1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Эҳром масаласи

05:00 / 16.01.2017 9028 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَالْحَافِظُونَ لِحُدُودِ اللَّهِ وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ

«Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» (Тавба 112 оят).

 ЭҲРОМНИНГ ҲАҚИҚАТИ

Эҳромнинг ҳақиқати ҳаж ёки умра ёки иккаласига бирданига ният қилиб талбия айтишдир. Эҳром учун фақат ният қилиш ёки талбия айтиш кифоя қилмайди. Намозда қалб билан ният, тил билан эса такбири таҳрима айтилиши лозим ва шарт бўлгани каби ҳаж ёки умра эҳромига киришда ҳам ният билан талбия биргаликда топилиши лозимдир. Шу боис дилда ният қилиб, тил билан талбия ёки унинг ўрнини босадиган Аллоҳ таолонинг зикри айтилмаса, эҳромга кирган ҳисобланмайди. Шунингдек, тил билан талбия ёки унинг ўрнини босадиган Аллоҳ таолонинг зикрини айтиб, қалбда эҳромга киришни ният қилмаса, эҳромга кирган бўлмайди.

الْإِحْرَامَ هُوَ النِّيَّةُ وَالتَّلْبِيَةُ أَوْ مَا يَقُومُ مَقَامَهَا أَيْ مِنْ الذِّكْرِ أَوْ تَقْلِيدِ الْبَدَنَةِ مَعَ السَّوْقِ.

Эҳром у ният ва талбия ёки талбия ўрнига ўтирадиган зикрлардан иборатдир, талбия ёки зикрни айтмай бирор қурбонликни ўзи билан ҳайдаб олса, талбия ўрнига ўтиради” (Баҳрур роиқ).

وَمَنْ شَاءَ الْإِحْرَامَ وَهُوَ شَرْطُ صِحَّةِ النُّسُكِ كَتَكْبِيرَةِ الِافْتِتَاحِ ، فَالصَّلَاةُ وَالْحَجُّ لَهُمَا تَحْرِيمٌ وَتَحْلِيلٌ.

Ким эҳромга киришни хоҳласа, ҳолбуки у намозга киришишликдаги такбир каби ҳажни дуруст бўлиши учун шартдир. Намоз билан ҳажнинг таҳримаси ва таҳлили бор” (Раддул муҳтор).

وَالْمُرَادُ بِالذِّكْرِ التَّلْبِيَةُ وَنَحْوُهَا ، وَبِالْخُصُوصِيَّةِ مَا يَقُومُ مَقَامَهَا مِنْ سَوْقِ الْهَدْيِ أَوْ تَقْلِيدِ الْبُدْنِ ، فَلَا بُدَّ مِنْ التَّلْبِيَةِ أَوْ مَا يَقُومُ مَقَامَهَا فَلَوْ نَوَى وَلَمْ يُلَبِّ أَوْ بِالْعَكْسِ لَا يَصِيرُ مُحْرِمًا.

Ният қилиш билан биргаликда зикр ҳам қилиш керак дегандан мурод талбия айтиш ёки талбия каби бирор бир зикрни айтишликдир ёки қурбонликни етаклаб олишдан иборат талбия ўрнига ўтирадиган нарсадир. Туя ёки молни бўйнига бирор бир ҳаж қурбонлигини билдирадиган белгини қўйиб қўйса ҳам бўлади. Киши муҳрим бўлишлиги учун талбия ёки унинг ўрнига ўтирадиган нарсани топилиши зарурдир. Агар ҳаж қилишни ният қилса-ю, талбия айтмаса ёки талбия айтиб ҳаж қилишни ният қилмаса, эҳромга киргувчи бўлмайди” (Раддул муҳтор).

ЭҲРОМ КИЙИМИ

Эҳром сифатида ўраладиган икки мато ҳақиқатда эҳром ҳисобланмайди. Балки, у тикилмаган мато бўлиб, эҳромдаги инсон уни кийиши керак бўлган нарса халос. Лекин, омма халқ ўша икки матонигина эҳром ва унга кийган кишини муҳрим деб ўйлайдилар. Аслида, ҳаж ёки умра нияти билан талбия айтишга эҳром дейилади. Икки мато эса, намоздаги каби авратни тўсишга керак бўладиган кийим каби халос.
Эркак киши умра ёки ҳаж ниятида тикилган кийим кийиши жоиз эмас. Агар тикилган кийим кийса, каффорат вожиб бўлади. Масалан, ёқоаси йўқ кўйлак, иштон, қўлқоп, маҳси, майка, дўппи, костиюм, камзул кабилар. Агар эркак киши юқоридаги кийимлардан бирортасини эҳром ҳолатида кийиб олса, жарима ва фидя лозим бўлади. Шунинг учун эҳром кийимлари тикилмаган бўлиши шартдир. Эҳрмнинг суннати икки мато олиб, бирини лунги каби, иккинчисини эса, катта сочиқ каби елкасига ташлаб олишдир. Фақат тавоф вақтида юқорисига ташлаб олган катта сочиқ каби матони чап елкасини очиб қўлтиғини остидан ўтказиб олади.

