1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Қурбонликнинг Қуръон ва Ҳадис нигоҳидаги фазилатлари

05:00 / 16.01.2017 4448 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

أعود با لله من الشىطان الرجيم بسم الله الرحمن الرحيم

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ.

Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар 2 оят).

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ فَإِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّ كَذَلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ.

Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсанги . Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат беринг (Ҳаж сураси 36-37 оятлар).

 Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоят неъматига қанча шукур айтса, шунча оздир. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Демак Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.Ундан ташқари жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда масалан, ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса савобдир. Қурбонликдаги ихлос, хоссатан Аллоҳ таоло ва савоб олиш мақсади билан қилишдир.

 

ҚУРБОНЛИККА ТЕГИШЛИ НАБАВИЙ ҲАДИСЛАР

 

ҚУРБОНЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ САВОБИ

عن الحسين بن علي رضي الله عنهماقال: "قال رسول اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ ضَحَّى طَيِّبَةً بِهَا نَفْسُهُ مُحْتَسِباً لأُضْحِيَّتِهِ كَانَتْ لَهُ حِجاباً مِنَ النَّارِ".

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади” дедилар” (Табароний ривояти).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا عَمِلَ ابْنُ آدَمَ يَوْمَ النَّحْرِ عَمَلًا أَحَبَّ إلَى اللَّهِ مِنْ هِرَاقَةِ دَمٍ وَإِنَّهُ لَتَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِقُرُونِهَا وَأَظْلَافِهَا وَأَشْعَارِهَا وَأَنَّ الدَّمَ لَيَقَعُ مِنْ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ بِمَكَانٍ قَبْلَ أَنْ يَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ فَطِيبُوا بِهَا نَفْسًا» . رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالتِّرْمِذِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қурбонлик куни Одам боласи қурбонлик қилишидан кўра бирор бир амал Аллоҳ таолога зиёда маҳбуб эмас. Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохи, туёғи ва юнлари билан келади. Қурбонлик қони ерга тушишидан аввал Аллоҳ таолонинг ҳузузирида хос мақомга эга бўлади. Шунинг мамнуният ила қурбонлик қилинглар” дедилар” (Ибни Можа, Термизий ривояти).

عن زيد بن ارقم رضى الله عنه قال قلنا يا رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ما هذه الاضاحي قال سنة ابيكم ابراهيم قال قلنا فما لنا منها قال بكل شعرة حسنة قلنا يارسول الله فالصوف قال فكل شعرة من الصوف حسنة.

Ҳазрати Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу:

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонликнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадик.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати” дедилар.

Биз:

“Ундан бизга нима наф бор?” дедик.

У зот:

“Ҳар бир тук эвазига битта ҳасана” дедилар.

Биз:

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?” дедик.

У зот:

“Юнглардан ҳар бирига битта ҳасана” дедилар” (Мустадрак).

عن ابي سعيد الخدرى رضى الله عنه قال قال رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لفاطمة قومي إلى اضحيتك فاشهديها فان لك باول قطرة تقطر من دمها يغفر لك ما سلف من ذنوبك قالت يا رسول الله هذا لنا اهل البيت خاصة اولنا وللمسلمين عامة قال بل لنا وللمسلمين عامة.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:

“Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.

Шунда у (Фотима онамиз):

“Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз оли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар.

Шунда у зот:

“Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар” (Мустадрак).

Одам алайҳиссаломдан то Исло алайҳиссаломгача қурбонлик гўштини ейиш жоиз бўлмаган. Улар даврида қурбонлик Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлса, бир олов келиб, уни куйдириб юборар эди. Уммати Муҳаммадияга келиб, Аллоҳ таоло қурбонлик қилувчига ўзини қурбонлиги гўштини ейишни ҳалол қилди(32).

 

ҚУРБОНЛИК ВОЖИБ БЎЛА ТУРИБ ҚУРБОНЛИК ҚИЛМАСЛИК БОРАСИДА КЕЛГАН ВАЪИДЛАР

 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ وَجَدَ سَعَةً لأَنْ يُضَحِّىَ فَلَمْ يُضَحِّ فَلاَ يَحْضُرْ مُصَلاَّنَا».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин” дедилар” (Сунани кубро).

Бу ҳадисдан қанчалар норозилик аломати зоҳир бўляпти. Нима? Бирор мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг норозиликларига бардош қила оларканми? Бу норозилик, зиммасига қурбонлик вожиб бўла туриб, қурбонлик қилмаган кишилар учундир.

 

МОЛДОР КИШИЛАРНИНГ ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШДАГИ НУҚСОНЛАРИ

 

Сўнги пайтларда кўпчилик одамлар бепарволиклари туфайли қурбонликни қоидага мувофиқ адо қилмаяптилар. Ваҳоланки у қоидаларга риоя қилиш ва уларга эътибор бериш зарур эди. Баъзи молдор кишилар зиммаларига қурбонлик вожиб бўла туриб, қурбонлик ҳақида заррача ҳам фикр юритмайдилар. Бундай кишилар ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифда қаттиқ ваъидлар келган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин” дедилар”. Ийдгоҳ ўзи шундай жой-ки, ҳатто зиммасига намоз ўқиш вожиб бўлмаганлар ҳам бу ерга жамланишга тарғиб ва ташвиқ қилинади. Бу ҳукм исломнинг аввалида бўлган эди. Ўша пайда ҳайз кўрган аёллар ҳам ийдгоҳда ҳозир бўлишарди. Аслида эса ҳоиза аёлга ҳатто намоз ўқиш ҳам жоиз эмас. Лекин бу ҳукм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларигагина хос бўлиб, кейинчалик фитналар хавфининг олдини олиш учун бекор қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига эътибор беринг, у зот “Кимки қурбонлик қилишга имкон топиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин” деб ҳукм қилмоқдалар.

Қурбонлик қилмайдиган кишидан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалик нафратланганликлари маълум бўлди. Бундай шахсга мусулмонлар ийдгоҳининг яқинига ҳам йўламаслик ҳукми берилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заррача ҳам муҳаббати бўлган киши учун бу гап жуда қаттиқ гап! Лекин афсуски, қурбонликка шу қадар таъкид бўла туриб ҳам баъзи киишилар бу борада бепарволик қиладилар.

 

ҒАРИБ КИШИ УЧУН ҚУРБОНЛИК

 

Ғариб киши учун қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб бўлган амаллардандир. Бу нарса Қуръон оятларидан маълум бўлади. Алло таоло: Инсонлар байтуллоҳга пиёда келиша” дейди. Бу оятдан маълум бўладики пиёда келувчилар ғариб бўладилар.

Кимга қурбонлик вожиб бўлса, унининг зиммасига қурбонлик қилиш зарур ва қилиши ҳам керак. Моли ҳақиқий ёки ўлик нисобга етмаган кишиларга қурбонлик қилиш вожиб эмас. Аммо моли нисобга етмаса ҳам қурбонлик қилишга қурби етса ва у сабабли бўйнида вожиб бўлган бошқа ҳақлар зойил бўлмаса, бундай кишиларга ҳам қурбонлик қилиш муносибдир. Чунки қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, энди у чорасиз.

 

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ ЖОИЗ БЎЛМАГАН ИНСОНЛАР

 

Баъзи кишилар ўта ночор ёки уларнинг зиммасида заҳирадан ташқари бандаларнинг ҳақлари ҳам бор бўлса, энг аввал уларни адо қилиши шартдир. Лекин баъзи инсонлар фахрланиш ёки риё учун барча ҳақлардан кўз юмиб, яъни уни кейинга ташлаб, олдиндан ҳамиша бизнинг ҳузуримизда қурбонлик бўлиб келган деб қурбонликка қаттиқ туришади. Ҳеч паст келишмайди. Агар ўзларида маблағ бўлмаса, қарз олиб бўлса ҳам қилишади.

Баъзи кишиларни кўрсангиз, ўликларига ҳам қўшиб бир неча ҳисса қурбонлик қилишади. Тирикларнинг вожиб бўлган ҳақларини эса, унитиб қўядилар. Ваҳоланки аслида бир танга қарзни адо қилишлик, юз дирҳамга қурбонлик сотиб олишдан яхшироқдир. Бу суратда бировнинг ҳақини адо этмаганига алоҳида гуноҳкор бўлса, нияти бузуқлигининг гуноҳи алоҳида бўлади.

Албатта, бирор кишининг ҳақи зоеъ бўлмаса ва риё аломати бўлмаса, нафл қурбонлик қилиш мустаҳаб ва муҳаббатнинг белгисидир. Шунингдек омма мусулмонлар томонидан, дин катталари томонидан, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қурбонлик қилиш мандуб амалларнинг энг суюклисидир, яъни мустаҳаб ишларнинг энг афзалидир. Нафл қурбонлик қилиш манфаат, лекин бировларнинг ҳақларини, қарзларини адо этмаслик зарардир. Зарар етмагандагина нафл қурбонлик қилиш жоиз бўлади.

 

ҚУРБОНЛИКНИНГ ҲАҚИҚАТИ

 

عن زيد بن ارقم رضى الله عنه قال قلنا يا رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ما هذه الاضاحي قال سنة ابيكم ابراهيم قال قلنا فما لنا منها قال بكل شعرة حسنة قلنا يارسول الله فالصوف قال فكل شعرة من الصوف حسنة.

Ҳазрати Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу:

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонликнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадик.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати” дедилар.

Биз:

“Ундан бизга нима наф бор?” дедик.

У зот:

“Ҳар бир тук эвазига битта ҳасана” дедилар.

Биз:

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?” дедик.

У зот:

“Юнглардан ҳар бирига битта ҳасана” дедилар” (Мустадрак).

