1447 йил 16 жумадул аввал | 2025 йил 07 ноябрь, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажарул асвад — қора тош тарихи

16:39 / 10 июнь 2467 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Матоф, яъни тавоф ерида 1 метр 10 см баландликда Каъбанинг жанубий рукнига, яъни томонига маҳкамлаб қўйилган тошдир. У тошнинг узунлиги 25 см, эни 17 см. У Каъбанинг деворига ўтқазилган. Аввал у тош бир бўлак бўлган. Қаромита замони ва бундан бошқа пайтлардаги ҳодисалар оқибатида зоҳир кўриниши синиб, саккизта кичик бўлакка бўлиниб кетган. Унинг энг катта ҳажми битта хурмо миқдоричадир. У тошлар бошқа катта тошга ўрнатилиб, кумуш билан ҳалқасимон қилиб қўйилган. Кумуш билан ўраб қўйилган ғилофни эмас, тошнинг ўзини ўпиб, табаррукона ушланади. Мазкур қора тош ва кумуш ғилоф Саудия Арабистони подшоҳи, икки шарафли ҳарам ходими томонидан ҳижрий 1422, милодий 2001 санада таъмирланган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳажарул асвад жаннатдан тушганида сутнинг рангидан ҳам оқроқ эди. Одам болаларининг хатоси уни қорайтириб юборган», дедилар».

Имом Термизий ривояти.

Яна баъзи ривоятлар борки, Каъбага киргизилган қисми оқдир.

Мужоҳиддан ривоят қилинишича, бу зот айтдилар: «Ибн Зубайр: «Каъбани (қайта қуриш мақсадида) бузганларида қарасам, Каъбанинг ички қисмидаги барча нарса оқ экан», деди» (Фокиҳийнинг «Ахбори Макка» китобидан).

Демак, бу ривоятлардан билинадики, хатолар сабабли қора бўлган қисми унинг фақат зоҳиридир. Шу сабабли қора тош дейилган бўлса, ажаб эмас.

Ибн Заҳийра: «Билиш лозимки, хатолар тошгаки ўз таъсирини ўтказганидан кейин қалбларга унинг таъсири кучли ва воқеъийдир. Демак, ҳар қандай хатодан четланиш шартдир», дедилар.

Ҳажарул асвад тоши ёқутлардан бири бўлиб, жаннатдан тушган. Каъбанинг рукнига қўйиш учун Иброҳим алайҳиссаломга ҳозир қилинган. Кейин Қурайш Каъбани қуриши асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни муборак қўллари билан ушлаб, ўз ўрнига қўйганлар. Пайғамбар алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарларнинг у тошни ўпганлари унинг шарафини яна ҳам зиёда қилади. У тавофнинг бошланиши ва тугашидир. Тарих давомида набийлар, солиҳлар, ҳожиларнинг лаблари у тошга теккан. Унинг олдида қилинган дуо ижобат бўлади. Ким тошни табаррукона ўпган бўлса, қиёмат куни у гувоҳ бўлади.

Қора тошни ўпиш одоблари

1. Тошни бошқаларга озор бермасдан, бирор кишини суриб юбормасдан ўпиш лозим. Чунки уни ўпиш суннат, одамларга озор бермаслик эса фарздир. Ҳеч қачон фарзни тарк қилиш билан суннат адо этилмайди. Балки такбир айтиш ёки ишора қилиш билан ҳам кифоя бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Тошнинг олдидан ҳеч ким сиқиб чиқарилмайди, бирор кишига озор берилмайди, ўзи ҳам озор топмайди», дедилар.

Ато: «Рукнни бирор кишига озор бериб ушлагандан кўра такбир айтиб қўйган яхшироқдир», дедилар.

Шу ерда Ҳажарул асваднинг ёнига уни ушлагани келганларни тартибга солувчи қўриқчи аскарлар тайин қилинганига ишора этишни лозим топдик.

2. Эркаклар тўп бўлиб туришганида аёллар тошни ушлаш учун издиҳом ичига кирмасликлари лозим.

Имом Бухорийнинг ривоятларида келтирилишича, Оиша розияллоҳу анҳо уларга аралашмасдан тавоф қилардилар. Бир аёл: «Эй мўминлар онаси, бориб тошни ушламаймизми?» деган эди, Оиша розияллоҳу анҳо: «Узоқда тургин», деб уни рад этдилар.

Фокиҳий саҳиҳ санад билан қилган ривоятда айтилишича, бир аёл Оиша розияллоҳу анҳо билан бирга тавоф қилди. Рукнга етиб келганларида: «Эй мўминлар онаси, уни ушлаб кўрмаймизми?» деди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Аёлларга рукнни ўпиш лозим эмас, амалингда давом этгин. Лекин бўш жой бўлса, қора тошни аёллар ўпишининг зарари йўқ», дедилар.

3. Тошни ўпаётганда ёки ишорадан кейин қўлни кўтарганда овозни баланд қилмаслик.

Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У зот: «Агар рукнни ўпсанг, хотинларни ўпгандек овозингни баландлатмагин», дедилар.

Ато эса: «Тошни ушлаб, кейин қўлингни ўпсанг, овоз чиқармагин», дедилар».

4. Ҳажарул асваднинг қаршисидаги чизиққа туриб олиб дуо ва намоз ўқимаслик. Хусусан, бу нарса тиғиз пайтда бўлмаслиги лозим. Чунки ана шу дуо ва бошқа амаллар чизиқ тўғрисида бажарилса, тавоф йўналишига тўсқинлик қилиб, кўплаб кишиларга озор етказади.

Қора тошнинг кумуш қопламаси тарихи

Ҳажарул асвадга биринчи бўлиб кумуш қоплатган киши Абдуллоҳ ибн Зубайрдир. Кейинчалик халифалар ҳар гал зарурат туғилганида унга кумуш қоплатишни давом эттиришган.

Ҳижрий 1375 (милодий 1955) йили шаъбон ойида подшох Сауд ибн Абдулазиз томонидан янги кумуш қопланди. Ҳижрий 1422, милодий 2001 санада икки шарафли ҳарам ходими томонидан қайта таъмирланди.

Макка, Каъба, Замзам тарихи,

ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 7 сентябрдаги 03-07/ 6905-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг Лаа илаҳа давоми...

8926 06:51 / 18.08.2018
Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлик сўй.rdquoКавсар сураси 2оятОиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар давоми...

7028 20:59 / 31.08.2017
1. Аёлига яқинлик қилиш ва шу ишга олиб борувчи амалларни қилиш. Яъни ўпиш, қучоқлаш, шунга тааллуқли гапларни гапириш.2. Гуноҳ ишларни қилиш. Аллоҳ таолонинг давоми...

7845 20:07 / 21.08.2017
Маккаи Мукаррама Саудия Арабистони подшоҳлигининг ғарб томонида, Ҳижоз ерларида жойлашган. Атрофи тоғлар билан ўралган бўлиб, бу тоғлар Каъбаи мушаррафани доира давоми...

1491 11:32 / 18 май