ЭҲРОМ ҲОЛАТИДА ТИКИЛГАН КИЙИМ КИЙИШ

Эҳром ҳолатида эркак кишилар тикилган кийим кийишлари жоиз эмас. Киши қоматига муносиб шаклда тикилган кийимни кийиб олиши жоиз эмас. Лекин, шим ёки шаловар тарзида бўлмай қоп каби тикилиб, икки томонини очиб олинса, зарари йўқ, яъни кароҳиятсиз жоиздир.

وَلُبْسَ قَمِيصٍ وَسَرَاوِيلَ أَيْ كُلِّ مَعْمُولٍ عَلَى قَدْرِ بَدَنٍ أَوْ بَعْضِهِ.

Эҳромдаги кишига кўйлак, шалвор каби баданнинг ҳаммаси ёки баъзисига муносиб қилиб тикилган кийимларни кийиш жоиз бўлмайди” (Раддул муҳтор).

أَنَّ ضَابِطَهُ لُبْسُ كُلِّ شَيْءٍ مَعْمُولٍ عَلَى قَدْرِ الْبَدَنِ أَوْ بَعْضِهِ بِحَيْثُ يُحِيطُ بِهِ بِخِيَاطَةٍ أَوْ تَلْزِيقِ بَعْضِهِ بِبَعْضٍ أَوْ غَيْرِهِمَا وَيَسْتَمْسِكُ عَلَيْهِ بِنَفْسِ لُبْسِ مِثْلِهِ إلَّا الْمُكَعَّبَ. قُلْت : فَخَرَجَ مَا خِيطَ بَعْضُهُ بِبَعْضٍ لَا بِحَيْثُ يُحِيطُ بِالْبَدَنِ مِثْلُ الْمُرَقَّعَةِ فَلَا بَأْسَ بِلُبْسِهِ كَمَا قَدَّمْنَاه.

Қоматини ҳаммаси ёки баъзисини одатда ёпиб турадиган қилиб тикилган ёки баъзисини баъзисига ёпиштирилинган бўлиб кийишини ўзи билан унга мос келадиган ҳолатдаги кийимни кийиш жоиз эмас. Шундан келиб чиқиб айтаманки, банда мос келмайдиган ҳолатда баъзиси баъзисига қўшиб қўйилган нарсаларни кийишда зарар йўқ” (Раддул муҳтор).
Эҳром вақтида тикилган кийим киймаслик афзал ҳисобланади.
Фойда: Бу маълумотлар кўпчиликни табиати ва маълумотига хилоф бўлиб туйилиши мумкин. Лекин, китобларни кўриб чиққанларидан кейин ин ша Аллоҳ турли безовталиклар улардан йироқлашади.

ЭҲРОМ КИЙИМИГА ЧЎНТАК ТИКИШ

Эҳромнинг юқори қисмига ҳам, паст қисмига ҳам пул, паспорт ва бошқа шу каби нарсаларни сақлаш учун чўнтак тикиш жоиздир. Шунингдек, икки эҳром кийимини бир-бирига қўшиб юбориш ҳам кароҳиятсиз жоиздир.

ЭҲРОМ ДУОСИ

Ҳожи эҳромга киришидан олдин таҳорат, ғусл қилиб, икки ракъат нафл намоз ўқийди. Сўнг умра қилмай фақат ҳаж қилмоқчи бўлса, қуйидаги дуони ўқийди:

اللَّهُمَّ إِنيِّ أُرِيدُ الْحَجَّ فَيَسِّرْهُ ليِ وَتَقَبَّلْهُ مِنيِّ.

«Aллoҳyммa иннии ypийдyл ҳaжжa фa яccирҳу лий вa тaқoббaлҳy миннии».
Маъноси: Эй Aллoҳ, мeн ҳaж қилмoқни иpoдa қилaмaн, yни мeнгa ocoн этгил вa қaбyл айлaгил.
Агар қирон қилувчи бўлса, яъни ҳаж билан умрага битта эҳромга кирган бўлса, қуйидаги лафзлар билан дуо қилади:

اللَّهُمَّ إِنيِّ أُرِيدُ الْعُمْرَةَ وَالْحَجَّ فَيَسِّرْهُمَا ليِ وَتَقَبَّلْهُمَا مِنيِّ.

