1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажда ҳайз кўрган аёл тавофни нима қилади?

05:00 / 16.01.2017 7918 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаж исломнинг бешта асосий рукнларидан бири бўлиб, уни эркагу хотин мусулмонлар қилиши фарз амалиётларидандир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабига кўра, аёллар маҳрамлари билан бирга ҳажга боришлари шарт. Аёллар ҳаж қилаётганларида ҳайз ёки нифос кўриб қолишлари мумкин. Бу ҳолатда улар нима қиладилар?

Ҳайз ёки нифос кўраётган аёл ҳажга ва умрага ният қилиб, эҳром кийиши мумкин. Шу ҳолатида ҳам эҳром кийишдан олдин ғусл қилиб олиши суннат ҳисобланади. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳайз ва нифос кўрган аёлларга ҳам шуни буюрганлар (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 144).

Ҳайз ёки нифос кўрган аёл Каъбани тавоф қила олмайди! Мусулмон умматининг ҳаж қилувчи жами аёллари ҳайз ёки нифос кўраётган аснода ҳаж амалиётларидан Минога чиқиш, Арафотда туриш, Муздалифада қўним топиш, Шайтонга тош отиш, қурбонлик қилиш, соч қисқартириш каби жами арконларини адо қилаверадилар, фақат масжидларга кира олмайдилар ва Байтуллоҳни тавоф қила олмайдилар. Бу борада фиқҳий манбаларда ҳам қуйидагича: و حيضها لا يمنع الا الطواف – “Аёлнинг ҳайзи фақат тавофни манъ қилади”, деган маънодаги ҳукм зикр қилинади (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 44).

Мана бу ҳолат Аллоҳ таолонинг аёлларга ёзган тақдири бўлиб, тавоф қилмаётганидан ўкинмасдан, бир умрлик сафарни ғанимат билиб, дуо ва зикрларга машғул бўлиши лозим. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамиз разийаллоҳу анҳуга билдирган кўрсатмалари бор:

Вадоъ ҳажи сафарида ҳожилар Сариф деган жойга келганларида Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо ҳайз кўриб қолади ва йиғлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бундай деганлар:

إِنَّ هَذَا أَمْرٌ كَتَبَهُ اللَّهُ عَلَى بَنَاتِ آدَمَ فَاقْضِي مَا يَقْضِي الْحَاجُّ غَيْرَ أَنْ لَا تَطُوفِي بِالْبَيْتِ حَتَّى تَغْتَسِلِى

“Албатта бу Аллоҳ таолонинг одамзот қизларига ёзиб қўйган ишдир. Ҳожилар ўтаган нарсаларни ўта, фақат ғусл қилмагунча Байтуллоҳни тавоф қилмагин!” (Бухорий, 1/294; Термизий, 944-945; Насоий, 1/283; Байҳақий, 5/9084; Ибн Ҳиббон, 9/3834; Ибн Хузайма, 4/2936; Абу Яъло, 9/4719).

Бир қанча ривоятларда бу кўрсатма: فافعلي ما يفعل الحاج غير ان لا تطوفي بالبيت حتى تطهري – “Ҳожилар бажарган нарсаларни бажар, пок бўлгунча фақат Байтуллоҳни тавоф қилмагин” ва яна اصنعي ما يصنع الحاج– “Ҳожилар ишлаган нарсани ишла!” иборалари билан келтирилган бўлиб, уларнинг барчасининг маъноси бир хилдир (Бухорий, 1/305; Муслим, 1/1211; Аҳмад, 6/26387; Байҳақий, 5/8587, 9083; Ибн Ҳиббон, 9/3835;).

Бошқа ривоятларда бу: انسكي المناسك كلها غير أن لا تطوفي بالبيت – “Ҳаж амалиётларининг барчасини қилгин, фақат Байтуллоҳни тавоф қилмагин!” тарзида келтирилган (Абу Довуд, 1/1782; Ибн Можжа, 2/2962; Аҳмад, 6/25880; ат-Таёлусий, 1/1413).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур кўрсатмаларига биноан агар тавоф асносида бирорта аёл ҳайзи келганини билиб қолса, шу заҳоти тавофни тўхтатади, тавоф ниятида бир қадам ҳам олдинга юрмайди. Ана шу тўхтаб турган жойида таяммум қилиб, Масжиди ҳаромдан дарҳол чиқиб кетади (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 64).

