1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ихтилофлар ҳақида (тўлиқ китоб)

05:00 / 17.01.2017 9488 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУНДАРИЖА
Муқаддима
Ўтмишга бир назар
Ҳозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртаклади?
Ихтилофларнинг авж ола бошлаши
Ихтилоф ва тафриқанинг турлари
Мусулмонларнинг кўп ихтилофлари биринчи турга оиддир
Ихтилоф ҳақидаги баъзи оятлар
Ихтилоф ҳақидаги баъзи ҳадиси шарифлар
Омийнни намозда овоз чиқармай айтиш афзалми ёки овоз чиқариб айтишми?
Омийнни овоз чиқариб айтиш афзал деганларнинг далиллари ва уларнинг муноқашаси
Омийнни ичида айтган афзал, деганларнинг ҳужжатлари
Намозда рукуъга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш масаласи
Намозда рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш керак деганларнинг далиллари ва уларнинг муноқашаси
Ҳанафийларнинг далиллари
Хулоса
Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш
Фиқҳий мазҳабларнинг ҳақлиги тўғрисидаги замонавий ҳужжат ва фатволар
Тарихдан сабоқ олайлик
Кишиларнинг фиқҳдан узоқлашиш сабаблари
Нима қилмоқ керак?

МУҚАДДИМА

Ўзининг қиёматгача боқий китоби Қуръони Каримда мўмин бандаларига хитоб қилиб: «Ўзаро низо қилманг, акс ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади», деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Ўз умматларига қарата: «Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин», деб тайинлаган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту дурудлар бўлсин!
Ўз Роббилари ва ўз Пайғамбарларига лаббай, деб жавоб бериб, турли ихтилофлардан сақланиб ўтган саҳобаи киромлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин!
Ўз дини, эътиқодига содиқ қолиб, мусулмонларни турли ихтилофлардан қайтариб, бирдамликка чақириб ўтган уламои салафларни Аллоҳ таолонинг Ўзи раҳмат қилсин!
Азиз ва мўътабар диндошлар! Сиз муҳтарамлар билан анчадан буён барчамизнинг тинчимизни олиб, дилимизни ўртаб, қалбимизни тирнаб келаётган бир масала юзасидан гаплашиб олсак. Бу ниятни анчадан буён турли сабабларга кўра амалга ошириш имкони бўлмаётган эди. Энди вақти-соати етди шекилли, Аллоҳ таоло Ўзи кўнгилга солиб, уни қоғозга тушириш истаги туғилиб қолди. Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидан тавфиқ ва мадад сўраган ҳолда, охирини хайрли қилишини тилаб, бу ишга қўл урдик.
Азиз иймондошлар. Ниятимиз холис эканлигини англаб етган бўлсангиз бас. Ҳа, сиз муҳтарамлар билан мусулмонлар орасидаги ихтилофлар ҳақида гаплашмоқчимиз. Чунки, минг афсуслар бўлсинким, ушбу масала ўртага чиқди, авж олди ва мусулмонларга кўпгина мусибатлар етказди.
Кечагина, худосизлар бошимизга уриб турганда, бўйнимизни қисиб, жимгина юрган эдик. Энди эса, Аллоҳ таолонинг инояти ила ибодатларимизни тўлиқ ва эркин адо этиш имкони туғилганда, айнан ибодат хусусида орамизда ихтилофлар чиқиб, тинчимаётирмиз. Баъзан масжидларда уруш чиқариб, ғайридинлар ва динсизлар олдида шарманда бўлмоқдамиз. Баъзи жойларда иш жиддийлашиб, ёмон оқибатларга олиб боргани ҳам сир эмас. Энг ёмони, баъзи ўзини билмаганлар қилган ножўя ишлар, хатти-ҳаракатлар туфайли, омма орасида динимиз ҳақида ноўрин фикрлар тарқаб қолди. Афсуски, ҳозирги замонда, диндорларга қараб динларга баҳо бериладиган бўлиб қолган. Шу сабабли, бошқалар, булар мусулмонлик даъвосини қилишар эди, мусулмонлик шу экан-да, дейишлари турган гап. Лекин мусулмонлик даъвосини қилаётганлар билан Ислом орасида осмон билан ерча фарқ борлигини қандай тушунтира оласиз ? Бунинг учун анчагина ҳаракат лозим кўринади.
Ғайридинларга ёки динсизларга тушунтириш унча қийин эмас. Бир-икки мисол келтириб, Ислом бошқа ёқда, манави Исломни даъво қила туриб, ноисломий иш қилаётганлар бошқа ёқдалар, дейилса, англаб етишлари мумкин. Агар англамасалар ҳам зарари йўқ. Аммо мусулмонликни даъво қила туриб, ноисломий иш тутаётган, орада низо ва ихтилоф чиқараётганларга бир нарсани англатиш мушкул. Чунки орага энг ёмон нарса – тарафкашлик кириб қолди. Шунинг орқасида ўртага хафачилик тушиб, турли машмашалар, кўнгил қолдилар бўлди. Ҳар ким ўз айтганининг тўғрилигини исботлашга ҳаракат қилди ва ҳоказолар. Аммо ноумид шайтон. Мўминлар ҳеч қачон, ҳеч вақт ва ҳеч бир ҳолатда ноумид бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминларни Ўз раҳматидан ноумид бўлмасликка чақирган. Қолаверса, мўмин-мусулмонлар одатда ҳақиқатни тушуниб етганларида дарҳол ўзларини ўнглаб олишлари маълум ва машҳур. Худди шу мулоҳазалар бизни умид билан қўлга қалам олишга ундади.
Биз бўлиб ўтган ҳодисаларда бировни айблаб ҳукм чиқариш даъвосидан йироқмиз. Бундоқ қилишга ҳаққимиз йўқ деб ўйлаймиз. Қолаверса, юзага келган ноқулай ҳолат, бўлиб ўтган кўнгилсизликлар ва бошимизга тушган мусибатларга асосан диний саводсизлигимиз сабабчидир. Исломдан узоқлигимиз, динимиз таълимотларини тузукроқ билмаслигимиз орқасида ўртага бундай ихтилофлар тушди, деб ўйлаймиз.

ЎТМИШГА БИР НАЗАР

Турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заиф-ликка юз тутди ва ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Худди шу боисдан худосизлар балосига йўлиқди. Ва охир оқибат халқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Даҳрий тузум худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан тиришдилар. Ўша худосизлар томонидан масжидлар вайрон қилинди. Ўша худосизлар томонидан Қуръонлар ёқилди. Ўша худосизлар томонидан уламолар ўлдирилди. Ўша худосизлар томонидан инсоният тарихида мисли кўрилмаган ваҳшийликлар қилинди. Уларнинг бирдан-бир мақсади Исломни йўқ қилиш эди.
Ана шундоқ пайтда ҳам халқ ичидан динини қўлида чўғ тутгандек тутиб қолганлар чиқди. Ҳа, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келганидек, чўғни тутсалар, қўллари куярди. Қўлни асрасалар чўғсиз қолар эдилар. Халқимиз ичидан динини чўғни қўлда тутиб асраб қолгандек асрашга яроқли инсонлар чиқиши эса, ҳаммамиз учун шарафдир. Ҳа, ўша азизлар худосизлар зулмидан, таҳдидидан қўрқмай, ўлимга тик боқиб динимизни асраб қолдилар. Албатта, бу шароитда диний илмларни тўла эгаллаш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Ҳар ким иложини топса, саноқли сураларни бир амаллаб ёд олиб, намозни эплаб ўқиб туриши катта гап эди. Бу ҳолатда динимизни ўрганмоқчи бўлган ҳар бир киши яширинча, тўғри келган устоздан тўғри келган китобни ўқир ва динимиз деганда ўша ўзи ўрганган нарсанигина тушунар эди. Бошқа нарсанинг имкони йўқ эди. Халқимиз ичида динимиз ҳақида гапиришнинг ўзи катта жиноят ҳисобланган вақтлар эсимиздан чиққани йўқ. Бошқа мусулмон юртлар билан алоқа узилган, биз у томонга бормас эдик, улар биз томонга келмас эдилар.
Халқ ичида динимизни ушлаб, намозини ўқиб, рўзасини тутиб юрганлар ниҳоятда оз бўлганлиги аччиқ ҳақиқат. Ана ўша оз сонлилар ҳам кўп қийинчиликлар билан намоз ўқишни ва рўза тутишни ўрганишгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Улар халқи орасида динимизни ўрганишнинг энг кўп тарқалган услубидан фойдаланиб бир амаллаб намоз ўқиш ва рўза тутишни ўрганишган эдилар. Хал-қимиз эса ибодатларни фақат Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганишар эдилар. Улар мусулмонликни таниганидан бери, унга иймон келтириб, амал қила бошлаганидан бери ибодатлару, шаръий аҳкомларни ана ўша Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганиб, амал қилиб келганлар. Асрлар оша турли шароитларга қарамай, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан олиб халқ оммаси учун қулайлаштириб қўйилган фиқҳий масалалар худди Исломнинг негизига ўхшаб қолган эди. Айниқса, қийинчилик пайтларда, худосизлар ҳамласига учраб динимизни ўрганиш қийинлашиб қолган кезларда, мухтасар фиқҳий китоблар ва улар асосида уюштириладиган ихчам дарслар катта фойда берар эди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа омиллар сабабли халқимиз бошқа мазҳаблардаги ҳукмлар қандоқ эканидан хабарсиз қолди. Улар кўпчилик мусулмон халқлари қатори ислом шариатини Ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётига татбиқ қилиб келдилар.
Ақида масаласида бўлса, жумҳур мусулмонлари, жумладан, тўрт мўътараф фиқҳий мазҳабларга эргашувчи мусулмонлар қатори «Аҳли суннат вал жамоат» мазҳаби ақидасида мустаҳкам эдилар. Мужтаҳид имомларимиз иттифоқ ила Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан чиқарган ақидавий масалаларга оғишмай эътиқод қилар эдилар. Бундан бошқа нарса бировнинг хаёлига ҳам келган эмас.
Руҳий тарбия бобида эса, тасаввуфнинг «Нақшбандия» ва «Қодирия» каби тариқатлари тарқалган эди. Кишиларимиз мазкур тариқатлар шайхларидан руҳий тарбия олар эдилар. Бу масалада ҳам ихтилоф, келишмовчилик деган нарсалар бўлган эмасди.

ҲОЗИРГИ ИХТИЛОФЛАР ҚАЧОН ВА ҚАНДОҚ КУРТАКЛАДИ?

Кейинроқ баъзи ёшлар динимизни ўрганишга киришдилар. Улар ўзларига хос шароитда ўсган эдилар. Бошқа замонда, бошқа шароитда ўсганлари учун бошқача фикрлашлари ҳам табиий бир ҳол эди. Улар юртимизга чет эллардан келиб, таҳсил олган баъзи мусулмон ёшлар билан мулоқотда бўлиб, баъзи янги китобларни ўқиб, таъсирландилар. Ўша чет эллик мусулмон ёшлар албатта динимизни пухта биладиган олим эмас, балки, толиби илм бўлиб турли ижтимоий, фиқҳий ва бошқа оқимларга мансуб эдилар. Улар бизнинг юртимиздан орттирган янги дўстларига Ҳанафий фиқҳидан эмас, ўзлари билган ислом таълимотларидан ўзлари мансуб ташкилот ёки гуруҳ нуқтаи назаридан сўзлаб берар эдилар. Улар келтирган китоблар ҳам бизнинг одамлар учун катта янгилик эди. Одатда у китоблар маълум вақт, маълум жамият ва маълум мақсадни кўзлаб ёзилган бўлади. Ҳамма вақт, ҳамма юрт, ҳамма халқ ва ҳамма шароит учун мос келавермайди. Бизда ана ўша нозик жиҳат тушуниб етилмади ёки тушуниб етишга ҳаракат қилинмади.
Иккинчидан, мазкур ҳолатни тушунтиришнинг имкони ҳам йўқ эди. Исломни ўрганиш мутлақо ман қилинган бўлиб, ҳамма нарса яширинча эди. Бундай ҳолатда ким нима қилаётганини билмай қолиш турган гап. Шундай қилиб, халқ орасида янги-янги фикрлар, гап-сўзлар чиқа бошлади. Ўз-ўзидан мазкур янги фикр ва гап-сўзларга раддиялар ҳам юзага чиқди. Бу орада кекса авлод уламолари билан ёшлар ўртасида баъзи бир тушунчалар бўйича келишмовчиликлар зоҳир бўла борди. «Вафот этган мусулмонлар учун хатми Қуръон қилиб савобини бағишласа, бўладими йўқми? Биров келса, ўтирганлар ўрнидан туриб кутиб олганлари дурустми, турмаганларими?» каби гаплардан бошланган тортишувлар аста-секин улғайиб кетди. Орада уруш-жанжаллар, бир-бирини турли йўллар билан айблашлар бошланди. Сен мутаассибсан, сен фалонийсан, деган айбловлар келиб чиқди. Устозлар бош бўлган ихтилофларга шогирдлар эш бўлдилар. Фалончи оқ китоб ўқиб мулла бўлган, пистончи сариқ китоб ўқиб мулла бўлган, деган гаплар тарқалди. Халқимиз орасида жуда оз сонли диний илми бор кишилар ҳам учга бўлиндилар. Биринчи гуруҳ эски услубни маҳкам тутган кишилардан иборат эди. Иккинчи гуруҳ эса, ёш муллаваччалар номи билан аталар эди. Учинчи гуруҳ расмий рухсат асосида фаолият олиб борувчилар деб аталар эдилар. Ҳар учовларининг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор эди.