«Aллoҳyммa иннии ypийдyл yмpатa вaл-ҳaжжa фa яccиpҳyмa лии вa тaқoббaлҳyмa миннии»
Маъноси: Эй Aллoҳ, мен yмpa вa ҳаж қилишни иpoдa қилaмaн, yлapни мeнгa ocoн этгил вa қабyл aйлaгил.
Агар таматтуъ қилмоқчи бўлса, яъни аввал умрага эҳром боғлаб, уни тўлиқ адо қилиб бўлгач эҳромдан чиқиб ҳажга эҳром боғламоқчи бўлса, қуйидаги дуони ўқийди:

اللَّهُمَّ إِنيِّ أُرِيدُ الْعُمْرَةَ فَيَسِّرْهَا ليِ وَتَقَبَّلْهَا مِنيِّ.

«Aллoҳyммa иннии ypийдyл yмpатa фa яccиpҳa лии вa тaқoббaлҳa миннии».
Маъноси: Эй Аллоҳ, мeн yмpa қилишни иpoдa қилaмaн. Уни мeнгa ocoн этгил вa қaбyл айлагил.
Агар бирор киши номидан ҳажи бадал қилаётган бўлса, ўша киши номидан ният қилиб қуйидаги дуони ўқийди:

اللَّهُمَّ إِنيِّ أُرِيدُ الْحَجَّ عن فلان فَيَسِّرْهُ ليِ وَتَقَبَّلْهُ مِنيِّ عنه

«Aллoҳyммa иннии ypийдyл ҳaжжa ъан фулонин фa яccирҳу лий вa тaқoббaлҳy миннии ъанҳу».
Маъноси: Эй Aллoҳ, фалончининг номидан ҳaж қилмoқни иpoдa қилдим, yни мeнгa ocoн этгил. Мени ва унинг тарафидан қaбyл этгин.
Юқоридагилардан бирортасини айтиб бўлгач, талбия айтади ва талбиядан кейин қоидага мувофиқ муҳрим(эҳромга кирувчи)га айланади.

ТАЛБИЯ ЛАФЗИ

Саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган талбия лафзи қуйидагидир:

عَنْ عَبْدِ الله بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا أَنَّ تَلْبِيَةَ رَسُولِ الله صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَبَّيْكَ اللَّهمَّ لَبَّيْكَلَبَّيْكَ لَا شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ إِنَّ الْحَمْدَ وَالنِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْكَ لَا شَرِيكَ لَكَ".

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг талбиялари “Лаббайкаллоҳумма лаббайк. Лаббайка ла шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда, ваннеъмата лака вал мулк. Ла шарийка лак!” эди” (Термизий, Бухорий, Насоий ривояти).
Маъноси: “Аллоҳим! Ҳузрингда ҳозирман, Аллоҳим! Ҳузрингда ҳозирман! Аллоҳим! Ҳузрингда ҳозирман! Сенинг шеригинг йўқдир! Аллоҳим! Ҳузрингда ҳозирман! Албатта, ҳамд, неъмат ва мулк барчаси Сеникидир! Сенинг шеригинг йўқ зотсан!”.
Киши ҳаж ёки умра нияти билан талбия айтганидан кейин мукаммал муҳримга айланади ва шундан кейин тикилган кийим, хушбўйликлар ҳамда шунга ўхшаш муҳримга таъқиқланган нарсаларни ишлатиш жоиз бўлмайди.
Эҳромга киришнинг кўриниши: Намозга кирмоқчи бўлган киши аввало таҳорат олиб, аврат жойларини беркитиб, қиблага юзланиб, ўқимоқчи бўлган намозини ният қилади ва қўлларини кўтариб: “Аллоҳу акбар” дейди. Шунингдек, ҳаж ёки умра эҳромига кирмоқчи бўлган киши ғусул қилиб, тикилган кийимларини ечиб, икки матодан бирини елкасига ташлаб, иккинчиси билан киндик остини беркитиб, икки ракъат намоз ўқийди. Сўнг ҳаж ёки умрага ният қилиб, талбия сўзларини айтади ва шу билан муҳрим кишига айланиб қолади. Бу ерда ҳожининг эгнидаги кийимлар намозхоннинг эгнидаги кийим манзилида, ният эса намоздаги ниятни манзилида, талбия лафзлари эса намоздаги “Аллоҳу акбар” лафзи манзилидадир.

БИРИНЧИ ТАЛБИЯНИ ҚАЧОН АЙТИЛИНАДИ?

Икки ракъат эҳром намозини адо қилингандан кейин намоз саломига улаган ҳолда эҳром нияти билан биринчи талбия айтилади. Шу боис эҳром намози, ҳаж ёки умра нияти ва талбияси орасида узулиш бўлмаслиги лозим. Агар ўртада узоқ муддат узулиш бўлса, суннат қилинган эҳром боғлашга амал қилмаган ва суннатнинг савобидан маҳрум бўлган бўлади. Фақиҳлар буни жуда катта аҳамият билан баён қилганлар.