Юқоридаги ҳадиси шарифга биноан ҳайзли ёки нифосли аёл тавофни қилмаслиги мутлақдир. Яъни, улар Масжиди ҳаромнинг ичкарисида ҳам, унинг ташқарисида ҳам тавоф қила олмайдилар. Чунки, тавоф худди намозга ўхшайди. Бу фиқҳий манбаларда алоҳида таъкидланган (Жалолиддин Гурланий. Ал-Кифоя шарҳ ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Қозон, 1886. – Б. 67; Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 87).

Агар ҳайзли ёки нифосли аёл тавоф қилса, албатта, у гуноҳкор бўлади. Чунки, тавоф намозга ўхшайди. Ҳайзли ёки нифосли аёл намоз ўқиса, гуноҳкор бўлганидек, бу хилдаги аёл тавоф қилса, гуноҳкор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

الطواف حول البيت مثل الصلاة إلا أنكم تتكلمون فيه فمن تكلم فيه فلا يتكلم إلا بخير

“Байтуллоҳнинг атрофида тавоф қилиш худди намозга ўхшайди. Фақат унда сизлар гапирасизлар. Бас, кимки унда гапирса, фақат яхши сўзларни гапирсин!” (Термизий, 2/967; Баззор, 2/4853).

Демак, аёллар Маккаи мукаррамада барча ҳожилар каби Байтуллоҳни, асосан, беш марта тавоф қилишлари мумкин. Улар умра, қудум, зиёрат, садр ва нафл тавофларидир. Агар аёллар ҳайз кўраётган бўлсалар, фарз тавоф ҳисобланмиш Зиёрат тавофидан бошқа тавофларда қуйидагича йўл тутадилар:

1)      Ҳайз кўраётган аёл таматтуъ ҳажини ният қилган бўлса, юкларини жойлаштирганидан сўнг ва ётоқ жойини белгилагандан кейин дарҳол бориб умра зиёратини адо қилмайди. Аёл ҳайзи тўхташини кутади, ҳайзи тўхтаганидан кейин умра зиёратини адо қилади. “Тарвия” куни деб аталадиган зулҳижжа ойининг саккизинчи куни, яъни ҳожиларнинг барчаси Минога чиқиб кетадиган – ҳаж амалиётлари бошланадиган кунигача аёл ҳайздан пок бўлиб қолса, умра зиёратини қилиб олади. Ўша “тарвия” куни ҳам улгуриб қолса, эрталаб умра зиёратини адо қилиши мумкин, чунки, Минога кетиш қуёш чиққанидан сўнг то завол вақтигача суннат бўлади (Абдулҳай Лакнавий. Ҳошият ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б. 225).

Бунгача улгура олмаса, ҳожилар билан қўшилиб, ҳаж ниятини қилиб, эҳромли ҳолда ҳаж амалиётларини адо қилиш учун чиқиб кетаверади.

2)      Таматтуъ ҳажини ният қилиб Маккага келган аёл ҳайзи тўхтаса умра қилади. Умранинг тавофини қилмагани боис у ҳаж амалиётлари бошланадиган “тарвия” кунигача эҳромидан чиқа олмайди (Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 423).

“Тарвия” куни ҳажга янги эҳром кияди ва ҳаж амалиётларини ўтайди. Умраси қолиб кетгани боис ташриқ кунлари ўтганидан кейин янги эҳром билан умранинг қазосини қилиб олади. Умрани узр билан бўлса-да, вақтидан ўтказиб юборгани боис битта жонлиқ сўйиб беради (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 168; Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 2-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 224).

