1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг борлиқда зоҳир бўлиши

20:26 / 09.09.2017 4209 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар бор қилинганларда Унинг зоҳир бўлиши бўлмаса, уларни кўриб бўлмас эди. Агар Унинг сифатлари зоҳир бўлса, бор қилганлари йўқ бўларди.

Кўзимизга кўриниб турган барча мавжудотларга эътибор ила назар солайлик. Осмонга ва ундаги сайёралар, юлдузлар ва бошқа нарсаларга назар солайлик. Ерга ва ундаги тоғларга, дарахтларга, набототларга ва бошқа нарсаларга назар солайлик. Ҳайвонот оламига эътибор билан назар солайлик. Уммон ва денгизларга ҳамда улардаги алвон мавжудотларга тааммул ила назар солайлик. Нималарни кўрамиз, нималарни биламиз?!

Мазкур йўқдан бор қилинган нарсаларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг биру борлиги, яратувчилиги, қудратли, ҳикматли, тадбирли эканига ва бошқа баркамол сифатларига далил эканини кўрамиз ва биламиз. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсалари орқали бизга Ўзининг баркамол сифатларини кўрсатгандир. Мазкур мавжудотлар орқали бандалар Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларига гувоҳ бўлиб турадилар. 

Агар дунёдаги мавжудотларда Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларининг далолатлари йўқолса, мазкур мавжудотлар ҳам йўқолади. Зотан, мавжудотларнинг йўқдан бор бўлишига сабаб бўлган баркамол сифатлар йўқолса, уларнинг сабабидан бор бўлганлар ҳам йўқ бўлиши турган гап.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу маъноларни «Агар бор қилинганларда Унинг зоҳир бўлиши бўлмаса, уларни кўриб бўлмас эди» деган жумла билан ифода қилмоқда.

Иймонсизлар: «Биз дунёдаги барча нарсаларни кўриб турибмиз, аммо уларда сиз мўминлар айтаётган Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларидан бирортасини кўраётганимиз йўқ», дейдилар. Бундай одамлар ойнага қараб туриб, унда акс этаётган нарсаларни кўратуриб, «Мен ойнадан бошқа нарсани кўрмаяпман», деган довдирга ўхшайдилар. Агар уларда заррача ақл бўлса, гапни эшитганларида гапирувчи борлигини, хушбўй ҳидни ҳидлаганларида гул ёки атир борлигини, хатни ўқиганларида ёзувчи борлигини билиб олардилар. Улар ушбу оддий ҳақиқатни англаб етганларида кўз ўнгларида турган ажойиботларга тўла мавжудотларнинг яратувчиси борлигини англаб етар эдилар.

Иймонсизлар юқоридаги тушунчалар айтилганда, ўз одатларига биноан, «Ундай бўлса, ўша сен айтаётган Холиқни менга кўрсат-чи», дейдилар. Бошқача қилиб айтганда, «Аллоҳ таоло бизга Ўзининг борлигини яратган нарсалари орқали билдириб ўтирмай, Ўзини кўрсатиб қўяверса бўлмайдими?» дейдилар. Уларнинг бу саволларига жавоб ўлароқ, Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги гапни келтирадилар:

«Агар Унинг сифатлари зоҳир бўлса, бор қилганлари йўқ бўларди».

Ҳа, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётида Ўзининг ва баркамол сифатларининг зоҳир бўлишини истамади, ботин бўлишини истади. Шу билан бирга, Ўзига ва баркамол сифатларига далил бўладиган нарсаларнинг зоҳир бўлишини ирода қилди. Ушбу икки сифат – Зоҳир ва Ботин Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бўлди.

«Зоҳир» – Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир. У ҳамма нарсадан зоҳир – устундир.

«Ботин» – У кўзга кўринмайди. Ҳаммадан пинҳон – махфий нарсаларни билиб турувчидир.

Қуръони Каримда ушбу айтилган маъноларни ифода этувчи бир қанча оятлар келган.

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

«Бас, Роббинг раҳмати асарларига назар сол – ерни ўлимидан кейин қандай тирилтирур! Албатта, ана шу Зот ўликларни ҳам тирилтирувчидир ва У ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (50-оят).