وَلَبِّ دُبُرَ صَلَاتِك تَنْوِي بِهَا الْحَجَّ أَيْ لَبِّ عَقِيبَ الصَّلَاةِ ، وَأَنْتَ تَنْوِي الْحَجَّ بِالتَّلْبِيَةِ.

Намозингни тугатибоқ ҳажни ният қилиб, талби айтгин” (Табйийнул ҳақоиқ).

إنه يستحب إن ينوي ويلبي عقيب ركعتي الإحرام وهو جالس.

Эҳромга кириш учун ўқиган икки ракъат намози орқасиданла салом бериб ўтирган ҳолатида ҳаж ёки умрани ният қилиб, талбия айтиши мустаҳабдир” (Мирқотул мафотиҳ).

ТАЛБИЯ АЙТИШНИ КЎПАЙТИРИШ

Ҳаж ёки умрага эҳром боғлагандан кейин кўп бор талбия айтиш мустаҳаб ва суннатдир. Ўтириб, юриб ва ҳар қадамда талбия айтишни давом эттириш лозим. Ҳадисларда талбияси кўп ҳаж афзал ҳаж дейилган.

عَنْ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِيَ الله عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم سُئِلَ أَيُّ الْحَجِّ أَفْضَلُ؟ قَالَ: الْعَجُّوَالثَّجُّ.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси ҳаж афзалдир?” деб сўралдилар. У зот:
Баланд овозда талбия айтилгани ва қон оқизилгани”, дедилар” (Термизий ривояти).

عَنْ سَهْلٍ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يُلَبِّي إِلاَّ لَبَّى مَنْ عَنْ يَمِينِهِوَعَنْ شِمَالِهِ مِنْ حَجَرٍ أَوْ شَجَرٍ أَوْ مَدَرٍ حَتَّى تَنْقَطِعَ اْلأَرْضُ مِنْ هَاهُنَا وَهَاهُنَا. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир мусулмон талбия айтса, албатта, унинг чап ва ўнгидаги ер тугагунча бўлган ердаги тошлар, дарахтлар ва кесаклар ҳам талбия айтади», дедилар».
Иккисини Имом Термизий ривоят қилган.

ҲАЖНИНГ ТАЛБИЯСИ ҚАЧОН ТЎХТАТИЛАДИ?

Ҳажнинг талбияси ҳаж қилувчи жамраи ақоба[1]нинг тошларини отгунича давом эттиради. Жамраи ақоба толашларини отиш билан талбия айтиш тўхтатилади ва тош отиш дуоси ўқилади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم أَرْدَفَ الْفَضْلَ مِنْ جَمْعٍ إِلَى مِنًى وَأَخْبَرَنِيالْفَضْلُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم لَمْ يَزَلْ يُلَبِّي حَتَّى رَمَى جَمْرَةَ العَقَبَةِ. رَوَاهُ اْلأَرْبَعَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамъдан Миногача Фазлни мингаштириб келдилар. Фазл менга хабар беришича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то Ақобада тош отгунларича талбия айтишда бардавом бўлганлар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шунингдек, тош отишдан кейин қилинадиган ҳаж амалларини адо қилиб, уларнинг дуолари ўқилади.

УМАРНИНГ ТАЛБИЯСИ ҚАЧОН ТЎХТАТИЛАДИ?

Умранинг талбияси тавоф қилишга киришилган вақтда тўхтатилиши лозимдир.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: يُلَبِّي الْمُعْتَمِرُ حَتَّى يَسْتَلِمَ الْحَجَرَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умра қилувчи то ҳажарни истилом[2] қилгунича талбия айтади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

ЭҲРОМ ВАҚТИДА НИЯТ ҚАЧОН ҚИЛИНАДИ?

Эҳром ниятида талбия айтиш ёки талбия ўрнига ўтадиган зикрларни эҳром ниятида айтиш билан эҳромга кирган ҳисобланади ва эҳром дуруст бўлади. Эҳром дуруст бўлиши учун ҳаж ёки умрадан бирини тайин қилиш шарт эмас. Балки, усиз ҳам эҳромга кирса бўлади ва эҳромга киргандан кейин ҳаж ёки умрадан бирини тайин қилиб қўяди.

أما النية فشرطها مقارنتها بالتلبية او ما يقوم مقامها ولو حكما بان عزمه من قلبه ولم يوجد بعدها فاصل اجنبي كما في الصلوة وان تكون بالقلب فينوي بقلبه ما يحرم به من حج او عمرة او قران او نسك من غير تعيين.