3)      Ҳайз кўраётган аёл фақат ҳажнинг ўзини ният қилган бўлса, юкларини жойлаштирганидан сўнг ва ётоқ жойини белгилагандан кейин дарҳол бориб, Қудум тавофини – саломлашув, учрашув зиёратини адо қилмайди. Аёл ҳайзи тўхташини кутади, ҳайзи тўхтаганидан кейингина Қудум тавофини адо қилади. “Тарвия” куни деб аталадиган зулҳижжа ойининг саккизинчи куни, яъни ҳожиларнинг барчаси Минога чиқиб кетадиган – ҳаж амалиётлари бошланадиган кунигача аёл ҳайздан пок бўлиб қолса, қудум тавофини қилиб олади. Ўша “тарвия” куни ҳам улгуриб қолса, қудум тавофини адо қилиши мумкин, чунки, Минога кетиш қуёш чиққанидан сўнг суннат бўлади (Абдулҳай Лакнавий. Ҳошият ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б. 225).

Бунгача улгура олмаса, ҳожилар билан қўшилиб, ҳаж ниятини қилиб, эҳромли ҳолда ҳаж амалиётларини адо қилиш учун чиқиб кетаверади. Чунки, қудум тавофи маккаликлардан бошқа аҳоли учун суннат бўлиб, тавофни ҳайзли ҳолатда қилиш ҳаром бўлгани боис, уни қилмаслик учун суннат амал тарк этилади ва унга тарк қилгани учун ҳеч нарса лозим бўлмайди (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 370).

4)      Ҳожилар уйларига қайтаёганларида Садр тавофи – Видолашув тавофини амалга оширадилар. Бу тавоф вожиб бўлиб, асосан, катта Зиёрат тавофини қилиб бўлгандан кейин бошлаб қилинадиган амалиётдир. Уни ҳайз кўраётган аёл қила олмайди. Бироқ, Видолашув тавофининг вақти чекланган эмас, яъни, аслида у Маккадан чиқиб кетгунча қилинадиган охирги тавофдир (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 585; Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 143).

Шунинг учун, ҳайз кўраётган аёл Маккадан чиқиб кетгунча ҳайзи тўхтаса, Видолашув тавофини қилиб олади. Агар унинг ҳайзи тўхтамаса, бундан сўнг у видолашув тавофини қилмай қўя қолади (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Шарҳ Виқоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1327. – Б. 257).

Чунки, ҳайз кўраётган аёлнинг Садр тавофи – Видолашув тавофини қилмаслигига Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан алоҳида рухсат берилган ва мазкур тавофни қилмагани учун ҳайзли аёлга бошқа ҳеч нарса вожиб бўлмайди (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 142).

Бироқ, агар уйга қайтаётиб, ҳали мийқот ҳудудидан чиқиб кетмасдан олдин ҳайзи тўхтаганини билса, орқага қайтиб, умра қилиб олиши мумкин. Қайтиб умра қилиб олса, унга бошқа ҳеч нарса лозим эмас. Акс ҳолда, мийқотдан ичкарида ҳайзи тўхтаганини билгани сабабидан видолашув тавофи қолиб кетгани боис бир қўй сўйиши керак бўлади (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 585).

5)      Ҳажга борган ҳожилар фақат суннат, вожиб ва фарз тавофларини қилиб қўявермайдилар, балки, нафл – мутлақо ихтиёрий равишда ҳам Аллоҳ таолонинг Каъбаи муаззамасини тавоф қилаверадилар. Узоқдан келганлар учун Масжиди ҳаромда нафл намозлар ўқигандан кўра Каъбани тавоф қилган афзал ҳисобланади (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 376; Абу-л-Ихлос аш-Шурунбулолий. Ҳошияту “Дурар ал-ҳукком”. – Истанбул: саҳҳофия, 1317. – Б. 224; Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 150).

 Шундай вақтда ҳайзли ёки нифосли аёл, афсуски, ҳамма қатори нафл тавофини ва намозларини адо қила олмайди.