Фойда: Биргина қўйни қурбонлик қилиш билан Иброҳим алайҳиссаломнинг издошлари ҳисобланиш қанчалар улуғ ва раҳматли иш-а?. Иброҳим алайҳиссалом сўраб ёлворишлардан кейин кўрган қариликдаги энг суюкли ўғилларини қурбонлик қилганлар. Бундан ортиқ қурбонликнинг яна қандай фазилати бўлиши мумкин.

 

НИМА УЧУН НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМГА ТОБЕЪ БЎЛИШГА БУЮРИЛГАНЛАР

 

Шу ерда бир савол пайдо бўлади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ҳамма миллат ва мазҳабларни мансух қилса, нима учун қурбонлик қилишда Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатларига тобеъ бўлишга нима учун буюрилган?

Жавоб: Иброҳим алайҳиссалом миллатига тобеъ бўлишлик, миллати Иброҳим бўлиш жиҳатидан эмас, балки, у аслида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ва “миллати Иброҳимий” ҳам у кишининг лақабларидир. Бу лақаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иккала дин ўртасида аслий ва фаръий ҳукмларда ўхшашлик, мутаносиблик бўлгани сабабли берилган.

Аллоҳ таоло: “Иброҳим алайҳиссаломга эргашинглар” демади, балки, “Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига эргашинглар” деди.

Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларидир.

Миллати Иброҳим дейилишидан мурод, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Иброҳим алайҳиссалом ўрталарида ҳам шариат, ҳам насаб жиҳатидан яқинлик борлиги учундир. Насаб жиҳатидан яқинликлари маълум. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломнинг авлодларидандир. Шариат жиҳатидан яқинликлари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари Иброҳим алайҳиссаломнинг шариатларига ҳам аслий, ҳам фаръий жиҳатдан яқиндир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:

فَاتَّبِعُوا مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا

“Ҳаниф бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига эргашинглар” (Оли Имрон 95 оят) деди.

 

ҚУРБОНЛИКНИ ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ СУННАТЛАРИ ДЕЙИЛИШИГА САБАБ НИМА?

 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликни Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатлари дедилар. Аммо Иброҳим алайҳиссалом қилган амаллари билан жонивор сўйиш ўртасида фарқ бор. Иброҳим алайҳиссалом ўз фарзандларини забҳ қилишга буюрилган бўлсалар, бизнинг шариатимизда эса, жонивор сўйишга буюрилганмиз.

Савол: У ҳолда биз қилаётган қурбонлик амали қандай қилиб Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатлари бўлиши мумкин?

Жавоб: Иброҳим алайҳиссаломга ўғилларини забҳ қилишга берилган ажр ҳеч камаймаган ҳолда бизга ҳам берилади. Ушбу савоб жиҳатидан уларнинг йўлларига эргашган ҳисобланамиз. Икки амал аслида алоҳида-алоҳида бўлса ҳам иккисидан кўзланган асл мақсад бир бўлганлиги сабабли ҳукми ҳам, савоби ҳам бир ҳил бўлиб кетди.

Гўёки, эй уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сизларнинг жонивор забҳ қилишларингизга Иброҳим алайҳиссалом фарзандини қурбон қилганининг савоби берилади дейилаётгандек.

Қаранг! Қурбонликнинг қай даражада фазилатли эканлиги ушбу ҳадисдан маълум бўляпти.

Эътиборга молик нарса шуки, агар бир подшоҳ ўз сарой аҳлларига ҳадя улашмоқчи бўлса, ўзига яқинлиги ва лавозими юқорилигига қараб, уларнинг мартабасига мувофиқ инъом беради. Сўнг улардан қай бирининг даражаси пастроқ бўлса, шу мавқеига муносиб мукофотлайди. Масалан, вазирларга улкан инъомлар берилади. Хизматчи ва ходимларга эса, камроқ берилади.

Аллоҳ таолонинг наздида пайғамбарларнинг даражаси барча махлуқотларникидан зиёдадир. Уларнинг ичида Иброҳим алайҳиссаломнинг даражаси ва мақоми улуғ бўлганлиги учун Аллоҳ таоло у зотни ҳалилим деб атади. Демак у кишига бериладиган инъом подшоҳ ва вазир ўртасидаги муомаласига қаралса катта бўлиши керак. Келтирилган маълумотлардан Иброҳим алайҳиссалом қилган ишларини айнан ўзини бошқа биров қилган тақдирда ҳам, ўшанча савобга эришолмаслиги маълум бўлади, яъни бордию бирор киши фарзандини қурбонлик қилишга буюрилиб, шу ишни амалга оширган тақдирда ҳам Иброҳим алайҳиссаломга берилган даража ва савобга лойиқ саналмайди. Энди фарзандини қурбонлик қилишдан паст даражадаги амални қилиш билан у даражага етишишни айтмаса ҳам бўлаверади.

Бизни бирор жониворни қурбонлик қилишимиз фарзандини забҳ қилишдан бир неча баробар даражаси кам бўлишига қарамай, Иброҳим алайҳиссаломга берилган савобни айни ўзини камаймаган ҳолатда бизга ҳам берилишини Аллоҳ таоло белгилаб қўйди.

Қаранг! Бизга қанчалар улуғ инъом берилмоқда! Бу Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун берилган улкан лутф ва карамдир.

 

ҚУРБОНЛИК ВОЖИБ БЎЛМАСА ҲАМ ҚИЛИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛИШ

 

Қурбонликнинг фазилати ва савоби улуғ бўлганидан ҳали зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмаган кишилар ҳам уни қилишга ҳаракат қилишлари ва савобидан баҳраманд бўлишга интилишлари лозим. Ахир дунё қувончи учун қанча бўлса, шунча сарфлаган инсон Аллоҳнинг розилиги учун бироз маблағ сарф қила олмайдими? Нима нарса зиммамизда фарз ёки вожиб бўлса, ўшаларнигина адо этамиз, десангиз, у ҳолда дунё ишлари борасида нега шу гапингизга амал қилмаяпсиз?

Аслида заруратнинг миқдори шуки, жон сақлаб юришлик учун арпа унидан бўлган нон ҳам кифоя қиларди, лекин сиз бу билан кифояланмай, палов ва кабобларни нима учун еяпсиз? Иссиқ ва совуқликнинг ҳалокатидан сақланииш учун дағал, қўпол матолар ҳам ярайди, аммо юпқа ва нафис матолардан бўлган кийимларни нимага кийяпсиз?

Нафсингизни хурсанд қилиш учун зарурий бўлмаган ишларни ҳам қиласиз, динни ишига келганда эса, шу зарурми?, дейсиз. Сизнинг бу гапингиздан: “Агар қурбонлик қилмаслигимда катта гуноҳ бўлмаса қилмайман, йўқса қилишга мажбурмиз энди бошқа иложимиз қанча”, деган нарсани тушуниш мумкин.

Эътиқодни тўғирлаш учун зарур ва зарур бўлмаган нарсалар илмини сўраб билиб олиш яхши. Чунки зарурий бўлган ишларни зарурий, зарурий бўлмаган ишларни зарурий эмас, деб эътиқод қилиш вожиб. Лекин амал қилиш учун: “Шу ишни қилсам Аллоҳ мендан кўпроқ рози бўладими?” деб сўралса яхши бўларди.

Агар Аллоҳ бирор амалдан жуда хурсанд бўлиши сизга маълум бўлса, ҳеч ўйланмасдан кучли рағбат билан ўша ишни қилишга ҳаракат қилинг.

Кўпгина инсонлар динга муҳаббатлиман даъво қилишади, намоз ва шунга ўхшаш бошқа амалларда жуда мустаҳкам бўлишади, аммо бир-икки сўм сарф қилиш вақти келса, ҳийла қидиришга киришиб кетадилар. Бу иймоннинг заифлиги аломатидур.

 

МУҲАББАТНИНГ ЁЛҒОН ДАЪВОЛАРИ

 

Шу ўринда қуйидаги ҳикояни келтириш ўринли бўлади. Бир қишлоқи шахсни бир киши ниҳоятда паришон, ранги‑рўйи бир аҳволда, йиғлаб ўтирганини кўрди. Яқинида эса бир халта тўла нон бор эди.

Йўловчи: “Нега йиғлаяпсиз?” деди.

У киши: “Итим ўляпти” деди.

Йўловчи: “Ҳалтадаги нима?” деди.

У киши: “Нон” деди.

Йўловчи: “Шундай экан нима учун нондан итизга ҳам бермаяпсиз?” деди.

У киши: “Итга нон берадиган даражада муҳаббатим йўқ. Бу нонларни олиш учун қанча пул сарфлаганман. Лекин фақат кўз ёш тўкиб беришга етарли муҳаббатим бор, чунки бу текин-да!” деди.

Баъзи кишларнинг “муҳаббатим бор” деб даъвоқилишлари шунга ўхшайди. Қачон сарф-харажат қилиш керак бўлса, муҳаббатдан асорат қолмайди. Ваҳоланки, қурбонлик қилиш аслида харажат эмас. Чунки садақот ва яхшиликлар учун сарф бўлган маблағлар бекордан бекорга зоеъ бўлмайди. Чунки, сарфланган маблағларнинг барчаси ўзи учун бўлади. Балки қурбонликнинг заррачаси ҳам кишининг қўлидан беҳуда чиқиб кетмайди. Ундан ташқари қурбонлик гўштларини савоб ҳосил қилиш учун тарқатиш ҳам зарур эмас. Балки ихтиёрий бўлиб, хоҳласа тақсим қилсин, хоҳласа ўзи истеъмол қилсин. Фақат қурбонлик гўштини сотиш мумкин эмас. Гўштни ҳаммасини ўзида олиб қолса ҳам савоби етаверади.

