1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Бедор ҳам бўл, ухлаб ҳам ёт

09:05 / 31.08.2017 3340 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?» дедилар. 

«Албатта, мен шундай қиламан», дедим. 

«Агар сен шундай қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл. Ухлаб ҳам ёт», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг нима учун айнан шу бобда келтирилганлиги аниқ ва равшан кўриниб турибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ва у киши орқали барча умматларини амалда тежамкор бўлишга, оз бўлса ҳам, бардавом амални қилишга чорламоқдалар. Биз ўрганаётган ушбу ҳадиси шарифнинг айтилишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида бўлиб ўтган бир воқеа сабаб бўлган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни оталари Қурайш қабиласига мансуб бўлган чиройли бир қизга уйлантириб қўйибди. Куёв бўлса, янги келин билан иши бўлмай, ибодатга берилиб, кечаси билан намоз ўқиб, кундузлари рўза тутиб юраверибди. Бу ҳақда отаси Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга насиҳат қилибди. У киши эса ибодатга берилганлик ва ёшлик ғурури таъсирида отанинг насиҳатига қулоқ осмабди. Ўз билганини қилиб, кечаси намоз ўқиб, кундузи рўза тутиб, оиласи билан иши бўлмай юраверибди. Шунда ноилож қолган отаси бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилибди. У зоти бобаракот Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ҳузурларига чорлаб:

«Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?» дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан ибодат ғурурига кетган ёш йигитлар билан муомала қилишни ўрганиш керак. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дўқ ҳам қилмадилар, «отанг менга сендан шикоят қилди» ҳам демадилар. Худди унинг ибодати ҳақида ноаниқ шахс томонидан хабар эшитгандек гап бошладилар. Гапларида унинг қилмишини танқид қилиш аломати ҳам сезилмади. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Амр дадилланиб:

«Албатта, мен шундай қиламан», деб жавоб берди.

 Абдуллоҳ ибн Амрнинг устидан тушган шикоятни ўзига тасдиқлатиб олгач, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аста насиҳат қилишга ўтдилар:

«Агар сен ўшандоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади», дедилар.

Яъни, сен кечаси билан намоз ўқиб, кундузи рўза тутишни давом эттираверсанг, соғлиғингга зарар етади, кўзинг заифлашади. Ҳадеб узлуксиз нафл ибодат қилавериш нафсингга малол келади. Бу эса ёмон оқибатларга олиб келади. Кейин ибодат қилишни хоҳламай қоласан, демоқдалар.

«Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор».

Яъни, сенда нафсингнинг ҳам ҳаққи бор. Уни ҳалол йўл билан меъёрида қондиришинг керак. Бўлмаса, Аллоҳ таоло сенга қўшиб халқ қилган табиатга хилоф қилган бўласан.

«Аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор».

Яъни, оила аъзоларингнинг ҳам сенда ҳаққи бор. Уни ҳам адо этишинг керак. Бу шаръий бурчинг.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу мисолида унинг хотини ҳақида гап кетмоқда. Хотиннинг эрда ҳаққи бор. Эр-хотин бир оила бўлиб яшагандан кейин эркак киши эрлик бурчини адо этиши керак. Намоз билан рўзага берилиб, хотинни тарк қилиб қўйиш мусулмон кишига тўғри келмайди.

«Бас, рўза ҳам тут, оғзинг очиқ ҳам юр».

Нафл рўза тутишга иштиёқинг бор экан, майли. Фақат меъёрида тут. Аммо оғзинг очиқ ҳам юр.

«Бедор ҳам бўл, ухлаб ҳам ёт».

Кечалари бедор бўлиб, намоз ўқишга иштиёқинг бор экан, бу яхши, буни ҳам меъёрида қил. Аммо вақтида ухла ҳам. Бу ҳам керак.

Кези келганда айтиб ўтиш лозимки, ушбу бобдаги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда нафл ибодат ҳақида сўз кетади. Чунки фарз ва вожиб ибодатларда тежамкор бўлиш, оз амал қилиш, деган гап бўлмайди. «Беш вақт намознинг тўрт вақтини ўқий, рўзанинг ярмисини тутай», деб бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу мисолида ҳам кечалари ухламай, нафл намоз ўқиш, кундузлари нафл рўза тутиш ҳақида сўз кетмоқда.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Масъудд розияллоҳу анҳуан ривоят қилинади.Бир киши бир аёлни ўпиб олди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, буни айтди. Шунда Аллоҳ давоми...

3722 09:10 / 11.03.2018
Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ Аллоҳ молдунё бергану, уни давоми...

3137 06:00 / 27.09.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. давоми...

3480 09:10 / 30.08.2017
Анас У кишидан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қиёмат куни ҳаёти дунёдалик пайтида роҳатфароғатда яшаган, дўзахга ҳукм қилинган кишини давоми...

4038 05:25 / 13.07.2018