1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Илк фиқҳий мадрасалар

05:00 / 17.01.2017 4024 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобалар даврининг иккинчи яримига келиб баъзи фиқҳий мадрасалар бўй кўрсата бошлади. Албатта, бу ҳол дастлаб Ислом оламининг қалби бўлган Мадина ва Макка шаҳарларида биринчи бўлиб юзага келди. Исломгача бўлган даврда қақроқ чўл бўлган бу юртларда илм – маърифатга нисбатан ҳам қақроқлик бор эди. Бу ерлар ўз тарихида ўқиш, ёзиш ёки бирор илмий баҳс ила машҳур бўлмаган эди. Аммо Ислом дини билан бирга бу диёрга ҳам илм – маърифат, фан – маданият кириб келди. Қуръони Каримнинг айни шу тупроқларда нозил бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларнинг айни шу ерларда яшашлари бу ҳолнинг асосий омили эди.

Маккаи Мукаррама мардасаси.

Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган, Қуръони Карим дастлаб нозил бўлган ва диннинг аввалги ўн уч йилги босқичи шу ерда кечган эди. Дастлабки мусулмонлар ҳам айни шу шаҳарнинг аҳолисидан эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларидан кейин ўзлари Мадинага қайтишларидан олдин фақиҳ саҳобалардан бўлган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни аҳли Маккага Қуръони Каримни ва ҳалол – ҳаромни таълим бериш учун қолдирдилар. Ана ўша кундан бошлаб Маккада ҳақиқий Исломий фиқҳ ривожи бошланди.

Кейинчалик, бу мадрасага катта илм эгалари раҳбарлик қилдилар:
1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларнинг тазйиқлари ҳаддан ошиб турган бир пайтда ёруғ дунёнинг юзини кўрган Абдуллоҳ ибн Аббос илоҳий бир тадбир ила ўз оғзига олган биринчи ғизо охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак туфуткилари бўлди.
Қурайшнинг аслзода оилаларидан бирида дунёга келган Абдуллоҳ ибн Аббос она сутига қўшиб ўша аслзодалик руҳини ҳам эмиб катта бўла бошлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг омонлик юрти Маккаи Мукаррамани фатҳ қилиши жараёнида Абдуллоҳ ибн Аббоснинг отаси Аббос ибн Абдулмуттолиб ҳам ўз Исломини баралла ошкор қилди. Шу билан бирга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга яшаш учун ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварага кўчиб борди.
Ўша пайтларда эндигина ўн-ўн бир ёшларга кириб қолган зийрак Абдуллоҳ ибн Аббос энди бевосита мадрасаи Муҳаммадиянинг таълим тарбиясини ола бошлади. У вақтга келиб Аллоҳ таоло Ўз дини Исломни ўзга динлардан устун қилган, мусулмонлар зафар топган, кишилар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ кирган ва барқарорлик ҳукм сурган бир пайт эди. Барча иложи борича кўпроқ илм олишга ҳаракат қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг оятлари кетма-кет нозил бўлиб турар, ҳамда у зотнинг ўзлари умматларига турли аҳкомларни баён қилиб берар эдилар.
Ана шундоқ ажойиб бир илмий муҳитда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Исломий илмлар чашмасининг асл манбаасидан тўйиб-тўйиб симира борди. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўтрик зеҳн ва кучли хотирага қўшиб фаҳм-фарост ва ўта тиришқоқлик фазийлатларини ҳам берган эди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам узоқлашмасдан у зотнинг муборак оғизларидан ворид бўлаётган ҳар бир сўзни, ҳар бир гапни илиб олиб ихлос билан бутун вужудига жо қилар эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўксиларига босдилар ва: «Эй Аллоҳим, бунга ҳикматни таълим бергин», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган
Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик ёшдаги Абдуллоҳ ибн Аббосни бағрларига меҳр билан босишлари ва унинг ҳақига Аллоҳ таолодан ҳикмат-ила маърифат ва уни ўз ўрнида ишлатиш қобилиятини беришини сўраб дуо қилишлари катта гап.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ҳақимга Аллоҳдан ҳикмат беришини сўраб икки марта кетма-кет дуо қилидлар». Термизий ривоят қилган
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирдилар. Мен у зотга таҳорат суви қўйиб қўйдим. У зот чиққанларида: «Буни ким қўйди?» деб сўрадилар.
«Ибн Аббос», дедим.
«Эй Аллоҳим! Уни фақиҳ қилгин!» дедилар у зот». Муслим ривоят қилган
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўшиларини у зот рафиқи аълога интиқол қилгунларича давом этдирдилар. У кишининг бу беназир меҳнатлари зое кетмади. Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 1660та ҳадис ривоят қилиб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобаларнинг бешинчиси бўлдилар. Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида ҳали ўн тўрт ёшга кириб улгирмаган ёш саҳобийнинг ўн минглаб ўзидан катта саҳобаи киромларни ортда қолдириб ҳадиси шарифларни ривоят қилишда бешинчи ўринни олишлари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ким эканликларини яққол намойиш қиладиган омилдир.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Умар мени Бадр шайхларига қўшар эди. Баъзиларига бу ёқмас эди. Ўшалар унга, нима учун боламиз тенги одамни бизга қўшасан?!» дедилар. У эса: «У ўзингиз билган одам!» деди.
Бир куни у мени чақириб уларга қўшди. Уларга менинг кимлигимни билдириб қўйиш учун қўшганини билиб турардим.
Кейин Умар: «Аллоҳ таолонинг «Иза жааъ а насруллоҳи вал фатҳу» деган қавлига нима дейсизлар?» деди.
Улардан баъзилари: «Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик-деймиз», дедилар.
Баъзилари эса, сукут сақлаб, бирор нарса, демадилар.
Шунда у менга: «Сен ҳам шундоқ дейсанми, эй Ибн Аббос?!» деди.
Мен: «Йўқ», дедим.
У: «Нима дейсан?» деди.
Мен: «Бу-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса» ўша ажалнинг аломатидир.
Аллоҳ таоло: «Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қабул қилувчидир», деди», дедим.
Шунда Умар: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада фақат сен айтган нарсанигина биламан, холос», деди.
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмларини қанчалик қадрлашларини Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу ўзларининг қуйидаги гаплари билан баён қиладилар: «Ибн Аббосдан кўра фаҳми дақиқ, ақли ўткир, илми кўп ва ҳилми кенг одамни кўрмаганман. Умар уни қийин масалаларни ечишга чақирганини ўзим кўрганман. Ҳолбуки унинг атрофида муҳожир ва ансор, аҳли Бадрлар кўп эди. Агар Ибн Аббос гапирса, Умар унинг гапидан нарига ўтмас эди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумолар Ибн Аббос розияллоҳу анҳуни чақирар эдилар. У киши уларга аҳли Бадрлар билан бирга маслаҳат берар ва Умар ва Усмоннинг вақтларида фатво берар эди».
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Яъқуб ибн Зайддан ривоят қиладилар: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзини қийнаган ишларда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга маслаҳат солар ва: «Қани бир шунғиб кўрчи, эй ғаввос!» дер эди».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хаворижлар фитнасининг қурбони бўлганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам Басра волийлигини ташлаб ўз ўринларига Абдуллоҳ ибн Ҳорисни Басрага волий қилиб қўйиб Мадийнаи Мунавварага қайтдилар. У киши бу ерда илмий ишлар билан машғул бўлдилар. Толиби илмларга дарслар бердилар.
Ўша пайтда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзларининг илмий равниқлари чўққисига чиққан эдилар. Ўз замонларидан ҳосил қилиниши мумкин бўлган барча илмлардан пешқадамликни қўлга олган эдилар. Агар ифодали қилиб айтиш мумкин бўлса Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу икки оёқда юрадиган Ислом доруфунунига айланиб бўлган эдилар. У кишидаги илмларнинг кўплиги, чуқурлиги ва дарс бериш қолилияти кишиларни лол қолдирар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу барча илмларда барча олий даражадаги дарс бериш қобилиятларини ҳаммага исбот қилган эдилар. У кишининг довриқлари етти иқлимга тарқаб турли тарафлардан илм талабидаги кишилар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дорулфунунида таҳсил олиш учун Мадийнаи Мунаввара томон оқиб келар эдилар.
Тарихчиларимиз Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга яқин бўлиб у кишининг хизматларини қилиш шарафига муяссар бўлган зотларидан бирининг қуйидаги ҳикоясини нақл қиладилар: «Мен Ибн Аббоснинг бир мажлисини кўрдим. Агар Қурайшнинг барчми у билан фахр қилса, фахр қилишга арзийди. Одамлар унинг эшиги олдида тўпланиб туришганини кўрдим. Йўллар ҳам одамларга тўлиб кетган эди. Шу қадар одам кўп эдики, биров киришга ҳам, чиқишга ҳам қодир эмас эди.
Мен кириб у кишига эшиги олдида турган одамлар ҳақида хабар бердим. У киши менга: «Таҳоратимга сув олиб кел», деди.
Бориб таҳорат қилди. Қайтиб келиб жойига ўтирди ва: «Уларнинг олдига чиқиб ким Қуръондан ва унинг таъвилидан сўрамоқчи бўлса чақириб кел», деди.
Мен чиқиб уларни чақирдим. Улар кириб ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга: «Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.
Улар чиқиб бошқаларга жой бўшатдилар. У киши менга: «Уларнинг олдига чиқиб ким ҳалол ва ҳаромдан сўрамоқчи бўлса чақириб кел», деди.
Мен чиқиб уларни чақирдим. Улар кириб ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга: «Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.
Улар чиқиб бошқаларга жой бўшатдилар. У киши менга: «Уларнинг олдига чиқиб ким меросдан сўрамоқчи бўлса чақириб кел», деди.
Мен чиқиб уларни чақирдим. Улар кириб ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди. Сўнгра уларга: «Энди биродарларингизга навбат беринглар», деди.
Улар чиқиб бошқаларга жой бўшатдилар. У киши менга: «Уларнинг олдига чиқиб ким араб тилидан ва шеърдан сўрамоқчи бўлса чақириб кел», деди.
Мен чиқиб уларни чақирдим. Улар кириб ҳовлини тўлдирдилар. Ундан нимани сўрасалар ўшанга жавоб берди ва зиёда ҳам қилди…».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илм йўлида ихлос билан қилган хизматларига мусулмон уммати ҳам ихлос билан тақдир қилар эди. Бу ҳақиқатни қуйидаги муқоясадан билиб олсак ҳам бўлади.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу умавийларга қарши чиқиб Маккаи Мукаррамани марказ қилиб олганда энг фақиҳ саҳобалардан бўлмиш, умматнинг илм денгизи лақабини олган саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Маккаи Мукаррамага келиб одамларга таълим бера бошлади. у киши Байтул ҳаромда тафсир, ҳадис, фиқҳ ва адабиётдан дарс берар эди.
Маккаи Мукарраманинг илмий шуҳратини ортишида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва у кишининг шериклари бош омил бўлдилар.
Ўша пайтда тобеъинлардан бўлган энг машҳур олимлар етишиб чиқди. Уларнинг ичида оламга машҳур бўлган фақиҳлардан Мужоҳид ибн Жабр, Ато ибн Аби Рабоҳ, Товус ибн Кайсон ва бошқалар бор эди. Буларнинг учовлари ҳам арабмас мусулмонлардан эдилар.

