бўладими, урғочими, буни ҳам билиб бўлмайди. Фаразан урғочи туғилганда ҳам қачон ҳомиладор бўлиши, нима туғиши маълум эмас. Қисқа ва очиқроқ қилиб айтганда, боридан кўра йўғи кўпроқ нарса. Бундай ноаниқ нарсани сотиб бўлармиди?

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни икки хил савдодан; «Муломаса ва мунобазадан наҳий қилдилар». 
«Муломаса» бир киши бошқасининг кийимини кечасими, кундузими қўли билан ушлаб кўриб, ундан бошқа айлантириб кўрмасдан олишдир.
«Мунобаза» бир киши ўз кийимини ташлаши ва бошқаси ҳам унга ўз кийимини ташлаши ана ўша назар қилмай ва ўзаро рози бўлмай туриб уларнинг савдоси бўлади». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Абу Довуднинг лафзида: «Мунобаза «қачон сенга ушбу кийимни ташласам савдо вожиб бўлур», дейиши.
«Муломаса» у(кийим)ни қўли билан ушлаб кўрмоғи, ёйиб ҳам, ағдариб ҳам кўрмайди. Қачон ушласа, савдо вожиб бўлади», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятларда ҳадис матни билан бирга, ровийнинг тушунтириш гаплари ҳам қўшиб келтирилмоқда. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг бу ривоятларида жоҳилият вақтидаги бор бўлган икки хил савдодан наҳий қилингани ҳақида сўз бормоқда. Шу билан бирга Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг ўша икки савдо ҳақидаги тушунтириш гаплари ҳам келмоқда.
«Муломаса» луғатда, ушлаб кўриш, маъносини англатади.
Амалда эса матнда келганидек, ушлаганини олиш, қоидаси асосида савдо қилинади. Савдо молини айлантириб кўриш, яхшилаб текширишга имкон берилмайди. Қўлинг тегдими, оласан, деб туриб олинади. Албатта, бу ғирромликдан иборат нарса. Савдо дегани икки томон розилиги билан, айби бўлса айтиб, кўриб, айниш ихтиёри билан бўлиши керак.
«Мунобаза» эса луғатда «ирғитиш» маъносини билдиради.
Амалда эса «қачон сенга ушбу кийимни ташласам савдо вожиб бўлур», дейишлик.
Бу ҳам ғирт ғирромликнинг кўринишларидан бири, шунинг учун ҳам Ислом бундоқ золимона савдони ҳаром қилган. Ҳозирда ҳам моли касодга учраб, савдоси юришмай қолган баъзи савдогарлар шунга ўхшаш ишларни қилишга ўтадилар. Бу эса шариатга тўғри келмайди. Мусулмонлар огоҳ бўлишлари керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир савдода икки савдони қилса, унга иккисидан ками ёки рибо», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ва, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Бир савдода икки савдо қилиш икки хил бўлади:

1. Бир молни икки хил нарх билан сотади. Мисол учун, ушбу кийимни нақдга олсанг ўн сўмга, насияга олсанг ўн беш сўмга сотаман, дейди.
2. Икки хил молни бир хил нарх билан сотади. Мисол учун ушбу икки кийимдан бирини сенга бунчага сотдим, дейди.

Бу ҳолатларда икки нарсадан бири тайин бўлмагани учун савдо нотўғри бўлади. Агар сотувчининг чақириғидан кейин харидор бирини танласа, савдо юради.

Сунан эгалари келтирган ривоятда: «Қарз устига савдо ҳалол эмас, бир савдода икки шарт ҳам, зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам, ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам», дейилган».
Шарҳ: Ушбу ривоятда тўрт хил савдо ҳалол эмаслиги ҳақида сўз бормоқда:
1. «Қарз устига савдо».
Бунда бир одам иккинчисига бир нарсани қарзга беради. Кейин эса ўша нарсани устига нарх қўйиб унга сотади. Бунда рибонинг шубҳаси борлигидан рухсат йўқ. Чунки, Исломда қарздан фойда олиш мумкин эмас, рибохўрлик бўлади. Қарзнинг устига фойда қўйиб савдо қилинганда ҳам шундоқ бўлганидан ман қилинган.