 

ҲАЗРАТИ ИБРОҲИМ ВА ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМЛАРНИНГ ВОҚЕАСИ

 

Ҳазрати Исмоил алайҳиссалом сут ёшидаги бола эдилар. Оталари Иброҳим алайҳиссаломга аёллари Хожар ва ўғиллари Исмоил алайҳиссаломларни Маккаи муаззаманинг майдонида қолдириб кетишликка ҳукм бўлди.

Иброҳим алайҳиссалом аҳли аёлини сув ҳам, нон ҳам йўқ бўлган, бир кимсасиз оролга Аллоҳ таоло ҳукмига амал қилиб, уларни ўша ерда қолдириб келдилар.

Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар ва ваҳий соҳиби эдилар. Лекин Хожар онамиз аёл киши бўлишлари билан бир қаторда қўлларида эмизикли гўдаклари ҳам бор эди. Арабистон ярим оролида нон, сув у ёқда турсин ваҳший ҳайвонлар еб кетиш хавфи ҳам бор эди. Лекин буларнинг барчаси ҳақида улар ўйлаб-ўтирмай Аллоҳ бюрган ҳукмни амалга оширдилар. Ҳожар онамиз хўжайинларига: “Бизларни бу ерга ўз райингиз билан қолдириб кетяпсизми ёки Аллоҳнинг ҳукми биланми?” дедилар. Иброҳим алайиссалом: “Аллоҳнинг ҳукми билан” деб жавоб бердилар. Хожар онамиз: “У ҳолда Аллоҳ бизни зоеъ қилмайди” дедилар.

Қаранг! Иброҳим алайҳиссалом: “Бу Аллоҳ таолонинг ҳукми” деганларидан кейин Хожар онамизда бутунлай хотиржамлик пайдо бўлди. Аллоҳ таоло уларга таваккал қилишни насиб қилган‑а! Иброҳим алайҳиссалом Ҳожар онамизга бироз сув билан озроқ хурмо бериб кетганлар. Исмоил алайҳиссаломни чанқоқлик қийнай бошлади. У ерда Сафо ва Марва номли икки тоғ бор эди. Улар ҳозир ҳам мавжуд. Ўша пайтда у иккисиинг ўртаси чангалзорлардан иборат эди. Ҳозир эса, у ерда катта бозор мавжуд. Ҳазрати Хожар онамиз паришон ҳолатда сув қидириб тоғнинг тепасига чиқдилар. У ён бу ёнга қарадилар. Бирор жойда сув кўринмади. У ердан тушиб бошқа тоғ тарафга юрдилар. Шу билан бирга Исмоил алайҳиссаломни ҳам назардан қочирмасдилар. У икки тоғ ўртасида бир водийча масофа бор эди. Пастликка тушсалар Исмоил алайҳиссалом кўринмай қолар эди. Шу сабабли Хожар онамиз ўша жойни югуриб босиб ўтардилар. Ўғиллари Исмоил алайҳиссалом кўринганларидан кейин хотиржам бўлардилар. Қарама-қарши томонга чиқиб атрофга назар сола бошладилар. Аммо бирор жойда сув кўринмади. Уердан тушиб, фарзандларини аҳволини кўриб сабр қила олмай, сув топилиб қолар деган умидда етти марта у тоғдан бу тоққа, бу тоғдан у тоққа бориб келдилар. Бу изтиробли ҳаракатга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлди ва Жаброил алайҳиссаломга: “Исмоил алайҳиссаломга сув чиқариб беринг” деб буюрди.

Жаброил алайҳиссалом келиб, Исмоил алайҳиссаломни чанқоқ,бетоб бўлиб йиғлаётганларини кўрдилар. Жаброил алайҳиссалом товонларини ерга урдилар ва у ердан бир булоқ отиллиб чиқди. Шунда Хожар онамиз: “Замзам, замзам” дедилар ва у булоғ манашу ном билан ҳозиргача аталади.

Аллоҳ таолога ўзининг мақбул бандаларининг баъзи феллари жуда ҳам маъқул келади. Гарчи у ибодат тарзида бўлмай, шунчаки одат тарзида бўлса ҳам.

 

ҲАЗРАТИ ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ ЎҒИЛЛАРИ ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШЛАРИ

 

رَبِّ هَبْ لِي مِنَ الصَّالِحِينَ فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ قَدْ صَدَّقْتَ الرُّؤْيَا إِنَّا كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْبَلَاءُ الْمُبِينُ وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ وَتَرَكْنَا عَلَيْهِ فِي الْآخِرِينَ سَلَامٌ عَلَى إِبْرَاهِيمَ كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ.

“(Парвардигорим,) Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин. Бас Биз унга бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик. Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан». Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик). Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Иброҳимга салом бўлгай” (Соффат 100‑ 109 оятлар).

Иброҳим алайҳиссалом Шомга етишлари билан қуйидаги дуони: “Эй Роббим! Менга солиҳ фарзанд бергин” ўқиди. Бас Биз унга бир ҳалим ўғилнинг ҳушхабарини бердик.

Иброҳим алайҳиссалом кўрган тушларини ўғилларига айтишларидан олдин ўйланиб: “Ўғлим рози бўладими ёки қарши бўладими?” дедилар. “Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлган эди”, Иброҳим алайҳиссалом уни тушларида сўяётган ҳолатда кўрдилар.

Изоҳ: Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом тушларида берилган фармоннинг ўзи биланоқ ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга отландилар.

Буни ўғилларига қандай етказиш ҳақида узоқ ўйладилар. Улар ўғиллари бу ҳолатни қандай қабул қилиши ҳақида тасаввур қилиб кўрдилар. Агар ўғлим бу масалада менга рози бўлса нур устига аъло нур, аммо қарши чиқса, унга тушунтираман. Шу нарсалар борасида фикр юритиб Исмоил алайҳиссаломга: «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эдилар. У: «Эй отажон, бу борада мендан сўрашингизнинг нима зарурати бор, сизга(тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсиз» деди. Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эди, ва бўйнини узиб ташлашга қасд ҳам қилган эдики, биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Энди биз у ҳукмни мансух қилдик, сиз уни тарк қилинг. Исмоил алайҳиссаломнинг жонлари сақланиб қолди. Олий мақомлар зиёдаси билан уларга ато қилинди. Аллоҳ таоло: “Албатта Биз чиройли амал қилгувчи мухлис бандаларни мана шундай мукофотлармиз” деди.

Ҳақиқатда бу катта имтиҳон эди. Унга комил мухлис бўлган бандалардан бошқаси бардош қила олмас эди. Аллоҳ таоло: “Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик). Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Иброҳимга салом бўлгай” деди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом номларига ҳозиргача “алайҳиссалом” қўшиб айтилади. Чунки, бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Биз мухлис бўлган бандаларни мана шундай мукофотлармиз” деди.

 

ҚУРБОНЛИК ТАРИХИ ВА УНИНГ БОШЛАНИШИ

 

Иброҳим алайҳиссаломга тушларида: “Сиз ўз фарзандингизни жонини бизга фидо қилинг” деган амр бўлди. Ҳақиқатда ҳамма нарсадан энг маҳбуби инсоннинг ўз жони, ундан сўнг фарзандларининг жонидир. Иброҳим алайҳиссалом бу ҳукмни Исмоил алайҳиссаломга баён қилдилар. Бу воқеада энг ажабланарлиси Исмоил алайҳиссаломнинг бу ҳукмга рози бўлишларидир. Ўша пайтда у ўн уч ёшлар атрофида, Аллоҳ таолога ўз жонини фидо қилишга тайёр бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом ўша пайтда пайғамбарлик мақомида, комил маърифат эгаси, “Аллоҳнинг халили” деб лақабланиб бўлган эдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг шундай ҳолатда туриб ўғлини қурбон қилиши, Исмоил алайҳиссаломни у ҳукм ҳақида ўйлаб ҳам кўрмай рози бўлганлари олдида ажабланарли эмас.

Аслида бу нарса Иброҳим алайҳиссаломнинг файзлари сабаблидир. Чунки, Иброҳим алайҳиссалом файзлари сабабли фарзандлари ҳам Аллоҳнинг ошиқига айланган эди.

Исмоил алайҳиссалом: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Инша Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан» дедилар.

Иброҳим алайҳиссалом ўғили Исмоил алайҳиссаломни пешоналарини бир нарса устига қўйиб забҳ қилишни бошлаб, куч билан пичоқни тортган эди, пичоқ кесмади. Чунки Иброҳим алайҳиссаломга “сўйинг” деб, пичоққа эса “сўймагин” деб ҳукм бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом ғазабланиб пичоққа: “сенга нима бўлди, нима учун кесмаяпсан” дедилар. Пичоқ: “Эй Иброҳим! Сиз ўз ишингизни қилинг, мен ўз ишимни қиламан. Чунки сизга бошқа ҳукм, менга бошқа ҳукм буюрилган” деди.

Дарҳақиқат пичоққа “Ўтмас бўл” деб ҳукм бўлган эди, у ўтмас бўлди. Иброҳим алайҳиссаломга эса “Сўйинг” деб ҳукм бўлган эди, улар сўйишга киришдилар. Шу пайтда ғайбдан овоз келди: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Иброҳим алайҳиссаломнинг бу амалларига қурбонлик қилиш масаласи тартиб топди. Аллоҳ таоло унинг бу амалига ниҳоятда улкан амал деб баҳо берди. Чунки у зот ўз тарафларидан қилиниши керак бўлган ишни мукаммал адо этган эдилар. Улар ўғилларини сўйишга ётқизиб уни бўйнига пичоқ тортаётган вақтларида пичоққа сўйма деб амр бўлганини билмаган ва пичоқ ҳам ўз ишини қилмаслигидан бехабар эдилар. Балки, пичоқни тортаман ва шу билан қурбонлик иши тамом бўлади деб ўйлаган эдилар.Чунки ўғилларини тушларида сўйиб бўлган эдилар. Энди натижа қандай бўлиши у кишининг ихтиёрларидан ташқари иш эди.Гарчи пичоқ сўймаган бўлсада у зот улкан ишни адо этган эдилар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)”.