1. Мужоҳид розияллоҳу анҳу Бани Махзум қабиласининг мавлоси эди. У Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг тафсир бўйича айтган гапларини ривоят қилиш билан машҳур бўлган. Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг ўзидан қуйидагилар ривоят қилинади: «Ибн Аббосдан Қуръонни уч марта ўтказиб олганман. Уни ҳар бир оятда тўхтатар эдим. Нима учун ва қандоқ нозил бўлганини сўрар эдим».

2. Халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида ҳар йили ҳаж мавсумида унинг фармонига биноан, одамларга Ато ибн Абу Рабоҳдан бошқа ҳеч ким фатво бермасин, деб жар чақирилар эди. Маккаи Мукаррама ва унинг атрофининг имоми ҳам, олими ҳам, фақиҳи ҳам Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу эди. Бундоқ улуғ мақом эгаси бўлган шахс-ким экан ўзи? дерсиз. У қоп-қора рангли, кўзи ғилай, бурни қийшиқ, шол-чўлоқ ва сочи тўзиган бир одам эди. Адибларнинг васф қилишларича, у киши ўзининг минглаб шогирдлари ичида пахта даласидаги қора қарғага ўхшаб ўтирар эди. Ато ибн Абу Рабоҳ фақат Ислом туфайлигина ўшандоқ мартабага эришди. Барчанинг тақдирига, эҳтиромига сазовор бўлди.

3. Товус розияллоҳу анҳу асли форс бўлиб. Ямандан Маккаи Мукаррамага келиб қолган эди. У кўп саҳобалардан илм ўргангандан кейин охири Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга маҳкам боғланди ва у кишининг энг севган талабаларига айланди. Кейин эса тобеъинларнинг энг улуғларидан бирига, Маккаи Мукарраманинг фақиҳларидан бирга ва муфтисига айланди.

4. Маккаи Мукаррамада етишган ўша давр фақиҳларидан яна бири Икрима розияллоҳу анҳудир. у киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлоси – озод қилган қули бўлган. Фиқҳни асосан ўз хожаси Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан, Оиша розияллоҳу анҳо, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалардан олган.
Саъид ибн Жубайрдан, ўзингдан кўра илмлироқ одамни биласанми, деб сўралганда, ҳа, Икрима, деб жавоб берган.
Шаъбий розияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг китобини Икримадан кўра яхши биладиган одам қолмади», деган.
Маккаи Мукарраманинг фиқҳ мадрасаси шу тариқа ривожланишда давом этаверди. Бу мадрасанинг машҳур кишиларидан баъзиларни номларини тилга оладиган бўлсак, Суфён ибн Уяйна, Муслим ибн Холид Занжий розияллоҳу анҳумоларни алоҳида таъкидлашимиз лозим бўлади. Чунки ушбу икки фақиҳ тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирининг асосчиси имом Шофеъийнинг устозлари бўлади.
Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ Ғаззада туғилган бўлсалар ҳам оналари у кишини гўдаклик чоғида Маккаи Мукаррамага олиб келганлар ва у киши илмни шу ерда олганлар.

Мадинаи Мунаввара мадрасаси.