2. «Бир савдода икки шарт» қўйиш ҳам ҳаром.
Мисол учун сенга ушбу кийимни тикиш ва бўяш шарти ила сотдим, деб бўлмайди. Битта шарт бўлса, бўлади.

3. «Зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам», ҳаром. Яъни, бир нарсани савдолашиб қўйиб, қўлига келмасдан туриб бошқа одамга сотиб юбориши ҳам мумкин эмас. Чунки, бу ўртада ҳеч нарса қилмай фойда кўрмоқда. Мол ҳали сотган одамнинг қўлида турибди, агар унга бирор нарса бўлса ҳам қўлида турган одим зомин бўлади. Савдолашиб қўйиб қўлига олмаган одам зомин бўлмайди.
Демак, бу ўртадаги одам фақат фойда кўриши мумкин, холос, бирор масъулият унинг зиммасига тушмаяпти. У худди бировнинг нарсасини устига фойда қўйиб сотиб даромад олган бўлади.

4. «Ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам» ҳаром. Чунки, аввал ҳам ўрганганимиздек, харидорга бериш имкони бўлмаган нарсани сотиш, йўқ нарсани сотиш билан баробар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар. Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Бошқа ривоятда: «Агар бир инсон унинг олдини тўсиб чиқиб, сотиб олса, савдо молининг эгаси бозорга келганда ихтиёри ўзида бўлади», дейилган.
Муслим ва Термизийнинг ривоятида: «Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин. Одамларни тек қўйинглар. Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда бозор қоидаларидан яна бири баён этилмоқда. Бозор атрофида айланиб юриб, осон йўл билан бойлик орттириш мақсадида нарх-навонинг ўсишига сабаб бўладиган кишиларнинг иши нотўғри экани баён қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Улов минганларнинг олдини тўсаб чиқманглар» деган лари, ташқаридан бозорга сотгани ўз маҳсулотларини олиб келаётганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозордаги нархни билмасларидан олдин арзон - гаров сотиб олманглар, деганларидир.
Жоҳилият даврида шундоқ қиладиганлар бор эди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари, биз улов минганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозорга келмасларидан олдин таомларини сотиб олар эдик, деганлар.
Саҳрода, қишлоқда яшайдиган кишилар одатда бозордаги нархдан яхши хабардор бўлишмайди, савдо-сотиқ ишларида шаҳар аҳолисича устомон ҳам бўлишмайди. Шунинг учун йўлини тўсиб чиқиб, молини сотиб олмоқчи бўлган одамга арзонга сотиб қўйиши мумкин. Натижада, ҳам у, ҳам бозорга келадиган оддий кишилар зарар кўрадилар.
Аммо бозорга келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўриб, мулоҳаза қилиб сотгани яхши бўлади. Агар бир киши ўз молини олдини тўсиб чиққан чайқовчига сотсаю, кейин бозорга келиб, нарх-навони кўриб айниб қолса, молини қайтариб олишга ҳақи бор.
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин».
Баъзи ривоятларда «даллоллик қилиб» дейилган. Шунинг учун ҳам, уламоларимиз ерликнинг саҳроликнинг молини сотиб бериши даллоллик қилмаслик ила бўлса жоиз, дейилган.
Чунки, ерлик даллоллик қилганда ўзи фойдасини кўзлаб қимматроқ сотишга ҳаракат қилади ва кўпчилик саҳроликнинг ўзи сотган пайтдаги арзон нархга ололмайди. Шунинг учун ҳам бозорнинг нархини сунъий равишда ўстирмай, табиий ҳолига қўйиб бериш керак.
Шариат доирасида ҳаром-хариш аралашмай, ўзаро рози бўлган ҳолда тижорат юравериши керак. Бу қоидани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг:
«Одамларни тек қўйинглар! Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», деган гаплари билан ифода этганлар. Бошқача қилиб айтганда, эркин савдо бўлсин, дейилгандир.
Ушбу қоидада Ислом шариатида кўпчиликнинг фойдасини кўзлаб иш тутиш очиқ - ойдин кўриниб турибди. Улов минганнинг олдини тўсиб чиқиш ман қилинганда иш бир киши билан битар эди. Шунинг учун содда одамни устомон алдамасин, деган асосда иш кўрилди. Яъни, битта устомон содда деҳқонни алдаб арзон нархга молини сотиб олмасин, дейилди. Лекин, шу билан бирга ўша устомон олиб келиб сотганда содда деҳқондан кўра қимматга сотиши орага воситачи кириб нарх ўсишига сабаб бўлиши назарда тутилган.