ИХТИЛОФЛАРНИНГ АВЖ ОЛА БОШЛАШИ

Кейин қайта қуриш йиллари бошланди. Виждон эркинлиги, диний ҳуррият каби масалалар кўтарилди. Аста-секин масжид қуришга, диний таълимга, диний адабиёт чоп қилишга ва бошқа нарсаларга имкон туғилди.
Чет эллардан мусулмонлар келиши бошланди. Шунингдек, халқимиз ичидан ҳам баъзи кишилар бошқа мусулмон ўлкаларга чиқиб келдилар. Энг муҳими халқимиз оммавий равишда динимизни ўргана бошлади. Аммо у режасиз, тартибсиз ва тайёргарликсиз тарзда амалга ошди. Зотан, бошқа имкон ҳам йўқ эди. Натижада жуда ҳам ғалати бир ҳолат вужудга келди. Толиби илм бор, устоз етишмайди. Ўқувчи бор, китоб етишмайди. Масжид бор, имом етишмайди. Бу эса, ўз навбатида устозлик савиясида бўлмаганларнинг устозлик қилишига, дарслик тариқасида ёзилмаган китобни дарслик қилиб фойдаланишга, имомликка лаёқати йўқларнинг имомлик қилишига олиб келди. Бу ҳолат яхшиликка олиб бормаслиги тезда аён бўлди. Савияси ўзига яраша бўлган «устозлар» савияси ўзига яраша китобларни ўқиб, масала талашишни бошладилар. Ўзлари илмий баҳс юритишни билмаганларидан, шогирдларни ишга солишни маъқул кўрдилар. Шундоқ қилиб арзимаган масалаларда бир оламга татигулик жанжаллар келиб чиқди. Албатта, савияси ўзига яраша бўлган имомлар ҳам жим турмадилар. Улар ҳам четда қолмай, ихтилофларда жонбозлик кўрсатдилар.
Чет эллардан келган азизлар эса бу баҳсга аралашиб, дард устига чипқон бўлдилар. Албатта ҳаммалари эмас. Инсоф ила айтадиган бўлсак, четдан келган кишилар ичида яхши олимлар ҳам бор бўлиб, ҳамма нарсани яхши англаб етишар, ўта фойдали маслаҳатлар ҳам берар эдилар. Аммо бундайлари оз бўлиб, ишлари тиғизлигидан тезда ўз юртларига қайтиб кетишар эди. Асосан, ўз юртида иш топа олмаган, қулай фурсатдан фойдаланиб, мўмай даромад топишга ҳирс қўйган кишилар, собиқ шўролар давлатида ўқиб, ўз юртига қайтиб кета олмай юрган жаноблар эса, турли-туман жамият ва ташкилотларнинг вакили бўлиб олишган эди. У жанобларнинг кўплари ўз юртларида оми саналсалар ҳам, бизга келиб алломага айланиб қолишган эди. Бир думалаб устозларнинг устозига айланиб қолган бу азизлар келган юртлари, кийган кийимлари ва энг муҳими, диний қарашлари билан ўз атрофларига тўпланган ёшларнинг оғизларини ланг очиб қў-йишга ҳаракат қилишар эди. Уларнинг ўзлари меҳмон бўлиб турган юрт мусулмонларининг мазҳаби, урф-одати, тарихи ва бошқа омиллари билан ишлари йўқ эди. Агар дин ҳақида қайғурадиган бўлсалар ҳам ўзлари хизматини қилиб, маошини олиб турган тоифа, гуруҳ, жамият ёки ташкилотни рози қиладиган диний қарашларни олдинга сурар эдилар. Шундоқ тарзда чет элдан келган ўша азизлар ўзлари билан турли-туман ихтилофлари-ю жанжалларини ҳам олиб келдилар. Мазкур ихтилоф ва жанжалларни бизнинг юртимизда тарқатишда, айниқса, уларнинг ўлкамиз бўйича масъул қилиб тайинланган чаласавод вакиллари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар.
Биринчи навбатда кишиларимиз уларга биздагидан фарқли намоз ўқиётганлари, «Фотиҳа» сурасидан сўнг овоз чиқариб, «омийн» дейишлари, рукуъга кетиш ва қайтиш вақтида қўлини кўтаришлари, имомнинг орқасидан пичирлаб бир нарсаларни ўқишлари ҳақида саволлар беришар эди. Шунда ўша устозлар биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қиламиз, сиз сўраган нарсалар фалон-фалон ҳадисларда келган, афсуски, сизларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилинмас экан, сизларда Абу Ҳанифанинг айтганини қилинар экан, деб бошлар эдилар. Кейин Суннат нималигини, унга амал қилиш зарурлигини, Ҳанафий мазҳабнинг «зарарларини» ва ҳоказоларни тушунтиришга ўтардилар. Атрофдагилар учун бу гапларнинг ҳаммаси янгилик, ўта қизиқарли ва жозибали эди. Аста-секин уларга тақлид қилиш бошланди. Бундан кекса намозхонлар албатта, норози бўлдилар. Улар ота-боболари замонидан келаётган намоз ўқиш услубини осонликча тарк қилишлари маҳол эди. Шу билан бирга, улар нега «омийн»ни овоз чиқариб айтмасликларини, рукуъда қўл кўтармасликларини, имомнинг ортидан қироат қилмасликларини ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам айни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатлари эканини тушунтириб бера олмасдилар. Улар бунга ўрганмаган эдилар. Натижада фиқҳий мазҳабга амал қилиш бошқа, Қуръон ва Суннатга амал қилиш бошқа бўлиб кўрина бошлади. Ўзаро норозиликлар тортишувларга, тортишувлар уруш-жанжалларга айлана бошлади. Орага адоват тушди, турли душманликлар бўлди. Охир-оқибат ҳозир васфини қилишга ҳам тортиниб турган ҳолатимиз юзага келди.
Аввал айтиб ўтганимиздек, ушбу сатрларни битишдан мақсад айбдорни топиш эмас, бўлиб ўтган ҳодисаларни бирма-бир таҳлил қилиш ҳам эмас. Бирдан бир мақсад мусулмонлар ўртасида ихтилофлар ва келишмовчиликка сабаб бўлаётган нарсаларни қўлдан келганича баён қилиб бериш холос. Аммо бу ҳолат бизга мазкур ноўрин ихтилофлар юзасидан ўз-ўзимизга баъзи саволларни бериб кўришни ман этмайди.
Келинг, холисона бир ўйлаб кўрайлик. Мусулмонлар ўртасидан чиққан ихтилофлардан ким манфаат кўрди? Ислом душманлари холос. Мусулмонлар-чи, фақатгина зарар кўрдилар.
Бизда мусулмонлар орасида чиққан ихтилофлар янгилик эдими? Йўқ! Бундай ихтилофлар авваллари ҳам чиққан. Ўшанда Ислом умматининг уламолари иттифоқ қилишиб, бу каби ихтилофларнинг олдини олиш учун омма эътироф этган фиқҳий мазҳаблардан бирига эргашмоқ лозим, деган қарорга келган эдилар. Турли ихтилофлардан заҳмат чеккан мусулмон уммати эса, бу қарорни мамнуният ила кутиб олиб, ижмоъи уммат ҳосил бўлган эди. Шундоқ бўлгач, бир хатони яна такрорлаш лозиммиди?
Ушбу масала бир вақтлар мусулмонлар орасида турли ихтилофларга сабаб бўлиб, иш ҳатто қуролли тўқнашувларгача бориб етган эди ва ахийри келиб ақида китобларимизга битиб қўйишгача мажбур бўлинган эди.
Сиз азизларнинг ижозатингиз ила шу ерга келганда «Аҳли суннат вал жамоат» ақидавий мазҳабининг энг мўътабар китоблардан бўлмиш «Шарҳи Ақидаи Таҳовийя» китобидан иқтибос келтирамиз.
(Мазкур китобнинг талхисини камина ходимингиз ўз тилимизга ўгириш бахтига ҳам муяссар бўлди. Аллоҳ таоло халқимиз учун манфаатли қилсин).

ИХТИЛОФ ВА ТАФРИҚАНИНГ ТУРЛАРИ

Билингки, ихтилоф икки хил бўлади:

1. Бир нарсанинг туридаги ихтилоф.
2. Бир нарсага қарши ихтилоф.

Турдаги ихтилоф шуки, ихтилоф қилинган гап ёки ишнинг ҳар бири ҳақ бўлади ва шариатда бор бўлади. Бунга мисоллар:
«Саҳобалардан иккиталари Қуръон тиловатида ихтилоф қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида, икковингизники ҳам тўғри», деганлар. (Бухорий ривоят қилган).
Азон ва иқоматнинг сифати, саҳв саждасини қилиш маҳали, ташаҳҳуд, хавф намози, ийд ва жаноза намози такбирларига ўхшаган, шариатда бор, лекин турлари ҳар хил нарсалар шулар жумласидандир.
Бунга ўхшаш ихтилофда хусумат қилиш ҳаромдир. Кўпинча бунга ўхшаш ихтилофларда уммат ичида хусумат чиқиб, уруш даражасигача етиб борилишига гувоҳ бўлганмиз. Мисол учун, иқоматда калималарни жуфт ёки тоқ айтиш, «омийн»ни овоз чиқариб ёки ичида айтиш масалаларида шундоқ бўлади. Бу эса, айни ҳаром ишдир.
Ушбу турдаги ихтилофларга далилларнинг сийғалари, баъзи бир номларни айтиш ва шунга ўхшаш нарсалар киради. Жаҳл ёки зулм юзасидан бир гап ёки иш мақталади-ю, иккинчиси ёмонланади. Оқибатда икки томон ўртасида хусумат кенгайиб, уруш-жанжалга бориб етади.
Қарама-қарши ихтилофда эса, икки гап ёки ишдан бири ҳақ, бошқаси ботил бўлади. Бу анча қийин ишдир.
Қарама-қарши ихтилофга Аллоҳ таолонинг тавҳиди ҳақидаги ихтилоф киради. Шунингдек, қабр азоби ҳақми ёки ҳақ эмасми, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожлари жисм биланми ёки руҳ биланми, каби ихтилофлар киради.
Биринчи турдаги, яъни, гап ва нарсаларнинг туридаги ихтилофда гоҳо, агар ҳақ бўлса ҳам иккинчи томонга зулм қилган тараф мазаммат қилинади. Агар орада бир-бирига зулм қилиш бўлмаса, Қуръони Карим икки томонни ҳам мадҳ қилган.
Ғазотлардан бирида мусулмонлар душманга паноҳ бўлиб турган хурмоларни кесиш ёки кесмаслик ҳақида ихтилоф қилдилар. Баъзилари хурмоларни кесдилар. Баъзилари кесмадилар. Орада ким тўғри қилди-ю, ким нотўғри қилди, деган савол пайдо бўлди.
Шунда Аллоҳ таоло: «Сиз хурмони кесган ёки аслида тик қолдирган бўлсангиз, фақат Аллоҳнинг изни ила қилдингиз», деган оятни нозил қилди.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайза уруши куни аср намозини вақтида ўқиганларни ҳам, Бани Қурайзага етиб келгунча орқага сурганларни ҳам маъқул кўрганлар. (Имом Бухорий ривоят қилган).
(Изоҳ: Хандақ урушида Бани Қурайза исмли яҳудий қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳ тузган бўлишига қарамай, мушрик ҳизбларга қўшилиб, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиққан эди. Уруш тугаб, кофир ва мушриклар ноумид бўлиб, ортларига қайтиб кетдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло У зотни Бани Қурайзанинг адабини бериб қўйишга амр қилаётганини етказди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол йўлга отландилар ва саҳобаи киромларга:
«Бирор киши аср намозини Бани Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!» дедилар.
Намоз вақти яқин қолган эди. Ҳамма йўлга отланди. Йўлда кетаётганларида намоз вақти кирди.
Баъзи саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Бирор киши аср намозини Бани Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!» деганлар, намозни албатта, ўша ерда ўқишимиз керак, деб намоз ўқимай, йўлда давом этдилар.
Баъзилари эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гап билан бизни тез юришга ундамоқчи бўлдилар, намозни ўқиб олиб, тез юриб кетаверсак зарари йўқ, деб йўлда асрни ўқиб олдилар.
Орада, қайси томоннинг иши тўғри, деган савол пайдо бўлди. Бу савол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган эди, икки томоннинг ҳам қилгани тўғрилигини айтдилар).
Аммо иккинчи турдаги, яъни, қарама-қарши ихтилофда бир томон мадҳ қилинади. Иккинчи томон мазаммат қилинади.
Қуръони Каримда: «Лекин ихтилоф қилдилар. Бас, улардан кимдир иймон келтирди. Кимдир куфр келтирди», дейилган. Бошқа бир оятда эса:
«Ушбу икки хусуматчи томон Роббилари ҳақида хусумат қилдилар. Бас, куфр келтирганларга оловдан кийим бичилди», дейилган.