Мадинаи Мунаввара Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратгоҳлари бўлган, бу пок шаҳарда Қуръони Каримнинг фиқҳий аҳкомларга оид оятлари нозил бўлган. Айни шу шаҳарда Ислом динининг тарихига оид кўплаб ҳодисалар бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларининг кўпини айтганлар. Мадинаи Мунаввара Ислом давлатининг пойтахти, бош шаҳари, илмий ва фиқҳий маркази бўлган. Саҳобаларнинг катталари, халифаларнинг рошидлари яшаган жой.
Шунинг учун, Мадинаи Мунавваранинг фиқҳ мадрасаси бошқа мадрасаларга қараганда кучли ва машҳур бўлиши турган гап. Албатта, катта саҳобаларнинг бу маънодаги ҳиссалари беназир. Аммо Мадинаи Мунавварада илмга мутахассис бўлган ва фиқҳий мадрасага асос солган саҳобаларнинг номларини тарихчиларимиз алоҳида тилга оладилар. Уларнинг ичида Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумолар ўзларига хос манзилага эгалар.
1. Зайд ибн Собит ибн Заҳҳоқ Ансорий ал-Хазражий розияллоҳу анҳунинг кунялари Абу Саъиддир.
Бадр уришида мусулмонлар қўлга асир тушган мушриклардан тўлов беришга имкони йўқлари ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар учун ҳам озодликка чиқиш йўлини очиб берилар. Бу йўл дунё тарихи мислини кўрмаган йўл эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур асирлар мусулмонларнинг болаларидан ўн кишига ўқиш ёзишни ўргатиб қўйса озод бўлишларини эълон қилдилар. Асирлар озодликка чиқиш йўлида мусулмон ёшларга ўқиш ва ёзишни таълим бера бошладилар.
Кейинчалик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ваҳийни ёзишга мутахассис бўлган, Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳулар пайтида Қуръони Каримни жамлашда асосоий ўрин тутган саҳобий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу худди ўша асрлардан ўқиш-ёзишни ўрганган мусулмон ёшлардан бири эдилар.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу қандоқ қилиб бўлса ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ бўлишнинг ҳаракатида эди. Ўйлаб-ўйлаб ёшга алоқаси йўқ иш топди. Бу иш илм, ёдлаш ва Қуръони Каримга боғлиқ иш эди. Бола ўзининг бу фикрини онаси Нувворга айтди. Она кичик ўғлининг бу гапларидан қувониб кетди ва ўз қавмининг катталарига ўғлининг рағбати ҳақида сўзлаб улардан ёрдам сўради.
Қавмнинг катталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлимиз Зайд ибн Собит Аллоҳнинг китобидан ўн еттита сурани ёд олган. Уларни сизга қандоқ нозил бўлган бўлса, худди шундоқ тиловат қилади. Бунинг устига у ўқиш-ёзишни ҳам қойиллатади. У сизнинг яқининингизда бўлмоқчи. Агар истасангиз бир уни эшитиб кўринг», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёд олган нарсаларнинг баъзисини эшитиб кўрдилар. Қарасалар боланинг тиловати гўзал, нутқи равон. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Айниқса Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ёш туриб ўқиш ёзишни ўзлаштириб олганлари Расулуллоҳга ёқиб тушди. У зот ўзларининг ёш саҳобаларига қараб: «Эй Зайд, мен учун яҳудийларнинг ёзувини ўрган, мен уларга унча ишонмайман», дедилар.
«Лаббайка, Эй Аллоҳнинг Расули», деди у.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу тезда иброний тилни ўрганиб олди ва ўша тилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини ёза бошлади. Шунингдек, у иброний тилда келган хатларни ҳам у зотга ўқиб берадиган бўлди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу сурён тилини ҳам ўргандилар ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий таржимонига айландилар.
Одатда Қуръони Каримдан қандоқ оят нозил бўлса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, «менга котибларни чақиринг» дер эдилар ва ҳозир бўлган котибларга янги оятларни имло қилиб берардилар. Улар ўзларига муяссар бўлган нарсага уларни ёзиб қўяр эдилар. Энди эса ўша ишга Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу кўпроқ таклиф қилинадиган бўлди.
Ана шундоқ қилиб Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Қуръони Карим оятларини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янгилик вақтида қабул қилиб оладиган, уларни ёзиб қўядиган ва улар билан бирга вояга етадиган бўлдилар.
Албатта, бундоқ шароит Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни Ислом таълимотларини чуқур ўрганиб боришларига яхши шароит яратди. У киши бу шароитдан унумли фойдаландилар.
Ҳа, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан эдилар. Ваҳийларни ёзиб бориш билан бирга ёдлаб ҳам борардилар. Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб чиққан ансорларнинг бири эдилар.
Гоҳида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримдан тиловат қилиб ҳам берар эдилар.
Ибн Саъд Қосимдан ривоят қилади: «Умар барча сафарларда Зайд ибн Собитни ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Умар одамларни турли юртларга муҳим ишларга юборар эди. Одамлар ундан Зайд ибн Собитни талаб қилсалар: «Зайднинг макони эсимдан чиққани йўқ. Лекин юрт аҳли Зайдга муҳтожлар. Улар унинг айтиб берадиган нарсаларини ундан бошқадан топа олмайдилар», дер эди».
Бу ривоятда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг иккита катта фазли кўриниб турибди. Биринчиси халифанинг йўқлигида унинг вазифасини вақтинча бажариб туришлари. Иккинчиси Ислом давлати пойтахтида тенги йўқ олим бўлганлари.
Аҳли Мадинага устоз бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни Ҳазрати Умар эҳтиром қилишлари ва унга таълим учун шароит яратиб беришлари катта гап.
Тобароний ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб: «Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг олдига келсин.
Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келсин.
Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига келсин.
Ким молу дунёдан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди», деди».
Ушбу ривоятдан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг мерос илмида тенги йўқ олим бўлганларини билиб оламиз.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу маказларга биттадан мусҳаф юбориш билан кифояланмадилар. Ҳар бир мусҳаф билан уни одамларга ўқитадиган қорини ҳам юбордилар.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни Мадина мусҳафига қори этиб таъйинладилар.
Бу ҳам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу катта фазл эгаси эканликларига яна битта катта далилдир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эдилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу жўнаб чиқиб, отларига минмоқчи бўлганларида, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турарди.
Ибн Саъд Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади: «Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу вафот қилган куни Абдуллаҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан бирга эдик.
Мен: «Бугун одамларнинг олими вафот қилди», дедим.
У: «Аллоҳ уни бугун раҳмат қилсин! У Умарнинг халифалигида одамларнинг олими ва илм денгизи эди. Умар уларни турли юртларга юборди ва ўз фикрларидан фатво айтишдан ман қилди. Зайд ибн Собит Мадинада ўтириб аҳли Мадинага ва келганларга фатво берар эди», деди.
Зайд вафот этганларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Бугун умматнинг олими вафот этди, шоядки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига Ибн Аббосни ўринбосар қилса эди», деб дуо қилганлар.
Қобийса розияллоҳу анҳу: «Зайд Мадинада қозилик, фатво, қироат ва мерос илмларида пешво эди», деганлар.

2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу.
Ота онасига қўшилиб ҳижрат қилганида унинг ёши ўнда эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзининг буюк отасидан кўп нарса ўрганди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшиликнинг ҳаммасини ўрганди. У кичиклигидан тақво билан, ҳар бир ишни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилгандек қилиш билан ном чиқарди.
Уламоларимиз, жумладан имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳи «зиёратчини икром қилиш» бобида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганида у зот ичига хурмо қивиғи солинган ёстиқни узатган эканлар. Мен унинг устига ўтирмадим, у мен билан у зотнинг орамизда қолди, дейдилар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу».
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Тушимда қўлимда бир парча шойи борлигини кўрдим. Унга жаннатнинг қаерига ишора қилисам мени ўша ерга учириб олиб борар эди. Бас, мен уни Ҳафсага айтиб бердим. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган экан: «Албатта, уканг солиҳ одамдир» ёки «Абдуллоҳ солиҳ одамдир», дептилар».
Термизий ва икки шайх ривоят қилган.
Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Мавҳибдан р-ди: «Усмон Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: «Бориб одамлар ўртасида қозилик қил», деди.
«Мени афв қилсанигз, эй мўминларнинг амири», деди у.
«Йўқ! Мен қатъий қарор қилдим. Сен, албатта, қозилик қилмоғинг керак», деди халифа.
«Шошилманг! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким Аллоҳла паноҳланса, ҳақиқий паноҳ топур», деганларини эшитганман», деди у.
«Тўғри», деди халифа.
«Албатта, мен қози бўлишдан Аллоҳдан паноҳ сўраганман», деди у.
«Сени бундан нима тўсмоқда? Ахир отанг қозилик қиларди-ку?!» деди халифа.
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким қози бўлсаю жоҳиллик ила ҳукм чиқарса, дўзах аҳлидан бўлур. Ким илмли қози бўлсаю ҳақ ила ёки адолат ила ҳукм чиқарса, Аллоҳга зўрға қайтадур», деганларини эшитганман», деди у».
Имом Бухорий ва Термизийлар Усмон ибн Мавҳиб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Миср аҳлидан бир киши келди. Байтни ҳаж қилди. Мажлис қуриб ўтирган бир қавмни кўрди.
«Анави қавмлар ким?» деб сўради.
«Қурайшликлар», дейишди.
«Уларнинг ичидаги шайх ким?» деди.
«Абдуллоҳ ибн Умар», дейишди.
Уламоларимиз Имом Ҳасан розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Усмон ибн Аффон қатл қилинганида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: «Албатта, сен одамларнинг улуғисан ва одамларнинг улуғининг ўғлисан. Чиқгин, сенга одамларни байъат қилдирамиз», дедилар.
«Аллоҳга қасамки, агар қодир бўлсам, менинг сабабимдан бир томчи ҳам қон тўкилмаслиги керак», деди.
«Албатта, чиқасан! Чиқмасингга қўймаймиз! Бўлмаса, тўшагинг устида қатл қиламиз!» - дедилар.
У бўлса аввалги гапини такрорлади. Уларни уни тарғиб ҳам қилишди, таҳдид ҳам қилишди. Аммо ўз мақсадларига эриша олмадилар».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ёшликларидан илмга ўч эдилар ва кўп нарсани билар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрлари охирига келиб Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етук олим бўлиб қолган эдилар. Агар ўша пайтдаги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига оид ривоятларни синчклаб ўрганадиган бўлсак уларнинг кўплри Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга оид эканлигини кўрамиз.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврлари ҳам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўрганиш, тақво ва бошқа сифатларини мукаммаллаштириш даври бўлди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг катта олим эканликларини ўз замондошлари ҳам тан олган эдилар.
Ибн Саъд Амр ибн Динордан р-ди:
«Ибн Умар катта фақиҳлардан ҳисоблар эди».
Ибн Абдул Барр ўз китобидан ёзишича Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Илм уч нарсадир; нотиқ китоб, ўтувчи суннат ва билмайман».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда илмнинг ушбу уч тури ҳам етарлича бор эди. У киши Аллоҳ таолонинг китобини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жуда яхши билар эдилар. Шу билан бирга билмаган нарсаларини дарҳол тан олар ва ўз жойида, билмайман дейиш билан фахрланар эди.
Бир куни одамлардан бири келиб Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан савол сўради. У киши, билмайман, деб жавоб бердилар. Сўровчи орқасига қайтиб кетди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дарҳол қўлларини бир-бирига ишқаб хурсан бўлган ҳолларида:
«Абдуллоҳ ибн Умардан у билмайдиган нарса сўралган эди. Билмайман, деди!» деб айтдилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 2630та ҳадис тўплаб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кейинги ўринни эгалладилар.
Шу билан бирга, Оиша онамиз, Абу Ҳурайра каби бошқа бир қанча саҳобалар ҳам Мадинаи Мунаввара фиқҳ мадрасисини шаклланишига катта ҳисса қўшганлар.
Мазкур саҳобалардан таълим олган тобеъинлар ичидан катта фақиҳлар етишиб чиқди.