Яъни Парвардигорингнинг раҳмати бўлмиш ёмғирнинг таъсирига назар сол. Ўлиб ётган ерни тирилтирди. Ўлик ҳолда ётган ерни ёмғир ила тирилтирган Аллоҳ ўлиб ётган одамларни ҳам тирилтириши ҳеч гап эмас.

«У ҳар бир нарсага ўта қодирдир».

Аллоҳ таоло яна ушбу суранинг 54-оятида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир. У хоҳлаганини яратадир. У ўта билувчидир, ўта қодирдир».

Эй одамлар, кибрга кетиб, яратган Холиқингизни инкор қилишдан олдин ўзингизга бир қараб қўйинг.

«Аллоҳ сизни заифликда яратган...»

Ҳамма томонингиз заифликдан иборат. Асли уруғларингиз «нутфа» деб аталмиш бир томчи жирканч сувдир. У жуда ҳам заиф нарса. Аммо Аллоҳ Ўз инояти ила ўша заиф сувдан ҳомила пайдо қилади. Ҳомила ҳам жуда заиф бўлади. Ҳеч нарсага қодир эмас. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, бачадонда ётиши, вақти-соати келиб, ундан эсон-омон чиқиши ҳам мумкин эмас. Туғилган чоғида ҳам инсон боласи энг заиф ҳолатда бўлади. Узоқ йиллар давомида ўзи мустақил равишда бирор иш қила олмайди. Шундай заиф одамни Аллоҳ

«…сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган…»дир.

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким унга бу қувватни бермайди. Вояга етган инсон ҳамма жиҳатдан қувватга эришади. Лекин бу ҳам абадий эмас. Аллоҳ унга

«...қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир».

Вақти-соати етиб, инсон қариб, куч-қувватдан кетади. Дунё ана шундай нарса. Ундаги ҳамма нарса ўзгариб туради. Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло бажаради.

«У хоҳлаганини яратадир».

Ҳа, Аллоҳ таолонинг хоҳлагани бўлади.

«У ўта билувчидир, ўта қодирдир».

У ўта илмли ва ўта қудратли Зотдир.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ осмондан сув тушириб, у ила ерни ўлимидан кейин тирилтирди. Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят(белги)лар бордир» (65-оят).

Сув бўлмаса, ер юзида ҳаёт ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло ердаги ҳамма нарсани муҳайё қилса-ю, сув бермаса, ҳаёт йўқ. Ўша мавжуд нарсаларнинг бирортасини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бера олмайди. Аммо шу ўринда Аллоҳ ер юзида яратган бутун мавжудотни эмас, балки биргина сувни олиб кўрайлик.

«Аллоҳ осмондан сув тушириб, у ила ерни ўлимидан кейин тирилтирди».

Ер ўлик бўлса, ер юзидаги нарсалар ҳам жонсиз бўлади. Ер тирилиши билан унинг устидаги ҳамма нарсаларга жон киради. Демак, сув ҳамма нарсага ҳаёт бағишлайди. Сувни эса фақатгина Аллоҳ таоло тушира олади. Ҳамма нарсага ҳаётни фақат Аллоҳгина бера олади. Демак, ҳамма нарсага маъбуд бўлишга фақат Аллоҳгина ҳақлидир.

«Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят(белги)лар бордир».

Эшитганидан ибрат оладиган қавмлар учун мазкур нарсада Аллоҳнинг ибодатга сазовор ягона Зот эканига доир белги, аломат бордир. Шунингдек,

«Албатта, чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун ибрат бордир. Сизни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар учун ютумли соф сут ила суғорурмиз» (66-оят).