МУСУЛМОНЛАРНИНГ КЎП ИХТИЛОФЛАРИ БИРИНЧИ ТУРГА ОИДДИР

«Уммат аъзолари орасидаги ҳавои нафсга берилиш, қон тўкиш, душманлик ва бир-бирини ёмон кўришга олиб борадиган ихтилофларнинг кўпи биринчи турдаги ихтилофлардир. Хусуматчи тоифалардан бири иккинчисининг ҳам ҳақ эканини билмайди, инсоф қилмайди, балки бу хилофни иккинчи турдаги, қарама-қарши хилофдан деб билади.
Бу эса, зулм ва ҳаддан тажовуз қилиш сабабидандир…» (иқтибос тугади).
Бизнинг фикримизча, бундан олти юз эллик йилча аввал ёзилган «Шарҳи Ақидаи Таҳовийя»ни шарҳлашга ҳожат йўқ, ҳаммаси тушунарли. Аммо баъзи таълиқлар қилиб ўтсак, фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз.
Биз келтирган иқтибосда гап ва амалларнинг тури ҳақидаги ихтилофларнинг ёмонлиги йўқ, фақат томонлар бир-бирларига зулм қилмаса бўлгани, дейилмоқда. Чунки мазкур китоб, аҳли суннат вал жамоат эътиқодидаги мусулмонлар оммаси ақидасини ўз ичига олган китобдир. Машҳур тўрт фиқҳий мазҳабларнинг ҳаммаси ҳам худди ўша ақидавий мазҳабдадирлар. Демак, фиқҳий мазҳаблар орасидаги баъзи бир нарсаларни адо этишдаги (турлари бўйича) хилма-хиллик, турличалик ёмон нарса эмас. Балки уруш-жанжал ва зулмдан холи бўлса, бўлаверадиган нарса. Ҳар бир мазҳаб шаръий далиллар кўтарган жойларда баъзи нарсаларни адо этишда афзал йўлни топишга ҳаракат қилганлар. Бу услуб ҳозирги кунда, кўп фикрлик, ижобий мусобақа каби номлар билан аталмоқда.
Нима учун ўзгалар бизнинг услубимизни қўллаб, яхшилик томон қадам қўйган чоғларида биз ўзимизнинг яхши нарсамизни қадрламай уруш-жанжалга айлантирамиз?!
Демак, мусулмон уммати ижмоъи ила эътироф этилган машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб доирасида баъзи фиқҳий масалаларни турлича ҳал қилиниши ёмон нарса эмас. Бир мазҳабнинг ичида эса, умуман ихтилофга ўрин қолмайди. Ундоқ бўлса, биздаги ихтилофлар қаердан чиқмоқда? Биздаги ихтилофлар баъзиларимизнинг Ҳанафий фиқҳий мазҳабини инкор қилишимиздан чиқмоқда. Юқорида васфлари келган, чет эллардан келиб бизга диний таълим бермоқчи бўлганларнинг даъволари ҳам шу. Улар ўз ишларига жуда ҳам гўзал исм танлашган. У муҳтарамлар, биз Қуръон ва Суннатга амал қиламиз, дейдилар. Бу гўзал шиор ортида, бизга мухолиф бўлганлар Қуръон ва Суннатга амал қилмаган бўлади, деган таг маъно ҳам бор. Энди ушбу даъвони қисқача қилиб, англашга ҳаракат этайлик:
Биринчидан:
Агар биз Қуръон ва Суннатга амал қилиш даъвоси ила Ҳанафий мазҳабида Суннат деб айтилган амални, мисол учун, «омийн»ни ичида айтишни инкор қилиб, «омийн»ни овоз чиқариб айтиш керак, десак, Шофеъий мазҳабига тақлид қилган бўлмаймизми?! Чунки, айнан Шофеъий мазҳаби намозда «омийн»ни овоз чиқариб айтиш суннат, деган. Бу ҳолда ҳанафийлар ичида шофеъийлар ижтиҳоди бўйича иш кўриб, беҳудага жанжал чиқарган бўлмаймизми?
Иккинчидан:
Биз юқорида зикр этилган фаразни рад қилиб, ҳеч бир мазҳаб билан ишимиз йўқ, айтган гапимизни ҳадисдан олдик, дейишимиз мумкин. Иккинчи томон бизга, бу гап ҳадис эканини қаердан билдингиз, дейиши турган гап. Унда биз, фалончи муҳаддис ривоят қилган, деймиз. Унда сиз ўша фалончи муҳаддисга тақлид қилаётган экансиз, дейди иккинчи тараф. Шундоқ қилиб тортишув давом этаверади.
Учинчидан:
Биз мисол қилиб олган масаламиз «омийн»ни овоз чиқариб айтишни суннатга амал қилиш эканини ва Ҳанафий мазҳабига биноан «омийн»ни овоз чиқармай айтиш суннат эмаслигини даъво қилишимиз ила бир неча саҳиҳ ҳадисларни инкор қилган бўлмаймизми?
Чунки Ҳанафий мазҳаби «омийн»ни ичида айтиш суннат эканига бир неча саҳиҳ ҳадисларни далил қилиб келтиради. Агар икки иш ҳам суннат эканини тан оладиган бўлсак, Ҳанафийлар ичида бу ишни қўзғаб келишмовчиликларга сабаб бўлишимиздан мақсадимиз нима?
Тўртинчидан:
Ҳанафий мазҳабидагилар «омийн»ни ичида айтиш афзал эканига Қуръони Каримдан далил келтирадилар. Нима учун биз Қуръон ва Суннатга амал қилишни даъво эта туриб, Ҳанафий мазҳаби келтирган Қуръоний далилни инкор қиламиз?!
Бунга ўхшаш саволлар кетма-кет чиқаверади. Буларни аста ва чуқур ўйлаб кўришимиз лозим. Бир нарсани даъво қилишдан олдин даъвомизга асос борми, ўзимиз ўша даъвога лойиқмизми ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларни тарозуга солиб кўрсак, яхши бўлар эди.
Бошқаларни бирор камчиликда айблашдан олдин, улар нима дейишмоқда, айтаётган гаплари ва қилаётган ишларига нима далиллар келтиришмоқда деб, яхшилаб ўрганишимиз керак. Биз ўзимизча, Қуръон ва Суннатга амал қиляпмиз, деб керилиб юравериб, иккинчи томон у нарсаларга биздан кўра яхшироқ ва тўғрироқ амал қилаётган бўлмасин.
Энди масалага бошқа томондан назар солайлик. Ўзимизга ўзимиз бир савол берайлик. Бизда мусулмонлар ўзаро ихтилофга тушган масалалар аслида ихтилоф қилишга арзигулик масалалар эдими?
Агар ўзаро ихтилофга тушиб қир-пичоқ бўлишимизга сабаб бўлган масалаларнинг ҳаммасини, жумладан, «омийн»ни ичида ёки ошкора айтишни, рукуъга борганда икки қўлни кўтаришни, имомнинг ортидан қироат қилишнинг ҳукмини ўрганиб чиқсак, ошиб борса, суннат амал бўлади. Фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Фиқҳий ҳукм бўйича суннат амални қилган одам савоб олади, қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди. Бизни шарманда қилишга сабаб бўлган бояги амалларда эса ҳеч ким суннатни тарк этгани йўқ. Балки бир амални адо этишнинг икки йўлидан бирини тутишди, холос.
Ҳанафий мазҳабини тутганлар шу мазҳаб уламолари битта ояти каримани ва бир неча ҳадиси шарифни далил қилиб, намозда «омийн»ни ичида айтиш суннат, деб қилган ҳукмларига биноан етти пуштиларидан буён «омийн»ни ичларида айтиб келишар эди.
Баъзиларимиз фиқҳий мазҳабни четлаб ўтиб, ўзимизга ижтиҳод қилиб, тўғридан-тўғри Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришга уриниб, баъзи ҳадисларга суянган ҳолда «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, уни овоз чиқариб айтмаганлар хато қиладилар, дедик. Кўпчилик орасида «омийн»ни керагидан ҳам баландроқ қилиб айтиб қасддан кишиларнинг асабларини буздик. Баъзиларимиз турли масжидларга шогирдларимизни юбориб, ихтилофни чуқурлаштиришга ҳаракат қилдик. Орада хилоф чиқди. Бир-бирига озор бериш, ўзаро низо, уруш-жанжал ва ҳоказолар авж олди. Хўш, бир суннат ёки мустаҳаб амални жойидан қўзғата олмай оламни шовқин-суронга тўлғизганимиздан чиққан натижа нима бўлди?
Натижа турли уруш-жанжалларга, озорларга ва бошқа мусибатларга олиб борган хилоф бўлди.
Шариатимиз ҳукми бўйича бундоқ хилоф ҳаромдир. Бу ҳукм билан юқорида «Шарҳи Ақидаи Таҳовия» китобидан келтирилган иқтибосда ҳам танишдик. Ҳаром нарсани ҳалол санаш миллатдан чиқарувчи куфр бўлса, уни ҳаромлигини эътироф қилиб туриб қилиш эса, гуноҳи азимдир. Бу ҳақда ҳеч ким ихтилоф қилган эмас. Чунки мусулмонлар ўртасида хилоф чиқаришни ҳалол санаш куфр эканлиги, бу ҳаром ишни қилиш гуноҳи азим эканлиги Қуръони Карим оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида қайта-қайта таъкидланган. Қуръон ва Суннатга амал қилишга озгина рағбати бор одам учун булардан айримларини билиб олишнинг ўзи ҳам умр бўйи зинҳор ихтилофга яқинлашмасликларига кифоя қилади деб ўйлаймиз.

Энди хилоф ҳақида Қуръони Каримда келган баъзи оятлар билан танишиб чиқайлик:
Биринчи оят: 
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва тафриқага тушманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз», дейди (103-оят).
Ушбу ояти каримадаги «Аллоҳнинг арқони»дан мурод Қуръони Карим, Ислом динидир. Оловли жарга қулаш хавфидаги инсон арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг бирдан-бир чораси Қуръони Каримни маҳкам ушлаш Исломни маҳкам ушлашдир. Тафриқага тушмасликдир.
Ушбу ояти карима мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Ҳар қандай бирлашиш эса, тафриқани йўқотиш билан вужудга келади. Шунинг учун ҳам ояти каримада бирлашишга амрдан кейин бевосита «ва тафриқага тушманг», деган наҳий келмоқда.
Олдин бирлашишга чақириб туриб, кейин тафриқага тушишдан қайтарилмоқда. Шундан ҳам бу иш қанчалик муҳим эканини билиб олса бўлади.
Муфассирларимиз ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Яҳудийлардан Шос ибн Қайс исмли одам Авс ва Хазраж қабилаларига мансуб араблар мажлис қуриб, гаплашиб ўтирган жойларидан ўтаётиб экан. Жоҳилият вақтида бир-бирига адовати кучли бўлган бу кишиларнинг улфат бўлиб ўтиришлари унинг ғашига тегибди ва: «Булар бирлашсалар, биз улар билан бирга яшай олмаймиз», деб ўйлаб, бир яҳудий болани чақириб: «Арабларнинг ичига бориб ўтиргин-да, уларга «Буос» номли кунни эслат ва у ҳақидаги шеърларни ўқиб бер», деб буюрибди.
(«Буос» кунида Авс ва Хазраж қабилалари қаттиқ уришиб, унда Авс ғолиб чиққан экан.)
Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилибди. Шунда ўтирганлар тортишиб, ихтилофга тушиб, уришиб кетишибди. «Қурол!!! Қурол!!!» деб бақиришибди.
Бу можаро ҳақидаги хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда, У зот ҳузурларидаги муҳожир ва ансорийларни олиб, уларнинг олдиларига борадилар ва:
«Мен ичингизда туриб, Аллоҳ сизларни Ислом билан икром қилиб, жоҳилият ишини кесгандан кейин ҳам, орангизга улфатликни солгандан кейин ҳам жоҳилият даъвосини қиласизларми?!» дейдилар.
Одамлар душманнинг гапига учиб, шайтоннинг гапига кирганларини англаб етадилар. Қуролни ташлаб, йиғлаб, қучоқлаша кетадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтадилар. Шунда юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлади.
Демак, оятдаги хитоб аслида барча мусулмонларга қаратилган бўлса ҳам, нозил бўлаётган пайтда мадиналик Авс ва Хазраж қабилаларига қаратилган эди.
Келинг, энди оятнинг давомини ўрганайлик. Унда Аллоҳ таоло:
«Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди», демоқда.
Шундай, Ислом Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улуғ неъматдир. Шу илоҳий неъмат туфайли душманлар улфатга айланадилар. Бир-бирларига қарши нафратга тўлган қалбларни фақат Исломгина улфат қила олади. Фақат Аллоҳ таолонинг ипи бўлмиш Исломни маҳкам тутибгина ҳамма биродар бўла олади.
«Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».
Аллоҳ таолонинг Ислом неъмати бўлмаганида кишилар бир-бирлари билан холис биродар бўлишлари мумкин эмасди.
«Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз».
Яъни, Исломга киришингиздан олдин ихтилофда, уруш-жанжал ичида, жоҳилият ҳукми остида, умуман, барча соҳада нотўғри йўлда, яъни, оловли жар ёқасида эдингиз. Шундай кетаверсангиз, ҳалокатга учрашингиз турган гап эди. Аллоҳ таоло сизни Ўзининг улуғ неъмати бўлмиш Исломга бошлаб, мазкур оловли жарга қулашдан сақлаб қолди.
Чиндан Ислом ихтилоф қилаётганларни бирлаштириш, уришаётганларни яраштириш, душманларни дўст қилиш учун хизмат қиладиган илоҳий бир дастурдир. Илоҳий нарса бекаму кўст бўлиши ҳаммага маълум. Исломга ўзини мансуб деб даъво қилаётганлар ихтилоф қилсалар, уришсалар, бир-бирларига душманлик қилсалар, айб уларнинг ўзида бўлади.

Иккинчи оят: 
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб: «Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир», деган (46-оят).
Мусулмонлар Аллоҳ таолога ва Униг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалик итоатда бўлсалар, муваффақиятлари ҳам шунчалик кўп бўлаверади. Жумладан, мусулмонлар ўзаро низо ва ихтилоф қилмасликда ҳам Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоатда бўлишлари ҳам кўпгина муваффақиятларнинг омилларидандир. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилмай, ўзаро низо ва ихтилоф қилишнинг оқибати нима бўлиши оятнинг давомида баён қилиб берилмоқда:
«Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади».
Аллоҳ таоло рост айтади. Ислом тарихида мусулмонлар қачон мағлубиятга учраган бўлсалар, фақатгина ўзаро ихтилоф ва ички низолар туфайлигина учраганлар. Шу муносабат ила асримизнинг машҳур уламоларидан бирлари, Ғазолий раҳматуллоҳи алайҳнинг Жазоирнинг Ситиф шаҳрида бўлиб ўтган илмий анжуманда айтган гапларини эслаш билан кифояланмоқчиман.
Ўшанда у киши жумладан шундай деган эдилар:
«Аллоҳ таоло менга Ислом тарихини яхшилаб ўрганиш имконини берди. Бугун мен Ислом тарихини етарлича ўргандим, дея оламан. Аллоҳга қасамки, мусулмонлар Уҳуд кунидан бошлаб ҳозирги соатгача ташқи душмандан енгилганлари йўқ. Мусулмонлар қанча мағлубиятга учраган бўлсалар, фақатгина ўзаро ихтилофлари ва ички низолари туфайлигина мағлубиятга учраганлар».
Ояти Кариманинг охирида Аллоҳ Таоло:
«Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир», демоқда.
Демак, орада ихтилоф чиқмаслиги учун сабр керак. Сабрсизлик эса, мусулмонлар орасида турли ихтилофлар, уруш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳ Таоло сабр қилувчилар билан бўлади. Уларни турли ёмонликлардан асрайди. Сабр қилмай, чидамсиз бўлганлар эса, ихтилоф гирдобига дучор бўладилар.

Учинчи оят: 
Аллоҳ таоло «Рум» сурасида мўмин-мусулмонларга қуйидаги хитобни қилади: «...Ва мушриклардан бўлманг. Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир ҳизб ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан бўлманг» (31-32-оятлар).
Демак, динда тафриқага тушиш мушрикларнинг иши бўлиб танилган экан. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ихтилоф чиқариш, талашиб-тортишиш ҳам мушрикларнинг иши экан. Ҳар бир ҳизб ўз олдидаги нарсадан шод бўлиб, бошқаларни паст санаши ҳам мушрикларнинг иши экан.
Демак, ҳар бир ихтилоф қўзғовчи ва низо чиқарувчи мушрикларга оид иш қилаётган бўлар экан.
Тўртинчи оят: 
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур», деган (109-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа, ул ҳидоят йўлига тескари йўл ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло бу оятда тафриқа ва гуруҳбозлик Пайғамбаримизнинг умматларига муносиб эмаслигини қаттиқ таъкидламоқда.
Бешинчи оят: 
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида ҳалокатга дучор бўлган аҳли китобларни бизга ўрнак қилиб: «...Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилишди», дейди (19-оят).
Демак, ихтилофнинг асосий сабаби ўзаро ҳасад қилиш экан. Нима, ҳасад ҳалокатга дучор бўлган ғайридинлардан бизга ҳам мерос бўлиб қолганми?!
Олтинчи оят: 
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида сиз билан биз мусулмонларга хитоб қилиб: «Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб, тафриқага тушганларга ўхшаш бўлманглар! Ана ўшаларга улуғ азоб бордир», деган.
Ҳа, кўзимизни очишимиз, ўзимизни ўнглашимиз керак. Ислом динимиз орқали ўзимизга очиқ баёнотлар келганидан кейин ҳам бўлиниб, тафриқага тушиб бир-биримиз ила тортишиб, уруш-жанжал қилаверсак, улуғ азобга дучор бўлиб қолмайлик, тағин.

