1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади

10:10 / 24.08.2017 4107 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир» ибораси зиёда қилинган.

Ушбу уч ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. 

Шарҳ: Бу ҳадиснинг аввалида яҳудийлар ва насронийлар етмиш бир ёки етмиш иккитадан фирқага бўлинганлари айтилмоқда. Бу фирқалар маълум ва машҳурдирлар. Уларнинг залолатга кетишлари ҳам шундай. Ҳадиснинг давомида эса келажакда Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуслар бўлсинким, бу гаплар юзага чиқди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар ичида ҳам турли-туман фирқалар пайдо бўлди.

Кези келганда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир. Баъзи бир ҳаддидан ошганлар ўйлаганидек, фиқҳий мазҳаблар эмас. Чунки фиқҳий мазҳаблар ўз номи билан мазҳаб, фирқа эмас. Фиқҳда ихтилоф, бир-бирини кофир қилиш йўқ. Фиқҳда сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишлари, холос.

Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Уларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган:

1. Рофизалар – шиалар ва уларга тобеълар.

2. Жаҳмия – Жаҳм ибн Сафвон Самарқандининг бузуқ ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий қилиш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.

3. Ҳарурия – Хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар. 

4. Муржиъалар – «Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ», деганлар.

5. Қадария – қазои қадарни инкор қиладиганлар.

6. Жабриялар – «Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ», деганлар.

Ушбу асосий олти фирқадан бошқа фирқалар ҳам тарқалган. Бу фирқалар ўзаро талашиб-тортишиб, жуда кўп зарарларга, бало-офатларга сабаб бўлганлар.

Имом Абу Довуд қилган ривоятдаги зиёдада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали каби, ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради», деганлар.

Ушбу зиёдада мазкур фирқаларнинг умумий сифатлари келтирилмоқда. Уларнинг барчаси ўз кибр-ҳавоси касалига учрайдилар. Худди қутурган ит тишлаб, қутуриб қолган одам ҳолига тушадилар. Тафриқачилик руҳи уларнинг томиртомирларигача сингиб кетади. Мўмин-мусулмонларни кофир қилишдан бошқа нарса кўзларига кўринмай қолади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳукми қандай бўлишини ҳадиси шарифнинг охирида айтмоқдалар:

«Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у жамоатдир».

Яъни, Ислом умматида пайдо бўлган етмиш учта эътиқодий фирқадан етмиш иккитаси дўзахга, биттаси жаннатга тушади. Ўша жаннатга тушадиган фирқа жамоат фирқасидир. Яъни, мусулмонларнинг асосий оммасини жамлаб, Китоб ва Суннатга амал қилувчи тоифадир. Бу саодатли тоифа «Аҳли сунна ва жамоа» номини олган, яъни эътиқод бобида Суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳабдир.

Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимиз мусулмонлари доимо шу мазҳабда бўлиб келганлар ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолиши учун ҳаракат қилмоқ лозим. 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Яҳудийларнинг етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлинганлиги.

2. Насороларнинг етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлинганлиги.

3. Мусулмонларнинг етмиш уч фирқага бўлиниши.

4. Жамоатни ўзига жамлаган фирқанинг жаннатга тушиши.

5. Қолган етмиш икки фирқанинг дўзахга тушиши.

6. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини маҳкам ушлаш кераклиги.

Кейинги пайтларда залолатга кетган турли фирқалар Ислом номидан одамларнинг бошини айлантириб, ўз залолатларини тарқатмоқдалар. Қодёния, Баҳоия, Аҳмадия, Ҳабаш ва бошқалар шу жумладандир. Мусулмонлар қўзларини очиб, Аҳли сунна ва жамоадан бошқа ҳеч бир фирқага эргашмасликлари керак. Мусулмонларнинг тўқсон фоизидан ортиғи Аҳли сунна ва жамоадандирлар. Тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари ҳам, уларнинг атбоълари ҳам Аҳли сунна ва жамоадандирлар. Ким Аҳли сунна ва жамоадан бошқа фирқага эргашса, ушбу ҳадисда зикр қилинган балога гирифтор бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб давоми...

2203 09:55 / 24.03.2019
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига Ўзининг давоми...

3308 11:06 / 16.03.2022
. ,. .6032. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Садақа бериш билан молдунё камайиб қолмайди. Аллоҳ давоми...

1940 11:41 / 15.11.2018
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир киши .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб чин қалбдан давоми...

4805 17:49 / 13.05.2017
Аудиолар

135084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55361 14:35 / 11.08.2021