Чорва ҳайвонларига – қўй, эчки, сигир ёки туяга боқсангиз ҳам Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига далолат қилувчи белгиларни кўрасиз. Уларнинг яратилиши ва уларга тегишли сон-саноқсиз мўъжизаларни бир томонга қўйиб туринг-да, улардан сут чиқишига бир назар солинг. Биз сизларни чорва ҳайвонлари қорнидан чиқадиган сут билан суғорамиз. Ўша томоғингиздан осонгина ўтадиган, мусаффо оппоқ сут чорва ҳайвонининг қорнидан томирларига ўтувчи қон ва ташқарига чиқувчи гўнгнинг орасидан чиқади. Ҳайвон еган озуқа унинг қорнига тушади, ҳазм бўлиш жараёнида баъзиси қонга айланиб, томирларига ўтади, баъзиси сутга айланиб, елинига келади. Қолгани ахлатга айланиб, ташқарига чиқиб кетади.

Буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қила олмайди, албатта. Ушбу оят нозил бўлганидан тортиб, яқин-яқинларгача одамлар сутнинг қон билан гўнг орасидан чиқишини англамас эдилар. Мазкур ҳақиқатни эндигина тушуниб етмоқдалар. Бу нарса Қуръоннинг илоҳий Китоб эканига ёрқин далиллардан бири эмасми? Бу нарса ўша Қуръонни нозил қилган Зот илоҳу маъбуд бўлишга ҳақли эканини кўрсатмайдими?! Озгина бўлса ҳам ақли бор одам учун бу нарсаларда битмас-туганмас далиллар бор.

Ушбу ояти карималар ва буларга ўхшаган бошқа оятларда Аллоҳ таолонинг Зоҳир деган гўзал исмининг тасдиғи намоён бўлади. Мазкур намоён бўлиш ақлга ва фикрга кўрсатган таъсирлари орқали юзага чиқади.

Аллоҳ таолонинг Ботин деган гўзал сифати эса  Ҳақ таолонинг бандаларини ғайбга иймон келтиришга чақирган оятларида ва У Зотнинг бу дунёда бандаларнинг кўзига кўринмасликни ирода қилгани ҳақида хабар берувчи оятларда ўз ифодасини топгандир.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар» (103-оят).

Аллоҳ кўзни бу дунё ашёларини кўриш учун яратган. У шу вазифани бажаради, холос. Аммо имконидан ташқари нарсани бажаришга қодир эмас. Кўз маълум масофадаги нарсаларни кўради. Ундан узоқдагисини кўра олмайди. Бу эса ўша маълум масофадан наридаги кўзга кўринмаган нарса йўқдир, дегани эмас. Балки кўз мавжуд нарсани кўра олмади, деганидир.

Шунингдек, кўз маълум ҳажмдаги нарсаларни кўради. Ундан кичикроғини кўра олмайди. Сўнгра нарсаларни катталаштириб берувчи асбобларни ишга солади. Улар ҳам маълум катталикдаги нарсаларнигина кўришда ёрдам бера олади. Аммо атом, протон, нейтрон каби унсурларни кўра олмайди. Ҳозирги фан бу зарраларнинг борлигини тасдиқлайди, аммо ҳеч ким уларни ўз кўзи билан кўрган эмас. Шундай экан, «Аллоҳни ўз кўзим билан кўрмагунимча Унинг борлигига ишонмайман», дегувчиларнинг ақлига шубҳа билан қарашдан бошқа илож қолмайди. Уларга «Аллоҳ яратган нарсаларни кўришга ожизлик қилаётган сенинг ожиз кўзинг азалий, сен кўрган ва билган, ҳис қилган нарсалардан батамом бошқа хусусиятдаги Зотни қандай қилиб кўра оларди?» дегинг келади. Инсонга Аллоҳ Зотини кўриш қобилияти берилмаган. Улардан бу нарсани кўриш талаб қилинмаган ҳам.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, «Роббим, менга (жамолингни) кўрсат, Сенга назар солай», деди. У Зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у ўрнида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажалли қилганида уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо беҳуш бўлиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг биринчисиман», деди» (143-оят).