Ҳайз ёки нифос кўраётган аёл ҳайзи ва нифоси тугагандан кейин агар улгурадиган бўлса умра, қудум, садр, нафл тавофларини қилиб олади. Фарз тавофидан бошқаларининг қолиб кетгани билан ҳажнинг комиллигига путур етмайди. Фарз тавофи “Зиёрат тавофи”, “Қурбонлик кунининг тавофи”, “Ифоза тавофи” деб аталади ва у адо қилинмагунча соқит бўлмайди, яъни, уни қилмагунча ҳожи эҳромдан чиқа олмайди эру аёл жинсий яқинлик қила олмайдилар (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 46).

Ҳайз ёки нифос кўраётган аёл фарз бўлмиш Зиёрат тавофини улгургунча, ўз вақтида, кечиктириб бўлса ҳам қилиб олиши керак. Энди, агар ҳайз кўраётган ҳожия аёл фарз бўлмиш Зиёрат тавофини ҳайит куни ва ундан кейинги ташриқ кунлари ҳам қила олмайдиган бўлса, унда нима қилади?

1)      Фарз тавофи қилиниши керак бўлган кунларда ҳайз ёки нифос кўриб қолган аёл юртига қайтгунча қони тугашини кутиб туради. Фарз тавофини узрсиз ўз вақтидан кечиктириш макруҳи таҳримий ҳисобланади, бироқ, уни ҳайз ёки нифос каби шаръий узрлар сабабли ўз вақтидан кечиктирса, гуноҳкор бўлиб қолмайди.

2)      Қурбонлик ҳайити куни барча ҳожилар ҳажнинг асосий фарзларидан ва рукнларидан бўлмиш Зиёрат тавофини қиладилар. Ҳайз кўраётган аёл тавоф қила олмасдан ҳайзи тўхташини кутади. Билиш лозимки, Зиёрат тавофи ҳайит куни эрталаб бошланиб, то қурбонлик қилиш тугагунча – ҳайит куни ва ундан кейинги икки кун қилиш мумкин бўлган фарз ибодатдир. Биринчи куни, ҳайит куни Зиёрат тавофини қилиш афзал, холос (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б. 232; Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 44).

 Лекин, ҳанафийларнинг айрим фиқҳий манбаларида Зиёрат тавофини ташриқ кунининг охиригача, яъни ҳайитдан кейинги учинчи куни асригача адо қилса бўлади, дейилган (Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 411).

Шунинг учун мана шу вақт етиб келгунча кутиб туради-да, ҳайзи тўхтаган бўлса, дарҳол Зиёрат тавофини қилиб олади. Шу вақтгача улгуриб, пок ҳолда Зиёрат тавофини қилиб олса, фарз ундан соқит бўлади, вақтидан кечиктирмагани боис унга бошқа нарса лозим бўлмайди.

3)      Аёллар Зиёрат тавофини ўз вақтида дарҳол қилиб олишни ғанимат билишлари лозим бўлади. Чунки, агар ҳайит куни эрталабдан бошланадиган Зиёрат тавофини пешиндан кейин бошламоқчи бўлса-ю, шунда ҳайз кўриб қолса ёки ҳайитдан кейинги иккинчи куни кечқурунга етмасдан ҳайз тўхтаса-ю, ўша пок вақтларда тавофни қилиб олмагани боис, яъни бепарволик қилгани жинояти учун бир қўй сўйиши лозим бўлади (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 2-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 252).

4)      Ҳожилар юртига қайтиши бошланишидан олдин аёлнинг ҳайзи ёки нифоси тугаса, тугаган заҳоти Фарз тавофини қилади. Фарз тавофини қилиш ўз вақтидан ўтиб кетгани, узр сабабли кечиктиргани ва қазо сифатида Фарз тавофини кейин адо қилгани боис унга жазо учун бошқа нарса талаб қилинмайди, яъни жонлиқ сўйиш, садақа бериш ёки рўза тутиш каби каффорат жазолари белгиланмайди (Абу-л-Ихлос аш-Шурунбулолий. Ҳошияту “Дурар ал-ҳукком”. – Истанбул: саҳҳофия, 1317. – Б. 243; Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1311. – Б. 398).