3. Саъид ибн Мусайяб Махзумий.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифаликларининг иккинчи йилида таваллуд топган. У киши Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг яқин шогирдларидан бўлган. Устози чиқарган ҳукм ва фатволарни ёдлаб олган. Саъид ибн Мусайяб Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қавлини бошқаларникидан устун қўяр эди. У киши кучли диёнатли, ҳақгўй ва муҳтарам шахс эди.
Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Саъид ибн Мусайяб муфтийлардан биридир», деган.
Катта тобеъинлардан бўлган Қатода розияллоҳу анҳу: «Саъид ибн Мусайябдан кўра илмлироқ бирор кишини кўрмадим», деган.
Али ибн Мадийний: «Тобеъинлардан Саъид ибн Мусайябдан кўра илмлироқ шахсни билмайман. Менимча, у тобеъинларнинг энг улуғидир», деган.
Саъид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳу султоннинг мукофотини қабул қилмас эди. Унинг ривоятларининг кўпи Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан.
Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳуга бирор нарса мушкил бўлиб қолса, мактуб ёзиб Саъид ибн Мусайябдан сўрар эди. Саъид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳу 94 ҳижрий санада вафот этган.

4. Урва ибн Зубайр ибн Оввом Асадий.
Бу киши ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида дунёга келди. Фиқҳни холалари Оиша онамиз ва бошқа саҳобалардан олди. Урва ибн Зубайр ибн Оввом розияллоҳу анҳу Мадина аҳли ичида энг илмли ва тақводор киши бўлиб танилди. У киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини ҳаммадан яхши билар эди.
Шунингдек, Мадинаи Мунаввара фиқҳ мадрасаси
Абу Бакр ибн Абдурроҳман ибн Ҳорис ибн Ҳишом Махзумий,
Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб Ҳошимий,
Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд,
Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар,
Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр,
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг мавлолари Нофеъ каби машҳур фақиҳларни етиштирди.
Мадинаи Мунаввара фиқҳ мадрасасининг кейинги табақасидаги фақиҳлар ичида
Абу Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн Боқир, Абу Зинод Абдуллоҳ ибн Заквон ва Яҳъё ибн Саъид Ансорийлар машҳур бўлганлар.
Бу борада айниқса яна бир улуғ олимни алоҳида тилга олиш лозим. У киши Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб Зуҳрийдир.

5. Ибн Шиҳоб Зуҳрий розияллоҳу анҳу эллигинчи ҳижрий санада таваллуд топган. Илмни Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Саъид ибн Мусайяб каби улуғлардан олган. Айниқса фиқҳ ва ҳадисни яхши ўзллаштирган.
Биринчи ҳижрий аср охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан бешинчи рошид халифа, деб тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.
Халифа Ҳишом ибн Абдул Малик Имом Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ўз болаларидан бирига бирор нарса имло қилиб беришни илтимос қилди. Имом Зуҳрий болага тўрт юз ҳадис имло қилди. Сўнгра ташқарига чиқиб: «Эй ҳадис эгалари!» деб чақирди. Тўпланган одамларга айнан ўша тўрт юз ҳадисни айтиб берди.
Бир ойдан кейин Ҳишом ибн Абдул Малик Имом Зуҳрийни кўриб, «Ҳалиги китоб йўқолиб қолди. Яна бошқатдан имло қилиб берсангиз» деганида, Имом Зуҳрий ўша тўрт юз ҳадисни бошидан охиригача санадлари билан айтиб берган. Кейин биринчи китоб билан солиштириб кўриб бирор ҳарф ҳам алмашмаганини кўришган. Ибн Шиҳоб Зуҳрий розияллоҳу анҳу илмни тадвийн қилишга асос солган уламолардан эканида шубҳа йўқ.
Охири келиб Мадинаи Мунаввара фақиҳлари гулдастасига имом Молик Ибн Анас гултож бўлдилар.

Басра мадрасаси.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.
Куфа ва Басра шаҳарлари битгандан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша пайтда Ироқ номи ила аталган Ислом давлатининг шарқий бўлагини иккига бўлди.
Бирига Куфани марказ ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни волий этиб таъйин қилди. Иккинчисига Басрани марказ ва Утбани волий қилиб таъйин қилди. Шу билан бирга илм ўргатиш учун устозлар ҳам юборди.
Ибн Саъд Абул Асвад ад-Дуъалийдан ривоят қилади: «Басрага борсам, Имрон ибн Ҳусойн Абу Нажийд розияллоҳу анҳу бор экан. Уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли Басрага фиқҳ ўргатиш учун юборган экан».
Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан бири улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бўлганлар. У зотнинг илмдаги фазли ҳақида ҳадис ривоят қилинган.
1. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Мусо, батаҳқиқ, Оли Довуднинг мизмор(най)ларидан бир мизмор(най) сенга берилган-да!» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Агар сизни тинглаётганингизни билганимда бундан ҳам бошқача қилиб ўқиб берардим», деганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишини Басрага волий қилиб юборганларида одамларни тўплаб уларга қуйидагиларни айтдилар:
«Мўминларнинг амри Умар мен сизларга Роббингизнинг Китобини ва Набийингизнинг суннатини ўргатишим учун ва йўлларингизни тозалаб беришим учун юборди».
Ибн Асокир Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолди ва:
«Эй Абу Мусо! Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалларининг холис қолиши хурсанд қиладими? Бошқа амалларингдан учма-уч чиқсанг. Яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлса? Сенинг фойдангга ҳам эмас, зарарингга ҳам эмас?» деди.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу:
«Йўқ! Эй мўминларнинг амири! Аллоҳга қасамки! Мен Басрага келганимда ботил кенг тарқалган экан. Мен уларга Қуръонни ва Суннатни таълим бердим. Улар ила Аллоҳнинг йўлида ғазот қилдим. Мен ўшалар ила У зотнинг фазлини умид қиламан», деди.

2. Басра фиқҳ мадрасасининг катта устозларидан яна бири бошқа улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эдилар.
Анас ибн Молик Ибн Назр ал-Ансорий, ал-Хазражий, ан-Нажжорийнинг кунялари Абу Ҳамза, оналари машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо.
Имом Бухорий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда хушёр бола, сизга хизмат қилсин», деди.
Бас, У зотга сафарда ҳам, ҳозирда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдинг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадинг, демадилар».
Собит ал-Буноний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Анас ибн Молик менга, эй Собит, мендан олиб қол. Албатта, сен мендан кўра ишончлироқ бирор кишини топа олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганман, у зот Жиброилдан олганлар. Жиброил эса Аллоҳ таолодан олган», деди».
Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган илмларни содиқлик билан бошқаларга етказишлари яққол кўриниб турибди.
Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб 2286та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умарлардан кейинги ўринларни эгалладилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинликлари, хизматлари, садоқатлари ва ўзларидаги илмга бўлган ташналик ва ихлослари ҳамда бошқа омиллар у кишини илм денгизига айлантирган эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қаерда бўлсалар ўша ерда илм суҳбати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва бошқа нарсалардан саволлар бўлиб турар эди.
Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93 йилида вафот этдилар. У зотни Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди.
Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан шахслардан энг машҳурлари Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийрийнлар эди. Уларнинг иккиси ҳам мавлолардан эди. Ҳасан Басрий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг, Муҳаммад ибн Сийрийн Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг мавлоси эди.

