1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Албатта, дин осондир

09:10 / 30.08.2017 4143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб, ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башоратини беришга, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:

«Албатта, дин осондир», демоқдалар.

Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «Ислом шариати кўрсатмаларини бажариш қийиндир», деб сафсата сотувчилар зиддига қаттиқ раддиядир.

Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқ. Ҳақиқий инсондек яшаш қасдида бўлган одам буни дарҳол тушуниб етади. Чунки Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўпламидир. Шу билан бирга, Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзига уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.

«Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади». 

Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб, шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундай одамлар бориб-бориб йўлдан чиқадилар. Йўлдан чиқиш турлича бўлиши мумкин. Баъзилар ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади. Бошқалар эса ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундай одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.

«Бас, тўғри амалда бўлинглар»

Яъни, шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтириб ҳам қўйманг.

«Яқинлашиб юринглар»

Яъни, шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.

«Яхшилик башоратини беринглар».

Яънидоимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхши гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.

«Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг».

Ушбу жумладаги «Ёрдам талаб қилинг» дейишдан мурод «Нафл ибодат қилинглар. Доимо ибодат билан машғул бўлсангиз, қийналиб кетасиз. Шунинг учун орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилсангиз, яхши бўлади», дейишдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ислом дини осонлик дини экани.

2. Унда ашаддий бўлмаслик кераклиги.

3. Ким Исломда ашаддий бўлишга уринса, ўзи мағлуб бўлиши.

4. Шариат кўрсатмасига амал қилиш лозимлиги.

5. Шариат чегарасига яқинлашиб юриш.

6. Яхшилик башорати ила яшаш кераклиги.

7. Мазкур вақтларда ибодатнинг ғанимат бўлиши. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким масжидга эрта бориб, кеч қайтса, ҳар бир эрта бориб, кеч қайтгани учун Аллоҳ давоми...

3428 12:00 / 17.02.2018
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жалла .Албатта, умматинг .Бу нима, бу нима, дейишда давом эта давоми...

17715 19:47 / 10.05.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат соф табиат ила туғилади. Бас, отаонаси уни давоми...

10069 12:07 / 27.06.2017
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир нарса, ҳатто ожизэсипастлик ва ақллилик ҳам қазои қадар билан,, дедилар,. давоми...

3351 05:17 / 07.07.2017