1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ибратли далиллар

05:00 / 04.03.2017 3493 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимизга, азалий урф-одатларимизга, маънавият ва анъаналаримизга зид бўлган майхўрликнинг Мовароуннаҳр заминига кириб, авж олишидан ҳукмдорлару миллатнинг кўзи очиқ зиёлилари ва маърифатпарварлари қаттиқ изтиробга тушишган, бу иллатни кескин қоралашган.

Хуросон ҳоқони Шоҳруҳ Мирзонинг 1440-1441 йилларда шароб тўкишга отлангани ҳақида:

«Онҳазрат (яъни Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо) саккиз юзинчи ҳижрий йили Хуросон мамлакати салтанати тахтига тайин қилинди. Салтанат ҳаракатида бўлган гўдаклик чоғларидан то жаҳон халифалик тахтига чиқиб қарор топгани шу замонгача унинг олий истакка интилувчи ҳимматининг кўзда тутган мақсади ҳамиша ҳақ динни мустаҳкамлаш, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад алайҳиссалом шариатини кучайтириш бўлиб келди ҳамда илоҳий фармонни ижро этишда, айниқса ман этилган ва номуносиб ишларни йўқотиш ва жиловлаб олишда ғоятда жидду жаҳд кўрстатди.

Шу ҳолда муҳтасиблик олий мансабига мансуб бўлган шариф кишилар ифтихори Саййид Муртазо Саҳҳоф ва воизлар раҳбари мавлоно Абдужалил ал-Қоинийлар арзга етказдилар:

«Онҳазратнинг адолати кўмагида бутун мамлакатда мастликни мушкин хатлик оҳукўз Хитой гўзаллари кўзидан бошқа ерда кўриш душвор ва хуморликни ёрнинг шаҳло кўзидан бошқа ерда учратиш мумкин эмас бир пайтда шаҳзодалар Мирзо Муҳаммад Жўкай ва Мирзо Алоуд-Давлаларнинг хумхоналари (шаробга) тўла, уни тўкиб ташлаш уёқда турсин, у ерга етиб боришнинг ўзи ҳам беҳуда хаёлдан иборат эди. Ҳазрат Ҳоқони саъид ўз шариф вужуди билан шароб тўкишга отланди, давлат оёғини саодат узангисига қўйиб отга минди ва Дарвозайи Хушдан ташқари чиқиб, Сепалак тарафига, хумхоналар ўрнашган жойга жўнади. Бадахшон лаълию руммоний ёқутнинг рашкини келтирувчи соф шароблар билан тўлатилган хумларни ҳеч ачинишсиз тупроққа тўкдилар. Шариат юқори қўйилганидан мамлакат янгидан равнақ олди ва салтанат бу ғамхўрлик шарофати билан ўзга бир тароват топди» (Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асаридан).


Миллатпарвар зиёлилардан Вадуд Маҳмуднинг (1898-1976) «Туркистон» газетининг 1923 йил 24 декабрдаги «Туркистонда майхўрлик» мақоласи: 

Бўза, май, умуман кайф берадурғон ичкиликларнинг зарарли бўлиши тўғрисида сўзлаб ўлтириш ортиқчадир. Унинг қандайин заҳри беомон экани илман собитдир. Яқинда бутун Русия олимларининг Масковда бўлуб ўткан қурултойи ақлсизлик – жинниликнинг ичкиликка жуда яқин алоқада эканини исбот этди. 

Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқларига ёйилғон. Ҳатто баъзи зиёлилар ва хотинларига ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам «расман» ичишмакка бошлағонлар.

Кўп кишилар бунинг кўп ичилишини билимсизликдан, зарарини тушунмаганликдан келадир, дейдирлар. Лекин бу тўғри эмас. Дўхтурлар ҳам тамаки ва «алкагул»нинг зарарини жуда яхши билатуриб, ўзларини шундан торта олмайдурлар. Бу, тўғриси, тарбиясизликдан келғондир. Бундай кишилар ўзларини идора эта олмайдурғон зотлардир. Бунга ўргангандан кейин қутулиш қийин.

«Туркистон» газетининг ўтган сонларидан бирида Туркистон Халқ комиссарлар шўросининг кўкнори экишни ман қилиб чиқарғон қарори ёзилди. Биз муни кўриб халқни заҳарлайдурғон моддалардан бирини камайтириш ва битириш йўлиға киришилғонини кўруб, жуда севиндик ва олқишладук. Бугун ичкилик тўғрисинда ҳам ўз товушимизни халқнинг ҳомийи ва мураббийи бўлғон юқори ҳукумат доиралариға эшиттирмакчимиз. 

Ичкилик инқилобдан кейин бир неча вақтлар ман қилинғон бўлса ҳам, «иқтисодий сиёсат» билан яна эски ҳолиға қайтди. Самогун ва мусаллас пиширғувчилар билан кураш олиб борилғон бўлса ҳам, ул кўп вақт давом этмади. Шундан кейин яна ривож олиб кетди.

Мана шу курашни тўхтатмаслик керак. Юқори доираларимизнинг, айниқса, бўлис ва қишлоқ ташкилотларининг ва халқимизни маданий ҳаётга яқинлаштирмоқ дардида бўлғон ишчиларимизнинг шу масалаға жиддийроқ қарамоқларини ўтинамиз.