عن زيد بن ارقم رضى الله عنه قال قلنا يا رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ما هذه الاضاحي قال سنة ابيكم ابراهيم قال قلنا فما لنا منها قال بكل شعرة حسنة قلنا يارسول الله فالصوف قال فكل شعرة من الصوف حسنة.

Ҳазрати Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу:

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбонликнинг ҳақиқати нима?” деб сўрадик.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати” дедилар.

Биз:

“Ундан бизга нима наф бор?” дедик.

У зот:

“Ҳар бир тук эвазига битта ҳасана” дедилар.

Биз:

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?” дедик.

У зот:

“Юнглардан ҳар бирига битта ҳасана” дедилар” (Мустадрак).

Ҳадисда қурбонлик қилиш Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати ва бу суннат ўз ўғилларини забҳ қилишлари билан жорий бўлган эди. Сўнг Аллоҳ таоло қўчқорни Исмоил алайҳиссалом ўринларига берди. Бундан қурбонлик сифатида жонлиқ сўйиш ўғилни сўйиш мақомида эканлигидан дарак беради. Чунки Иброҳим алайҳиссаломда шундай бўлган эди.

Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло: “Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман”. Бизнинг “Қурбонлик жонворини сўйишимиз ўғилнинг ўрнига қоим мақомдир ва бизга ҳам Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини забҳ қилгандаги савоб етади” деб гумонимиз шундай пухта бўлмоғи лозимдур. Агар кимки қилаётган қурбонлигини ўз фарзандининг қурбонлигидан эваз деб тушунмай балки оддийгина қўй сўйяпман деб қасд қилса ихтиёри ўзида.

 

ҲАЗРАТИ ИБРОҲИМ ВА ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМЛАРНИНГ ҚИССАЛАРИДАГИ ИЛМ- МАЪРИФАТ ВА ҲАҚИҚАТ

 

Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғилларини забҳ қилаётганларини кўрдилар. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг кўрган тушлари ваҳий бўлади, шу сабабли ўғиллари Исмоилни сўйиш жойига олиб бордилар. Бу ерда ўз тушларини шундай баён қилдилар: «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин».

Субҳаналлоҳ Пайғамбар алайҳиссаломларнинг таълимотлари шу қадар ажиб ва енгил тарзда бўлади. Сўзлашаётган одамга буткул юк юклаб қўймай, балки уларга савол тарзида мурожаат қиладилар. Бу хос тариқанинг таъсири эшитувчи хурсанд бўлиб, таълимни дарҳол қабул қилишида сезилади. Шу услубдаги таълим тури ниҳоятда самаралидир. Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломни сўйишдаги қарорлари қатъий эди. Шундай бўлса ҳам ўғилларига: “Мен тушимда сени қурбонлик учун сўяётганимни кўрдим. Шунинг учун сени фалон жойга сўйиш учун олиб бораман, тайёр бўлиб тур” демай, бу сўзни шу қадар енгил ҳолда баён қилдилар: “Эй ўғлим мен шундай туш кўрибман, сизнинг фикрингиз нима?” деб ўғилларига маслаҳат солдилар. Ҳозирда ҳам бирор шахс шу тарздаги таълимни ихтиёр қилса, ниҳоятда таъсирли ва самарали бўларди.

Исмоил алайҳиссалом тезда: “Жавобини нима ҳам дердим? Аллоҳ сизга нима ҳукм буюрган бўлса, уни адо қилинг. Мен ҳозир қасдимда қатъийман, аммо ўша сўйиш пайтида озгина саросимага тушсам ҳам инша Аллоҳ мени сабр қилувчи ҳолда топасиз” дедилар. Буни эшитиб Иброҳим алайҳиссалом сўйиш учун тайёр бўлдилар ва ўғилларини ерга ётқизиб, ўткир пичоқ билан бўйниларига қаттиқ-қаттиқ ишқалай бошладилар. Лекин ҳарчанд уринсалар ҳам пичоқ кесмас эди. Шу пайт бошқа томондан: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (кўчқор) сўйишни - қурбонликни эваз қилиб бердик” деган овоз келди.

Баъзи ривоятларда Исмоил алайҳиссаломнинг эвазига жаннатдан бир қўй қурбонлик учун юборилди, деб келади. Ҳақиқатда бу воқеада Иброҳим алайҳиссалом учун қаттиқ имтиҳон бор эди. Инсон ҳаётдан безор, мағлубият аламини тортаётган кайфиятда эҳтимол ўз фарзандини забҳ қилиши мумкиндир. Лекин ақли –ҳуши жойида кайфияти мўтадил бўлган ҳолда ҳаргиз бундай ишга журъат қила олмайди. Балки фарзандини қурбонлик қилгандан кўра ўзини ўлдириб қўйгани осонроқ. Шу нарса аёнки, Иброҳим алайҳиссалом бу ишлари ҳушёр, кайфиятлари жойида бўлган ҳолатларида содир бўлган эди. Ҳиссётлари ёмон ва мағлубият ҳолатда бўлганларини бу ерда шубҳаси ҳам йўқ эди. Чунки Набий алайҳиссаломлар ҳеч қачон бундай ҳолатларга ҳақиқатлар уларнинг идрокидан ғойиб бўладиган даражада мағлуб бўлмайдилар.

Бошқа тарафдан яна Аллоҳ таоло “Эй Иброҳим батаҳқиқ сиз тушни тўғри бажардингиз” деб турибди. Иброҳим алайҳиссалом бу ишни Аллоҳнинг ҳукмини амалга ошириш ниятида қасддан қилган эканликлари “соддақта”нинг иснодидан маълум бўлмоқда. Агар ўзини билмай қолган ҳолатда қилганда, қасд мукаммал бўлмасди.

Учинчидан, Аллоҳ таоло оят давомида: “Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос”.

Бу жудаям қаттиқ имтиҳон эди. Бундан Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўз ихтиёрлари, ҳиссиётлари жойида бўлган ҳолда қилганликлари маълум бўлади.Чунки кишининг ҳуши жойида бўлган пайтдаги синов унинг учун имтиҳон бўлади. Ҳиссиётини бошқара олмаган одам нима қилса, уни беихтиёр қилади. У ерда Аллоҳ тарафидан бирор‑бир имтиҳон бўлмайди. Мақсад, ҳиссиётларга мағлуб бўлишдан Анбиё алайҳиссаломлар маъсумдирлар.

 

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ ЎҒИЛЛАРИНИ ҚУРБОНЛИК ҚИЛГАН ЭДИЛАР

 

Иброҳим алайҳиссаломдан икки иш содир бўлди. Бири ўғлини забҳ қилишлари бўлса, иккинчиси қўйни забҳ қилишлари. Баъзи инсонларда: “Икки иш қачон содир бўлибди. Фақат қўй сўйганлар-ку, ўғилларини эмас” деган савол пайдо бўлади. Лекин бундай саволлар шаръий қоидани эшитганимиздан кейин буткул кўтарилиб кетади. Шариатда савобга ёки гуноҳга сазовор бўлишнинг суянилган йўли бир ишни пухта ирода қилинишидир. Гарчи у ишни бажарилишида шароит бўлмай қолса ҳам ёки бирор монеъ сабабли амалга ошмай қолса ҳам.Чунки бундай суратда ўша ишнингн иродаси у шахс тарафидан пухта қасд қилиниб бўлган эди. Шунинг учун ҳам ё савобга ёки азобга ҳақли бўлади. Масалан бир киши зино қилишни қаттиқ ирода қилди ва у жойга бориб зинога тайёр бўлди. Иттифоқо том босиб қолиб у киши ўлди. Ваҳоланки у зино қилмаган эди. Аммо азобга ҳақдор бўлади. Шариатда зинокор деб ҳукм қилинади. Чунки унинг иродаси зино қилишга пухта эди. Агар монеъ бўлмаганда албатта қиларди. Шунингдек бир киши намоз ўқишлик иродаси билан турди, аммо зилзила содир бўлиб уни том босиб қолиб вафот этди. Намоз ўқиганнинг ажрини олаверади. Чунки иродаси қатъий эди.

Бу ерда ҳам Иброҳим алайҳиссаломга ўз ўғилларини забҳ қилишга амр бўлгач, тезда унинг ижобатига пухта ирода қилдилар ва ҳақиқатда ўша ишни амалга оширдилар. Забҳнинг маъноси “пичоқни ҳалқумга юрғизиш”дир ва бу феъл Иброҳим алайҳиссаломдан тўлиқ тарзда содир бўлди. Энди пичоқни кесиш ёки кесмаслиги бошқа нарса. Муҳими Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини забҳ ҳам қилдилар ва савобга ҳақдор ҳам бўлдилар.Чунки Иброҳим алайҳиссаломга вожиб бўлган нарса Аллоҳнинг буйруғини бажариш холос. Натижа унинг қўлида эмас. Балки натижа қандай бўлиши Аллоҳнинг қўлидаги иш. Натижаси учун сўралиниб, савоб ёки азобга дучор бўлмайдилар.

 

ЗАБҲ ҚИЛИНГАН ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОММИ ЁКИ ИСҲОҚ АЛАЙҲИССАЛОММИ?

 

Илм аҳллари ўртасида Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилганмилар ёки Исҳоқ алайҳиссаломни?, деган савол борасида ихтилоф мавжуд.

Жумҳур уламолар наздида у Исмоил алайҳиссалом эдилар ва мана шу гап саҳиҳдир. Бунга далил, Аллоҳ таоло фарзандни қурбонлик қилиш қиссасини баён қилиб давомида: “Биз унга Исҳоқнинг ва унинг ортидан Яъқубнинг башоратини бердик” дейди. Демак, оятдан маълум бўладики, қурбонлик воқеаси Исҳоқ алайҳиссаломнинг башоратидан олдин содир бўлган. Шу сабабли забҳ қилинган фарзанд Исҳоқ алайҳиссалом бўлиши ҳам мумкин эмас.