3. Имом Ҳасан Басрийнинг шуҳрати аҳли илм орасида кенг тарқалган. Турли илмларда у кишига тенг келадигани топилмаган. Имом Ҳасан Басрийда илмдан ташқари ҳилм, фасоҳат, балоғат ва тақво ҳам етарли эди. Аҳли тасаввуфнинг кўпи у кишини ўз силсиласининг бош тарафига қўядилар.
Имом Ҳасан Басрийнинг Басранинг катта масжидида таълим беришининг донғи етти иқлимга тарқалган эди. У киши фиқҳда ўз даврларининг энг катта олимларидан бири бўлган. Имом Ҳасан Басрий 110 ҳижрий санада вафот этганидан аҳли Басранинг ҳаммаси жанозага эргашиб масжидда намоз ўқийдиган одам қолмаган.
4. Муҳаммад ибн Сийрийн фиқҳни Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик, Қози Шурайҳ ва бошқалардан ўрганган. У киши кўп илмларда, хусусан, ҳадис ва фиқҳда жуда ҳам моҳир бўлганлар. Муҳаммад ибн Сийрийн туш таъбирини билишда ҳам шуҳрат қозонганлар. У киши ҳам 110 ҳижрий санада вафот топганлар.
Басра фиқҳ мадрасасида етишиб чиққан машҳур фақиҳлардан Абул Олия Рофийъ ибн Меҳрон Риёҳий, Ҳасан ибн Абулҳасан Ясор, Абу Шаъсо Жобир ибн Зайд, Қатода ибн Диъома Давсийларни тадқиқотчи уламолар алоҳида тилга оладилар.

Куфа мадрасаси.

Куфага кўпгина саҳобалар келиб яшаган. Уларнинг ичида илм билан машҳурларидан Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар бўлган.
1. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз Муҳаммадий дорлфунуннинг пешқадам талабаларидан ўзига хос ва айрича хислатларга эга бўлган бир шахснинг Ислом таълимотларини ўзига қандоқ синдирганини, Аллоҳ таолонинг оятлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга туша бошлагандан ёш болача бўлган шахснинг қандоқ қилиб тирик Қуръонга айланганини ўрганамиз.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ҳикмат ҳовлисиман, Али унинг эшигидир», дедилар».
Термизий, Тобараний ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Худди шу ривоятнинг Имом ибн Адбул Барр келтиган лафзда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, «мен илмнинг ҳовлисиман, Али унинг эшигидир. Ким илмни истаса унинг эшигидан келсин», деганлар.
Бу ҳам ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг фақат ўзларига хос фазийлат бўлиб унда бошқалар у кишига шерик бўла олмаганлар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу мусулмон уммати ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг илмли киши эдилар. Ечилиши қийин масалаларни ўша киши розияллоҳу анҳу ечар эдилар. Бу ўта машҳур бўлганидан кенг тарқалган масалга айланиб кетган. Ҳозиргача арабларда бирор масала ечилмай қолса, бу бир масалаки уни ечгани Абул Ҳасан йўқ, деган гап айтилади. Абул Ҳасан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг куняларидир.
Бу ҳадиси шарифни воқеълик қандоқ тасдиқлагани бир оз бўлса ҳам кўриб чиқайлик.
Ибн Саъд Саъид ибн Мусаййибдан ривоят қилади: «Саҳобалардан Алидан бошқаси, қани, мендан сўранглар, демас эдилар».
Масруқ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Умар, Али, Ибн Масъуд ва Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар илмнинг интиҳосига етган эдилар».
Абдуллоҳ ибн Айяяш ибн Абу Робийъа айтади: «Алида илмда хоҳлаганингча ўткир тиши бор эди. У маъийшатда соддалиги бор эди. Исломда қадимлиги бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила аҳди бор эди. Суннатда фиқҳи бор эди. Уришда қутқариши бор эди. Молда сахийлиги бор эди».
Ибн Саъд қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар ишончли одам Алидан Фатво сўзласа, ундан ўтиб кета олмас эдик».
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўзлари катта олим бўлишлари билан бирга одамларни ҳам илмга қизиқтириб юрар эдилар.
Абу Нуъайм ва бошқалар Кумайл ибн Зиёддан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб саҳро томонга олиб чиқди. Саҳрога чиққанимиздан кейин ўтирди, нафас олди ва қуйидагиларни айтди: «Эй Кумайл ибн Зиёд! Қалблар идишлардир. Уларнинг яхшиси, кўпни ўз ичига оладиганидир. Сенга айтадиган нарсаларимни ёдлаб ол. Одамлар уч тоифадир; Олими роббоний, нажот йўлини ўрганувчи ва пасткаш, ғавғочи, ҳар қичқирганга эргашувчи, ҳар шамолга моил бўлувчи, илм нурдидан зиё олмаган, ишончли рукнга ўзини урмагандир.
Илм энг яхши молдир. Илм сени қўриқлайди. Сен молни қўриқлайсан. Илм амал билан зиёда бўлади. Мол нафақа билан ноқис бўлади.
Олимга муҳаббат қилиш тутиладиган диндир. Илм олимга ҳаётида тоатни, мамотида яхши эсловни касб қилидради. Молнинг илгани эса, у билан қўшилиб завол бўлади. Молларнинг хазиначиси ўлди, улар бўлса тирикдирлар. Уламолар замон турганича боқийдирлар. Таналари йўқолса ҳам, хотиралари қалбларда мавжуддир.
Ҳооҳ! Албатта, мана бу ерда, қўли билан кўксига ишора қилди, илм бор уни кўтарадиганларни топсанг эди!
Ҳа, топилса ҳам тез тушинадиган, аммо ишончсизи топилади. У динни дунё учун ишлатади. Аллоҳнинг ҳужжатларини китобига қарши, неъматларини бандаларига қарши ишлатади. Ёки аҳли ҳаққа эргашадиган ўзининг ҳаётни қалб кўзи билан кўра олмайдигани топилади. Сал шубҳа пайдо бўлиши билан қалдида шак аланга олади.
Ёки лаззатларга берилган, шаҳватларга жиловини тутказгани топилади. Ёки молу дунё тўплашга ва уларни соқлашга мубтало бўлгани топилади.
Икковлари ҳам дин даъватчилари эмас, кўпроқ далада ўтлаб юрган ҳайвонга ўхшайдилар. Шунингдек, илм уни кўтариб юрувчиларнинг ўлими ила ўлади.
Эй Аллоҳим! Ҳа, ер юзи Аллоҳнинг ҳужжатлари ва равшан далиллари ботил бўлмаслиги учун Аллоҳнинг ҳужжати ила қоим бўлувчидан холи бўлмас. Уларнинг адади оздир. Уларнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги қадри улуғдир.
Улар ила Аллоҳ ўз ҳужжатларини олға сурур. Улар ўша(ҳужжат)ларни ўз тенгдошларига етказурлар ва ўзларига ўхшаганлар қалбларига экурлар. Илм уларни ҳақиқатга етказур. Шунда улар бойваччаларга қийин кўринган нарсаларни енгил билурлар, жоҳиллар ўзини олиб қочган нарсага улфат бўлурлар.
Улар дунёда баданлари билан бўлсалар ҳам руҳлари аъло манзарга боғлиқ бўлур. Ана ўшалар Аллоҳнинг юртларидаги халифалари ва динига давъватчиларидир. Эйвоҳ! Уларни кўришга шавқим келур! Ўзим ва сен учун Аллоҳга истиғфор айтурман. Хоҳласанг, туриб кетавер!» деди».
Ибн Саъд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар бин Хаттоб, Али ичимизда энг яхши қозидир, деди.
Ибн Саъд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб Али йўқ бўлгандаги қийин масаладан Аллоҳнинг паноҳини сўрар эди».
Ечилиши қийин масалаларни Али розияллоҳу анҳу ечар эдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, бирор масала ечилмай қолса бу бир масалаки, уни ечгани Абул Ҳасан йўқ, дер эдилар.
Бу ўта машҳур бўлганидан кенг тарқалган масалга айланиб кетган. Ҳозиргача арабларда бирор масала ечилмай қолса бу бир масалаки, уни ечгани Абул Ҳасан йўқ, деган гап айтилади. Абул Ҳасан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг куняларидир.
Ҳазрати Умар вақтларида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ислом давлатининг бош қозиси ҳам эдилар.
Ҳақиқий роббоний илм соҳиби бўлган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳақиқий фақиҳ ҳақида айтган таърифлари энг яхши таъриф бўлса ажаб эрмас.
Абу Нуъайм ва Абдулбаррлар келтиган ривоятда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фақиҳнинг таририфида қуйидагиларни айтадилар:
«Сизларга ҳақиқий фақиҳнинг хабарини берайми? У одамларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмайдиган ва уларга Аллоҳ таоло осий бўладиган ишларга рухсат бермайдиган кишидир. Одамларни Аллоҳнинг макридан бепарво қолдирмайдиган кишидир. Бошқага рағбат қилиб Қуръонни тарк қилмайдиган кишидир. Фиқҳи бўлмаган ибодатда яхшилик йўқдир. Фаҳми бўлмаган фиқҳда ҳам яхшилик йўқдир. Тадаббури йўқ қироатда ҳам яхшилик йўқдир».
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Исломда илмий баҳсларга амалий равишда йўл очган зотдирлар десак муболаға қилмаган бўламиз. Жумладан у киши розияллоҳу анҳу Қуръони каримни ўқишни осонлатиш учун баъзи нуқта ва ишоратларни қўйишни йўлга қўйганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони каримни тери ва бошқа турли ёзиш имкони бор нарсаларга ҳеч қандай аломат ёки нуқтасиз фақат ҳарфларнинг ўзагини чизиш орқали ёзилган эди. Шу билан ул ёзилган нарсалар тарқоқ ҳолда қолган эди.
Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ даврларида ўша тарқоқ ёзувларни жамлаб, кийик терисидан қилинган саҳифаларга ёзиб белини боғлаб қўйилди.
Учинчи халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида музкур бели боғлиқ саҳифалардан керакли нусхалар кўчириб олиниб, одамларни бир хил қоида асосида ўқишлари йўлга қўйилди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврларига келиб аввалги соф табиатли араблар оз қолиб, жамлар кўпайиб кетди. Тайёр ёзилган нарсани ҳам нотўғри ўқийдиганлар кўпайди. Ана шунда бу камчиликни тўғрилаш зарурати туғилди. Бу заруратни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаёт воқеълигидан англадилар.
Имом Байҳақий, Ибн Асокир ва Ибн ан-Нажжорлар Соъсоъа ибн Савҳондан ривоят қиладилар: «Бир аъробий Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келди ва:
«Эй мўъминларнинг амири, мана буни қандоқ ўқилади «Лаа яъкулуҳу иллалхотун?». Ҳамма, Аллоҳга қасамки, хато қилади-ку?!» деди.
Али табассум қилди ва: «Лаа яъкулуҳу иллал хотиъун», деди.
«Тўғри айтдинг. Эй мўминларнинг амири», деди у.
Сўнггра Али Абуласвад ад-Дуалийга бурилиб қараб, ажамлар динга оммавий равишда кирдилар. Одамларга тилларининг тўғрилигига далил бўладиган бир нарса қилиб бер», деди. Бас, у фатҳа, замма ва касра расмини қилди».
Кейинчалик ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Абуласвад ад-Дуалийга араб тили қоидалари илмини асосларини кўрсатиб уни одамларга ўргатиладган илм даражасига келтиришни топширдилар.
Абул Қосим аз-Зажжажий «Амолий» номли китобларида ўз санадлари ила Абуласвад ад-Дуалийдан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирдим. У киши бошларини қуйи солиб, ўйланиб ўтирган экан.
«Эй мўминларнинг амири, нима ҳақида фикр юритмоқдасиз? дедим.
«Мен сизларнинг бу юртингизда гапда хатолар кўрдим. Арабчанинг асли ҳақида бир китоб қилмоқчиман», дедилар.
«Агар ўшандоқ қилсангиз бизни тирилтирган бўлардингиз. Бу тил ичимзда боқий қолар эди», дедим.
Уч кун ўтиб ҳузурларига яна кирдим. У киши олдимга бир саҳифани ташладилар. Унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Калима исмдир, феълдир, ҳарфдир. Исм мусаммодан хабар берадиган нарсадир. Феъл мусаммонинг ҳаракатининг бидирадиган нарсадир. Ҳарф исм ва феълдан бошқа маъно англатадиган нарсадир», деб ёзилган эди.
Сўнгра у киши менга: «Ана шунга ўхшатиб, ўзинг билганингча зиёда қил. Эй Абуласвад, билгинки, нарсалар уч хил бўладир; зоҳир, замир ва зоҳир ҳам, замир ҳам бўлмаган нарсалар. Уламоларнинг фазли зоҳир ҳам, замир ҳам бўлмаган нарсаларни билишларидан ажратилади» дедилар.
Мен у кишидан бир қанча нарсаларни жамлаб олдимда, кейин ёзиб ўзларига кўрсатдим. Ўшаларнинг ичида насб ҳарфлари ҳам бор эди. Мен улардан инна, анна, лайта, лаъалла ва канналарни зикр қилдим. Аммо «лакинна»ни зикр қилмадим. У киши менга: «Уни нима учун тарк қилдинг?» дедилар.
«Мен, бу улардан эмас, депман», дедим.
«Йўқ бу улардан. Уни ҳам қўшиб қўй», дедилар».
Ана шундоқ тарзда каломуллоҳнинг атрофида турли илмлар келиб чиқа бошлади. Албатта, бу ишларнинг бошловчиси сифатида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу катта фазлга эгадирлар.

2. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
У кишининг тўлиқ номлари Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ибн Ҳабиб ибн Шамх ибн Фор ибн Махзум ибн Соҳила ибн Коҳил ибн ал-Ҳорис ибн Тамим ибн Саъд ибн Ҳузайл ибн Мудрика ибн Илёс ал-Хузалий, кунялари Абу Абдураҳмон. Ота-оналари Ҳузайл қабиласидан бўлганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд Исломга олтинчи бўлиб кирди. У Исломга кириши билан қўй боқишни тарк қилди. Абдуллоҳ ибн Масъуд мусулмон бўлган кунидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига ўтди. Ўша ондан бошлаб Абдуллоҳ ибн Масъуд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам ажрамай хизматларига шай бўлиб турадиган бўлди. У фақат хизмат билан машғул бўлиб қолмади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг химатларини қилишдек бахтдан у зотдан илм ўрганишдек саодат йўлида унумли фойдаланар эди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиқадиган ҳар бир оятни ёдлаб олар ва худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидек қироат қилишга уринар эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд тезда оз сонли мусулмонлар ичида ўзининг аъло даражадаги қироати билан ажраб турадиган бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган Ислом таълимотлари туфайли у ўз қадрини ҳам билди. Тезда кечаги бечора чўпон ҳамма ҳавас қиладиган Ислом мўъжизаларидан бирига айланди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа саҳобийларга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ўхшаган бўлишни тавсия қилиб:
«Ибн Умму Абднинг аҳдини ушланглар» дер эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган бундоқ яқинликларидан асосан у зот Қуръон ва илм ўрганишга фойдаланар эдилар десак муболаға қилмаган бўламиз. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан умрларида биринчи марта учрашганда у зотнинг мўъжизалари кўзи билан кўриб туриб: «Мана шу гаплардан менга ҳам ўргатинг», деганларида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига қарата: «Сен ўргатилган ғуломсан», деганлари бежиз эмас эди. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарининг бу гапларини тасдиқлаб Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга мисилсиз илм берди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ислом умматининг фақиҳи бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ислом уммати қориларининг пешвоси бўлдилар. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга Исломнинг дастлабки вақтларида Қуръони каримни дунёда биринчи баралла ўқиган инсон мартабасини берган бўлса, кейинчалик Ўз каломини энг яхши тиловат қиладилган ва маъноларини энг яхши биладиган шахслардан қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатидан ўрганишни тавсия қилар эдилар. У зот уларга:
«Ким Қуръонни қандоқ нозил бўлган бўлса ўшандоқ ҳолида ўқишни хоҳласа Ибн Умму Абднинг қироатида ўқисин», дер эдилар.
Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдулоҳни Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳузурида зикр қилинди. Бас, у: «У шундоқ одамки, мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қуръон қироатини тўрт кишидан; Абдуллоҳ ибн Масъуддан, ундан бошладилар, Абу Ҳузайфаинг мавлоси Солимдан, Убай ибн Каъбдан ва Муоз ибн Жабалдан талаб қилинглар», деганларини эшитганимдан бери яхши кўраман», деди». Икки шайх ривоят қилган.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ундан ўзга илоҳ йўқ зот ила қасамки, Аллоҳнинг китобида мен унинг қачон ва қаерда нозил бўлганини билмайдиган сура йўқ. Ҳар бир оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини мен биламан». Муслим ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларига тўла ишонч билан айтган бу маънони ҳеч ким айта олмаган. Шунинг ўзи у кишининг Қуръони каримни қанчалар пухта билишларига очиқ далилдир.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бошқалардан кўра Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни яхши билар эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни кўрмай туриб баъзи бир аломатлардан ҳам у кишининг асарлари билаб олар эдилар.
Умар розияллоҳу анҳу сафарларидан бирида юриб борар эдилар. Қоп қоронғу қечада бир гуруҳ отлиқларнинг сасини эшитдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз одамларидан бир кишига ҳалиги гуруҳга: «Бу қавм қаердан!?» нидо қилишни амр қилди.
«Фажжун амийқ-Чуқур водийдан!» деган жавоб келди.
«Қаёққа кетмоқдасизлар?!» деб сўралди.
«Байтул атийқ-қадимга уйга!» деб жавоб келди.
Умар розияллоҳу анҳу: «Уларнинг ичида олим одам борлиги аниқ», деди ва: «Қуръоннинг нимаси энг улуғ?!» деб нидо қилишга амр қилди.
«Аллоҳ Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У тирик ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас!» деган савоб бўлди.
«Қуръоннинг нимаси энг ҳукми олийси?!» деб нидо қил, деди.
«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир!» деган жавоб бўлди.
«Қуръоннинг нимаси жамловчироқ?!» деб сўралди.
«Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир!» деган жавоб бўлди.
«Қуръоннинг нимаси қўрқитувчироқ?!» деб сўралди.
«Сизларнинг хом хаёлингизчга ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёличга ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас!» деган жавоб бўлди.
«Қуръоннинг нимаси умидвор қилувчироқ?!» деб сўралди.
«Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт!» деган жавоб бўлди.
«Ичларингизда Абдуллоҳ ибн Масъуд борми?!» деб сўрашга амр қилди Умар розияллоҳу анҳу.
«Аллоҳ ҳаққи, ҳа!» деган жавоб келди нарига томондан.
Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг кимликларини яхши билганликлари учун ҳам ўта нозик ишларни у кишига топширар эдилар. Куфа ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб ўта аҳамиятли марказлардан бирига айланган эди. У ерга ўта диёнатли одам керак эди. Ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Куфанинг байтул молига масъул қилиб юбордилар.
Ибн Саъд Ҳориса ибн ал-Мизрабдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг аҳли Куфага ёзган мактубини ўқидим: «Аммо баъд; Мен сизларга Амморни амир қилиб, Абдуллоҳни муаллим ва вазир қилиб юбордим. Икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нажиб саҳобаларидан. Уларга қулоқ осинг ва иқтидо қилинг. Мен Абдуллоҳнинг ўзимга олиб қолмай сизларга илиндим. Бас, ундан фойда олинглар ва илм ўрганинглар».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса ўз ишларида бардавом бўлдилар. Куфаликларнинг у кишига бўлган муҳаббати яна ҳам зиёда бўлди. Чунки улар кундан кунга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қадрларини янада яхшироқ англаб келаётган эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уларнинг фахрига айланиб қолган эдилар. Аҳли Куфадан ким, қаерга борса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу туфайли одамлар уларга ҳавас қилар эди.
Куфаликман деган кишини Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳурматларидан Ислом оламининг барча ерларида ҳурмат билан кутиб олар эдилар.
Куфа фиқҳ мадрасисининг машҳур кишилардан олтитаси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдларидир. Улар Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Шураҳбийллардир. Бошқа саҳобалардан дарс олган куфаликлар ҳам бўлган.
Кейинчалик бу мадрасадан Шурайҳ ибн Ҳорис Киндий, Иброҳим ибн Язид Нахаъий, Саъид ибн Жубайр каби машҳур фақиҳлар етишиб чиқди.
Басра ва Куфа фиқҳ мадрасаларининг илмий гултожи имом Абу Ҳанифа бўлдилар.