Демак, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан мийқотга, белгиланган вақтда, белгили жойга келганларида, у зотга Робби бевосита сўзлади. Бу ҳол қандай содир бўлди – тафсилотини ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи билади. Мусо алайҳиссалом қандай қилиб Аллоҳнинг каломини тингладилар, буни ҳам Аллоҳнинг Ўзигина билади. Чунки бу нарса инсон ҳатто тасаввур қилиши ҳам мушкул бир ҳолдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтирганларида, ул зот тез-тез нафас олар, титраб-қақшаб, совуқ кунда ҳам терга кўмилиб кетар эдилар. Саҳобалардан бирларининг тиззалари ваҳий нозил бўлаётган пайтда Пайғамбаримизнинг тиззаларига текканда саҳобийнинг сонлари ёрилиб кетгудек бўлган экан. Энди бевосита Аллоҳнинг Ўзи билан гаплашиш қандай бўлишини бир оз бўлса ҳам тасаввур қилиш мумкин. Шубҳасиз, бу ўзига хос ғаройиб ва нодир бир ҳолат. Бу ҳолат ғоят даражада ғаройиблигидан Мусо алайҳиссалом шавқу завққа тушиб, маст бўлиб қолганлар ва ўзларини бутунлай унутиб қўйганлар. Роббларига бўлган муҳаббатлари зиёдалашиб, Аллоҳнинг каломини бевосита тинглаш шунчалик бўлса, бевосита Ўзини кўз билан кўриш қандай бўлар экан, деб Аллоҳ таолодан жамолини кўрсатишини сўраганлар. Пайғамбарнинг бу истагига жавобан Аллоҳ таоло: «Мени ҳеч кўра олмассан», деган. Шу билан бирга, бу ҳолни ойдинлаштириш мақсадида нима сабабдан кўра олмаслигини амалда исбот этган.

«Лекин тоққа назар сол, агар у ўрнида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди».

Яъни «Эй Мусо, сен тоққа назар сол, у жуда ҳам улкан ва чидамли борлиқ. Унга ҳар нечук нарса таъсир ўтказа олмайди. Мен унга Ўзимга хос тарзда кўринаман. Агар тоғ бу ҳолга чидаб, мавқеида собит тура олса, сен ҳам сўровингга биноан, Мени бевосита кўра оласан».

«Робби тоққа тажалли қилганида уни титилган ҳолга келтирди…»

Мазкур тажалли қандай рўй берганини ва у нечук манзара касб этганини ҳам билмаймиз. Бизнинг билганимиз шу: Аллоҳ таоло юқоридаги гапларни Мусо алайҳиссаломга айтганидан кейин, у киши тоққа назар солдилар. Тоғ титилиб, ерга тенглашиб қолди. Маконида собит тура олмади. Мусо алайҳиссалом буни ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу оддий ақлга сиғмас мўъжиза эди.

«...ва Мусо беҳуш бўлиб йиқилди». Чунки бўлиб ўтган ҳодиса шу даражада маҳобатли эди.

«Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг биринчисиман», деди».

Яъни Мусо алайҳиссалом ўзларига келганларида аввалги завқ ва шавқ, ҳис-ҳаяжонлар босилган эди. Кўзларини очишлари билан Аллоҳни улуғлашга шошилдилар: «Сен поксан», яъни «Бандаларнинг оддий назарига кўриниш даражасидан юқорисан. Мен номуносиб савол берганим учун тавба қилдим. Мен мўминларнинг биринчисиман», дедилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга борлиқдаги ҳар бир нарсада Ўзини ва гўзал сифатларини кўра оладиган, агар Унинг сифатлари зоҳир бўлса, бор қилганлари йўқ бўлишини англаб етадиган бандалардан бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роббингиз .Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар,, ndash деди.Аллоҳга банда давоми...

4352 20:38 / 03.10.2017
Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу адолат билан ҳукм қилар, бу борада аввало ўзи бошқаларга намуна бўлар эди.Абу Мусо розияллоҳу анҳу бир кишини уриб, сочини олдириб давоми...

3913 20:05 / 20.07.2017
У Зотдан сени бир ҳолатдан ndash ундан бошқада ишлатиши учун ndash чиқаришини сўрама. Агар ирода қилса, сени чиқармасдан ҳам ишлатаверади.Ушбу ҳикматда банда Аллоҳ давоми...

3792 09:03 / 06.11.2017
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир.2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради.3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

3284 12:18 / 19.03.2018