Иккинчи далил, бола забҳ қилинаётган вақтида ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Чунки ояти каримада: “Қачонки бола Иброҳим алайҳиссалом билан бирга юрадиган ёшга етганда...” деб қайд этилган. Бу ҳолат эса балоғатга етишдан анча олдинги жараён. Бошқа тарафдан оятда Исҳоқ алайҳиссаломни соҳиби авлод бўлишлари, яъни Исҳоқ алайҳиссаломдан Яъқуб дунёга келиши баён қилинди. Демак, бундан Исҳоқ алайҳиссалом забҳ қилинмайди, балки унинг ортидан болалар дунёга келади, деган нарса маълум бўлади. Агар фаразан Исҳоқ алайҳиссалом забҳ қилинганларида, у кишида ва оталарида сўйиш натижасиз бўлиши маълум бўлар эди. Чунки Аллоҳ таоло Исҳоқ алайҳиссаломга Яъқуб алайҳиссаломнигн башоратини бериб турибди. Авлод эгаси бўладиган бола қандай қилиб ўлиши мумкин? Яна бундай ҳолатда Аллоҳнинг “Бу улкан имтиҳон бўлди”, деган гапи қаёқда қолади. “Сиз сўйиб кўраверинг бола барибир ўлмайди, ҳали фарзандлар отаси бўлади”, дегандай бўлиб қолмайдими? Исмоил алайҳиссаломга эса бундай башорат йўқ эди. Шу сабабли ҳам маълум бўлдики забҳ қилинган бола Исмоил алайҳиссаломдир.

 

ҚУРБОНЛИК ФАЛСАФАСИ ВА УНДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАД

 

Қурбонлик аслида “қурбон” деган сўздан олинган. “Сурроҳ” деган китобда ёзилишича ‑ қурбонлик у билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган ибодатдир. Масалан, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилдим, дегани каби. Чунки инсон қурбонлик қилиши билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш талабида бўлади. Шунинг учун ҳам бу амалнинг номи “қурбонлик” деб аталди.

Қурбонлик аслида тафсилий тил билан айтганда бир таълим холос. Уни жоҳилу олим ҳаммаси ўқий олади. Аллоҳ таоло бирор кишининг қонига ҳам, гўштига ҳам муҳтож эмас. Унинг шаъни улуғ бўлган, барчани таомлантириб ўзи таомланмайдиган зот. Балки У: “Сиз ҳам Аллоҳнинг ҳузурида шу каби қурбон бўлинглар”, деб шу нарсанинг таълимини беришни хоҳлайди. Бу нарса ўз жонингиз эвазига қимматбаҳо бир жониворни қурбон қилишингиз орқали ҳосил бўлади.

Аллоҳ ва росулидан ҳам инсонга маҳбуброқ бўлган бирор зот йўқдир. Энг суюкли, оламларнинг Роббиси бўлган зотга биз учун нима нарса энг суюкли бўлса, Унга тақдим қилинади. Аллоҳ ва росулидан кейин энг севимли нарса кишининг ўз жони бўлади. Аллоҳ таоло ўз розилиги йўлида жонимизни қурбон қилишга буюрмай балки, ундан эваз қилиб бир ҳайвонни сўйишга буюрди. Бу эса унинг бизга бўлган чексиз марҳаматидир.

 

ҚУРБОНЛИКНИНГ ҲИКМАТИ

 

Қурбонликдан асл мақсад бу суннати Иброҳимга тобе бўлишлик ва ўзи учун қимматли бўлган нарсани сарф қилишликдир. Унга тобе бўлишлик фақатгина жонворни сўйишлик билан ҳосил бўлади. Гўштини хоҳ ўзига олиб қолсин ёки бировларга тақсим қилсин, фарқи йўқ. Бу ердаги мақсад жонворни забҳ қилиш. Ундан мақсад эса, Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларига тобе бўлишдир. Тобеъ бўлишдан мақсад эса, ўзингиз учун маҳбуб бўлган нарсани қурбон қилишликдир.

Аслида киши ўз ўғлини қурбон қилиш керак эди. Лекин ҳаммада ҳам ўғил фарзанд бўлавермайди. Ўғл фарзанди борлар Аллоҳ қурбон қилишга буюрган, деб қурбонлик қилишга мажбур бўлар эди ва қиларди ҳам. Аммо бу амални қилишга жуда кам одам сазовор бўла оларди. Аллоҳ таолонинг фазлини қаранг! Жонворни ўғилнинг ўрнига қоим қилиб қўйди.

 

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ БИЛАН ТАҚВОНИНГ ОЛИЙ ДАРАЖАСИ ҲОСИЛ БЎЛАДИ

 

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳга сизларнинг қурбонликларингизнинг гўшти ҳам қони ҳам етмайди, балки унинг ҳузурига сизлар тарафдан бўлган тақво етади”.

Бу ерда чуқур фикр юритиш лозим. Тақвонинг бир неча маънолари мавжуд. Тақвонинг ом маъноси инсон ҳамма амлларини шариатга мувофиқ қилиши ва барча амалларининг ортида Аллоҳни рози қилиш нияти бўлишидир. Бу маъно ҳамма ибодатларда мавжуд, яъни тақво деб омматан тушунган нарсамиз барча амалларда муштарак. Лекин ҳар бир амалнинг ўзига хос ўрни ва имтиёзлари бор. Демак ҳар бир амалдаги тақвонинг ҳам бошқа амаллардаги тақводан фарқи бўлади. Масалан, тириклик сифати инсон ва бошқа ҳайвонлар ўртасида муштарак бўлган нарсадир. Лекин барчасида бу нарса бир хил эмас, балки баъзиларининг тириклиги мукаммал бўлса, баъзилариники эса ноқисдир. Кимлардадир тириклик деган ҳаёт моддасигина бор, кимлардадир унга ҳаракат ҳам зиёда қилинган. Баъзиларда эса бу нарса камроқ. Ҳар бир навдаги жинсда бошқа бир навдаги жинсдан ажралиб турувчи эътиборли тарафлари бўлади, хоҳ моҳият эътибори билан бўлсин, хоҳ асарининг эътибори билан бўлсин. Қурбонликнинг бошқа амаллардан ажралиб турувчи алоҳида ўринлари бор экан. Демак ундага тақвонинг ҳам бошқа амаллардаги тақводан ажралиб турувчи жиҳатлари бўлиши керак.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво қилишда тақво қилинглар ва фақатгина мусулмон бўлган ҳолда вафот топинглар”. Демак комил тақво исломга кўра ўлим топишликда экан. Исломнинг маъноси киши ўзини Аллоҳи таолога топширишдир. “Кимки ўз юзини Аллоҳ таолога таслим қилган бўлса унинг дини чиройлидир. У ниятини холис қилган ва Иброҳим алайҳиссаломнинг холис динига тобе бўлган эди” Демак исломнинг маъноси ўзини Аллоҳга топшириш экан, мукаммал тақво эса, ўз жонини Аллоҳга фидо қилишдир. Яъни Аллоҳ қандай хоҳласа, ўз нафсини шу нарсаларда тасарруф қилади. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳукми билан ўз ўғлини қурбон қилишга тайёр бўлган эдилар. Қайси шахс фарзандини жонини Аллоҳ йўлида беришга тайёр бўлса, албатта у ўз жонини ҳам беришга тайёр бўлади. Чунки фарзандини забҳ қилишлик ўзини забҳ қилишдан кўра қаттиқроқдир. Демак комил тақво ‑ Аллоҳ учун жонини беришдир. Жонини топширишнинг кайфияти, киши шундай ишларни қиладики, натижада жони сарф бўлиб кетади.

 

ҚУРБОНЛИК АСЛИДА ЎЗ ЖОНИНИ ФИДО ҚИЛИШ

 

Қурбонлик воқеасидаги улкан камолот Иброҳим алайҳиссаломни камолотидир.Чунки ўзини ўзи ўлдириш кўпчиликдан содир бўлган иш ва кўп эшитган бўлсангиз ҳам керак. Аммо ўз фарзандини ўлдириш яхши отадан содир бўлиши мумкинми? У ота ўз фарзанди бўйнига пичоқ тортиши мумкинми? Лекин нима бўлганда ҳам Иборҳим алайҳиссалом ўғилларини забҳ қилдилар.

Бас қурбонликнинг асли ўзини забҳ қилишданам қаттиқроқ бўлган фарзандини забҳ қилишлик бўлди. Ақлий бир қоида, қаттиқ нарса енгилини ўз ичига олиб кетади. Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом фарзандларини эмас, балки ўз нафсларини қурбон қилган эдилар.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар биз уларга: “Ўз нафсларингизни ўлдиринглар ёки диёрларингиздан чиқиб кетинглардеб фарз қилганимизда эди, улардан озчиликлари бунга амал қилиб, кўпчилик қилмаган бўлар эди

Агар Аллоҳ хоҳлаганида ўзини ўзи ўлдиришни машруъ қилиб қўйган бўларди. Иброҳим алайҳиссаломнинг вақтларида машруъ ҳам бўлди. У зот бу амални бажардилар ҳам. Лекин Ҳақ таоло ўз раҳмати билан инсониятга енгиллик қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Биз унга эваз қилиб улкан бир қурбонликни бердик”.

Улкан қурбонликни муфассирлар: “Аллоҳ таоло тезда унга бир қўчқорни қурбонликка берди ва Иброҳим алайҳиссалом уни қурбонлик қилдилар. Демак у зотнинг динида қурбонлик машруъ эди. Қурбонликдаги асл ўзини ўзи фидо қилишликдир. Шу сабабли ҳам эътибор аслга бўлади” дедилар.