Ҳозир ҳам шундай иш қилиниши нарх - навонинг ўсишига сабаб бўлмоқда. Маҳсулот етиштирувчи билан харидор орасидаги воситачи қанча кўпайса нарх шунча ўсади. Баъзи жойларда ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини бевосита сотиши ман қилиб қўйилган. Натижада, нарх-навони режали равишда кўтариш юз беради. Оддий фуқаро зарар кўради. Унинг пешона тери билан топган пулини ҳеч бир меҳнат қилмай оладиганлар кўпаяди.
Иккинчи ҳолатда иш саҳроликнинг зарарига кетаётганга ўхшайди. Чунки, агар ерлик одам унга сотиб берса, у ўзи сотгандан кўра кўп фойда олиши мумкин эди. Аммо, бу ҳолда кўпчилик, ундан келиб нарса сотиб оладиганлар манфаати эътиборга олинган. Бунда ҳам воситачилар меҳнат қилмай нарх - навони сунъий равишда юқори ушлаб турушларига йўл қўймаслик учун шундоқ қилинган. Ҳар бир бозорда шунга ўхшаш тамагирлар бўлади. Улар ўз фойдаларини кўпчилик ҳисобидан топадилар. Ислом шариатида бу нарсага рухсат берилмаган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Магар унга ўзи изн берса майли», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда уч хил ишдан наҳий қилинмоқда:
1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш. 
Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин:
Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга, савдонгни бузиб нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман, дейди.
Иккинчи кўринишда эса бировга нарса сотган одамга, савдонгни бузиб нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўп баҳо тўлайман, дейди.
Бу иш бузғунчиликдан иборатдир. Кишилар ичида келишмовчилик, уруш - жанжал келтириб чиқарадиган ишдир. Эркин базор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам Ислом шариатида бу нотўғри иш ман қилингандир.
2. Бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш. 
Бир киши бир қизга совчилик қилиб турганда у ўз ишини битирмагунча бошқа одам ҳалиги қизга совчилик қилиши ҳаромдир. Бу ҳам кишилар ўртасида хусумат келтириб чиқарадиган ишдир. Аммо, биринчи совчилик қилган одам ўзи изн бериб, майли насиб қилгани бўлар, сиз ҳам совчи қўяберинг, деса иккинчи одам совчилик қилиши мумкин. Бу масала, иншааллоҳ, «Никоҳ» китобида батафсил ўрганилади.
3. Бировнинг савдолаши устига савдолашиш.
Яъни, бир киши бир нарсани савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб сотувчига, менга сотсанг ундан кўп нарх бераман дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга, менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзон бераман, дейиши мумкин эмас. Савдо битса, битиб кетди, битмаса, учинчи киши ўз мақсадини айтса бўлади. Бу ишда ҳам бошқаларга зарар келтириш борлигидан ҳаром қилинган.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчилик ва кўнгил қолдиларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Исломдан бехабарликлари, хабардорларнинг амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Нажш»дан наҳий қилдилар».
Шарҳ: «Нажш» сўзи луғатда шишириб кўрсатиш маъносини англатади.
Савдода эса бошқаларни алдаб қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.
Бунда сотувчи билан келишиб олган шериклари бўлади. Сотувчи савдо молини мақтаб туради. Шериклар эса одам тўпланганда келиб, жуда зўр нарса экан, баҳоси ҳам арзон, деб хўжакўрсинга сотиб оладилар. Буни кўриб турган бошқа кишилар ҳам қизиқиб сотиб ола бошлайдилар. Бу иш очиқ - ойдин алдамчилик экани кўриниб турибди. Бундоқ услуб билан пул топишни Ислом ҳаром қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мевани, то кўзга кўринмагунча ва хурмони, то етишмагунча сотишдан наҳий қилдилар. «Етишмагунчаси нима?» дейилди.
«Қизармоғи ёки сарғаймоғи», дедилар».