ИХТИЛОФ ҲАҚИДАГИ БАЪЗИ ҲАДИСИ ШАРИФЛАР

Энди ихтилофнинг ёмонлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган баъзи ҳадиси шарифлар билан қисқача танишиб чиқайлик:
Биринчи ҳадис: 
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин», деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтмоғимиз лозим. У зот бизни ихтилоф қилишдан қайтариб турсалар-у, биз ўзаро ихтилоф қилиб турсак, қандоқ бўлади?! Ҳадиси шарифда ихтилофнинг ёмон оқибати алоҳида таъкидланмоқда. Бу қалбларнинг ихтилофли бўлиб қолишидир.
Ҳа, бир-икки бор ихтилоф содир бўлгандан кейин, унинг таъсирида қалблар ихтилофли бўлиб қолса, Аллоҳ кўрсатмасин, кейин ўшандай қалб эгаларининг бошлари шубҳасиз келишмовчилик ва уруш-жанжаллардан чиқмай қолади.
Иккинчи ҳадис: 
Муҳаддисларимиз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у киши қуйидагиларни айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига иссиқ пайтда борган эдим, бир оят ҳақида ихтилоф қилган икки кишининг овозларини эшитиб қолдим. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар, юзларидан ғазаб билиниб турар эди. Бас, у зот:
«Албатта, сиздан олдин ўтганлар Китоб ҳақида ихтилоф қилганлари учун ҳалок бўлганлар!» дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз саҳобаларидан иккиталарини бир оят ҳақида ихтилофга тушишларидан ғазабланишлари бежиз эмас экан. Чунки улар ўзлари сезмаган ҳолда, тарихдаги энг катта хатолардан бирини такрорлашаётган экан. У ҳам бўлса, илоҳий китоб ҳақида ихтилоф қилишдир. Олдин ўтган умматлар ўзларига келган илоҳий китоб ҳақида ихтилоф қилганлари учун ҳалокатга учрашган экан. Агар биз ҳам шу ишни қилсак, ўша қавмларнинг хатосини такрорлаган бўлмаймизми?!
Учинчи ҳадис: 
Имом Бухорий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган оятни бир киши мен эшитгандан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим-да, уни қўлидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтирдим. Шунда у зот, иккингиз ҳам гўзал ишдасиз, дедилар. Шўъба розияллоҳу анҳу, менимча, ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар, дедилар, деб айтди».
Демак, динимизда бир нарсани икки хил адо этиш мумкин бўлган жойлар ҳам бор экан. Маълум бир оятни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир хил, ҳалиги са-ҳобий розияллоҳу анҳу бошқа бир хил қироат қилган эканлар. Ихтилоф бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, ажрим қилишмоқчи бўлишган экан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, иккингизники ҳам тўғри, дебдилар. Лекин шу билан бирга бундоқ масалаларда ихтилоф қилиш мутлақо мумкин эмаслигини ҳам қаттиқ уқтириб айтибдилар.
Мана, азизлар, ихтилофнинг ҳаром иш эканлигига, мусулмонлар ҳеч ва ҳеч ихтилоф қилмасликлари вожиб эканига далолат қилувчи баъзи оят ва ҳадисларни қисқача ўрганиб чиқдик. Энди инсоф қилиб ўзимизга ўзимиз бир савол берайлик-чи, Қуръон ва Суннатга амал қилишни даъво этганимиз қани-ю, уларга амал қилганимиз қани? Мазкур даъво юзасидан адо этиш ҳам, этмаслик ҳам суннат бўлган ишда ихтилоф қўзғаб, бир қанча оят ва ҳадисларга зид, ҳаром ишни қилганимиз Қуръон ва Суннатга амал қилиш деб аталадими?! Шунинг учун ҳам уламоларимиз, бир гапни айтишдан ёки бирор ишни қилишдан олдин уни яхшилаб ўрганиб, зарар олиб келмайдиган бўл-са, кейин уриниш керак, деганлар.
Қилса савоб, қилмаса ҳеч гап бўлмайдиган суннат амал ҳақида ихтилоф қўзғаб, охири ҳаром ишга сабаб бўлиш, динимиз аҳкомларини яхши билмаслигимиздан! Нима учун Қуръон ва Суннатга амал қилиш шиори остида майда масалаларни маҳкам тутиб ихтилоф чиқарамиз-у, Қуръон ва Суннатдаги энг муҳим масалалардан бири – мусулмонлар бирлиги ҳақидаги амрларга ва наҳий-ларга амал қилмаймиз?!
Энди ихтилоф чиққан масалалардан баъзиларини тарозуга солиб, уламоларимиз уларни қандай таҳлил қилганларини ўрганиб чиқайлик.

«ОМИЙН»НИ НАМОЗДА ОВОЗ ЧИҚАРМАЙ АЙТИШ АФЗАЛМИ ЁКИ ОВОЗ ЧИҚАРИБ АЙТИШМИ?

Ушбу сарлавҳа қилиб олинган масала ўзаро ихтилофларнинг энг машҳурларидан бири десак, муболаға қилмаган бўламиз. Албатта, бизда бу масала айни шу тарзда ўртага қўйилгани йўқ. Балки намозда «омийн»ни овоз чиқариб айтиладими ёки йўқми, тариқасида қўйилди. Аслида эса, мазҳаббоши уламоларимиз, мужтаҳидларимиз ҳаммалари бир овоздан, намозда, «Фотиҳа» сурасидан кейин, «омийн»ни айтиш суннатдир, деб иттифоқ қилганлар. Аммо «омийн»ни овоз чиқармай айтиш афзалми ёки овоз чиқариб айтиш афзалми, деган масалада икки хил йўл тутганлар.
Баъзилари, жумладан, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари, «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, деганлар.
Иккинчи бир гуруҳ уламоларимиз, хусусан Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари, «омийн»ни ичида айтган афзал, деганлар.
Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятларда мазкур икки ишга ҳам далил топилган. Кейинчалик ҳар бир томон нима учун айнан бир хил ишни афзал деб билганини тушунтириш мақсадида ўз далилларини келтирган ва иккинчи томоннинг далилларига ўз мулоҳазаларини ҳам айтганлар. Биз улардан хабаримиз борми ёки йўқми номаълум, лекин айни шу масалада ихтилоф чиқарганимиз маълум. Энди эса, бўлар иш бўлганидан кейин ҳам, бари бир фойдаси бор, деган мақсадда Аллоҳдан мадад сўраб, ўша масала бўйича нима гаплар бўлганини тушуниб етишга бир уриниб кўрсак, деган умиддамиз.
Мавзуга киришдан олдин айтиб қўйишимиз лозимки, камина ходимингиз ўзи эргашган мазҳабга биноан «омийн»ни ичида айтиб намоз ўқиганларга ҳам, овоз чиқариб айтиб намоз ўқиганларга ҳам ўз эҳтиромини тақдим этади. Хусусан, бу борада ижтиҳод қилган салафи солиҳ уламоларимизнинг барчаларига таъзим бажо келтиради.
Келажак сатрларда мазкур азизларнинг бирорталарига нисбатан сал бўлса-да, бирор ноўрин фикр ёки шунга ўхшаш сўзлар бўлмаслиги ниятидадир. Чунки ул улуғларимиз қилган ижтиҳодлари тўғри бўлса, икки ажр, нотўғри бўлса, бир ажр олиб кетганлар. Ўтганларимизга, хоссатан, ўтган уламоларимизга ҳурмат бажо келтириш бизнинг бурчимиздир.

«ОМИЙН»НИ ОВОЗ ЧИҚАРИБ АЙТИШ АФЗАЛ ДЕГАНЛАРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ ВА УЛАРНИНГ МУНОҚАШАСИ

Энди намозда «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлгандан кейин «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, деган томоннинг далилларини келтирамиз. Бу томоннинг энг машҳур вакили, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Қадимги китобларимизда ҳам бу масалада улар шу маънода биринчи бўлиб зикр қилинадилар. Шунинг учун биз ҳам бу истилоҳдан истифода қилсак, улардан бошқаларни ҳам ирода қилган бўламиз.
Биринчи далил: 
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, қачон имом «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн», деса, омийн денглар. Чунки кимнинг айтгани фаришталар-нинг айтганига тўғри келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади, дедилар», дейилган.
Шофеъий ва Ҳанбалийлар ва улар билан ҳамфикр томонлар ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай-ҳи васаллам имом «омийн» деганидан кейин бизга ҳам «омийн», дейишимизга амр қилмоқдалар, шунга биноан биз «омийн»ни айтишимиз лозим, дейдилар.
«Омийн»ни овоз чиқармай айтиш афзал, деганлар асосан, Ҳанафий ва Моликийлар эса, «омийн»ни айтиш лозимлиги жуда ҳам тўғри, шунинг учун биз ҳам айтамиз. Лекин ҳадиси шарифда, «омийн»ни овоз чиқариб айтинг, дейилгани йўқ-ку?! Шунинг учун бу ҳадиси шарифни омийнни овоз чиқариб айтишга далил қила олмайсизлар, дейдилар. Дарҳақиқат, бу ҳадис икки томонга ҳам бир хил далил бўла олади.
Иккинчи далил: 
Имом Муслим Абу Муса ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда, жумладан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар, суннатимизни баён қилдилар, намозимизни таълим бердилар ва: «қачон намоз ўқисангиз сафга туринглар, бирингиз сизга имом бўлсин, қачон у такбир айтса, сиз ҳам такбир айтинг, қачон у «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн», деса, сиз «омийн» денг, Аллоҳ ижобат қилади», дедилар», дейилган.
Бу ҳадиси шариф ҳақида ҳам тарафлар биринчи ҳадис ҳақида айтган гапларини қайтарадилар. Хулосага келганда овоз чиқариб айтиш ҳақида таъкид йўқлиги ошкор бўлади. Аслида овоз чиқармаслик асос эканлиги ва овоз чиқариб айтиш алоҳида таъкидланмагани эътиборидан, яна «омийн»ни овоз чиқармай айтиш афзал, деганларнинг гапи устун келади. Яна шунга ўхшаш бир-икки ривоятлар ҳам келтирилади. Уларда баъзи лафзлар бошқача бўлса ҳам, умумий маъно бир.
«Омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, деганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «омийн»ни айтганлари ҳақидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар:
Учинчи далил: 
Ҳофиз Абу Бишр ад-Даволибий келтирган ушбу ривоятда Воил Ибн Ҳужр ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намоздан фориғ бўлганларида кўрдим. Ҳаттоки, юзларини у тарафдан ҳам кўрдим, бу тарафдан ҳам кўр-дим. У зот «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн», деб қироат қилдилар ва овозларини чўзиб, «омийн», дедилар. Буни бизга таълим бериш учунгина қилдилар, деб ўйлайман».
Мухолиф тараф эса, бу ва бунга ўхшаш ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом бўлиб туриб, «омийн»ни айтганлари ҳақида сўз кетади. Бу эса, имом ортида туриб намоз ўқиётган намозхон «омийн»ни овоз чиқариб айтсин, дейишга асос бўла олмайди, дейди. Шу билан бирга ҳадисда, овозларини чўзиб дейилмоқда, овозларини баланд қилиб, дейилгани йўқ. Одатда имомнинг биринчи сафда турган кишилар эшитадиган даражада овоз чиқариши бир нарсани овоз чиқариб айтиш дейилмайди. Чунки кўплаб саҳиҳ ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозида баъзи оятларни биринчи сафда турганлар эшитадиган даражада пичирлаб ўқиганлари собитдир. Пешин намозида овоз чиқариб қироат қилинмаслиги ҳам ҳаммага маълум.
Иккинчидан, худди ўша ҳадиснинг Имом Аҳмад, Абу Довуд ат-Таёлусий, Абу Яъло ал-Мусилий, Имом Дора Қутний ва Имом ал-Ҳокимлар келтирган бошқа бир ривоятида, У зот «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн»га етганларида овозларини пастлатиб, «омийн», дедилар, деган иборани келтирадилар. Демак, ўша намоз овоз чиқариб қироат қилиш лозим бўлган намоз экан-у, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотиҳа сурасини баланд овоз билан ўқиб бўлганларидан кейин, овозларини пастлатиб, биринчи сафда турганлар эшитса бўладиган даражада «омийн» деб қўйганлар. Бунинг устига Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг, буни бизга таълим бериш учунгина қилдилар деб ўйлайман, деган гапларини далил қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «омийн»ни айтган бўлсалар ҳам, таълим учун айтганлар, дейдилар. Чунки Воил Ибн Ҳужр ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳу Яманлик ҳукмдор кишилардан бў-либ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитиб Мадинаи Мунавварага, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганлар. Исломга кириб, бир ҳафта давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олиб, жумладан, намоз ўқишни ўрганиб, сўнгра ўз юртларга қайтиб кетганлар. Ана ўша муносабат ила кўрган-эшитганларини кейинчалик ривоят қилиб берганлар.
Энг муҳими, аввал ҳам таъкидлаб ўтилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «омийн»ни айтган бўлсалар ҳам, имом бўла туриб айтганлар, бу ривоятнинг қавмнинг «омийн»ни баланд овоз ила айтишига нима алоқаси бор, дейдилар ҳанафийлар.
Шунинг учун бўлса керак, ҳозирги кунимизда, суннат турганда фиқҳнинг нима кераги бор, қабилида иш тутадиган баъзи кишилар ҳам ўз тортишувларида «омийн»ни овоз чиқариб айтишга юқоридаги ривоятларни далил қилиб келтирмайдилар.
Саййид Собиқ «Фиқҳус-Сунна» китобида қуйидагиларни ёзади: «Намозхон «Фотиҳа»нинг қироатидан кейин «омийн», демоғи суннатдир. Жаҳрий намозда овозини чиқариб, сиррий намозда ичида айтади. Нуъайм ал-Мужмирдан ривоят қилинишича, у Абу Ҳурайранинг орқасидан намоз ўқидим, у «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деди, сўнг «Фотиҳа»ни қироат қилди, «валаззооллийн»га етганида, «омийн», деди. Одамлар ҳам «омийн», дедилар, деган».
Саййид Собиқнинг бу гапларига унинг ўзига ўхшаб иш тутадиган ҳадис олимларининг бири Носириддин Албоний, бу гап ўз ўрнида эмаслигини айтиб, раддия қилади. Чунки келтирилган ривоятда, овоз чиқариб айтилгани қайд қилинмаган. Ровий яқинда туриб пичирлаб айтилган «омийн»ни эшитган бўлиши мумкин.
Кейин Саййид Собиқ: «Ибн Зубайр ва у билан бирга бўлганлар «омийн»ни айтишганда, масжидда баланд овоз чиққан», деган иқтибосни келтиради.
Носириддин Албоний эса, бунинг жавобига қуйида-гиларни ёзади: «Иқтидо қилувчиларнинг «омийн»ни овоз чиқариб айтишлари ҳақида шундан бошқа асар йўқ. Бу эса, ҳужжат бўла олмайди. Чунки уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламгача етказиб борилмаган. Батаҳқиқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «омийн»ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида кўп ҳадислар келган. Лекин уларнинг бирортасида ҳам саҳобалар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида туриб «омийн»ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида гап йўқ».
Шайх Носириддин Албоний бу ҳақдаги гаплари давомида Имом Шофеъий ҳам кейинчалик «омийн»ни ичида айтиш афзал эканлигига қайтганлари ва ўзларининг «Умм» номли китобларида, у (омийн)ни овоз чиқариб айтишларини хуш кўрмайман, деб ёзганларини келтиради.
Бу эса, «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, деган бош шахс кейинчалик, бошқа далил ва ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, ўзларининг биринчи гапларидан қайтган-ларини кўрсатади.
Муҳаддис уламоларимиз ҳозирда кўп тилга олинаётган, масжидни тўлдириб «омийн» дейилгани ҳақидаги ривоятлар ўта заиф эканлигини батафсил баён қилганларини ҳам алоҳида таъкидлаб қўймоқчимиз.
Бу ерда гаплар улгиржироқ қилинган бўлса ҳам, қадимги уламоларимиз бошқа ривоятларни ҳам битта-битта келтириб, батафсил таҳлил қилганлар. Ҳатто, матнлар тенг кучга эга бўлиб қолган жойларда ровийлардан қайси бирлари кучли эканини суриштирганлар. Имкони бор кишилар махсус китобларга мурожаат қилишлари мумкин.