 

ЖОНИВОРНИ ҚУРБОН ҚИЛИШ АСЛИДА ЎЗ ЖОНИНИ ҚУРБОН ҚИЛИШДИР

 

Қурбонликда суратан жониворнинг жонини тақдим қиласиз, ҳақиқатда эса ўз жонингизни тақдим қиласиз. Қурбонликнинг асли ўз нафсини Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола қилишликдир.Бу ерда сизга ўз жонингиздан бир неча баробар афзалроқ бўлган жон ато қилинади. Унинг ҳақиқатини қуйида келадиган икки мисолдан билиб олишимиз мумкин:

Биринчи ҳикоя:

Осифуддавла деган жуда давлатманд бой бор эди. Бир куни отхонасига кирса, ниҳоятда камбағал, қари бир киши силлиқ тошни отларидан бирининг туёқлари остига ишқалаб ўтирганини кўрди. Бой ажабланиб: “Эй қария бу ерда нима қиляпсиз?” деб сўради.

Чол: “Осифуддавланинготларининг оёғи бир тошга тегса уни олтинга айлантириб қўяди деб эшитганман” деди.

Бой: “Тўғри эшитибсиз. Лекин сиз тошни тўғри ишқалашни билмаяпсиз.Сиз тошни ташлаб кетаверинг, мен ўзим ишқалаб олтинга айлантириб қўяман” деди. Сўнг хизматкорларига худди ўша тошнинг мислича олтинни ясаб у ерга қўйиб қўйишга буюрди. Сўнг чол эртасига келганида мана сизнинг тошингиз олтинга айланиб қолди деб бериб юборди. Худди шунингдек, биз Аллоҳ тўғрисида нима гумон қилсак, Аллоҳ таоло гумонимизни ёлғонга чиқармайди;

Иккинчи ҳикоя:

Жалолиддин Румий ўз маснавийларида келтирадилар: “Бир қишлоғда ниҳоятда ғариб камбағал киши бор эди. Унинг қишлоғида қаттиқ қаҳатчилик бўлиб, қудуқлар, ҳовузлар барчаси қуриб қолган эди. Бир куни хотини унга: “Бағдод халифасини ниҳоятда карамли, саҳоватли деб эшитганман, унинг олдига боринг, шояд бирданига камбағалик зойил бўлса” деди. Эри унга: “Халифанинг ҳузурига совға саломлар билан бориш керак. Бизда эса арзирли ҳеч нарса йўғу!” деди. Шунда хотини унга: “Бизнинг фалон чуқуримизда бироз шаффоф чучук сув йиғилиб қолган. Бундай ширин сув халифанинг ҳузурида қаёғдан ҳам бўлсин. Ўша сувни бир идишга солиб олиб боринг” деди. Бу фикр эрига ҳам маъқул бўлди. Эр сув солинган кўзачани кўтариб йўлга тушди. Хотин эса, жойнамозни солиб, эри сувни олиб халифанинг ҳузурига соғ‑саломат етиб олишини дуосини қила бошлади. Эр эса йўл бўйи: “Роббим мени ва кўзамни саломат етказ. Бирор жойда қоқилиб, синдириб қўймай” деб тинмай дуо қилиб борарди. Чунки у бечорада ҳаммаси бўлиб шу нарсаси бор эди холос. Аллоҳ‑Аллоҳ қилиб, соғ‑саломат Бағдодга етиб борди. Дорвазабон ижозат бергач, уни саройга халифа ҳузурига олиб кирди. Халифа: “Қўлингдаги нима?” деб сўради. Бадавий: “Бу жаннат суви, бундай сувни ҳеч ким ҳеч қачон ичган эмас”, деди. Халифа анча муддатдан бери очилмаган кўзанинг оғзини очишга буюрди. Унинг оғзини очишлари ҳамоно бадбўй ҳиди бутун саройни тутиб кетди.

Дўстларим! Бу ҳолат бизнинг амалларимизнинг ҳолатидир. Амалларимиз жудаям бадбўй. Лекин халифанинг қанчалик карамли ва саховатлилигини қарангки, сувнинг ҳидидан озорланганини ҳалиги бадавийга озгина бўлса ҳам сездирмади. Балки унинг сувини ниҳоятда латиф ва ширин сув экан деб мақтаб, суувини икром билан чиройли идишга солиб юқори бир жойга қўйдириб қўйди ва бадавий кетгач, уни тўктириб юборди.

Аллоҳ таоло ҳам бизнинг бадбўй амалларимизга нисбатан худди шундай муомалани қилади. У зот фақат ўзининг фазлу‑карами билангина бундай амалларимизни юқори қадрлайди. Аслида эса бу амалларимиз ҳеч нарсага арзимайди.

Сўнгра хизматкорларига кўзасини тўлдириб олтин бериб юборишга ва уни Дажла дарёси орқали қайиқда кузатиб қўйишга буюрди. Токи унинг чарчоғи чиқсин, қалбига хурсандчилик кирсин ва унга ўзининг қилган ҳадиясининг қийматию ва бизнинг унга қилган карамимизнинг юксаклигини мушоҳада қилишига имкон бўлади деди. Уни Дажланинг қирғоғига олиб боришгач, унинг сувининг кўплиги, латифлиги ва ширинлигини кўриб ҳижолатда сув-сув терга ботиб кетди. Аллоҳ, Аллоҳ Бу халифа қандаям саховатлия! Унга менинг бадбўй ва лойқа сувимнинг нима зарурати бор эди. Унинг шаҳарида шаффоф, ширин сув дарё бўлиб оқиб ётган экан‑ку, деди. Халифа унга қилган бу муомаласи бу фазлу карами фақатгина унинг дилини шод қилиш учунгина бўлгани бадавийга маълум бўлди. Аслида эса ундан ҳеч нарсага халифанинг мухтожлиги йўқ. Ўзининг ҳузурида уникидан чандон-чандон яхши нарсалар дарё бўлиб оқиб ётибди.

Дўстларим! Худди шундай муомала бизларга ҳам бўлади. Биз яхшилик деб ўйлаб қилаётган амалларимиз аслида ёмонликлардан иборат. Аммо Аллоҳ таоло фақат ўзининг фазлу‑карами билангина бу амалларимизни яхши амаллар деб қабул қилади ва бизларни ўзига итоат қилгувчилар сафига қўшиб қўяди. Аллоҳ таоло: “Уларнинг саййиотларини ҳасанотларга алмаштириб қўямиз” деган оятнинг маъноси аслида шундай.

Халифа бадавийнинг сасиб қолган суви эвазига олтинлар ҳадя қилганидек, биз ҳам Аллоҳ таолога қурбонликларимиз туфайли ўз жонимизни тортиқ қиламиз. Аслида эса бу жонимизнинг ҳақиқати бадбўйликлардангина иборат эди. Чунки бизнинг жонимиз разил сифатлар ва ёмон ахлоқлар билан сифатлангандир. Лекин Аллоҳ таоло бизларнинг бу жонимиз эвазига яхши сифатлар эгаси бўлган жон ҳадя қилади. Мана шунинг отини фано ва бақо дейилади.

 

ҚУРБОНЛИКНИНГ ЗОҲИР ВА БОТИНИ ВА УНДАГИ РУҲ

 

Анбиё алайҳиссаломларнинг тушлари ваҳий бўлади ва уларнин тушлари ростдир. Иброҳим алайҳиссалом ҳам фарзандини сўйишни ҳам тушида кўрди. Бас бу ваҳий бўлди. Шу сабабли ҳам фарзандни сўйиш собит деб таҳқиқ қилиш шаръан ҳам, луғатан ҳам тўғри бўлади.Сўйгандан кйин яна сўйишга вуқуъ бўлмади. Иброҳим алайҳиссалом бу имтиҳондан тўлиқ ўтиб бўлганларидан сўнг, Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига жаннатдан бир қўчқор юборди. Бу қурбонликнинг зоҳири бўлди.

Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир нарсанинг зоҳири ва ботини бўлади” дейилган. Шунингдек қурбонликнинг зоҳири, ботини яъни руҳи ҳам бор. Фарзандни забҳ қилиш унинг руҳидир. Демак Қурбонликнинг ҳақиқати ўз нафсини забҳ қилиш бўлди. Шу восита билан Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғилларини забҳ қилдилар. Ўз гарданингизга пичоқ тортинг демай балки, фарзандигиз гарданига пичоқ тортинг дейилди. Чунки ўзини сўйишдан кўра фарзандини сўйиш нафс учун қанчалар қаттиқ ва оғир‑а! Балки бундан кўра ўзини сўйиш осонроқ. Бирор бир ота ҳуши ўзида бўла туриб ўз фарзандини сўйишга рози бўлмайди. Тариқатдаги фанои нафс деган тушунча мана шудир яъни ўз нафсига қарши чиқиш дегани ва бу нарса фарзандини қурбонлик қилишда намоён бўлади.

Айтингчи, биз юқорида ботин деб айтган нарса қай бир матнга ёки нассга хилоф.

Ёдда тутинг! Ҳақиқий сўфийларнинг бирорта гапи Қуръон ва ҳадисга хилоф эмас. Агар хилоф бўлса, у тасаввуф эмас, балки, зиндиқликдир.

Хулоса шуки, ҳар ибодатнинг зоҳирий сурати бўлганидек ботиний руҳи ҳам бўлади. Қурбонликнинг руҳи эса, фарзанд забҳ қилиш воситасидаги фаноий нафсдир.

Фаноий нафс деб, ўз хоҳишига қарши иш тутишга айтилади. Масалан, Нафсингиз тўрт ракъат нафл намоз ўқишни хоҳласа, сиз уни саккиз ракъатга етказинг. Агар нафл рўзадан қочиб нафл намоз ўқишни хоҳласа, сиз нафл рўза тутишни ихтиёр этинг.

