1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг бандадан тўсилиши

20:20 / 09.09.2017 4406 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳни сендан У билан бирга бир мавжудот борлиги тўсгани йўқ. Ўзи У Зот билан бирга ҳеч нарса йўқ. Лекин Ундан сени У билан бирга мавжудот борлиги ҳақида пуч хаёл тўсадир. 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида ҳаммамиз аниқ тушунишимиз лозим бўлган улкан ҳақиқат ҳақида сўз юритмоқда. У ҳам бўлса, борлиқда ҳақиқий мавжуд, яъни бор бўлган Зот Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи экани ва У Зотдан бошқа барча эса ҳақиқий адам, яъни йўқ экани ҳақидаги улкан ҳақиқатдир.

Аслини олганда, бу дунёда асл мавжуд – бор бўлган зот ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Қолган барча нарсаларни ўша аслида бор Зот – Аллоҳ таоло вужудга келтиргандир. Агар барча мавжудотларни Аллоҳ таолонинг Ўзи вужудга келтирмаса, улар ўзларини ўзлари вужудга келтиришлари ёки баъзилари баъзиларини вужудга келтириши мутлақо мумкин эмасдир. 

Шундай бўлишига қарамай, банда гоҳида Аллоҳ таолодан тўсилиб қолади. У Зотга иймон келтирмайди. Иймон келтирса ҳам, ширк келтиради. Турли санамларга, бутларга, шахсларга ва ҳоказоларга ишониб яшайди. Ўзига мазкур нарсаларнинг таъсири, тадбири ва бошқа феъллари ўтади, деб эътиқод қилади. Табиатнинг нарсаларни яратиши, уларни яратишдаги маҳорати, усталиги ва бошқа хусусиятлари ҳақида сафсата сотади. 

Хўш, банданинг ушбу хом хаёли ҳақиқатга айланиши мумкинми? Ҳақиқатда ҳам уни Аллоҳ таолодан У Зот билан бирга бошқа зотлар ҳам мавжудлиги тўсиб турибдими? Ёки бошқа сабаб борми?

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда мазкур саволларга жавоб келтирмоқда.

«Аллоҳни сендан У билан бирга бир мавжудот борлиги тўсгани йўқ. Ўзи У Зот билан бирга ҳеч нарса йўқ. Лекин Ундан сени У билан бирга мавжудот борлиги ҳақида пуч хаёл тўсадир».

Ушбу жумладаги «У билан бирга» ибораси «У билан тенг келадиган», яъни «баробар тасарруф қиладиган» деган маънони англатади.

Ҳақиқатда, ўйлаб кўрадиган бўлсак, бу дунёда мавжудотлар жуда ҳам кўп. Аммо уларнинг барча-барчаси Аллоҳ таолонинг вужудга келтириши ила мавжуд бўлган. Аллоҳ таоло билан бирга вужудга келмаган. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло уларни вужудга келтирганидан кейин тутиб ҳам туради. Агар мавжудотларнинг бирортаси У Зотнинг иноятидан бир лаҳза четда қолса, яна адамга айланади.

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

«Осмонлару ернинг Унинг амри ила туриши Унинг оят(белги)ларидандир» (25-оят).

Бу ояти каримада қисқагина сўзлар билан улкан ҳақиқат ифодаланмоқда. Осмонлару ерни ким тутиб турибди? Нима учун улар жойидан қўзғалиб кетмаяпти? Уларни ўзаро тортишиш кучи ушлаб турибдими? Хўп, ўша ўзаро тортишиш кучини ким пайдо қилган? Ёки бошқа яна бирор баҳона топилармикан? Топилса-топилар, аммо ҳаммаси Аллоҳга бориб тақалиши турган гап. Демак, осмонлару ернинг қоим туришининг ўзи Аллоҳнинг биру борлигига, баркамол сифатлар соҳиби эканига оят-белгидир.

Оятда инсон тасаввуридаги энг улкан нарсалардан иккитаси зикр қилинган бўлса ҳам, ундаги маъно барча мавжудотга тегишлидир. Осмонлару ердан тортиб, кўзга кўринмас ҳужайраларгача, барча-барчасини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи йўқдан бор қилган ва уларнинг барчасини ёлғиз Ўзи тутиб туради.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади: 

«Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас. Албатта, У ўта ҳилмлидир, ўта мағфиратлидир» (41-оят).

Осмонлару ернинг яратилиши, уларнинг йўқдан бор қилиниши ҳақида гапирмай турайлик-да, уларнинг туриши ҳақида фикр юритайлик. Осмонлар ва улардаги сон-саноқсиз нарсалар, ер ва ундаги нарсалар қандай қилиб бир тартибда турибдилар? Нима учун бирор нарсага бирон нарса билан маҳкамланмаган бўлсалар ҳам, жойларида собит турибдилар? Ўз маконларидан бошқа томонга чиқиб, қулаб кетмаяптилар? Уларни ким ушлаб турибди? Ўзаро тортишиш кучими? Ўзаро тортишиш кучи нима ўзи? Бу кучни пайдо қилган ким?

«Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур».

Уларни қулаб тушишларидан ушлаб турадиган Аллоҳдан бошқа зот йўқ. Аллоҳ таоло уларни ушлаб турмаса, дарҳол ўз жойларидан қулайдилар.

«Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас».

Мабодо осмонлар ва ер ўз жойларидан қулайдиган бўлса, Аллоҳ таолодан бошқа уларни ушлаб қоладиган зот йўқ. Бўлса, айтинглар, эй мушриклар!

«Албатта, У ўта ҳилмлидир, ўта мағфиратлидир».

Шунинг учун ожиз бандалар Унга нисбатан улкан зулм қилиб, бошқаларни ширк келтирсалар ҳам, ўта ҳалимлиги туфайли уларни жазолашга шошилмайди. Ўша золим бандалар тавба қилсалар, ўта мағфиратли Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечираверади.

Шундай бўлганидан кейин борлиқдаги ҳар бир мавжудот Аллоҳ таолодан мустақил равишда ўзи мавжуд бўла олмайди ва борлиқда ўзича бир лаҳза ҳам тура олмайди. Уларнинг барчасини Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган ва йўқ бўлишдан тутиб туради. 

Ушбу буюк ҳақиқатни ҳар бир банда яхши тушуниб етиши керак. Бу дунёдаги мавжудотлардан ҳеч бири уни Аллоҳ таолодан тўсадиган ҳижоб бўлмаслиги лозим. Дунё ва унинг зийнатлари бандани алдаб, йўлдан уриб, Роббини унутишига сабаб бўлмаслиги керак. Балки банда дунёдаги каттаю кичик ҳар бир мавжудотни кўрганида уни Аллоҳ таоло яратганига иймони янгиланиши ва уни яратган Зотга ихлоси янада зиёда бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Ўзини биздан У Зот билан бирга мавжудот борлиги тўсмаслигини, лекин У билан бирга мавжудот борлиги ҳақидаги пуч хаёл қилишимизгина У Зотдан бизни тўсишини англаб етадиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифлари ҳам келган.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3560 19:42 / 13.05.2018
Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган1. Вожиб.Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир.2. Мандуб.Бу турдаги вараъ шубҳалардан давоми...

3041 22:03 / 09.03.2018
Эй одамлар Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, давоми...

3962 17:04 / 16.02.2018
Отаонанинг фарзанд ҳаққига ва зиддига қиладиган дуоси ҳақида кўп гапирилади. Аммо ўша гапларга далил бўлган матнларни кўпчилик аниқ билмаслиги мумкин. Шунинг давоми...

5803 19:46 / 11.05.2018