5)      Ҳайз кўрган аёл тавоф қила олмайди, агар ҳайз вақтида тавоф қилса-ю, кейин юртига кетишдан олдин ҳайздан пок бўлса, пок бўлганидан сўнг тавофни қайта қилиши вожиб. Агар тавофни қайтармаса, туя сўйдириши лозим, агар шу ҳолатда уйига кетиб қолган бўлса ҳам бировни Маккада туя сўйдиришга вакил қилади (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1311. – Б. 398; Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 133). Бу ҳолатларда ҳажи тўлиқ ҳаж ҳисобига ўтади.

6)      Ҳажнинг фарзи бўлмиш Зиёрат тавофини қила олмаса, то уни қилмагунча Маккадан кетмаслиги керак. Агар уйига кетиб қолса, шу ёки келаси йили қазоси учун қайтиб келиши вожиб бўлади (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1314. – Б. 254). Бироқ, ҳозирги кунда ҳожиларнинг келиб-кетишлари вақтлари аввалдан қатъий белгилаб қўйилган. Ҳар бир юртда виза тизимида ёки бошқа қонунлар асосида мамлакатда махсус вақтларда кириб-чиқиш рухсатномаси амал қилади. Шунинг натижасида Маккадан ўз вақтида чиқиб кетиши лозим бўлиб қолади, кейинги йиллари эса қайтиб кела олмаслиги мумкин. Агар махсус рухсатнома билан қайтиб келган тақдирда ҳам, ана шу қисқа, вақти чекланган сафарида яна ҳайз кўриб қолиши мумкин. Шунинг учун, агар ҳайз ёки нифос кўраётган аёл охирги дақиқаларгача қони тўхтамаслигини билса, ҳайз ёки нифос кўриб турган бўлса ҳам, кетишидан сал олдин Фарз тавофини адо қилади (Муҳаммад Тақий ал-Усмоний. Дарси Термизий. 3-жилд. – Карочи: Мактабату “Дор ал-улум”, 2010. – Б. 218). Чунки, бу ҳолатда фиқҳнинг: المشقة تجلب التيسير – “Машаққат осонликни жалб қилади”, الضرورات تبيح المحضورات – “Заруратлар таъқиқланганларни жоиз қилади” қоидалари ишга тушади. Бу қоидалар асосида, агар фарз билан бидъат бир келиб қолса, фарз адо қилинаверади, дейилган (Аҳмад ибн Муҳаммад аз-Зарқо. Шарҳ ал-Қавоид ал-фиқҳия. – Дамашқ: Дор ал-қалам, 2001. – Б. 185). Гарчи бир пайтлар анъанавий тўрт мазҳаб уламолари узрли аёл тавоф қила олмайди, деб би-л-иттифоқ фатво берган бўлсалар-да, бироқ, тарихда ушбу сукутий ижмоъга қарши бўлинса-да, зарурат ҳолида тавоф қила олади, деган уламолар ҳам топилиб турган (Ибн Таймия. Фатовойи кубро. 2-жилд // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 22-36).  

Зарурат бўлгани учун ҳайз ёки нифос кўриши тўхтамаётган аёл юртига қайтишидан сал олдин Фарз тавофини қилади. Зарурат ҳолида ҳайзли аёл фарз тавофини қилса, тавофи тавоф бўлиши ҳанафийлик китобларида ўз ифодасини топган. Бироқ, зарурат ва узрли ҳолда тавоф қилиши уни гуноҳкор қилмаса ҳам, лекин у жазодан қутила олмайди. Бу худди зарурат юзасидан бировнинг нарсасини олганда гуноҳкор бўлмаган, лекин ўша нарсанинг ҳаққини тўлаб берган одамга ўхшайди. У хилдаги аёл “Мухтасар ал-Виқоя”да айтилганидек қуйидагича йўл тутади:          