Шом мадрасаси.

Шом қадимдан илм – маърифат маркази бўлиб келган. У ерда кўплаб анбиёлар яшаган. Бу ўлканинг одамлари исломга кирганларидан кейин уни шавқу завқ билан ўргана бошладилар. Уларга машҳур саҳобалар устозлик қилди.
Ибн Саъд, ал-Ҳоким ва имом Бухорий тарихи сағирда мухтасар қилиб, Муҳаммад ибн Каъб ал-Қаразийдан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зомонларида ансорлардан беш киши; Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит, Убай ибн Каъб, Абу Айюб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳулар жамлашган эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замони бўлганда унга Язийд ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу «Аҳли шомлар кўпайдилар, катта бўлдилар, шаҳарларни тўл-дирдилар ва ўзларига Қуръонни таълим берадиган, уларга фиқҳ ўргатадиган кишиларга муҳтож бўлдилар. Эй мўминларнинг амири менга уларга таълим берадиган кишилардан ёрдам беринг», деб ёзди.
Умар ҳалиги беш кишини чақириб уларга: «Албатта, аҳли шом биродарларингиз мендан уларга Қуръондан таълим берадиган ва динни ўргатадиган кишилардан ёрдам беришни сўрадилар. Аллоҳ хайрингизни берсин, сизлар ўзингиздан учтангиз ила менга ёрдам беринглар. Агар хоҳласангиз, қуръа ташланглар. Агар учтангиз кўнгиллик бўлиб чиқса, чиқсинлар», деди. Улар: «Қуръа ташлашга ҳожат йўқ. Бу киши-дедилар, Абу Айюбни кўрсатиб-қариб қолган. Бу киши бўлса, дедилар Убай ибн Каъбни кўрсатиб, бемор. Бас, Муоз ибн Жабал, Убода ва Абу Дардолар чиқдилар. Умар: «Ҳимсдан бошланглар. У ерда турли-туман одамларни учратасизлар. Уларнинг ичида талқин қиладиганлари ҳам бор. Қачон ўшандоқни кўрсангиз, унга бир тоифа одамни йўллаб қўйинг. Қачон улардан рози бўлсангиз у ерда бир киши қолсин. Бир киши Димашққа борсин, бошқаси Фаластинга», деди.
Улар Ҳимсга бордилар. То одамлардан рози бўлгунларича турдилар. Кейин у ерда Убода қолди. Абу Дардо Димашққа, Муоз Фаластинга кетди.
Муоз Амвос ўлати йили вафот этди. Убода кейин Фаластинга бориб, ўша ерда вафот этди. Абу Дардо вафот этгунча Димашқда турди».
Тарихчиларимиз ўша пайтдаги илм мажлислари ҳақида Абу Муслим Хавлонийдан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Ҳимснинг масжидига кирсам, бир тўп ёши ўтган кишилар ичида тишлари ялтираган ёш йигит ўтирибди. У жим ўтирар, гапирмас эди. Қавм бирор нарсани билмай қолсалар унга мурожаат қилардилар. Ёнимдаги одамга:
«Бу ким?» дедим.
«Муоз ибн Жабал», деди. Бас, унинг муҳаббати қалбимдан жой олди».
Язийд ибн Қутойбдан қуйидагилар ривоят қилинади: «Ҳимс масжидига кирсам, бир жамбалаксоч ёш йигит ўтирибди. Атрофида одамлар тўпланган. Гапирса худди оғзидан нур ва маржон чиққандай бўларди.
«Бу ким?» дедим.
«Муоз ибн Жабал», дедилар.
Муоз ибн Жабал, Убода ибн Сомит ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумларнинг илм йўлидаги фидокорликларини алоҳида таъкидлаш керак. Улар ўзларининг қари ва бемор шерикларининг эҳтиром қилиб барча оғирликни ўзларига олдилар ва бу машаққатли ишни умрларининг охирларигача шараф билан адо этдилар.
Ҳимс, Димашқ ва Фаластиндан ҳозиргача машҳур уламолар тинимсиз чиқиб турганига ушбу азизлар розияллоҳу анҳумлар асос солган бўлсалар ажаб эрмас.
Тобароний ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб:
«Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким молу дунёдан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди», деди».
1. Муоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий ал-Хазражий, кунялари Абу Абдурроҳман. У киши Ясрибда, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг даъватлари ила 12 ёшларида Исломни қабул қилганлар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз тенгдошлари ичида зеҳни ўткирлиги, фаҳму фаросатлиги, гапи тиниқлиги ва ҳиммати олийлиги билан алоҳида ажралиб турар эдилар.
Яман подшоҳларининг элчилари келиб ўз қавмлари Исломга кирганлари ҳақидаги хушхабарни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар ва одамларга дин илмларини ўргатиш учун устозлар юборишларини сўрадилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кишиларни юборишга қарор қилдилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўша мулаллимлар рўйхатининг биринчи қаторида эдилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Яманга фақат устоз сифатида эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омиллари-волийлари сифатида жўнашлари керак эди. У киши Яманга жўнаб кетишларидан олдин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларини олдилар.
Ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳи Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб: «Муоз Шомга чиқди. Унинг чиқиши аҳли Мадийнага фиқҳда тақчиллик туғдирди. Мен Абу Бакрга одамларнинг унга ҳожати бор учун ушлаб қолишни айтсам, Шаҳидликни истаган одамни ушлаб қололмайман, деди. Мен, Аллоҳга қасамки, албатта, киши уйида, ўз тўшагида ётиб ҳам шаҳидликка эришиши мумкин, дедим», дер эди.
Каъб ибн Молик: «Муоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакрнинг ҳаётлик даврларида, Мадийнада одамларга фатво айтар эди», деди».
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу кўзга кўринган олимга айланган эдилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликларининг дастлабки вақтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ила масжидга кирган Оизуллоҳ ибн Абдуллоҳ қуйидагиларни айтади:
«Ўттиз кишидан ортиқ одам иштирокидаги мажлисда ўтирдим. Уларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтар эди. Ҳалқада қорамайиздан келган, даҳани ширин ва кўркамгина ёш йигит ҳам бор эди. У қавмнинг ичида энг ёши эди. Агар уларга ҳадисдан бирор нарса иштибоҳли бўлиб қолса ундан сўрашар эдилар. У фатво берар эди. Улар сўрамагунча у гапирмас эди. Уларнинг мажлиси тамом бўлганда менга унга яқинлашиб: «Сен кимсан, эй Аллоҳнинг бандаси?» дедим.
«Мен Муоз ибн Жабалман», деди у».
Саҳобаи киромларнинг мажлисларида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳам бўлсалар, ҳар бир сўзловчи гапни бошлашдан олдин у кишига бир қараб олар эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу доимо Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўраб турар эдилар. Қийин масалаларни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳал қилиб берган чоғларда эса: «Хотинлар Муоз ибн Жабал сингари фарзанд туғишдан ожиздурлар. Агар Муоз бўлмаса, Умар ҳалок бўларди», дер эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан ташкил қилинган ва мазкур саҳобаи киромлар устозлик қилган Шом мадрасасидан Абу Идрис Хавлоний, Макҳул ибн Абу Муслим Димашқий, Умар ибн Абдулазиз, Ражо ибн Ҳайва Киндий каби машҳур илм соҳиблари етишиб чиқдилар.
Мазкур олимларнинг энг каттаси Абдурроҳман Авзоъий эди. У киши Баълабаккада туғилиб, Дамашқ ва Байрутда яшаган. Шом аҳли Авзоъийни «Имоми аҳли Шом» деб номлашар эди ва у кишининг мазҳабида эдилар. У кишининг фиқҳий мазҳаби Шомдан ташқарида Мағриб ва Андалусда ҳам кенг тарқалган эди. Аммо вақт ўтиши билан Авзоъийнинг мазҳаби унутилиб кетди.