Шундай экан қурбонликнинг руҳи фаноий нафсдир. Қайси қурбонликда фаноий нафс топилмаса, у руҳсиз бўлибди. Энди қайси қурбонлик руҳсиз бўлса, у қурбонлик эмас.

 

ҚУРБОНЛИККА БЎЛГАН ҲУКМ ХОЖИЛАРГА ЎЗИНИ ЎХШАТИШ САБАБЛИ ҲАМДИР

 

Хожга бормаган кишига қурбонликнинг вожиб бўлиш ҳукми хожиларга ўхшаш учун воқеъ бўлган десак ҳам нотўғри бўлмайди. Қайси инсонлар Маккага бормасалар ҳаж амалларида ҳозир бўла олмасалар, хожиларга ўзларини ўхшатиш учун қурбонлик қиладилар. Чунки хажда талбия айтилса, бу ерда шунга ўхшаш такбири ташриқ айтилади. Ҳар бир оқил, балоғатга етган, мусулмон кишиларга ташриқ кунларида жамоат бўлиб намоз ўқисалар уни айтиш вожибдир. Ёлғиз намоз ўқувчига эса мустаҳаб.

Яна қурбонлик қиладиган кишига Зуҳижжанинг аввалидан то қуурбонлигини сўйиб бўлгунича соч, соқол ва тирноқларини олмай туриши мустаҳабдир. Хожиларга ҳам худди шундай. Энди кимки қурбонлик вожиб бўлмай туриб ҳам шундай қилса, кўб савобларга эга бўлади. Юқоридаги мисоллардан қурбонликни хаж амалларига ўхшашлиги маълум бўлди.

Ҳадиси шарифда келади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир киши: “Ҳажнинг ҳақиқати нима?” деб сўради. Шунда узот: “Баланд овозда талбия айтиш ва қурбонлик қонини оқизишдир” дедилар. Бу ҳадисдан қурбонликнинг ҳажга бўлган муносабати мукаммал тарзда зоҳир бўлди. Аслида қурбонлик ҳажнинг рукнларидан эмас. Аммо ҳаж билан унинг кучли алоқаси борлигидан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳажнинг ҳақиқати дедилар. Рамазондан кейин баъзилар ҳаж сафари тадоригини кўра бошлайдилар. Ҳажга боролмайдиганларнинг қалбига эса ҳасрат наштари санчилади. Шу пайтда ҳар бир мусулмоннинг қалбидан қанийди мен ҳам ҳажга борсам деган ички нидо ўтади. Аллоҳ таолонинг наздида мўъминнинг нияти жудаям улуғ ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бизларга шу ерда туриб бўлса ҳам қурбонлик қилишга буюради.

 

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШДА ҲАЖНИНГ БАРАКОТИДАН БИР ҲИССА БОР

 

Қурбонлик бизларнинг жонимиз ўрнига қоим мақом бўлди. Минодан бошқа ўринларда инсонлар қурбонлик қилар эканлар, ҳажнинг баракоти фақат ҳаж қилгувчилар учунгина бўлиб, боришга имкони йўқлар эса бу баракотдан маҳрум бўладилар. Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло ҳаж қилувчиларга ўхшаш бўлсин деб уларга ҳам қурбонликни вожиб қилиб қўйди. Токи уларга ҳам ҳажнинг баракотидан бир ҳисса насиб бўлсин. Юқорида айтиб ўтдикки, қурбонликда нафсга қарши курашиш ҳам бор. Нафсни бўйсундириш эса, уни шариатга тобе қилишликдир. Икки ҳолатнинг ҳам ўзига хос бир зарурати бор. Шунинг учун Иброҳимий суннат бўлган бу амал ҳожиларга ҳам, улардан бошқаларга ҳам вожиб бўлди.

 

ҲАЖ ВА ҚУРБОНЛИК БАДАНИЙ ИБОДАТМИ, ЁКИ МОЛИЯВИМИ?

 

Баъзи фуқаҳолар ҳажни ҳам баданий, ҳам молиявий ибодат дейишди. Чунки унда ҳам пул сарфланади, ҳам бадан машаққат тортади. Лекин қурбонликда бадан машаққати кузатилмайди. Шундай бўлса ҳам қурбонлик ҳам баданий, ҳам молиявий ибодат ҳисобланади, гарчи мол сарфлашлик ҳолати оғирроқ бўлса ҳам.

Ҳаж ибодатида молиявиятдан кўра баданият ғолиб, чунки Каъбанинг яқинида истиқомат қилувчилар ҳатто мол ҳам сарфламай бу ибодатни адо этаверадилар. Шундай бўлса ҳам биз бу ибодатни мураккаб деб ҳукм қиламизми, қурбонликда ғам баданиятдан кўра молият ғолиб бўлгани билан барибир уни сўйиш учун жисмимиз ҳам озми кўпми ҳаракатда бўлади. Қурбонликни молиявий ибодат эканлиги зоҳир. Аммо баданий бўлишида ҳам иккита ҳайсият бор.

1. Яширин;

2. Ошкора.

Ошкораси шундайки, қурбонлик фақат пул сарфлаш билан адо бўлиб қолмайди. Уни ҳеч бир меҳнату машаққасиз бировга бериб юбориш билан бу ибодат ҳосил бўлиб қолмайди. Тўғри қурбонлик кунларини ўтказиб юборилса, жаримасига бир жонлиқни бировга бериб юборилади. Аммо бу билан қурбонликнинг савобига баробар савобга эришиб бўлмайди. Қурбонликдаги асл вазифа жонворни забҳ қилиш. Забҳ қилишда эса бадан учун машаққат бор.

Агар бир киши айтсаки, ундай бўлса закот ҳам мураккаб амал эканда, чунки унда ҳам молни бировга олиб бориб беришда озгина бўлса ҳам машаққат бор. Лекин соғлом ақл билан ўйланса молни сарф қилишда зикр қилишга арзирли машаққат йўқ. Қурбонликни сўйишда эса очиқ машаққат бор. Шунинг учун ҳам қурбонлик жониворини ҳамма ҳам сўя олмайди. Закотни эса ёш бола ҳам бериб юбора олади, яъни ўзи машаққат чекиб сўяди, ёки бошқа бировнинг жисми машаққат чекиб сўйиб беради.

Баданнинг машаққатида ёлғиз жисмнинг ўзи машаққат чекиши эътиборга олинганми, ёки бу ўринда нафснинг машаққати ҳам борми?

Маълумки баданга таклиф жон туфайли бўлади, агар жон бўлмаса у баданга ҳеч қандай таклиф ҳам бўлмайди. Бадан қачонки жонга бирор оғриқ етказилсагина озорланади. Энди агар жон бўлмаса бадан ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмайди. Бас собит бўладики, баданга таклиф жон туфайлидир. Баданни машаққатга солиш аслида нафс ва руҳни машаққатга солишдир. Демак, қурбонликда жон яъни нафсни қийнаш бор эканми, бас унинг баданий ибодат эканлиги собит бўлади.

Қаранг! Жониворнинг бўйнига “Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар” деб пичоқ тортаётган вақтингизда қалбингиз ларзага келмайдими? Ҳаттоки шу туфайли баъзилар ўзлари сўя олмайдилар ҳам. Қурбонликнинг асли ўз нафсини фидо қилишлик бўлди. Эътибор эса аслга бўлади. Шуни назарда тутадиган бўлсак қурбонлик холис баданий ибодат бўлиб қолиши ҳам мумкин. Молиявиятлик жиҳати эса маълум. Баданиятлик жиҳати ғолиб бўлиб қолди. Нима бўлганда ҳам қурбонлик ҳам молиявий ҳам баданий бўлган мураккаб амалдир.

 

ҚУРБОНЛИКНИНГ МИСЛИЧА ПУЛ ҲАДЯ ҚИЛИШ БИЛАН ҚУРБОНЛИКНИНГ ҲАҚҚИНИ АДО ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИ

 

Қурбонлик молининг мислича пул ҳадя қилиш билан ундаги вожиб бўлган ҳақ соқит бўлмайди. Ким агар шундай қилса гуноҳкор бўлади. Фуқаҳоларнинг мазҳабига кўра бирор амалнинг ўрнига киши ўз фикрича ўринбосар тайин қилиб олши мутлақо жоиз эмас.

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг марузаларида қуйидаги ҳикояни келтирганлар:

“Бир киши қурбонлик кунларида қурбонлик қилиш ўрнига уни қийматини бева-бечораларга садақа қилар эди. Бир кеча туш кўрди. Қарасаки, қиёмат қоим бўлибди. Сирот кўприги қоим қилинган. Нарги томони жаннат, жуда кўпчилик ўз уловларига миниб, сирот кўпригидан ўтиб жаннатга кирмоқдалар. У киши эса. Хаёрон, қандай ўтишни ва нимага минишни чорасини топа олмас эди. Одамларга уловлар қаердан келаётганини тушунмай хайрон ҳолатда турганида ғоибдан овоз келиб, бу уловлар уларнинг дунёда тайёрлаб қўйган уловларидир. Уларнинг қилган қурбонликларидир. Сиз қурбонлик қилмаганлигингиз учун уловдан маҳрумсиз, деган овоз келди. Уйқудан ўйғонгач тавба қилди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَفَعَهُ : اسْتَفْرِهُوا ضَحَايَاكُمْ ، فَإِنَّهَا مَطَايَاكُمْ عَلَى الصِّرَاطِ.

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:

Ёш, навқирон, бақувват жонворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул ҳабийр).