او طاف كله او اربعة للفرض محدثا او غيره اى لغير الفرض و هو طواف القدوم و الصدر و العمرة و النفل جنبا اى شخصا يجب عليه الغسل فيشمل الحايض و غيرها ... او أخر طواف الفرض عن ايام النحر او ترك اقله فعليه المحرم دم اى اراقة دم هدى و الشاة كافية و بترك اكثره بقى محرما و ان رجع الى اهله حتى يطوف اى يقع كل الطواف او اكثره بذلك الاحرام لانه ركن فلا يجوز عنه بدل و ان طافه جنبا فبدنة واحدة عليه فان اعاد فى ايام النحر تسقط عنه بلا خلاف

“Ҳожилар фарз бўлган тавофнинг ҳаммасини ёки тўрт айланишини таҳоратсиз ҳолда қилсалар ёки фарздан бошқа – қудум, садр, умра ва нафл тавофларини жунуб ҳолида қилсалар, яъни унга ҳайзли аёл ҳам, бошқаси ҳам киради, ғусл вожиб бўладиган шахс ҳолида тавоф қилсалар ёки фарз тавофини қурбонлик кунларидан кечиктирса ёки тавофнинг озроғини тарк қилса, ўша ҳолатдаги ҳожига қон чиқариш лозимдир. Яъни, жонлиқ сўйиши лозим, қўй ҳам кифоя қилади. Тавофнинг аксарини тарк қилса, ҳатто уйига кетиб қолган бўлса ҳам, то тавоф қилгунча эҳромли ҳолатда қолаверади. Яъни, тавофнинг барчаси ёки аксари ана ўша эҳромда қилиниши керак. Чунки, у рукн бўлиб, унинг ўрнига ўтадиган нарса йўқ. Агар жунуб ҳолда тавоф қилса, битта туя ёки мол сўйиш лозим. Агар тавофни қурбонлик кунларида қайта қилиб олса, жонлиқ сўйиш соқит бўлади” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 45-46; Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 421-423).

Демак, “Мухтасар ал-Виқоя” иборасига кўра, ҳайз кўраётган аёл фарздан бошқа тавофларни қиладиган бўлса, унга жонлиқ – қўй сўйдириш, агар ҳайзли аёл Байтуллоҳни фарз бўлмиш Зиёрат тавофи ниятида қилса, унга туя ёки мол сўйдириш жазоси таъйинланган. Демак, ҳайзли аёллар Зиёрат тавофини пок ҳолда қилиш имконияти мутлақо бўлмаган вақтда ҳайзли ҳолларида қилаверадилар. Бунинг учун улар туя ёки мол сўйдириб, вазиятдан чиқиб кетадилар. ИншаАллоҳ, шунда ҳажлари бекаму кўст бўлади.

Энди, мавзуга тааллуқли охирги масала қолди. У ҳам бўлса, аёл бир иложини қилиб, дори-дармон еб ёки олдига пахтани маҳкамлаб тиқиб ҳайз кўришдан сақланса, тавоф қилиш ва намоз ўқиш нима бўлади? Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин (р.ҳ.) аёллар ҳайзига бағишланган рисоласида бу масалани ҳам баён қилган:

فان احس ابتداء بنزوله اى الدم و نحوه كالبول و لم يظهر الى حرف المخرج او منع منه اى من ظهوره بالشد على ظاهر المخرج بنحو خرقة او الاحتشاء فى باطنه بنحو قطنة فليس له حكم او لا ينتقض به الوضوء و لا يثبت به الحيض و قيل يثبت بمجرد الاحساس كما قدمناه و ان منع بعد الظهور اولا فالحيض و النفاس باقيان اى لا يزول بهذا المنع حكمهما الثابت بالظهور اولا كما لو خرج بعض المنى و منع باقيه عن الخروج فانه لا تزول الجنابة دون الاستحاضة فانه اذا امكن منع دمها زال حكمها