Шарҳ: Кўзга кўриниб қолган, пишишига оз қолган, мева ёки хурмони пишганда бериш шарти билан сотиш мумкинлиги ҳақида гап бормоқда. Чунки, бундан олдин нима бўлишини билиб бўлмайди. Гуллаб ёки ғўралаб турган мева ёки хурмони мана шу гул тугиб пишса ёки ушбу ғўра пишганда сенга бераман, деб баҳосини олиб бўлмайди. Чунки, гул мева тугмаслиги мумкин, ғўра пишмай туриб бирор офат етиб тўкилиб кетиши мумкин. Меваси кўзга кўриниб қолганда эса оз қолган бўлади ва одатда ундоқ нарсалар пишиб етилиши ғолибдир. Хурмонинг етишиб пишай деб қолганлиги турига қараб қизаргани ёки сарғайганидан билиб олинар эди. Бошқа меваларнинг ҳам ўзига яраша белгиси бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони пишгунча, сунбулни оқаргунча ва офатдан эмин бўлгунча савдо қилишдан наҳий қилдилар; сотувчини ҳам олувчини ҳам наҳий қилдилар». Бошқа бир ривоятда: «Узумни қорайгунча, донни қотгунча савдо қилишдан наҳий қилдилар», дейилган. Ушбу тўртовини Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда баъзи бир зироат ва боғдорчилик маҳсулотларини қачондан бошлаб савдо қилиш мумкинлиги баён қилинмоқда.
Ана ўша кўрсатилган ҳолатдан бошлаб, бу зироат ва боғдорчилик маҳсулотларини пишиб етилган вақтда бериш шарти билан сотиш мумкин. Ундан олдин сотиб ҳам, олиб ҳам бўлмайди.
Чунки, аввал ҳам айтилганидек гумон кучли бўлади. Етишганлик аломати пайдо бўлганда эса гумон деярли йўқолган бўлади. Ҳар бир зироат ёки меванинг етилиб қолгани эса ўзига яраша аломатларидан билинади.
Буни мутахассислар яхши тушунадилар. Деҳқон ва боғбон кишилар мавсум келгунча пулга муҳтож бўлиб қолишларини кўзда тутиб, ҳали тўла пишиб бўлмаган маҳсулотларни ҳам пишганда бериш шарти билан сотишларига рухсат берилган. Лекин бу нарса ҳам чегаралаб қўйилган. Бўлмаса, йўқ нарсани ҳам олди-сотди қилиб юборилиши мумкин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳоқала, музобана, муъовама, мухобара ва сунъядан наҳий қилдилар ва арояга рухсат бердилар. Баъзи ровийлар: «Муҳоқала»ни зироатни ўлчовли буғдойга сотиш, деб, «Музобона»ни ҳўл хурмо ва узумни ўлчовли қуруқ хурмо ва майизга сотиш, деб, «Муъовама»ни дарахтни бир неча йилга сотиш, деб, «Мухобара»ни ерни бир кишига уни ишлатиб, ўз томонидан экиб юриш ва ундан чиққан нарсанинг баъзисини бериш шарти ила бериш, деб тафсир қилганлар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда баъзи бир нотўғри савдолардан қайтарилмоқда. Уларнинг баъзиларини ровийлар қилган тафсирни келтириш орқали матнда ҳам зикр этилди. Шундоқ бўлса ҳам тўлиқроқ тушуниб олиш учун баъзи қўшимча маълумотларни изофа қилган ҳолда алоҳида ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
1. «Муҳоқала», «ҳақл» – дала сўзидан олинган бўлиб, даладаги ўсимликни сотиш маъносини билдиради. 
Воқеъликда эса ўсиб чиқаётган ёки чиққан майса экинни ўлчовли буғдойга сотишни англатади.
Бундоқ савдо мумкин эмас. Чунки, аниқ навли, маълум ўлчовли нарсани, ўзи йўқ, ўлчови ва нави маълум эмас нарсага алмаштириш ҳисобланади. Экилган буғдой униб чиқиб, етилиб ҳосилга кирадими, йўқми, яхши бўлиб пишадими, пишса нави қандоқ бўлади ҳаммаси номаълум. Бу ҳолда тайёр буғдойнинг эгаси куйиб қолиши мумкин.
2. «Музобана» «забн» қайтариш сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани олиб ўрнига бошқа нарсани қайтариш маъносини билдиради. 
Воқеъликда эса бир меванинг ҳўлини олиб қуруғини қайтаришга айтилади.
Мисол учун, дарахтда турган ҳўл хурмони олиб ўрнига қуруқ хурмо ёки токдаги узумни олиб ўрнига майиз қайтариш. Бу ҳолатда ҳам савдода аниқлик бўлмайди. Ҳўл мева қуритилганда ўз ўрнига олинган қуруқ мева сифати ва миқдорига тўғри келадими, йўқми маълум эмас.
3. «Муъовама» «ом» - йил сўзидан олинган бўлиб йиллашиш маъносини билдиради. 
Воқеъликда эса бир дарахтнинг бир неча йиллик мевасини олдиндан сотишни билдиради.
Бундоқ савдо ҳам ҳаромдир. Чунки, унда йўқ нарсани, таслим қилиб бериб бўлмайдиган нарсани сотиш билан шуғулланилади.