 

МУСУЛМОНЛАР ЭНГ МЕҲРИБОН ШАХСЛАРДИР

 

Мусулмонлар қурбонлик қилишда бераҳм эмас. Балки, ўз Роббилари ҳукмига итоат қилувчидирлар. Дунё воқеаларидан собитдир-ки, раҳм қилиш мусулмонларнинг хусусиятларидиндир. Раҳмдиллик борасида ҳеч ким мусулмонларга баробар бўла олмайдилар. Тарих бунга яққол шоҳиддир. Жониворларни қурбонлик қилиш бераҳмлик эмас. Балки, роббил оламиннинг ҳукмига бўйинсинишдир. Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Иёз номли қули бўлиб, султон унга жуда меҳрибон ва уни жуда яхши кўрар эди. Одамлар унда нима яхши хислат борлигидан хайрон бўлишар эди. Бир куни султон хазиначини чақириб, у ердан қимматбахо тош келтиришни бюрди ва атрофидаги вазирларига уни бирма-бир синдиришга амр қилди. Барчалари султонга қарата, бу амрингиз борасида қайта фикр юритиб кўрсангиз бўлар эди, дейишди. Улар тошни синдиришдан бош тортдилар. Султон Иёзга уни синдиришга амр қилди. Иёз уни икки тош орасига олиб синдирмоқчи бўлди. Шунда вазирлардан бири уни маломат қилиб, шундай қимматбахо тошни парчалайсанми, деди. Иёз султон сўзини синдиргандан кўра, қимматбахо тошни синдирган яхшироқдир.

 

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ВА УЛУҒЛАР НОМИДАН ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни келганда икки қўчқорни қурбонлик қилар эдилар. Улардан бирини ўзлари, иккинчисини эса, умматлари томонидан.

عَن جَابر رَضِيَ اللَّهُ عَنْه قَالَ : «ذبح النَّبِي - صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسلم - يَوْم النَّحْر كبشين أملحين أقرنين موجوءين ، فَلَمَّا أوجههمَا قَالَ : إِنِّي وجهت وَجْهي للَّذي فطر السَّمَاوَات وَالْأَرْض عَلَى مِلَّة إِبْرَاهِيم حَنِيفا وَمَا أَنا من الْمُشْركين ، إِن صَلَاتي ونسكي ومحياي ومماتي لله رب الْعَالمين لَا شريك لَهُ ، وَبِذَلِك أمرت وَأَنا من الْمُسلمين ، اللَّهُمَّ مِنْك وَلَك ، اللَّهُمَّ عَن مُحَمَّد وَأمته ، بِسم الله وَالله أكبر ثمَّ ذبح» .

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Қурбонлик куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ-қора, шоҳдор, пичилган икки қўчқорни қурбонлик қилдилар. Иккисини қиблага юзлантирганларида: “Инний важжаҳту важҳий лиллазий фаторос самааваати вал ард ъала миллати Иброҳима ҳанийфа ва маа анаа минал мушрикийн. Инна солаатий ва нусукий ва маҳяая ва мамаатий лиллаҳи роббил ъаламийн лаа шарийка лаҳ ва бизаалика умирту ва анаа минал муслимийн. Аллоҳумма минка ва лак. Аллоҳумма ъан Муҳаммадин ва умматиҳи. Бисмиллаҳи валлоҳу акбар” деб, пичоқ тортар эдилар” (Бадрул мунийр).

 

ВАФОТ ЭТГАН НОМИДАН ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ

 

Аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ота-она, устоз, қариндош-уруғлар тарафидан қурбонлик қилишлик салафи солиҳларимизнинг одатларидан бўлган. Бундай қилишни ўзларини саодати деб билганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисда баён қилиб ўтилганидек, икки қўчқорни қурбонлик қилиб, бирини савобини ўзининг умматларига бағишлаганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатим бор деб даъво қилувчиларга ҳам у зот томонидан қурбонлик қилиш муносибдир. Бу ҳам у зотни бизни қурбонлигимизга муҳтожликлари туфайли эмас. Шояд шу амалимиз у зотнинг шафоатларига сабаб бўлиб қолса, деган умиддадир.

Улуғларимиздан Абдураҳмон раҳматуллоҳи алайҳ қурбонлик кунига алоҳида тайёргарлик кўриб, у кунда етмиштага яқин қурбонлик қилар эдилар. Улардан бирини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, бошқаларини ота-она, устозлари номидан қурбонлик қилар эдилар. Ваҳолан-ки, у кишини хонадонида баъзан йўқчиликдан қозонлари қайнамай ҳам қолар эди.

 

БИР НЕЧА ВАФОТ ЭТГАНЛАР ТОМОНИДАН ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ

Вафот этувчиларни ҳар бири томонидан алоҳида-алоҳида қурбонлик қилиш керакми ёки бир қурбонлик қилиб, савобини барча ўтиб кетганларга бағишласа бўладими?

Нафл қурбонлик қилиб, ўзгалар томонидан қурбонлик қилинаётган пайтда икки сурат бўлади:

1. Вафот этган киши ўз молидан қурбонлик қилишни васият қилиш. Бу суратда алоҳида бир жонлиқни сўйиш зарур бўлади. Чунки, у маййитни молидан қилинаётган қурбонликдир. Маййитни меросхўрлари уни гўштидан ея олмайдилар. Бу суратда қурбонлик васият қилувчи тарафидан қилинган бўлади;

2. Маййит ортидан қурбонлик қилишни васият қилмаган бўлса-ю, лекин яқинлари ортидан қурбонлик қилишлари. Бу суратда вафот топувчиларнинг ҳар бирига алоҳида-влоҳида қурбонлик қилиш шарт эмас. Балки, қурби етганича қурбонлик қилиб, савобини барчага бағишлаши мумкин. Ҳаттоки, битта қурбонлик қилиб савобини бир нечта маййитларга бағишлаши мумкин. Бу суратда сўйишлик сўювчи томонидан бўлиб, савобини бошқаларга бағишлаган бўлади.

 

ТАНБЕҲ

 

Кишилар ўтган ота-оналари тарафидан йигирма, қирқ ва йилига алоҳида-алоҳида жонлиқ сўядилар ва бундан кўпроқ қони эътибор деб айтадилар. Шариатимизда бундай қурбонликларни қилиш бидъатдир. Чунки, қурбонлик махсус кунлардагина, яъни қурбонлик кунларигагина хос бўлиб, ундан бошқа вақтларда қурбонлик қилинмайди. Ақиқа бундан мустаснодир. Қурбонлик махсус кунларга хосланиб, у кунлар ўтгач шариатимиз қурбонликка аталган жониворларни тириклагича садақа қилиб юборишга буюрганлар.

Қурбонлик кунларида қилинадиган қурбонлик ва ақиқадан бошқа нафл рўза ва нафл намозлар каби нафл қурбонликлар қилинадими?, деган саволга Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ шундай жавоб берганлар:

“Қурбонлик қонини оқизишлик ақл билан тушуниладиган иш эмас. Қурбонлик кунларида қилинадиган қурбонлик, хоҳ у вожиб бўлсин ёки нафл бўлсин ва ақиқага сўйиладиган жонлиқ ва жонлиқ сўйишни назр қилган кишидан ташқари шариатимизда қурбонлик қилишлик деган нарса йўқдир. Балки, юқорида зикр қилинган қурбонликдан бошқа қурбонликларни қилишлик ўзини мушрикларга ўхшатишдир. Шунинг учун бундай қурбонликлардан сақланиш керак” (Имдодул фатаво).

Фалон ишим битса ёки беморим шифо топса, жонлиқ сўяман дейишнинг ҳукми қандай бўлади? Бир киши фалон ишим битса, қўй ёки мол сўяман деса ёки бирор нарсани назр қилмай шукр қилиш мақсадида жонвор сўйиб уни мискинларга тарқатиб юборишни ирода қилса, унинг ҳукми нима бўлади?

Агар ишим битса, жонлиқ сўйиб мискинларга едираман деса, бундай киши назр қилган киши ҳисобланади ва жонлиқ сўйиб мискинларга едириши лозим бўлади. Агар фалон ишим битса бир жонлиқ сўяман деса-ю, мискинларга тарқатишни қўшиб айтмаса, бу сўзи назр қилиш бўладими ёки бўлмайдими, бу борада ихтилоф мавжуд. “Роддул муҳтор”нинг соҳиблари фалон ишим битса, жонлиқ сўяман деб, мискинларга тарқатишни зикр қилмаса ҳам назр бўлишини қўллаб қувватлаган. Қурбонлик бир сабоқдир. Ҳар йили Аллоҳ таоло томонидан бандаларга қарата: “Аллоҳнинг розилиги учун ўз жонини қурбонлик қилиш зарур. Лекин Аллоҳнинг фазли ила Аллоҳ жонимиз эвазига ҳайвонни қурбонлик қилишга амр этди”.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1620. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким менга салом берса, албатта, Аллоҳ менга руҳимни қайтаради ва мен унга алик давоми...

5767 19:57 / 21.08.2017
Арабча .забиҳа, сўзи сўйиладиган ҳайвон дегани, ҳайвон сўйишга оид илм эса .забоиҳ, дейилади, бу .забҳ, ndash сўйишнинг кўплик шаклидир. .Забҳ, сўзи луғатда .ёрмоқ, давоми...

9097 12:21 / 12 июнь
Тaвoф нaмoзидaн кeйин зaмзaм сувидан ичиш Ҳожи тaвoф нaмoзидaн фoриғ бўлгaч, имкон бўлса Кaъбaтуллoҳ oстoнaсини ўпиб, мултaзaмгa ёпишиб вa юзини Кaъбa дeвoригa қўйиб мурoдларини давоми...

4701 05:00 / 16.01.2017
Ҳаж уч турли бўлади. Улар 1. Ифрод 2. Қирон 3. Таматтуъ. ИФРОД ҲАЖ Ифрод ҳаж деб мийқотдан фақат ҳаж қилиш учун эҳромга киришдир. Ифрод ҳаж қилувчи Маккаи мукаррамага давоми...

5805 05:00 / 16.01.2017