«ОМИЙН»НИ ИЧИДА АЙТГАН АФЗАЛ, ДЕГАНЛАРНИНГ ҲУЖЖАТЛАРИ

Бу фикр, асосан, Ҳанафий мазҳаби томонидан айтилгани аввал ҳам айтиб ўтилган эди. Энди Ҳанафий уламоларнинг далилларини келтирамиз. Аввало шуни айтиб қўйиш лозимки, Ҳанафий уламолар баъзиларимиз айтаётганимиздек, одамларни ўз фикрларига юргизишга уринмаганлар. Улар ҳар бир ҳукмга Қуръон ва Суннатдан далил келтиришга ҳаракат қилганлар. Тўғрироғи, Қуръон ва Суннатдан истинбот қилинган ҳукмларни оддий кишиларга етказишга ҳаракат қилганлар. Буни ушбу, ҳозир келтириладиган мисоллардан билиб олсак ҳам бўлади.
Биринчи далил: 
«Омийн» лафзи дуодир. Унинг маъноси, ижобат қил, яъни, дуони қабул қил, демакдир. Дуони қандоқ қилиш ҳақида Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг! Албатта, У тажаввузкорларни хуш кўрмайди», деган (55-оят).
Шунга биноан, «омийн»ни ичимизда айтишимиз керак.
Иккинчи далил:
«Омийн» лафзи Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, бу лафз арабча ҳам эмас. «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм» эса Қуръондан, яна Аллоҳ таоло Қуръон ўқиганда уни айтишни вожиб қилган. Шундоқ бўлса ҳам, «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм»ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун «омийн»ни овоз чиқариб айтишимиз керак экан?!
Учинчи далил: 
Имом Абу Довуд ва бошқа муҳаддислар Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Самура ибн Жундуб ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумлар эслашиб ўтиришди. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки сакта (бир оз жим туриш)ни, такбир таҳримани айтганда ва «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн»нинг қироатидан фориғ бўлганда қилишни ёдлаб қолганини айтди. Имрон ибн Ҳусойн унинг бу гапини инкор қилди. Сўнг икковлари Убай ибн Каъаб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзишди. Унинг икковларига (ёзган) мактубида, батаҳқиқ, Самура ёдлаб олибди, дейилган эди», деб ривоят қилинган.
Демак, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлашдаги такбир айтишдан кейин ҳам, «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлганларидан кейин ҳам бир оз жим туришни одат қилганлар. Мана шу ҳақидаги мунозарада саҳобаи киромлар ҳам айни ҳолни тасдиқлаган эканлар.
Ҳанафий уламолар ўз мазҳабларини тасдиқлаш учун ушбу маънога яқин яна бир қанча ривоятларни келтирадилар.
Тўртинчи далил: 
Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али ва Абдуллоҳлар Бисмиллаҳир роҳманир ро-ҳиймни ҳам, аъузуни ҳам, омийнни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар».
(Табароний ривоят қилган).
Ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд каби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган, ўта илмли саҳобийларнинг «омийн»ни ичларида айтиши ҳам кучли далил ҳисобланади. Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам «омийн»ни ичларда айтиб намоз ўқишлари таъкидланади.
Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг номлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.
Бешинчи далил: 
Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик ила кузатиб турилган. Агар «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, У зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари имом ҳолларида, баъзида таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб «омийн» деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ, айниқса, имомга иқтидо қилган кишиларнинг «омийн»ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят йўқ ҳолга дучор келинмас эди.
Азиз китобхон! Биз омийнни намозда овоз чиқариб айтган афзалми ёки овоз чиқармай айтган афзалми, деган масала бўйича қадимги уламоларимизнинг гапларини ўта мухтасар равишда келтирдик. Шунингдек, ҳамаср уламоларимизнинг иккиталарининг гапларини ҳам келтирдик. Энди ўз-ўзидан, шунчалик баҳс қилинган нарсани яна қўзғашнинг нима кераги бор эди, деган савол пайдо бўлиши табиий. Ҳа, аввал бир масалани яхшилаб ўрганмай туриб, кўпчилик ичига олиб чиқилса, шундоқ ноқулай ҳолат юзага келиши турган гап.
Ушбу фикрни яна ҳам қувватлаш учун яна бир масалада алоҳида тўхталишга ва бир оз таҳлил қилишга ижозат бергайсиз.

НАМОЗДА РУКУЪГА БОРАЁТГАНДА ВА УНДАН ҚАЙТАЁТГАНДА ИККИ ҚЎЛНИ КЎТАРИШ МАСАЛАСИ

Бу масала ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Авваллари ҳамма Ҳанафий мазҳабига амал қилар ва ҳеч ким намозни бошлаш пайтидаги такбири таҳримадан бошқа пайтда икки қўлини кўтармас эди. Ҳамма номозхонлар тинчгина, қўлдан келганича ўз намозларини адо этиб юрар эдилар.
Кейинчалик эса, аввал айтиб ўтганимиздек, фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қилувчиларимиз пайдо бўлдилар. Улар намозда рукуъга кетишдан олдин ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтармаслик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф эканлиги ҳақида баҳс юрита бошладилар ва ўз фикрларининг далили сифатида ҳадиси шарифлардан ҳужжатлар келтиришга киришдилар. Ана ўшаларимиз ўзларини, худди бутун Ислом оламининг минг йиллик хатосини топгандек, Ҳанафий мазҳабига эргашиб, хатода юрган юз миллионлаб гумроҳларни Қуръон ва Суннат йўлига солаётган қаҳрамондек ҳис этар эдилар. Бировнинг насиҳатини эшитишни ҳам хоҳламас эдилар. Бунга қўшилмаганларни, қарши чиққанларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айблар эдилар. Аммо мазкур иш Қуръон ва Суннатга тўғри келадими, йўқми, ўйлаб ҳам кўрмас эдилар.
Аслида эса, ўша масалани кўтарганларимиз эски ихтилофни қўзғаб, минг уч юз йиллик ярани қайта тирнаб қонатаётган эдилар. Намозда рукуъга кетаётганда ва ундан қайтаётганда қўл кўтариш масаласини бир юз эллигинчи Ҳижрий санада туғилган Имом Шофеъий ва у зотнинг ҳамасрлари Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам кўтарган эдилар. Худди бизнинг шоввозларимиз далил қилиб келтираётган ва яна улар билмаган ҳадис ва ривоятларни ана ўша буюк мужтаҳидларимиз энг аввал келтирган эдилар. Орадаги фарқ шуки, ўтган салафи солиҳларимиз ҳозиргиларга ўхшаб ўз фикрларига қўшилмаганларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айбламаган эдилар, балки ўз мухолифларини ҳам Қуръон ва Суннатга ўзига хос ижтиҳод йўли ила амал қилувчи дин қардошлари сифатида эҳтиром қилардилар. Агар бизда бир озгина илм бўлганида, бундай ихтилофлар келиб чиқмас эди. Минг афсуслар бўлсинким, бизда на илм ва на илмсизлигимизни тан олишимиз учун инсоф бор эди.
Келинг, илмсизлигимизга барҳам бериш ва хатони такрорламаслик умидида бу масалани илмий йўл ила яна бир кўриб чиқайлик.

НАМОЗДА РУКУЪГА БОРГАНДА ВА УНДАН ҚАЙТГАНДА ИККИ ҚЎЛНИ КЎТАРИШ КЕРАК ДЕГАНЛАРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ ВА УЛАРНИНГ МУНОҚАШАСИ

Бу ҳукмга амал қилишга даъват этганлар рўйхати бошида тўрт машҳур ва маъруф фиқҳий мазҳабларимиздан иккитаси, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари туради. Улар ўзларининг бу ҳукмларига бир неча ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар:
Биринчи далил: 
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қилган ривоятда Ибн Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни очсалар икки қўлларини елкалари баробар кўтариб туриб такбир айтар эдилар. Кейин қачон рукуъга такбир айтсалар ҳам шунингдек, қачон бошларини рукуъдан кўтарсалар ҳам уларни худди ўшандоқ кўтарар эдилар ва «самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, Роббанаа ва лакал ҳамд», дер эдилар», деганлар.
Мана шу саҳиҳ ҳадисда намозда рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экани очиқ-ойдин кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалийлар.
Иккинчи далил: 
Имом Бухорий келтирган ривоятда Нофеъ розияллоҳу анҳу: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлини кўтармаган одамни кўрса, унга тош отар эди», деган.
Бу ривоят ҳам юқоридаги маънони таъкидлаб келмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари амал қилибгина қолмай, ўзгаларни ҳам мазкур ҳукмга бўйсунишларига ҳаракат этганлари яққол кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалийлар.
Ҳанафий уламолар, дарҳақиқат, сизлар келтирган ривоятлар бор ва кучли эканини биз ҳам яхши биламиз, лекин биз ушбу ҳадис ва ривоятларга амал қилишдан олдин бошқа ҳадис ва ривоятларни ҳам чуқурроқ ўрганиб чиқиб, бошқача қарорга келдик, келинг, аввало Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини муноқаша қилайлик, дейдилар.
Имом ат-Таҳовий, Имом Ибн Абу Шайба ва Имом ал-Байҳақийлар ўз китобларида келтирган ривоятда Мужоҳид розияллоҳу анҳу: «Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У икки қўлини намоздаги биринчи такбирдан бошқа ҳеч кўтармас эди», деганлар.
Олдинги икки ривоят ва биз келтирган учинчи ривоятни қўшиб ўргансак, рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш ҳукми насх бўлгани аён бўлади. Яъни бу ҳукмга маълум муддат амал қилинган-у, сўнгра амалдан қолган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўл кўтарганларини кўрганлар, ўзлари бу ишга амал қилганлар ва бошқаларни ҳам амал қилишга чорлаганлар. Кейинчалик бу амал насх бўлганидан кейин унга амал қилишни тўхтатганлар.
Сиз ҳам, ҳурматли Шофеъий, Ҳанбалий ва ушбу масалада улар билан ҳамфикр бўлганлар, биз ҳам саҳобий ўзи қилган ривоятга зид амал қилса, ривоятини эмас, амалини қабул қилишга иттифоқ қилганмиз. Чунки саҳобийлар насх бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳукмга хилоф амал қилмайдилар. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир каттаю кичик нарсада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга аниқ эргашувчи ягона саҳобий бўлганлар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид, эргашиш зарур ҳисобланмаган ишларни ҳам ўта аниқлик билан қилиб юрганлари маълум ва машҳур. Шундоқ одам насх собит бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳадисга хилоф иш тутиб, рукуъга боришда ва ундан қайтишда икки қўлни кўтаришни тарк қилмас эдилар.
Учинчи далил: 
Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Ибн Можа ўз Сунанларида, Имом Бухорий «Рафу ълядайни фиссолати» деган рисолаларида ва Имом Таҳовий «Мушкилул-Осор»да Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон фарз намозга турсалар такбир айтиб, икки қўлларини елкалари баробар кўтарар эдилар. Худди шу ишни қироатларини тамом қилиб рукуъга боришни ирода қилсалар ҳам, рукуъдан бош кўтарсалар ҳам қилар эдилар. У зот намозда ўтирган ҳолларида ҳеч қўлларини кўтармас эдилар. Қачон икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам икки қўлларини кўтариб, такбир айтар эдилар», дейилган.
Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламоларининг бу далилларига жавоб қуйидагича: Бу ривоят собит эканини яхши биламиз. Лекин Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг айни ўзларидан бунинг акси содир бўлгани ҳақида ривоят бор. Ана шу ривоятни ҳам этиъборга олиб туриб, (ниҳоий) ҳукм чиқарилса, жуда ҳам яхши бўлар эди.
Имом ат-Таҳовий ва Имом Ибн Абу Шайбалар Осим Ибн Кулайбнинг отасидан қилган ривоятда: «Али розияллоҳу анҳу икки қўлларини намознинг биринчи такбирида кўтарар эди, холос. Кейин кўтармас эди», дейилган.
Имом Абу Бакр Ибн Абу Шайба Абу Исҳоқдан келтирган ривоятда эса: «Абдуллоҳ (Ибн Масъуд) ва Алининг асҳоблари икки қўлларини фақатгина намозни бошида кўтарар эдилар, холос», дейилган.
Бу ҳам рукуъга кетишдан олдин ва ундан кейин икки қўлни кўтаришга маълум муддат амал қилингани ва кейин насх бўлганини кўрсатади. Бўлмаса Ҳазрати Алидек улкан саҳобий ўзлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятга хилоф иш қилмас эдилар. Шу билан бирга Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўз шогирдлари бўлмиш кичик саҳобийлар ва тобеъинларни ҳам рукуъга кетганда ва ундан қайтганда, икки қўлни кўтармасликка ўргатган эканлар. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмас.
Шофеъий ва Ҳанбалийлар ўзларига далил қилиб келтирган юқоридаги ҳадисда зикр қилинган «Қачон икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам икки қўлларини кўтариб такбир айтар эдилар», деган жумла уларнинг зиддига катта ҳужжатдир. Чунки улар саждадан туришда қўл кўтариш керак демайдилар. Ўз-ўзидан «нима учун бир ҳадиснинг маълум бўлагига амал қиласизлар-у, бошқа бўлагига амал қилмайсизлар», деган ҳақли савол пайдо бўлади.
Сажда қилиб бўлиб тураётганда ва бошқа ҳолатларда ҳам икки қўл кўтарилиши ҳақида бошқа ҳадисларда ҳам зикр қилинган. Мана шу нарсанинг ўзи ҳам аввал намозда такбираи эҳромдан бошқа жойларда ҳам қўл кўтариш бў-либ, кейинчалик насх қилинганига далолатдир. Бу ҳақиқатни Ҳанафийлар тўлиқлигича олиб, Шофеъий ва Ҳанбалийлар бир қисмини қабул қилиб, рукуъга кетиш ва ундан қайтишга тегишли жойини қабул қилмаган чиқадилар.
Ҳанафийлар мухолифларнинг ҳар бир далилига худди шу қабилда раддия қиладилар. Биз намуна учун келтирилган мисоллар билан кифояланиб, энди бу масалани қадимда қандоқ муноқаша қилингани ҳақидаги икки ривоятни ўрганиб чиқайлик:
Имом ат-Таҳовий келтирган ривоятда ал-Муғийра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Иброҳимга, Воилнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қачон намозни бошласалар, рукуъ қилсалар ва рукуъдан бошларини кўтарсалар, икки қўлларини кўтаришларини кўрдим, деган ҳадисига нима дейсиз, дедим». У киши: «Агар Воил у зотнинг ундоқ қилганларини бир марта кўрган бўлса, Абдуллоҳ ундоқ қилмаганларини эллик марта кўрган», деди.
Кўриниб турибдики, рукуъга кетаётиб ва ундан қайтаётиб икки қўл кўтарилади, деганлар Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини далил қилганлар. Буюк тобеъинлардан Иброҳим ан-Нахаъий розияллоҳу анҳуга бу гап айтилганда, у киши Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини раддияга келтирганлар ва қайси бир ҳадис қабул қилишга лойиқроқ эканини тасдиқлаш мақсадида уларнинг ровийларининг ҳолларини зикр қилиб ўтганлар. Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу иймонга келганларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида фақатгина бир ҳафта туриб, намоз ўқишни ўрганганлари ва қайтиб кетиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қайта кўрмаганлари машҳур. Бунинг устига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига таълим учун алоҳида муомала қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтармаганлари ҳақидаги ривоят соҳиби Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса, энг биринчи иймонга келган саҳобалардан бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан у зотнинг умрларининг охирларигача ажралмаган улкан саҳобийлардан биридирлар. Албатта у киши Воил розияллоҳу анҳуга қараганда кўп нарсани билишлари турган гап.
Иккинчи мисол Имом ал-Ҳорисий ўзларининг «Муснад» номли китобларида Суфён Ибн Уяйна розияллоҳу анҳудан Имом Абу Ҳанифа билан Имом ал-Авзоъий ора-ларида бўлиб ўтган қуйидаги мунозарани келтирадилар:
«Абу Ҳанифа билан ал-Авзоъий Маккадаги буғдой растасида кўришиб қолишди. Шунда ал-Авзоъий Абу Ҳанифага:
- Сизларга нима бўлди, намозда рукуъга борганда ва ундан бош кўтарганда қўлларингизни кўтармайсизлар? деди. Абу Ҳанифа эса:
- Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор саҳиҳ нарса бўлмади, деди.
- Қандоқ қилиб саҳиҳ нарса бўлмасин? Ахир, менга аз-Зуҳрий Солимдан, у отасидан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишича, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаш чоғларида, рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтарар эканлар! деди ал-Авзоъий. Шунда Абу Ҳанифа:
- Бизга Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ва ал-Асваддан, улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлашдан бошқада икки қўлларини кўтармас эканлар, деди.
- Мен сенга аз-Зуҳрийдан, Солимдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилсам, сен менга Ҳаммод Иброҳимдан ҳадис айтди, дейсан-а?! деди ал-Авзоъий. Абу Ҳанифа унинг бу гапига:
- Ҳаммод аз-Зуҳрийдан кўра фақиҳроқ эди. Иброҳим эса Солимдан кўра фақиҳроқ эди. Агар Ибн Умар саҳобийлик фазлига эга бўлса ҳам фиқҳда Алқама ундан кам эмас. Ал-Асваднинг фазли жуда ҳам кўп. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг фиқҳда ва қироатда фазли кўп. Унинг саҳобийлик ҳаққи бор. Кичиклигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган. У Абдуллоҳ ибн Умардан афзал, деб жавоб берди. Шунда ал-Авзоъий жим қолди».
Демак, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳам, у кишининг издошлари ҳам шаръий ҳукмларни ҳаводан эмас, Қуръон ва Суннатдан олган эканлар. Бошқалардан кўра чуқурроқ илмий изланишда бўлган эканлар. Ҳатто бошқа мазҳаб мужтаҳидлари мулоҳаза қилмаган нозик томонларни ҳам улар мулоҳаза қилган эканлар.

ҲАНАФИЙЛАРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур масала бўйича мухолиф томонларнинг далилларини муноқаша қилиб, уларга раддия берибгина қолмай, ўз ҳукмларини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар ҳам келтирганлар. Қуйида эътиборингизга улар келтирган далиллардан қисман ҳавола қиламиз:
Биринчи далил: 
Имом Муслим Жобир Ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ҳузуримизга чиқдилар ва: «Нима учун мен сизларни қўлларингизни худди асов отнинг думига ўхшатиб кўтараётганингизни кўрмоқдаман?! Намозда сокинлик ила туринглар!» дедилар», дейилган.
Маълумки, намоз янги фарз бўлган пайтда ҳозирги каби тўлиқ бўлмаган. Баъзи ҳолатларда ҳар хил майда овоз чиқариш ёки ҳаракатлар ҳам бўлиб турган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ ишларни қилган одамларга аста-секин тарбия бериб, хатоларини тузатиб борганлар. Бу маънода ҳадис китобларимизда бир қанча ривоятлар келган. Ушбу биз таҳлил қилаётган рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўлни кўтариш масаласи ҳам аввалда бор бўлиб, кейин мансух қилинганлигини мана шу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳукмнинг мансух бўлгани, амалдан қолганидан бехабар баъзи саҳобийлар аввалгидек рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўлларини кўтариб, намоз ўқиётганларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан кўриб турганлар. Кейин ташқарига чиқиб, уларга ушбу ҳадисда келтирилган гапларни айтганлар.
Иккинчи далил: 
Имом Термизий Алқама розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Абдуллоҳ Ибн Масъуд мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми, деди-да, намоз ўқиб, биринчи қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармади», дейилган.
Ўз-ўзидан маълумки, бунга ўхшаш кишиларни огоҳлантириб қўйиб, қилинган ишлар ўта аниқлик билан адо этилади. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ким эканликлари эса ҳаммамизга маълум. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан У зотнинг пайғамбарлик даврларида ҳар доим бирга юрган, улкан илм соҳиби ва кўплаб ҳадисларни ривоят қилган саҳобийлар.
Худди шу маънодаги ҳадисни Имом Насаий ҳам ривоят қилганлар.
Учинчи далил: 
Имом ат-Таҳовий ал-Асвад розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Умар Ибн Хаттобнинг биринчи такбирда икки қўлини кўтариб, кейин кўтармаслигини кўрдим», дейилган.
Тўртинчи далил: 
Имом Ибн Абу Шайба ал-Асвад розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Умар ибн Хаттобнинг орқасида намоз ўқидим. У ўз намозида бошланишдагидан бошқа ҳеч қўлини кўтармади. Аш-Шаъбий, Иброҳим ва Абу Исҳоқларни ҳам намозни бошлашдагидан бошқа қўл кўтарганларини кўрмадим», дейилган.
Бешинчи далил: 
Имом ал-Байҳақий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарларнинг орқаларида намоз ўқидим. Улар намозни бошлашдаги қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармас эдилар», дейилган.
Олтинчи далил: 
Имом ат-Таҳовий Абу Бакр Ибн Айёш розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Ҳеч бир фақиҳни ҳеч қачон биринчи такбирдан бошқа жойда қўлини кўтарганини кўрмадим», дейилган.
Еттинчи далил: 
Намоз ҳамманинг кўз ўнгида, ҳар куни беш марта адо этиладиган, эътиборли ва улкан ибодат. Айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозларини йиллар давомида кўпчилик ўта диққат билан кузатиб, ўрганиб келган. Ана шундоқ нарсага тегишли, рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариладими-йўқми, деган масалада ҳар хил гап айтилишининг ўзи бу иш ҳақида шубҳа туғдиради. Бу эса, Ҳанафийларнинг иши тўғри эканини кўрсатади.
Саккизинчи далил: 
Ҳанафийлар рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш ҳақида келган ривоятлар кўплиги, саҳиҳлиги, баъзи гапларга қараганда саҳобаи киромларнинг элликталаридан ривоят қилинганлигини яхши биладилар. Аммо, шундоқ бўлса ҳам, насх ворид бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар. Чунки насх ривоятнинг кучли ва кучсизлигига ёки кўп ва озлигига қараб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Ҳадис ҳар қанча кучли бўлса ҳам оятнинг кучига ета олмайди. Шундоқ бўлса ҳам Қуръони Каримнинг баъзи оятлари мансух бўлгани маълум ва машҳур.
Тўққизинчи далил: 
Ушбу муноқаша қилинаётган қўл кўтариш ҳақидаги масалада бир ақлий далил келтириш учун Ҳанафий мазҳаби уламолари вақтинча насх ҳақидаги даъволаридан кечадилар. Айтайлик, насх ворид бўлмади, дейдилар улар. Ундоқ пайтда умумий қоидага биноан бир ҳукм ҳақидаги ҳадислар қарама-қарши бўлиб қолса, саҳобалар нимага амал қилган бўлсалар, ўша олинади. Агар саҳобаларнинг амаллари ҳам қарама-қарши бўлиб қолса, қиёсга қайтилади. Ушбу масалада ҳам қиёсга қайтиладиган бўлса, аслида намозда сукунат, ортиқча ҳаракат қилмаслик таъкидланади. Намознинг ичида қўл кўтаришлик ортиқча ҳаракатдир. Такбири таҳримадаги қўл кўтариш намоз ичидаги эмас, унинг бошланишидаги кўтаришдир.
Шу ерга келганда, муҳтарам ўқувчидан далиллар келтиришга якун ясаш учун изн сўраймиз. Агар қолган далилларни ҳам келтирадиган бўлсак, гап чўзилиб кетади. Ўзи шундоқ ҳам чўзилиб кетган гапни яна ҳам чўзиб юрмай, хулосага ўтиб қўяқолганимиз маъқулдир.

ХУЛОСА

Кўриб турибмизки, барча фиқҳий масалалар, жумладан, омийн масаласи, рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш каби масалаларда Ҳанафий мазҳабидагилар ҳадисга амал қилмайдилар, деган даъво, мутлақо ёлғон ва ботил даъводир. Аксинча, Ҳанафийлар ҳадисларни бош-қалардан кўра чуқурроқ ва аниқроқ ўрганиб, амал қилишларини ўзимиз илмий равишда ўрганиб чиқдик. Шу билан бирга Ҳанафийлар бошқа мазҳаб атбоъларига ўхшаб, ўзга мазҳабдагиларнинг фикрларини ҳам ҳурмат қилиб келганлар.
Ҳозирги давримизда ҳам Шофеъий ва Ҳанбалийлар қўл кўтариб, Ҳанафий ва Моликийлар қўл кўтармай тинчгина намозларини ўқиб келишар эди. Ичимиздан бир неча оятни чала ёд олган ва уч-тўрт ҳадиснинг таржимасини ўрганиб олганларимиз чиқиб, мазҳаббоши мужтаҳидларимизга тош ота бошлашди. Мусулмонлар оммаси ўз ибо-датларини адо қилишда Қуръон ва Суннатга амал қилмас-ликда айбланди. Динга эндигина қайтаётган халқ оммаси ўртасида уламолар ичида қолиши лозим бўлган масалалар олиб чиқилиб турли ихтилофларга йўл очилди. Оқибатда мусулмонларга кўпгина кулфатлар етди.
Азиз дин қардошлар! Ўтган саҳифаларда ҳозирда ихтилофларга сабаб бўлаётган масалалардан иккитасини кўриб чиқдик. Аслида бундай масалалар анчагина бўлиб қолди. Янгилари ҳам пайдо бўлмоқда. Бу ҳолат яна ҳам авж олиб боравериши мумкин. Чунки ичимиздан, мазҳаб ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уни қўйиб Қуръон ва Суннатга амал қиламиз, деган даъво билан чиқаётганлар, аслида, Ҳанафий мазҳабини рад этиб, бошқа мазҳабга эргашмоқдалар. Улар баъзи масалаларни фақат ўша мазҳабда айтилгани ҳақ, ундан бошқаси ботил, деб ўйламоқдалар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар оммасини бидъатга берилганликда, Қуръон ва Суннатга амал қилмасликда ва бошқа нарсаларда айбламоқдалар. Бу фикримизнинг тасдиғи учун биргина мисол келтирайлик.

ТАҲОРАТДА БЎЙИНГА МАСҲ ТОРТИШ

Танишларимиздан биридан оддий мусулмонларимизнинг динимизни ўрганишлари қандоқ бораётгани ҳақида сўрадим. У киши бу саволимга:
- Ҳамма иш яхши кетаётган эди-ю, ихтилофлар чиқиб оддий мусулмонлар нима қилишларини билмай ҳайрон бўлиб қолдилар, деди.
- Оддий мусулмонларни ҳайрон қилиб қўйган масалалардан, охиргиси қайси масала экан? дедим мен, муаммони тузукроқ билиш учун.
- Мисол учун, ҳозиргача ҳамма таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб, деб келган, омма ўқийдиган китобларда ҳам шундоқ ёзилган. Лекин янги чиққанлар бу - бидъат, дейишмоқда. Одамлар нима қилишларини билмай ҳайрон. Сўрашга бирор одам топиш ҳам қийин, деди танишим.
- Ўшандоқ нарсаларда дарҳол далил-ҳужжат сўраш керак. Бўйинга масҳ тортиш нима учун бидъат бўлади, деб сўрмадингизми? дедим мен.
- Бўйинга масҳ тортиш оятда ҳам, ҳадисда ҳам йўқ эмиш, уларда бўлмаган нарсани қилса, бидъат бўлар эмиш…
Сиртдан қараганда арзимаган бўлиб кўринган бу масала кўпчилик оддий мусулмонларни хижолат қилгани бежиз эмас. Чунки таҳоратда бўйинга масҳ тортиш бидъ-атдир, деган тоифанинг сўзи бу билан тугамайди. Улар, таҳоратда бўйинга масҳ тортиш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Ҳар бир залолат дўзахдадир, дейишдан ҳам тап тортмасликлари мумкин. Агар шундоқ гап чиқадиган бўлса, таҳоратда бўйнига масҳ тортиб юрган бечораларнинг, уларнинг ота-боболарининг охиратдаги ҳоли нима бўлади?
Агар гап бидъат ҳақида юқорида зикр қилинган маънони ўз ичига олган ҳадиси шариф жавҳарига мос бўлганда, унга қўшилиш ҳаммамизнинг бурчимиз бўлар эди. Аммо ҳозирги гапга мутлақо қўшила олмаймиз. Чунки ҳозирги гап мусулмонлар жумҳури ҳақ деб тан олган тўрт фиқҳий мазҳабдан энг каттаси, Ҳанафий мазҳаби мужтаҳид уламолари қарийиб ўн уч асрдан буён мустаҳаб, деб келаётган амални бидъат деб эълон қилиш ҳақида кетмоқда.
Муҳтарам ўқувчи! Келинг, биргаликда Ҳанафий уламолардан, нима учун таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб дегансиз, деб сўраб кўрайлик. Ахир улар ўн уч аср давомида мусулмонларни бидъат ишга ундаб келмагандирлар!?
Бундай саволимизга жавоб қуйидагича бўлади:
Одамларни бидъатга, шариатимизда йўқ нарсага чақиришдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Биз ҳеч қачон, ҳеч кимни бидъатга чақирганимиз йўқ. Биз шаръий масдарга суянмай туриб, ҳаргиз бирор ҳукм ҳақида оғиз очмаймиз. Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаблигига қуйидаги далилларимиз бор:
Биринчи далил:
Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал Лайсдан, у Толҳа Ибн Мусоррифдан, у отасидан, у бобосидан келтирган ривоятда:
«Албатта, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларининг орт томонидан олд томонига қараб масҳ тортганларини кўрган», дейилган.
Иккинчи далил:
Абулҳасан Ибн Форис Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва саҳиҳ, деб таъкидланган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:
«Ким таҳорат қилиб, бўйнига икки қўли ила масҳ тортса, қиёмат куни ғулдан сақланади», деганлар.
Учинчи далил:
Имом ал-Баззор Воил Ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан:
«...Сўнгра бошларига уч марта, қулоқларининг сирт тарафига уч марта ва бўйинларининг сирт тарафига масҳ тортдилар», дейилган.
Худди шу маънода бошқа ривоятлар ҳам бўлиб, ҳаммалари бир-бирларини қувватлаб келади. Яна нима керак? Ўзи ёки ўзига ёққан тараф билмаган ҳадисни топиб амал қилганлар бидъатда айбланаверадими? Бошқалар ҳадисни топмаган бўлсалар Ҳанафийларда нима айб?
Биз юқоридаги сатрларда ҳозирда қайтадан ихтилофга сабаб бўлиб турган учтагина масалани мисол тариқасида муноқаша қилдик. Қолган ҳамма масалаларни ҳам худди шу тариқа муноқаша қилиш жуда ҳам осон иш. Бизнинг ниятимиз тортишиш эмас, ихтилофларга чек қўйиш бўлгани учун гапни чўзмадик. Мақсадимиз эски ярани яна қўзғамай, тажрибадан ўтган ишончли йўлни маҳкам ушлашга даъватдир. Ана шунда ихтилофларга барҳам берилади, иншааллоҳ.
Ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида, фиқҳий мазҳабларнинг Қуръон ва Суннат доирасида қилган ижтиҳодларини қайта қўзғаб, қани, кўрайлик-чи, кимнинг далили кучли экан, қабилида иш тутиш ҳам ман қилинган. Ҳатто баъзи бир кишилар илмда юқори даражаларга эришиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини кучсизидан ажратадиган даражага етса ҳам ўзи учун фатво чиқариб олса майли-ю, кўпчиликнинг бошини айлантириб, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмасин, дейилган.
Шунинг учун ҳам одатда, доимо мазкур қоидаларни бузиб, ихтилоф чиқарган томон мазаммат қилинади. Ушбу баҳсимизда бетарафликни даъво қилсак ҳам, гоҳида гап бир томонламага ўхшаб қолиши ҳам ана ўша қоида туфайлидир.
Ҳамма бало илмимизнинг йўқлигида. Жуда оз нарсани биламиз. Аммо жуда кўп нарсани даъво қиламиз. Билган жуда оз нарсамизга ўта мутаассиблик билан, бор илм шу, бундан бошқа нарса йўқ, деб қараймиз. Билмаган жуда кўп нарсамизни эса, бутунлай инкор қиламиз. Натижада ҳозирги бошимиздан ўтиб турган ноқулай ҳолатга дучор бўламиз.
Мазкур ишни ҳамаср уламоларимиз бир китоб ва унёзар тасмаси маданияти, деб номламоқдалар. Дарҳақиқат, қўлимизга қаердандир тушиб қолган бир китобчани ўқиймиз-да, бутун дунёнинг илми шу китобчада жо бўлган, бундан бошқа илм йўқ, деган маънода иш тутишга ўтамиз. Унёзар тасмасига ёзилган уч-тўрт, тумтарақай маърузани эшитиб олиб, дунёдаги мусулмонларнинг тўртдан учини ё кофир, ё мушрикка чиқариб юборамиз.
Ҳозирги кунда бутун Ислом уммати минг уч юз йилдан буён тан олиб, ардоқлаб, эҳтиром қилиб келаётган тўрт фиқҳий мазҳабларни инкор этиб, улар ҳақларида нолойиқ гаплар айтиб, ўзини мужтаҳид санаб юрганларимиз ана шундоқ бир китобча ва унёзар тасмаси маданиятига мансуб кишилардир.
Биз ҳозир уларга фиқҳий мазҳаблар ҳақ эканлиги ҳақида илмий баҳс тақдим қилиш ниятидан йироқмиз. Чунки ул биродарларимиз бундоқ баҳсни эътироф қилишга тайёр бўлганларида, ҳозирги ноқулай ҳолат юзага келмаган бўлар эди. Ул биродарларимиз фиқҳий мазҳабларни инкор қилишдан олдин салаф уламоларимизнинг илмий баҳслари билан танишиб чиққан бўлар эдилар. Мазкур биродарларимиз фиқҳий мазҳабларни инкор қилишдек хатарли ишда ўзгаларга тақлид қилмоқдалар. Улар хусусан, чет элдан келган, ўзларини аллақандай номлар билан атайдиган шошқалоқ кишиларнинг этагини тутганлар. Улар бошқа томонларнинг гап-сўзларини эътиборга олмайдилар. Шунинг учун ўша биродарларимиз тан олиб, сўзларини ҳужжат қилиб кўтариб юрадиган томонларнинг фиқҳий мазҳаблар ҳақида эълон қилган ҳужжатлари ва фатволаридан намуналар келтиришни маъқул топдик.

ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАРНИНГ ҲАҚЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ ЗАМОНАВИЙ ҲУЖЖАТ ВА ФАТВОЛАР

Маккаи Мукаррамада жойлашган, дунёдаги энг мўътабар мусулмон ташкилоти бўлмиш Робитаи Олами Исломий ҳузуридаги Ислом фиқҳи Академияси қарорини эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин Робитанинг таъсис мажлисига ҳам, Фиқҳ Академиясига ҳам Саудиянинг бош муфтиси, Шайх Абдулазиз Ибн Боз раислик ва у кишининг бир неча сафдошлари аъзолик қилишларини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Чунки мазҳабни инкор қилувчиларнинг кўплари ўша кишиларга эргашишларини даъво қиладилар. Биз қуйида келтирилган ҳужжатлар билан танишилгач бу даъво қанчалик тўғри эканлиги аён бўлар, деган умиддамиз.

ТЎҚҚИЗИНЧИ ҚАРОР

Ислом фиқҳи академиясининг 1408 ҳижрий санада бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисда қабул қилинган мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий хилофлар ва мазҳабга мутаассиблик қилиш ҳақида

Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ҳамдлар бўлсин. Ортларидан набий йўқ, саййидимиз ва набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту дурудлар бўлсин. Аммо баъд:
Робитаи Олами Исломий қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси кенгаши ўзининг Маккаи Мукаррамада, 1408 ҳ.с. 24 сафар. (1987 м.с. 17 октябр) шанба кунидан 1408 ҳ.с. 28 сафар (1987 м.с. 21 октябр) чоршанба кунигача бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисида эргашиладиган мазҳаблар орасидаги фиқҳий хилофлар ва баъзи бир мазҳаб атбоълари томонидан содир бўладиган, мўътадиллик чегарасидан чиқадиган ва ҳатто бошқа мазҳабларга ҳамда уларнинг уламоларига таъна тоши отишгача етиб борадиган кўнгилсиз таассуф масаласини кўриб чиқди. Мажлис ўсиб келаётган ҳамаср авлоднинг ақлида ва тасаввурида мазҳаблар орасидаги ихтилофлар ҳақида ориз бўладиган муаммоларни текшириб чиқди. Кўпинча, ўша(ёш)лар бу муаммоларнинг маъносини ҳам, асосини ҳам билмайдилар. Натижада, баъзи адаштирувчилар, модомики, Ислом шариати битта бўлса, унинг асли Қуръони Карим ва Суннати Набавияда собит бўлган бўлса, нима учун мазҳаблар ихтилоф қиладилар, нима учун улар бирлаштирилиб, мусулмонлар битта мазҳабда бўлмайдилар ва бир хил шаръий мазҳабга эргашмайдилар, деб кўпчиликни йўлдан оздиришга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, мажлис мазҳабий мутаассибчилик ва ундан келиб чиқадиган муаммоларни, хусусан, бугунги кунда пайдо бўлган, янги иждиҳодий йўл тутишга даъват қилаётган, Ислом уммати қадимги исломий асрлардан бери қабул қилиб келаётган мавжуд мазҳабларга ва уларнинг уламоларига тил теккизаётган, кишилар орасига фитна солаётган хатокор янги йўналишлар ҳақидаги масалани ҳам кўриб чиқди.
Мажлис мазкур масалани, унинг сабабларини ва ундан келиб чиқадиган залолату фитналарни атрофлича ўрганиб чиқиб, икки томонга-адаштирувчи ва мутаассибларга қуйидаги баёнотни эслатма тарзида йўллашга қарор қилди:
Биринчидан: мазҳаблар ихтилофи ҳақида:
Мусулмон юртларидаги фикрий мазҳаблар орасидаги мавжуд ихтилофлар икки хилдир:
(а) Ақидавий мазҳаблар орасидаги ихтилоф.
(б) Фиқҳий мазҳаблар орасидаги ихтилоф.
Биринчи хилдагиси, эътиқодга оид ихтилофдир. Бу иш воқеъликда Ислом юртларига бало-офатлар олиб келган, мусулмонларнинг сафини бузган ва тафриқага солган катта мусибатдир. Бу жуда ҳам афсусланарли ва бўлмаслиги вожиб ишдир. Ислом уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ва рошид халифалар давридаги саломат ва пок ислом фикрини тамсил қилувчи «Аҳли суннат вал жамоат» мазҳабида жам бўлмоғи лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари: «Сизларга Менинг суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини тутмоқлик лозимдир. Бас уни маҳкам тутинглар», деб эълон қилганлар.
Иккинчиси, фиқҳий мазҳабларнинг баъзи масалаларга оид ихтилофидир. Буни тақозо қилган илмий сабаблари бор. Бу ишда Аллоҳ Таолонинг катта ҳикмати, жумладан, бандаларига раҳмат ва шаръий далиллардан ҳукм чиқаришга кенг йўл очиш бордир. Сўнгра бу нарса бир неъмат ва фиқҳий-қонуний бойлик бўлиб, Ислом умматига диний ва шаръий ишларда кенглик яратиб беради. Шунда биргина, бошқасига ўтиб бўлмайдиган шаръий татбиқ ила чегараланиб қолинмайди. Балки, умматга баъзи вақтларда ва ишларда фақиҳ имомлардан бирларининг мазҳаби торлик қилиб қолса, бошқа мазҳабда кенглик, юмшоқлик ва осонлик топилади. Мазкур нарса ибодатга, муомалотга ёки оила, маҳкама ва жиноий ишларга ҳамда ҳаётнинг бошқа соҳаларига оид бўлиши мумкин.
Мазҳабларнинг ушбу иккинчи хилдаги ихтилофи-фиқҳий ихтилофдир. Бу динимизнинг камчилиги ҳам, динимиздаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундоқ ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Ўзининг комил фиқҳи, ижтиҳоди ва қонуний низомига эга бўлган ҳар бир умматнинг фиқҳий ижтиҳодий ихтилофи бўлмай иложи йўқ.
Воқеъликдан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, ушбу хилдаги ихтилоф бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки аслий далиллар кўпинча бир неча маънони ўз ичига олган бўлади. Шунингдек, далил ҳамма муҳтамал ҳодисаларни қамраб ололмайди. Чунки баъзи уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳимлар айтганларидек, далиллар чегаралангандир, ҳодисалар эса чегараланмагандир. Бас, шундоқ экан, қиёсга мурожаат қилиш ва ҳукмларнинг иллатига, шариат соҳибининг ғаразига, шариатнинг умумий мақсадларига назар солиш ҳамда ҳодисалару янги пайдо бўлган масалаларда унинг ҳукмини жорий қилиш лозим бўлади. Бундоқ ҳолатда уламоларнинг фаҳмлари ва бир неча эҳтимолдан бирини устун қўйишлари ҳамда шунга биноан бир масала бўйича чиқарадиган ҳукмлар ҳар хил бўлиши табиийдир. Улардан ҳар бирлари ҳақни қасд қилади ва уни излайди. Бас, улардан ким тўғри топса икки ажр, ким хато қилса, бир ажр олади. Худди шу жойдан кенгчилик чиқиб, торчилик йўқолади.
Ушбу мазҳабий ихтилофнинг нимаси камчилик бўлиши мумкин?! Аввал очиқлаб ўтганимиздек бунда фақат яхшилик ва раҳматдан бошқа нарса йўқ. Воқеъликда бу нарса Аллоҳнинг мўмин бандаларига неъмат ва раҳматидир. Шу билан бир вақтда бу нарса қонуншунослик бўйича улкан бойлик ва Ислом уммати фахрланса арзийдиган устунликдир. Лекин баъзи мусулмон ёшларнинг, хусусан, улардан чет элларда дарс олаётганларининг исломий маданияти заифлигидан фойдаланган ажнабий залолатга бошловчилар, уларга фиқҳий мазҳаблар ихтилофини зулм ва бўҳтон ила эътиқодий ихтилофларга тенг қилиб кўрсатмоқдалар. Улар мазкур икки хил ихтилофни фарқламай, шариатда қарама-қар-шилик бор демоқдалар. Аслида эса ундоқ эмас.
Иккинчидан: мазҳабларни тарк қилишга даъват қилаётган, одамларни янги ижтиҳодий йўлга мажбурламоқчи бўлаётган ва мавжуд фиқҳий мазҳабларга ва уларнинг имомларига таъна тошини отаётган тоифаларга келсак, бизнинг фиқҳий мазҳаблар ва уларнинг имомлари фазилатлари ҳақидаги ҳозирги баёнотимизда улар учун ўзларининг тутган бу жирканч услубларидан тийилишни, одамларни адаштириб, ораларини бузишни ва уларни тафриқага солишни вожиб қилувчи нарса бор. Ҳозирги пайтда биз беҳуда, одамларни тафриқага солувчи даъватга эмас, Ислом душманларининг хатарли уринишлари қаршисида бирлашишга муҳтожмиз.
Аллоҳ саййидимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Оли-ларию асҳобларига кўплаб саловоту саломлар йўлласин. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
(Ҳужжат «Ислом Фиқҳи Академияси мажалласи»нинг саккизинчи сана, ўнинчи сонидан сўзма-сўз таржима қилинди.)
Албатта, жаҳондаги энг мўътабар исломий ташкилотлардан бири бўлмиш Робитаи Олами Исломийнинг Ислом Фиқҳи Академияси кенгашининг ушбу баёнотидан кейин ўзини билган ҳар бир мусулмонда фиқҳий мазҳабни ҳақ эканлигида ва уларни эҳтиром қилиш зарурлигида ҳеч шубҳа қолмаслиги лозим. Шу ила гапга хотима ясасак бўларди. Лекин... Лекин ҳозирда мазҳабни инкор этиб, мужтаҳид уламоларимизга таъна тоши отиб турган биродарларимиз, «бу ҳужжатга қарийб ўн йил бўлибди. Унинг устига шайх Ибн Боз ва у кишининг ҳамфикрларига қўшилиб, ҳужжатга баъзи «мазҳабпараст» мутаассиблар ҳам имзо қўйган. Бу эса ҳужжатнинг кучини йўқотади», деб қолишлари эътиборидан хотимани ортга суриб турамиз.
Энди эътиборингизга шайх Ибн Боз ва у кишининг ҳамфикрларининг фиқҳий мазҳаблар ҳақидаги 1997 мелодий сана охирларида чиқарган баъзи фатволарини тақдим қиламиз:

3897 рақамли фатводан

Олтинчи савол: 
Тўрт имомлар орасидаги хилофнинг ҳукми қандоқ?
Ёлғиз Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг Расулига ва У кишининг Олию асҳобларига саловоту саломлар бўлсин. Ва баъду:
Жавоб: 
Тўрт имомлар орасидаги хилоф уларнинг илм ва фаҳмдаги ихтилофларига боғлиқдир. Улардан тўғри топганларига икки ажр, хато қилганларига бир ажр бордир. Ал-Авзоъий, Суфён ас-Саврий, Исҳоқ Ибн Ро-ҳавайҳ ва бошқа мусулмон уламолар ҳам шунга ўхшашлар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набиййимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олию асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Илмий баҳслар ва фатво бўйича доимий қўмита.
Абдулазиз Ибн Абдуллоҳ Ибн Боз - Раис.
Абдурраззоқ Афифий - Раис ноиби.
Абдуллоҳ Ибн Ғидайян - Аъзо.
Абдуллоҳ Ибн Қаъуд - Аъзо.