ДАВЛАТ АРБОБИ, САРКАРДА ВА ОЛИМ АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙ АЙТАДИ:

Шундоқки, Ислом шариатида ароқ ичиш мусулмонларга қандай ҳаром қилинган бўлса, ундан фойдаланиб тижорат қилишлари ҳам қатъиян ҳаром қилинмишдур. Ғулжага келганимизда англамиш эдик, советдан ўтган мол ичида энг кўп фойда чиқадиган нарса ичимлик экандур. Шунинг учун ҳаромхўр бой савдогарлар буни кўрганда бошқа молларга қарамай, оз ҳалолдан кўп ҳаромни ортиқ кўришиб, шунга киришганликдан кўпларининг қилган тижоратлари ҳаромга айланмиш эди. Ахири "Ал хобийсоту лил хобийсин", яъни "палид палидга" деган Қуръон ояти мазмунича, узундан бери йиғилиб келган ҳаром моллари ўз лойиғи ҳаромхўрлар оғзига тушиб тугади. ("Туркистон қайғуси", Тошкент, "Шарқ", 2003 йил, 150-151-бетлар).


ИСЛОМ ОЛИМИ ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ АЙТАДИ:

Ароқхўр халқларнинг вакиллари ароқдан фазилат топмоқчи бўлишади: «Бу дунёнинг ғам-ғуссаларини унуттиради, бироз бўлса ҳам бўшашиб, ўша ғамлардан, аламлардан узоқлашиш имкони беради». 

Бу нарсага Исломда масъулиятдан қочиш, ғам-ғусса устига ғам -ғусса қўшиш, деб қаралади. Албатта биров ароқ ичиб маст бўлгач, ғам-ғуссани унутгандай бўлса ҳам, ҳушига келганида булардан қутула олмайди. Балки бунинг устига ароқ туфайли янги кулфатлар қўшилади. Исломда ҳаётнинг ғам-аламлари улардан қочиш билан эмас, унга қарши курашиш билан муолажа қилинади. Мусулмонлар қийинчиликларни енгишда ҳамиша Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашади. Ҳамиша Аллоҳнинг зикрида бўлиб, намозларини канда қилишмайди. Аллоҳнинг зикрини қилиш ва намоз ўқиш вақтлари Ундан мадад сўрашга энг қулай фурсатдир. Бундай  қулай вақтни ароқ ичишга сарфлаш билан қўлдан бой бериш катта бадбахтликдир.

Ароқхўрликка қарши гапирсанг, баъзилар: «Ичса нима қипти, ўзининг пулига ичибди, зарар кўрса ўзи кўради, сенинг ишинг нима», дейишади. Исломда бундай фалсафа йўқ. Мусулмон киши фақат ўзи учун яшамайди. У ўзидан ташқари оиласи, қариндош-уруғи, қўшнилари, жамияти, қолаверса, бутун инсоният олдида масъулиятли шахс ҳисобланади. Энг муҳими, у Аллоҳнинг олдида маъсулиятлидир. Шунинг учун ҳам у аввало ўз жони олдидаги масъулиятни ҳис этиб, ароқ туфайли мол-мулкини, соғлиғини, обрўйини йўқотмаслиги керак. 

Шунингдек, унинг ўз оиласини қийнашга ҳам ҳаққи йўқ. Оиласини боқиш, кийинтириш, яхши жой-маскан билан таъминлаш, унинг обрўсини ҳимоя қилиш ўрнига топганини ичиб, етмаганига оиланинг бошқа аъзолари топган маблағни сарфлаш, уларнинг шаънини булғаш катта жиноят саналади. 

Ароқхўр киши жамият унга бериб қўйган имтиёзлардан фойдалансаю, ўзи унга хизмат қилиш ўрнига «тирик товон» бўлиб, ишга ярамай, нафақа сўраб турса, шунда ҳам ароқхўрлик унинг «ўз иши» бўладими?

Ароқхўрнинг Аллоҳ олдидаги масъулияти ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Қисқача айтганда, ароқхўр умуман Аллоҳни унутган одам бўлади. Бунақа одам ҳақида қайси тил билан: «ичса ўз пулига ичибди-да, зарар кўрса ўзи кўради», дея олинади?


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . . . . Агар намозхон рукнни олдинга ёки орқага сурса, ёхуд такрор қилса, ёки давоми...

1845 19:00 / 08.06.2023
. , .,. . . Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида бир киши масжидга давоми...

3639 17:30 / 01.07.2021
Мерос масаласида улушлар йиғиндиси махраждан кам бўлиб қоладиган ҳолатлар ҳам бор. Бунда мерос умумий махражга бўлинса, ҳақдорлар ўз улушларини олгандан сўнг яна давоми...

1540 11:00 / 13.04.2020
Уламолар ижмоъни ижмоъ билан, Қуръон ва суннатни қиёс билан насх қилиб бўлмайди, деганлар. Бу борада ихтилоф йўқдир. Насх бир қанча турларга бўлинадиndash Насх бир давоми...

3760 18:07 / 28.12.2017