Ҳаж ёки умрани ният қилгандан кейин орқасиданоқ талбия айтиш шартдир. Ҳудди намоздагидек. Ният билан талбия ўртасини лағв нарсалар билан ажратмаслик лозим. Ҳажга, умрага, қиронга ёки бирор нускка эҳромга кираётган бўлса, қалби билан ният қилсин” (Ғуния жадийд).

МУБҲАМ НИЯТ БИЛАН ЭҲРОМ БОҒЛАШ

Ҳаж, умра, қирон ёки таматтуъни ният қилмай мубҳам тарзда эҳром боғланса, амалларга киришишдан олдин улардан бирини тайин қилиб қўйса жоиз бўлади. Масалан, бир киши мийқотда ҳамма эҳромга кираётганини кўриб, ҳаж, умра, қирон ёки таматтуълардан бирини тайин қилмай мен ҳам эҳромга кирдим деб ният қилсаса, сўнг йўлда одамлар ўзаро гаплашиб кетаётганларида улардан бири ҳаж ниятида, бошқаси умра ниятида эҳром боғлаганини эшитиб, у ҳам амалларга киришишдан олдин ҳаж ёки умра ёки қирон ёки таматтуъдан бирини тайин қилиб олиши жоиздир ва шундан кейин тайин қилинган ҳаж ёки умра ёки қирондан бирини амалларини бажаришга киришади.

Шунингдек, бир киши эҳромга киришликни ният қилса-ю, ҳаж ёки умрадан қайси бирига эҳромга кирганлигини унитиб қўйса, қачон эсига тушса, ўшанда ҳаж ёки умра ёки қирон ёки таматтуъдан бирини тайин қилиши мумкин. Амалларга киришишдан олдин улардан бирини тайин қилмаса ва умра ниятида ёки мутлоқ ниятсиз тавоф қилса, икки ҳолатда ҳам умра тайин топади ва умранинг амалларини бажариш лозим бўлиб қолади. Агар ҳаж, умра, қирон ёки таматтуъни тайин қилмай эҳром боғлаб, тавоф қилмай, ўша эҳром билан арафотда турса, эҳром ҳаж учун тайин топади ва у кишига ҳажнинг барча арконларини бажариш лозим бўлиб қолади.

الاحرام المطلق المبهم يجوز بالاجماع كذا النقل عن النبي صلى الله عليه وسلم والصحابة رضي الله عنهم قال فان لبى ونوى الاحرام ولم تحضره نية في حج ولا عمرة فله ان يمضي في ايهما شاء ما لم يطف بالبيت لانعدام الشروع في افعال الحج فكان قابلا للتعيين فاذا طاف بالبيت شوطا واحدا كان احرامه احرام عمرة ولو وقف بعرفة ينصرف الى الحج وان لم ينو لانه شرع معظم اركان الحج الخ.

Ҳаж, умра, қирон ва таматтуъдан бирортасини тайин қилмай эҳромга киришни ният қилган бўлса, ижмоан эҳроми жоиз бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлардан бундай ҳолатлар нақл қилингандир. Агар эҳромга киришни ният қилиб талбия айтса, лекин ўша вақтда ҳаж ёки умрадан бирортасини нияти хаёлига келмаса, Байтни тавоф қилмасдан олдин тайин қилиб олмоқчи бўлса, ҳаж ёки умрадан хоҳлаганини давом эттириб кетаверади. Агар бир марта бўлса ҳам Байтни тавоф қилган бўлса, ўша эҳроми умранинг эҳроми бўлиб қолади. Агар тавоф қилмай тўғри арафотда вуқуф қилиб турган бўлса, эҳромини ҳажнинг эҳроми дейилади. Агрчи ҳажни ният қилмаса ҳам. Чунки, ундай киши ҳажнинг фарзларидан энг улканини қилишга киришди” (Ғуния жадийд).

ЭҲРОМДАН ОЛДИН ҚИЛИНГАН НИЯТНИ ЭЪТИБОРГА ОЛИШ

Бир киши ватанидан ҳаж ниятида сафарга чиқиб, мийқотдан ниятсиз эҳромга кирса, ватанида қилган ниятига эътиборан у кишининг эҳроми ҳаж эҳроми ҳисобланади.

خرج يريد الحج فاحرم لا ينوي شيئا فهو حج بناء على جواز العبادات بنية سابقة الخ.

Бир киши ҳажни ирода қилиб чиқиб, ҳаж ва умрадан бирортасини тайин қилмай эҳромга кирса, ибодатлар аввалда қилинган ният билан жоиз бўлишига биноан у ҳажга эҳромга кирган бўлади” (Ғуния жадийд).