4272 рақамли фатводан

Тўртинчи савол: 
Ҳар бир мазҳаб имомининг ўзидан бошқасига хилоф қилганини кўрамиз. Кўпинча улар орасидаги жан-жал баъзи намозхонларнинг тарки намоз қилишига олиб боради. Ушбу мавзуъда шофий ва кофий жавоб умидидамиз. Бир мазҳабга эргашайликми? Иш тўғри бўлиши учун қандоқ қилиб мазҳабларни мувофиқлаштирамиз?
Ёлғиз Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг Расулига ва У кишининг Олию асҳобларига саловоту саломлар бўлсин. Ва баъду:
Жавоб: 
Тўрт мазҳаб имомлари орасидаги фиқҳ фаръидаги мавжуд хилоф ҳадиснинг баъзи имомлар наздида саҳиҳ бўлиб, бошқаси наздида саҳиҳ бўлмагани ёки ҳадис бирларига етиб, бошқаларига етмагани каби хилофга сабаб бўлувчи омилларга бориб тақалади.
Мусулмон кишига улар ҳақида яхши гумонда бўлиш вожибдир. Улардан ҳар бирлари мужтаҳиддир. Ўзларидан содир бўлган фиқҳий уринишларда ҳақни талаб қилгандирлар. Улардан ким тўғри топган бўлса икки ажр: ижтиҳоди ажрини ва тўғри топгани ажрини олади. Ким хато қилган бўлса, бир ажр, яъни ижтиҳоди ажрини олади.
Мазкур тўрт имомларга тақлид қилишга келсак. Кимнинг ҳақни далилдан олишга имкони бўлса, унга далилдан олиш вожиб бўлади. Кимнинг имкони бўлмаса ўз наздидаги энг ишончли аҳли илмга тақлид қилади. Фарълардаги бундоқ хилофлар ихтилоф қилувчиларни бир-бирларининг ортларидан намоз ўқишни ман қилмаслиги керак. Аксинча, баъзилари баъзиларининг ортидан намоз ўқимоқлари вожибдир. Саҳобалар, розияллоҳу анҳум, фаръий масалаларда ихтилоф қилсалар ҳам бир-бирларининг ортларида намоз ўқир эдилар. Тобеъинлар ва уларга яхшилик ила эргашганлар ҳам шундоқ қилганлар.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Набиййимиз Муҳаммадга ва У зотнинг Олию асҳобларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Илмий баҳслар ва фатво бўйича доимий қўмита:
Абдулазиз Ибн Абдуллоҳ Ибн Боз - Раис.
Абдурраззоқ Афифий - Раис ноиби.
Абдуллоҳ Ибн Ғидайян - Аъзо.
Абдуллоҳ Ибн Қаъуд - Аъзо.
(Фатволар «Мажаллату ал-Буҳус ал-Исломия»нинг 51 сонидан сўзма-сўз таржима қилинди.)
Шу ерда икки оғиз изоҳ беришга тўғри келади. Иккинчи фатводаги, «Кимнинг ҳақни далилдан олишга имкони бўлса», деган ибора ким ижтиҳод қилиш даражасига етган бўлса, деганидир. Ҳамма уламоларнинг иттифоқ қилишларича, ҳозирда ижтиҳод даражасига етган шахс йўқ. Энди ҳамма нарса равшан бўлган бўлса, ажаб эмас. Ушбу ҳужжатлар билан танишиб чиқилганидан сўнг ўз-ўзидан бир неча ҳақли савол пайдо бўлади. Хўш, ҳозирда мазҳабни инкор қилаётганлар кимга эргашяптилар ўзи? Нима асосда фаолият олиб бормоқдалар ўзи? Мазҳаб боши имомларга нисбатан беодоблик қилишга нима ҳақлари бор? Агар улар ўзлари даъво қилаётганларидек, шайх Ибн Боз ва у кишига ҳамфикр шахсларга тақлид қилаётган бўлсалар, нима учун уларнинг юқорида зикри ўтган фатволарига амал қилишмайди?
Аслида фиқҳий мазҳаблар ҳақида ихтилофларга аталган асарда бунчалик кўп гапириш ният йўқ эди. Фиқҳ илми ва фуқаҳолар ҳақида «Ислом мусаффолиги йўлида» номли китобчамизда ва бошқа мақола ва маърузаларимизда, хусусан, «Ҳадис ва Ҳаёт» номли китобимизда қисман айтиб ўтганмиз. Аллоҳ насиб этса, келажакда бу муҳим мавзуда батафсил сўз юритиш имкони ҳам бўлиб қолар деган умиддамиз. Аммо ҳозирги ихтилофларга сабаб бўлаётган бош омиллардан бири айнан шу масала бўлгани учун бир оз бўлса ҳам тўхталиб ўтишни маъқул топдик.

ТАРИХДАН САБОҚ ОЛАЙЛИК

зиз ва муҳтарам диндошлар. Сиз билан биз мусулмонлар ўз миллатимиз, умматимиз тарихини яхши ўрганишимиз ва бу муҳташам тарихдан ўзимиз учун керакли сабоқлар олиб боришимиз лозим. Жумладан, бир марта содир этилган хатони қайта такрорламаслигимиз керак. Ана шундай такрорланмаслиги лозим ишлардан бири ўзаро ихтилоф қилмасликдир. Тарихимизга назар соладиган бўлсак, ихтилоф доимо катта мусибатларга сабаб бўлган.
Тарихимизни яхши ўрганган ҳар бир киши ҳозирги кундаги ихтилофлар ва улар туфайли келиб чиқаётган мусибатларни кўриб, эски ҳодисалар айнан такрорланаётганини билиб, қаттиқ афсус қилади.
Қадимги тарихимизга назар солишни давом эттирадиган бўлсак, мусулмон уммати айни ўзаро ихтилофларга чек қўйиш учун омма халқ фиқҳий мазҳабларга эргашиши лозимлигини қаттиқ таъкидлаган эди. Ҳамма бир хил бўлиши, бир хил ўйлаши мумкин бўлмаганидан ҳам бир эмас, тўрт фиқҳий мазҳабни ҳақ, деб тан олган эди. Шу билан бирга эътироф қилинган мазҳабларга эргашувчилар бир-бирларини ҳурмат қилишлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланган эди. Қолаверса мазҳаблараро ихтилоф қилиш ҳаромлигига алоҳида аҳамият берилган эди.
Ўтган азизларимиз ўзларининг яшаб турган ҳолатларидан келиб чиқиб, хусусан, ўша замоннинг мустабид ҳокимлари шариатни ўз хоҳишларига буришга тамаъ қилмасинлар, деб ижтиҳод эшигини беркитган, ҳамма муайян фиқҳий мазҳабга эргашсин, деган иттифоққа келган эдилар. Бутун бошли Ислом уммати бу ижмоъни мамнуният билан қабул қилган эди.

КИШИЛАРНИНГ ФИҚҲДАН УЗОҚЛАШИШ САБАБЛАРИ

Аммо яхши ният билан қилинган бу иш замон ўтиши билан суиистеъмол қилинди. Мазҳабларга ҳурмат-эҳтиром ўрнига ноўрин мутаассиблик қилинган ҳоллар ҳам бўлди. Натижада турли фиқҳий мазҳаблар атбоълари орасида ҳар хил ихтилофлар, келишмовчиликлар ва ноқулай ҳолатлар вужудга келди. Жуда оз бўлса ҳам содир бўлган бу ноқулай ҳолат ҳозиргача мазҳаб мухолифлари томонидан, мазҳаб орага тафриқа солувчи энг бош омил, деган маънода ишлатилиб келмоқда.
Аммо фиқҳий мазҳабларга ноўрин таассуб қилишликнинг зарари бу билан тамом бўлиб қолмайди. Салафи солиҳ уламоларимизнинг ижтиҳоднинг келажаги ҳақидаги кўрсатмаларига ҳам ноўрин мутаассиблик қилинди. Уларнинг бу нозик масала мустабид ҳукмдорлар ва уларга ёқиш учун ҳар нарсага тайёр чаламуллаларга ўйинчоқ бўлиб қолмаслиги йўлида қабул қилган ижмоълари ўз ўрнида ишлатилмади. Маълум усулий қоидалар ва муҳим ижтиҳодлар дахлсизлиги ҳақидаги кўрсатмалар жамики фиқҳ китобларидаги ҳамма сўзлар дахлсиздир, деган маънода талқин қилинди. Натижада асрлар оша фиқҳ масалалари ўрта асрдан олдинги ҳолида музлаб қотиб қолди. Замон, макон ва омиллар ўзгариши билан мусулмон уммати ҳаётида ҳам содир бўладиган турли янги масалаларни ҳал қилиши лозим бўлган улкан омил ҳаракатсиз қолди. Бориб-бориб фиқҳ китобларимизни йиллаб диний таҳсил олган кишилар ҳам осонликча тушуна олмайдиган ҳолга етилди. Кишилар маломатдан қўрқиб фиқҳий китобларимиздаги замон ўтиши билан эскириб, истилоҳдан чиқиб кетан сўзлар ўрнига бошқа муродиф сўзни алмаштиришга ҳам журъат қила олмас эдилар.
Ҳозирга келиб барча исломий илмларда замон руҳи эсиб турибди. Тафсир, Ҳадис, Сийрат, Улумул Қуръон, Улумул Ҳадис ва бошқа бир қанча Исломий илмлар бў-йича кўплаб янги асарлар битилди ва битилмоқда. Мазкур асарларда ўқувчи ўзининг барча замонавий саволларига жавоб топади. Бу асарлар кишиларни жалб қилишнинг ҳамма услубларини ҳисобга олиб битилгандир. Аммо фиқҳ ҳақида бу гапларни айта олмаймиз. Бир-иккита жузъий ва ўта содда уринишларни ҳисобга олмаганда деярли ҳеч нарса қилингани йўқ. Улкан Исломий илм бўлмиш фиқҳ илмидаги асрлардан буён давом этиб келаётган бу турғунлик оқибатида кишиларда фиқҳдан четлаш юзага келди. Ўзининг замонавий муаммоси ҳақида жавоб излаб фиқҳга мурожаат қилган одам унда бир неча асрлик гапни кўрганидан кейин шундоқ бўлиши ҳам табиий бир ҳол. Наҳотки ўтган мужтаҳидларимиз раҳматуллоҳи алайҳимларни кўз қорачиғимиздек эъзозлаган, уларни бош устига қўйган ҳолимизда, уларнинг ижтиҳодларига тил тегизмай туриб, баъзи масалаларимизни ҳал қила олмасак. Ҳеч бўлмаса, эски китобларимизни замонавий истилоҳларга ўгириб, халқ оммасига тушунарлироқ тилда тақдим қилсак бўлади-ку!
Камина ходимингиз бундан бир неча йиллар аввал бир мақоламда ушбу маънога бир оз ишора қилиб ўтган эдим. Ўшанда баъзи аҳли илмлар буни мужтаҳидлар мақомига журъат эмасмикин, дея мулоҳаза ҳам қилган эдилар. Мен уларга бундоқ хаёлдан умуман йироқ эканимни баён қилиб берган эдим. Энди эса кўпчилик уламолар билан бўлган суҳбат ва баҳсларда ушбу фикр ҳамда мулоҳазаларни қўллаш ҳолати кўпайиб бормоқда. Баъзи кишилар фиқҳга янгича ёндашмоқ зарурлиги ҳақида китоб ҳам ёздилар. Келажакда фиқҳ илмида ҳам аввалги пайтлар каби жозибадорлик пайдо бўлса ажаб эмас, деган умиддамиз.
Демак, диний масалалардаги ихтилофларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар фақат бир томонлама эмас экан. Фиқҳни маҳкам ушлашлик чегарадан чиқиб, мутаассибликка ўтиб кетиши ҳам бу ишда қўл келди, десак хато бўлмаса керак. Ҳозирда айни шу нарса одамларни, айниқса ёш авлодни фиқҳ илмидан узоқда қолишларига сабаб бўлаётгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бир нарсани билмаган одам унга яқин бўлиши қийин. Фиқҳдан узоқда қолган кишилар уни танқид қилиши ҳам шундан келиб чиқаётган бўлса ажаб эмас. Мусулмонлар ҳаётидаги барча муаммоларни ўз вақтида шариат юзасидан ҳал қилиб, ҳукмини айтиб бериши лозим бўлган буюк илм – фиқҳ илми бугунги кунимизда ҳаётдан орқада қолиб тургани афсусланарли бир ҳолдир. Худди ана шу ҳолат ҳозирда фиқҳни баъзи ҳукмдорлар ва чаламуллалар ўзига хос хизмат қилдиришига ҳам сабаб бўлмоқда.

НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Ушбу ва бу ерда айтилмаган яна бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда фиқҳ илмини ўрганиш, ўтган буюк фақиҳларимиз қолдирган улкан илмий меросдан унумли фойдаланиш ва мусулмонлар оммасига бу илмни замон руҳига мос равишда етказишни илмий ва тўғри равишда йўлга қўймоқ зарур. Ана шунда фиқҳ ҳақидаги ихтилофлар ҳам барҳам топиши учун катта бир қадам қўйилган бўлади, иншааллоҳ.
Умуман олганда эса мусулмонлар иложи борича диний саводларини ўстириш устида ишламоқлари лозим. Аҳли илмлар эса илмни пухта эгаллаш пайида бўлишлари, кишиларни ихтилофга солиш ўрнига уларни ихтилофдан чиқариш ҳақида қайғуришлари лозим. Агар баъзи бир масалада турли фикрда бўлиб қолсалар, уни дарров халқ оммаси ичига олиб чиқмасдан, аввал ўзлари илмий мажлисларда ҳал қилиб олиб, бир фикрга келганларидан кейингина кўпчиликка эълон қилишлари лозим. Қисқасини айтадиган бўлсак, ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб, ихтилофга қарши курашмоғимиз зарур. Ихтилофга олиб борадиган ҳар бир йўлни, сўқмоқни яхшилаб тўсмоғимиз лозим.
Ҳар бир мусулмон банда Аллоҳ таолонинг:«Албатта, мўъминлар биродардирлар. Бас икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг», деган оятига доимий равишда оғишмай амал қилмоғи керак. Ҳамма дин қардошлари билан биродарлик алоқаларини борган сари мустаҳкамлаб бормоғи лозим ва лобуддир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон банда икки биродари орасига ихтилоф тушиб қолганини билиши билан дарҳол уларнинг орасини ислоҳ қилишга ўтмоғи даркор.
Азиз диндошлар! Бизлар ўзаро ихтилофларимиз барча мувафақиятсизликларимиз манбаи эканини тушуниб етмоғимиз лозим.
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Ўзининг абадий дастури, Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларига хитоб қилиб: «Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади» дегани бежиз эмас. Ҳа, Улуғ Аллоҳ тўғри айтади, ихтилоф мусулмонларни тушкунликка учратади, куч-қувватларини кетказади. Агар тушкунликка учрамайлик, куч-қувватимиз кетмасин, десак ихтилоф қилмайлик.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сиз билан биз умматларига хитоб қилиб: «Ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар», деганлар. Агар ўтган умматларга ўхшаб ҳалокатга дучор бўлмайлик, десак ихтилоф қилмайлик.
Бир-биримиз ила ихтилоф қилиш учун сарф қилаётган ақл-заковат, илм-маърифат, куч-қувват ҳамда вақту имкониятларимизни бошқаларни динимизга, ибодатга даъват қилишга сарфлайлик.
Ушбу камтарона сатрларга нуқта қўйишдан олдин, тарих давомида Аллоҳнинг инояти ила кўплаб қийинчиликларни шараф билан енгиб чиққан мусулмонлар бу сафарги қийинчиликларни ҳам енга олишларига ишончимиз комил эканини таъкидламоқчиман.
Аллоҳ биз билан! Аллоҳ мусулмонлар жамоаси билан! Ва охирги дуоимиз, оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин, демоқдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Яъло .Муснад,ида Амрадан ривоят қилади .Оишанинг .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зуҳо намозини орасини салом билан бўлмасдан, тўрт давоми...

2515 19:00 / 09.03.2023
иккинчи мақолаБитта ишнинг моҳиятини оят ва ҳадис бўйича англаб етишда фақиҳларнинг хизматлари шунчалар катта бўлса, диний аҳкомларнинг барчасини тушуниб давоми...

4128 14:30 / 13.02.2020
иккинчи мақола2. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир.Шер, қоплон, йўлбарс, бўри, тулки, чиябўри, ит, чўчқа, фил, маймун каби ҳайвонлардан ортиб қолган сув ва бошқа давоми...

3680 13:00 / 12.11.2020
Замон ўтиши билан эски китобларни тушуниш қийинлашиб борди. Бунга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, одамларнинг диний билим савияси пасайгани, тилда юз берган давоми...

4537 18:30 / 21.06.2019