4. «Мухобара» «хабар» - экишиш сўзидан олинган бўлиб, шерикликка ер экиш маъносини билдиради. 
Воқеъликда эса ер эгаси ўз ерини бир кишига бериб, ўзинг нима қилсанг, қилавер, менга маҳсулотнинг фалон қисмини берасан, дейишидир. Бу ҳам аниқ нарса бўлмагани учун жоиз эмас.
5. «Санъя» истисно маъносини англатади. 
Воқеъликда эса бир нарсани номаълум қисмини истисно қилиб сотишга айтилади.
Мисол учун, сенга ушбу кийимларнинг баъзисидан бошқасини сотдим, дейишлик. Чунки, бунда ҳам номаълумлик бор. Унинг оқибати бир томонга зулм бўлиши, уруш-жанжал келиб чиқиши мумкин.
Агар ўша истисно қилинган нарса маълум бўлса, савдо жоиз бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат берганлар.
6. «Ароя» - орият вақтинча фойдаланиш маъносини билдиради. 
Воқеъликда эса бой одам камбағалга, ушбу дарахтнинг бу йилги мевасидан фойдаланавер, дейди.
Камбағал ўзига ориятга – вақтинча фойдаланишга – берилган дарахт олдига келиб-кетавериши бой учун ноқулайлик туғдириб қолиб, сенинг шу дарахтингдан чиқадиган мевани ҳозироқ бериб қўяй, деб у билан келишади. Ана ўша савдо истисно тариқасида жоиз. Чунки, икки ҳолатда ҳам камбағал фойда кўради. Айниқса, тайёр мева берилганда аниқ фойда муддатдан олдин юзага чиқади.
Мусулмон кишилар, хусусан, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланиб юрадиган ҳамда улар билан муомала қиладиганлар бу масалаларни яхшилаб ўрганиб олиб ҳаётларига татбиқ қилишлари керак.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуруқ хурмони ҳўл хурмога сотиб олиш ҳақида сўралди. Шунда: «Ҳўл хурмо қуриса камаядими?» дедилар. «Ҳа», дейишди. Шунда у зот бундан наҳий қилдилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда олим киши фатво беришдан олдин, мутахассислардан сўраб ўрганиши лозимлиги кўриниб турибди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг нималигини, ҳўли, қуруғини, қайсиниси кўп, қайсиниси оз бўлишини яхши билар эдилар. Лекин шундоқ бўлса ҳам мутахассислардан сўраб аниқлаб туриб кейин жавоб бердилар.
Буюк фуқаҳоларимиз ҳам доимо шундоқ қилганлар. Ҳар соҳанинг ўз мутахассисидан сўраб-суруштириб, аниқлаб олиб кейин фатво чиқарганлар.
Ҳозирги вақтдаги фиқҳ академиясидаги уламолар ҳам бирор соҳага боғлиқ ишда фатво бермоқчи бўлсалар, ўша соҳа мутахассисларини мажлисларига, илмий баҳсларига таклиф қиладилар. Бу фатвонинг аниқ чиқишига катта ёрдам беради.
Ушбу зикр қилинаётган ҳолатда бир хил нарса, хурмо бир-бирига ўхшамаган ҳолда, бири ҳўл, иккинчиси қуруқ бўлгани учун уларни бир - бирига алмаштириш ҳаром қилинган. Чунки, ноаниқлик туфайли бир томон зарар кўриши мумкин.
Шунингдек, уюб қўйилган тўпдаги буғдойни тортилган, миқдори аниқ буғдойга алмаштириш ҳам жоиз эмас.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни ҳайвонга насия сотишни наҳий қилдилар». Бошқа ривоятда: «Ҳайвони: иккитасини биттага насияга сотиш дуруст эмас. Қўлма - қўл бўлса ҳеч нарса эмас», дейилган. Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда ҳайвонни ҳайвонга сотиш-алмаштириш насияга бўлса жоиз эмас, қўлма-қўл бўлса жоизлиги баён қилинмоқда. Чунки, икки томон ҳам ўзида йўқ ҳайвонни насияга савдо қилиши мумкин эмас. Аммо, ҳайвон қўлида турса иккита кичик ёки унча яхши бўлмаган ҳайвонни битта катта ёки жуда яхши ҳайвонга алмаштириш мумкин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хурмони чанглатилгандан кейин сотиб олса, унинг меваси, сотганга бўлади. Магар олувчи шарт қилган бўлса. Ким қул сотиб олса, у(қул)нинг моли, сотганга бўлади. Магар олувчи шарт қилган бўлса», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Хурмони чанглатиш услуби бор. Чанглатилган хурмо мева туккан ҳисобланади. Бу иш хурмо уни сотган кишининг мулкида турган пайтда содир бўлгани учун, дарахтни сотиб юборса ҳам, меваси уники ҳисобланади. Магар олувчи савдо вақтида меваси ҳам меники бўлади, деб шарт қилган, сотувчи рози бўлган бўлса, мева сотиб олувчига ўтади. Мева дарахтларини сотиш олиш пайтида бу қоидани ишлатиш лозим бўлади.