“Агар қоннинг тушиши бошланишини, шунингдек сийдикнинг тушиш вақтини ҳис қилса, лекин чиқадиган жойда кўринмаса, ташқарига чиқишини латта билан боғлаб ёки ичкарига пахта тиқиб кўринишини ман қилса, унга ҳукм қилинмайди: ё таҳорат синмайди ёки ҳайз собит бўлмайди. Сезишнинг ўзи билан собит бўлади, дейилган ривоят бор. Агар зоҳир бўлганидан ёки зоҳир бўлмасдан олдин чиқишини ман қилса, ҳайз ва нифос боқийдир. Яъни, ушбу манъ қилиш билан зоҳир бўлиш-бўлмаслик ҳукми кетмайди. Чунончи, манийнинг бир қисми чиқса, чиққандан кейин қолганини ман қилса, жунублик кетмайди. Бу ҳукм истиҳозадан бошқадир. Чунки, агар истиҳоза қонини ман қилишнинг икони бўлса, унинг ҳукми зойил бўлади (Ибн Обидин. Манҳал ал-воридин фий масоил ал-ҳайз. 4-рисола // Мажмуату Расоил Ибн Обидин. – Байрут: Дор эҳё турос ал-арабий (йили кўрсатилмаган). Б. 81).

Юқоридаги иборалардан билинадики, агар ҳайз ва нифос келмасидан олдин бир илож қилиб, унинг келишини тўхтатилса, ҳайз ва нифос ҳукми собит бўлмайди, яъни, ўшалар келиш вақтлари  ҳайз ва нифос деб ҳукм қилинмайди. Мабодо ҳайздан ёки нифосдан бир томчи бўлса-да келганидан кейин уларнинг келиши тўхтатилса, унда тўхтатиш ҳисобга олинмайди. Чунки, улар бошланиб бўлди. Мана шу фикр “Баҳр ар-роиқ” ва “Шарҳ ан-Ниқоя”да ҳам айтиб ўтилган. Истиҳоза деб аталадиган қон – ҳайз ва нифосдан бошқа вақт оқадиган қоннинг ҳукми эса бошқачароқ. Яъни, уни келганидан кейин ҳам тўхтатиб қўйиш мумкин.           

Ана энди мана шу масалани ҳажга татбиқ қиладиган бўлсак, ҳаж зиёратида аёллар ҳайз келиш муддатини олдиндан билиб, унга қарши чоралар кўрсалар бўлар экан. Дори-дармон тановул қилиб, ҳайзни бир муддат келтирмасдан туриш мумкин. Ана шунда аёл-қизларимиз ҳам бемалол ҳажда Каъбатуллоҳ тавофини амалга ошираверадилар. Шунда тавоф қилолмаганига кўнгиллари хижил бўлмайди.

Аллоҳ ибодатларимизни бекаму кўст бажаришимизга имконият ва тавфиқ берсин ва қилган ибодатларимизни ҳусни қабул айласин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Арабча .забиҳа, сўзи сўйиладиган ҳайвон дегани, ҳайвон сўйишга оид илм эса .забоиҳ, дейилади, бу .забҳ, ndash сўйишнинг кўплик шаклидир. .Забҳ, сўзи луғатда .ёрмоқ, давоми...

9105 12:21 / 12 июнь
Ҳаж қачон фарз бўладиАёл кишига ҳаж фарз бўлиши учун у ўзи билан бирга борувчи маҳрамининг сафар харажатларини ҳам қоплайдиган маблағга эга ёки маҳрами ўз пули давоми...

1505 14:05 / 20.06.2023
Ҳaж вa умpa бoбидaги .жинoят, дeб эҳром вa ҳapaм мaн этгaн ишлapни қилишгa aйтилaди. Жинoятлap икки хил бўлaди а Эҳромгa бoғлиқ жинoятлap ҳaж вa yмpaдa эҳромгa киpгaн кишилapгa xoc. б давоми...

1157 15:05 / 14 июнь
Каъбанинг неча марта қурилганини билиш учун quotСаҳиҳи Бухорийquotнинг машҳур шарҳлари quotУмдат алқориquot, quotФатҳ алБорийquot, quotалИршодquot кабилар, тарих китобларидан давоми...

7338 05:00 / 16.01.2017