МУТЛАҚО ҲАЖНИ НИЯТ ҚИЛИБ ЭҲРОМГА КИРИШ

Бирор кишининг зиммасига ҳаж фарз бўлса ва мутлақо ҳажни ният қилиб эҳромга кирса, лекин зиммасидаги фарз ҳажни ният қилмаса ва тайин қилмаса, унинг эҳроми фарз қилинган ҳаждан ўтади. Агар у киши зиммасидаги фарз ҳажни адо қилган бўлса, кирган эҳроми нафл ҳаждан ўтади. Шу боис мутлоқ ният билан нафл ҳаж дуруст бўлади.

ومن كان عليه حجة الاسلام فاحرم بحجة لا ينوي فريضة لا تطوعا فهي عن حجة الاسلام استحسانا

Кимнингдир зиммасида фарз бўлган ҳаж бўлса ва фар ёки нафлни тайин қилмай ҳаж эҳромига кирса, ижмо йўлига кўра фарз бўлган ҳажидан эҳромга кирган бўлади” (Ғуния жадийд).

БОШҚА КИШИГА ТАҚЛИД ҚИЛИБ ЭҲРОМ БОҒЛАШ

Бир киши: “Фалон киши каби эҳром боғладим” деса, масалан, бир киши ҳаж ва умранинг амалларидан бехабар бўлиб, бошқа кишига қараб уларни бажармоқчи бўлса ва эҳромга кираётган пайтда: “Фалончи ҳаж ёки умрадан қайси бирига эҳромга кирган бўлса, мен ҳам ўша учун эҳромга кирдим” деса ва унга қараб ҳаж ёки умра амалларини бажарса, унинг эҳроми ҳам қилган амалалри ҳам дуруст бўлади.

“Ҳажжатул видоъ” куни Али розияллоҳу анҳу Ямандан Маккаи мукаррамага келиб, мийқотдан эҳромга кирган пайтларида ҳаж ёки умрадан бирини тайин қилмай эҳром боғлаб: “Икки олам сарвари нима учун эҳромга кирган бўлсалар ўша учун эҳромга кирдим” деганлар ва у кишининг қилган ҳажлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ҳажлари каби ҳаж бўлган.

ولو احرم بما احرم به غيره صح شروعه ولزمه مثل ما احرم به غيره من حج او عمرة او قران فان لم يعلم بما احرم به غيره فهو مبهم فيلزمه حجة او عمرة الخ.

Бир киши бошқа кишига тақлид қилиб эҳромга кирса, эҳромга киришлиги дуруст бўлади ва тақлид қилинган киши ҳаж ёки умра ёки қирондан қайси бирига эҳромга кирган бўлса, унга ҳам ўша нарса лозим бўлади. Агар тақлидга қилинган киши нимага эҳромга кирганлиги маълум бўлмаса, у эҳром мубҳам эҳром ҳисобланиб, зиммасига ҳаж ёки умра лозим бўлади” (Ғуния жадийд).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَدِمَ عَلِيٌّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ الْيَمَنِ فَقَالَ بِمَا أَهْلَلْتَ قَالَ بِمَا أَهَلَّ بِهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ لَوْلَا أَنَّ مَعِي الْهَدْيَ لَأَحْلَلْتُ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Али розияллоҳу анҳу Яман томондан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузрларига келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага эҳромга кирган бўлсалар, мен ҳам ўшанга эҳромга кирдим, деди ва агар мен билан биргаликда қурбонлигим бўлмаганимда эди эҳромимдан ҳалол бўлган бўлар эдим деди” (Бухорий ривояти).

ЭҲРОМ БОҒЛАЁТГАН ПАЙТДА НИЯТ БИЛАН ТАЛАФФУЗ ҲАР ХИЛ БЎЛИБ ҚОЛСА, ҚАЙСИ БИРИГА ЭЪТИБОР БЕРИЛАДИ?

Бир киши эҳромга кираётган пайтда умрани ният қилса, лекин тилидан “Эй Aллoҳ, мeн ҳaж қилмoқни иpoдa қилaмaн” ибораси чиқса ёки бир киши ҳажни ният қилса, лекин тилидан “Эй Aллoҳ, мeн умра қилмoқни иpoдa қилaмaн” деган иборани айтиб, талбия айтса, бундай ҳолатда қалбдаги ниятга эътибор берилади, яъни ҳаж ниятида эҳромга кирган бўлса, ҳажга эҳромга кирган бўлади, қалбида умрани ният қилган бўлса, умрага эҳромга кирган бўлади. Шунингдек, қалбида ҳажни ният қиласаю, лекин тилидан умра билан ҳаж чиқиб кетса, унинг қалбидаги ниятига эътибор берилади.