Али розияллоҳу анҳу: «Одамларга тишлаш замони келур. Унда бой қўлидаги нарсани тишлаб олур. Ҳолбуки, у бунга амр қилинмаган эди. Аллоҳ таоло: «Ва орангиздаги фазлни унутманг», деган. Музтаррларга савдо қилинтирур. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам музтаррнинг савдосини наҳий қилганлар», деди». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «тишлаш»нинг маъноси молу мулкни мумсиклик билан маҳкам ушлаб керакли-савобли жойга ҳаражат қилмаслигини англатади. Бойлар бахиллик қилиб хайр садақа қилмай қўядилар. Ҳолбуки, Аллоҳ: «Ва ўз орангиздаги фазлни унутманг» – хайр - садақа қилиб туринг - деган эди.
Шу билан бирга, ўша тишлаш вақти келганда музтарр одамга мажбуран савдо қилинтирилади. Яъни, қарз бўлиб, қарзини уза олмай қолган одамни нарсаларини сотиб қарзини тўлашга мажбур қилинади. Аслида унга вақт-муҳлат бериш керак эди. Аммо, одамлар молу-дунёга берилиб кетганларидан, одамгарчиликни йўқотганларидан ноилож бўлиб қолган одамни нарсаларини сотишга мажбур қиладилар. У ноилож арзон сотишдан бошқа йўл топа олмай қолади.
Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам музтаррнинг савдосини ман қилганлар. Чунки, бу савдода музтаррга кони зарар бўлади. Рози бўлмаган одамнинг савдоси бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари келди. Бу ишни қиладиганлар кўпайди. Мусулмонлар мазкур номаъқул ишни қилмасликлари лозим.

Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг йўлига бир от атаган эдим. Унинг сотилаётганини кўриб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўровдим: «Уни сотиб олма. Садақангга қайтма!» дедилар». Икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Умар розияллоҳу анҳу бир мужоҳидга Аллоҳнинг йўлида жиҳодга миниш учун от берган эдилар. Бир муддат ўтгандан кейин ўша отнинг сотилаётганини кўриб қолиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан уни сотиб олсам бўладими? - деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у отни сотиб олишга изн бермадилар.
Демак, мусулмон киши Аллоҳнинг йўлига садақа қилган нарсасини ўзи қайтариб сотиб олиши яхши эмас экан.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, айни нарсани қайтариб сотишга ўтсангиз, молнинг думидан тутиб, зироатга рози бўлсангиз ва жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ устингиздан хорликни мусаллат қилиб қўяди, уни токи динингизга қайтмагунингизча олмайди», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Биз, айни нарсани қайтариб сотиш, деб таржима қилган маъно арабчада «ал-байъу билийнати» дейилади. Унда бир одам иккинчи одамга бир нарсани нархини кейин бериш шарти билан сотади. Кейин эса айни ўша нарсани ўзи оз миқдордаги нақд пулга сотиб олади. Бунда бировнинг қўлида нақд пули йўқлигидан фойдаланиб, ҳийла билан унга пул бериб фойда олиш кўзлангандир. Шунинг учун бу «савдо» ҳаром қилингандир.
Шу билан бирга бу ҳадисда молу дунёга берилиб, чорва ва зироатдан бошқа нарсани хаёлдан чиқариб, хусусан, ватан ҳимоясини унутиб қўйишнинг оқибати вой эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Ана ўшандоқ ҳолга тушган миллат бошига Аллоҳ тамонидан катта офат юборилар экан. Уларнинг устидан хорликни ҳоким қилиб қўяр экан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
,. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинада пешинни тўрт ракъат ва асрни Зул Ҳулайфада икки давоми...

1574 19:00 / 07.09.2023
Кўпгина саҳобалар Куфага келиб яшашган. Уларнинг ичида илм билан машҳурларидан Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бўлган.1. Али ибн Абу Толиб давоми...

6218 11:59 / 05.12.2018
Хилоф бир илм бўлиб у орқали шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш кайфияти ўрганилади.Шаръий давоми...

3385 05:00 / 18.01.2017
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан, уларни номманом зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи давоми...

5434 14:05 / 26.03.2020