Ҳадис ва раъй мадрасалари.

Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айтилишича, гўёки ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни ҳадиси шариф асосида, раъй мадрасалари одамларнинг фикри асосида олиб борган эмишлар. Аслини олганда бу мутлақо нотўғри гапдир.
Бу борада аҳли ҳадис деганда ҳижозликларни, аҳли раъй деганда ироқликларни кўзда тутилган бўлади.
Ҳамма, ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳни асосчиси дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Худди бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришгану, Имом Аъзам эса фикрларидан чиқарганга ўхшаб қолади. Менимча, бу хато фикр. Бунга Имом Аъзам яшаган шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак.
Мисол учун, Имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадинаи Мунавварада ҳадис илмининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми, ҳар бир фиқҳий масала айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам айтганлар.
Имом Моликнинг «Муватто» китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган.
Имом Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол яна бошқа омиллар бўлгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлару, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар.
Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутоала қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади. Аммо Али Қорининг «Мухтасари виқоя» китобига ёзган шарҳини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.
Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан Аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим, самоҳатли шайх Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмалари ила «Эълооус Сунан» номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар аввало мазкур икки китобни ўқиб сўнгра гап бошласалар яхши бўлади.
Ҳижозликларнинг ижтиҳоддаги асосий суянчлари Қуръон ва ҳадис эди. Улар раъйга нодир ҳолатлардагина мурожат қилар эдилар. Чунки улар ҳадиснинг марказида яшар эдилар. Мадинаи мунаввара ҳадиснинг уяси, муҳожир ва ансорларнинг ватани эди. Шунинг учун, улар ўзлари ечмоқчи бўлган масалаларни ҳадис ёки саҳобийнинг сўзи билан ҳам қилишга қаттиқ уринар эдилар. Бунинг устига ҳадисларнинг кўпи айнан уларнинг ҳаёт тарзи ва шароитига мос равишда ворид бўлган эди.
Ироқ мадрасасининг фақиҳлари эса тамоман бошқа шароитда ижтиҳод қилар эдилар. Уларнинг шароити, яшаш тарзи ва урф одати ҳамда бошқа омиллари қиёсни ҳам тез-тез ишга солиб туришни талаб қилар эди.
Бунинг устига фиқҳий ижтиҳодларга асос солиб борилаётган бир пайтда Ироқ фитналар уясига айланган эди. Бу ерда шуъубийлар, динсизлар, рофизалар, хаворижлар ва бошқалар тўлиб тошган эди. Уларнинг ҳар бири ўз фикрини қўллаш учун сохта ривоятлар тўқир эдилар.
Мана шу сабабдан бу ернинг мужтаҳидлари ривоятларни қабул қилиш учун қаттиқ шартларни қўйишга мажбур бўлар эдилар. Улар саҳобийнинг амали ривоятига зид бўлса, ривоятни рад қилар эдилар. Оммавий ҳукмларнинг ривоятчиси ёлғиз бўлса, унинг ривоятини ҳам қабул қилмас эдилар.
Мазкур икки мадрасанинг номи ғолиб ҳолатга қараб қўйилган бўлса ажаб эмас. Чунки аҳли ҳадис мадрасаси ичида раъйга ружуъ қўйганлар ҳам йўқ эмасди. Аҳли Ҳижоздан бўлган машҳур фақиҳ, имом Моликнинг устозлари Робийъа ибн Абдурроҳманни раъйни кўп ишлатгани учун Робийътур раъй деб аташар эди. Шунингдек, аҳли Ироқ ичида имом Шаъбийга ўхшаш ҳадисни маҳкам тутганлар ҳам бор эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда аёл кишига бирор кишини нафақа билан таъминлаш мажбурияти юклатилмайди. Аёлнинг ўзига, фарзандларига, оиласига эри сарф қилади. Шунингдек, оила қуриш давоми...

2271 15:33 / 02.03.2019
МУНДАРИЖАМуқаддимаЎтмишга бир назарҲозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртакладиИхтилофларнинг авж ола бошлашиИхтилоф ва тафриқанинг турлариМусулмонларнинг давоми...

9683 05:00 / 17.01.2017
. Биринчи бор қанча ўқигани ҳақида шакка тушган одам намозни янгитдан ўқийди. Агар шаки кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар ғолиб давоми...

2137 19:00 / 06.07.2023
Ҳозиргача қайси турдаги ва қайси номдаги фиқҳий китоб ҳақида сўз юритган бўлсак, уларнинг барчаси якка муаллифларнинг асари ҳисобланади. Албатта, бу ўша давоми...

4299 13:40 / 16.05.2019