ولو جرى على لسانه خلاف ما نوى بقلبه فالعبرة بما نوى لا بما جرى على لسانه لانه كلام لا نية فلو لبى بهما جميعا ونوى احدهما او لبى باحدهما ونوى كليهما فالعبرة بما نوى

Агар тилига дилида ният қилган нарсанинг акси жорий бўлса, эътибор дилида ният қилган нарсасига бўлади, тилида жорий бўлган нарсага эмас. Чунки, тилида жорий бўлган нарса сўз бўлиб, ният эмас. Шунинг учун ҳажга талбия айтиб, қалбида умрани ният қилса ёки унинг акси умрага талбия айтиб қалбида ҳажни ният қилса ёки иккисига бирданига талбия айтиб, дилида улардан бирини ният қилса ёки иккисидан бирига талбия айтиб, дилида иккаласини ҳам ният қилса, ният қилган нарсаси эътиборга олинади” (Ғуния жадийд).

НИМАГА ЭҲРОМГА КИРГАНИНИ УНУТИБ ҚЎЙИШ

Бир киши ҳаж ёки умра ёки қирондан бирини тайин қилиб эҳромга кирса, сўнг қайси бирига эҳромга кирганини унитиб қўйса, диққат эътиборини бир жойга жамлаб таҳаррий, яъни қасд қилади ва гумон қайси бирига ғолиб бўлса, ўшани бажаради. Агар гумонида ҳаж ёки умра ёки қирондан қайси бирини ният қилганлиги гумони ғолиб бўлмаса, яъни учаласи ҳам тенг бўлса, қиронга амал қилиш лозим бўлади, яъни ўша эҳром билан биринчи умрани кейин ҳаж амалларини бажаради. Лекин, унинг зиммасига қирон қони лозим бўлмайди. Чунки, у киши амалда қирон амалини қилгани билан шариатда қирон қилувчи ҳисобланмайди.

ولو احرم بشيء واحد معين كحج او عمرة او قران ثم نسيه او شك فيه قبل الافعال تحرى وان لم يقع تحريه على شيء لزمه حجة وعمرة احتياطا ليخرج عن العهدة بيقين ولزمه ان يقرن بينهما ويقدم افعالها عليه ولا يكون قارنا شرعيا فلا يلزمه هدى القران الخ.

Ҳаж ёки умра ёки қирондан муайян биттасига эҳромга кирган бўлса, сўнг қайси бирига эҳромга кирганлигини унитиб қўйса ёки амалларга киришишдан аввал қайси бирига эҳромга кирганлигида шак қилиб қолса, таҳаррий қилади, яъни фалон нарсага эҳромга кирганман деб қасд қилади. Агар улардан бирортасига гумони ғолиб келмаса, эҳтиётан зиммасига олган нарсасидан аниқ чиқишлиги учун иккисини бир эҳромда қилиб, ҳаж ва умра қилиши лозим бўлади ва умранинг амалларини ҳаждан олдин тақдим қилади. Лекин, у киши шаръий қирон қилувчи бўлмайди ва қироннинг қурбонлиги зиммасига вожиб бўлмайди” (Ғуния жадийд).

БАЛОҒАТГА ЕТМАГАН БОЛАНИНГ ЭҲРОМИ

Балоғатга етмаган болалар икки қисмга бўлинадилар. Биринчиси, намоз, рўза, ҳаж ва закотни билмайдиган балоғатга етмаган болалар. Буларни шариатда ғойри мумаййз (ҳақ ва ноҳақни ажрата олмайдиган ёшдаги болалар) дейилади. Бундай ҳолатда, боланинг номидан боланинг отаси ёки онаси ёки валийси ҳаж ёки умрани ният қилади.

Иккинчиси, намоз, рўза, ҳаж ва бошқа амалларни яхши тушунадиган балоғатга етмаган болалар. Бундай болалар ўз ниятлари билан эҳромга кирадилар ва уларнинг номларидан бирор киши ният қилиши дуруст эмас.

ينعقد احرام الصبي المميز للنفل لا للفرض اذا احرم بنفسه وكذا غير المميز اذا احرم عنه وليه فالمميز لا يصح النيابة عنه في الاحرام ولا في اداء الافعال الا فيما لم تقدر عليه فيحرم بنفسه ويقضي المناسك كلها بنفسه ويفعل كما يفعل البالغ اما غير المميز فلا يصح ان يحرم بنفسه الخ.

Мумаййиз бўлган сабийнинг эҳроми нафл учун бўлиб, фарздан адо бўлмайди. Гарчи ўзи эҳромга кирган бўлсада. Шунингдек, ғойри мумаййизнинг валийси унинг томонидан эҳромга кирсада қилган ҳажи нафл бўлади. Мумаййизнинг тарафидан ундан бошқаси эҳромга киришда, ҳаж амалларини адо қилишда ноиб бўлиши дуруст бўлмайди. Қодир бўлмаса, жоиздир. Мумаййиз ўзи эҳромга кириб, ҳаж амалларини барчасини ўзи бажаради ва балоғатга етган бола қанай ҳаж қилса, ўшандай қилади. Ғойри мумаййиз эса, ўзи эҳромга кириши дуруст бўлмайди” (Ғуния жадийд).
Ушбу икки турдаги балоғатга етмаган болалар томонидан бажарилган ҳаж амали нафл ҳаж ҳисобланади ва унинг савоби боланинг ота-онасига бўлади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ امْرَأَةً سَأَلَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ صَبِيٍّ هَلْ لِهَذَا مِنْ حَجٍّ ؟ قَالَ: نَعَمْ , وَلَكَ أَجْرٌ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сабийни ҳажи ҳаж бўладими?” деб сўради. У зот: “Ҳа, ажри сенга бўлади” дедилар” (Таҳовий ривояти).
Фойда: Мумаййиз - намоз, рўза, ҳаж ва закотларни тушунадиган, яхши билан ёмонни ажрата оладиган балоғатга етмаган боладир.
Ғойри мумаййиз - намоз, рўза, ҳаж ва закотларни тушунмайдиган, яхши билан ёмонни ажрата олмайдиган балоғатга етмаган боладир.

БАЛОҒАТГА ЕТМАГАН БОЛАНИНГ ЭҲРОМИНИ КАФФОРАТИ ЙЎҚ

Балоғатга етмаган бола эҳромдалик ҳолатида қон ёки каффорат вожиб бўладиган бирор иш қилиб қўйса, балоғатга етмаган бола мукаллаф бўлмагани учун унга ҳам, унинг валийсига ҳам қон ҳам каффорат ҳам лозим бўлмайди. Чунки, бу жиноят валийнинг жинояти эмас. Лекин, валий бола эҳромга кирганидан кейин у билан юриб, эҳромда таъқиқланган нарсалардан болани огоҳлантириб юришга ҳаракат қилиши керак.

وينبغي للولي ان يجرده قبل الاحرام ويلبسه ازارا ورداء واذا احرم له ينبغي ان يجنبه من محظورات الاحرام ولو ارتكب محظورا لا شيء عليهما الخ.

Валийга балоғатга етмаган бола эҳромга киришидан аввал уни кийимларини ечиб, унга изор ва ридо кийгазиб қўймоқлиги лозим бўлади. Эҳромга киргач эса, уни эҳромда манъ қилинган ишлардан эҳтиёт қилмоғи лозим бўлади. Мабодо бола манъ қилинган ишлардан бирортасига қўл урса, болага ҳам, унинг валийсига ҳам бирор нарса лозим бўлмайди” (Ғуния жадийд).

БАЛОҒАТГА ЕТМАГАН БОЛАГА ТАМАТТУЪ, ҚИРОН ҚОНЛАРИ ВОЖИБ ЭМАС

Балоғатга етмаган бола ҳамма қатори таматтуъ қилса, унга таматтуъ қурбонлиги вожиб бўлмайди. Шунингдек, бола қирон қилса ҳам унинг зиммасига қирон қурбонлиги лозим бўлмайди.

شرائط وجوبه القدرة عليه وصحة القران والتمتع والعقل والبلوغ الخ.

Таматтуъ ёки қирон қурбонлигини вожиб бўлишлиги учун унга қодир бўлишлиги, қирон ва таматтуъ дуруст бўлиши оқил ва балоғатга етган бўлиши шартдир” (Ғуния жадийд).

[1] Жамраи ақаба деб, биринчи куни отиладиган тошга айтилади.

[2] Ҳажарни истилом қилиш, тавофга киришишдан олдин бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж қилиш вожиб бўлган биринчи навдаги шартлар топилиб, ҳаж қилолмай қолган киши учун ҳажни васият қилиб қолдириши важиб бўлади. Ҳажни Адо қилиш амалга ошириш давоми...

2840 05:00 / 16.01.2017
Савол Тавоф қилишАссалому алайкумҲаж ёки умра зиёратига бориб келган инсонларни тавоф қилиш халқимиз орасида кенг тарқалган. Бу ҳақида шариат ҳукми давоми...

8771 05:00 / 16.01.2017
Зулҳижжанинг 8кунидан 13кунигача давом этади. 1. 8 зулҳижжада ҳаж нияти билан эҳромга кирилади. Бу ҳажнинг муҳим 1 фарзидир.2. 8 зулҳижжада Минода биринчи туриш ва ўша давоми...

3534 15:00 / 08.07.2022
Ҳажга борган ҳожиларнинг ҳаж асносидаги энг ҳаёжонли ва умидвор дамларидан бири ҳажар аласвадни ўпиш ва силаш экани шубҳасиздир. Муқаддас қора тошни ўпиш, унга давоми...

5797 05:00 / 16.01.2017