1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Инсон хулқини тарбия орқали ўзгартириш мумкинми?

17:13 / 21.08.2017 5784 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий “Меъзонул иътидол” китобида инсоннинг ёмон хулқлари тарбия орқали гўзал ахлоққа айланиши ҳамда ҳеч бир инсон ўзгартириб бўлмайдиган хулққа эга эмаслигини баён қиладилар. Бу ҳақда жуда муҳим фикрларни ҳамда эътиборга молик психологик қарашларни илгари сурганлар. Ўз фикрларини қуйидагича келтирганлар:

  Баъзи дангасаликка мойил ва уни ёқловчилар инсон хулқи унинг яратилишига (хилқатига) ўхшайди, яъни ўзгатириб бўлмайди, дейдилар ва ўз фикрларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳ инсон хулқини тамомига етказди”, деган ҳадисларини келтирадилар. Ва яна хулқини ўзгартирмоқчи бўлаётган инсон Аллоҳ таолонинг ўзидаги хилқатини ўзгартиришни хоҳлаётган бўлиб қолади, дейдилар-да, аммо шу ерда Набий алайҳиссаломнинг “Ақлоқларингизни гўзал қилинглар”, деган ҳадисларини унутадилар. Яъни хулқни ўзгартириш мумкин бўлмаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга буюрмаган бўлар эдилар. Агар бу таъқиқланган бўлганида, ваъз-насиҳатлар, қизиқтириш ва рағбатлантиришлар ҳамда қўрқитишлар асоссиз бўлиб қоларди. Чунки инсоннинг феъл-атвори ахлоқи натижасидир. Бу худди ҳавонинг совуши ҳароратнинг тушиши натижасидек аниқдир. Улар эса иккисидан бирига ҳам эътибор қаратмадилар. Шундай далилларни кўриб туриб, олий ақл соҳиби бўлган инсонни тарбиялаш мумкин эканини инкор этадилар. Яна бир далил шуки, ҳайвонларнинг хулқини ўзгартириш мумкин, тўғрими?! Чунки йиртқич ҳайвонлар қўлга ўргатилади: мақсади фақат емиш бўлган ит мулойим бўлиб қолади; инжиқ от итоаткор бўлиб қолади. Буларнинг барчаси хулқни ўзгартириш эмасми?!   

Бу борада ишончли ва асосоли гап қуйидагича: Аллоҳнинг яратган нарсалари икки қисм бўлади. Биринчиси, осмон ва юлдузлар  каби инсон унга умуман таъсир ўтказа олмайдиган нарсалар. Иккинчиси, яратилганидан кейин камолотни қабул қилувчи қувват берилган нарсалар. Ушбу иккинчи қисмнинг тарбияси кўпинча ихтиёр билан амалга оширилади. Буни биргина уруғ мисолида кўришимиз мумкин. У бирор олма ёки хурмонинг уруғи эмас, шунчаки бир уруғ. Лекин у ташқи томондан таъсирларни қабул қилиш қувватига эга. Яъни у парвариш сабабли хурмога айланиши мумкин. Шу заҳоти ўша уруғ олмага айланиш қувватини йўқотади. Албатта, уни парвариш қилишда инсон ихтиёри алоҳида эътиборга моликдир. Яъни у шу ихтиёрнинг ўзига боғлиқлиги сабабли ўша уруғ хурмо дарахти бўлиб ердан чиқа олади. Шунинг учун ҳам агар биз ўзимиздаги ғазаб ва шаҳват илдизларини буткул суғуриб ташлашни хоҳласак ҳам, бунга кучимиз етмайди, аммо уларни доимий ҳаракат ва узлуксиз риёзатлар билан ўзимизга бўйсундиришни хоҳласак, бунга қодир бўламиз, буни амалга ошира оламиз. Зеро, биз айнан шунга буюрилганмиз. Бу эса саодатимиз ва нажотимиз шартидир.

Ҳа, инсон табиати ҳар хил бўлади. Баъзилари  тез қабул қилиш хусусиятига эга. Баъзилари эса аксинча. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, вужудга келиш эътибори. Инсонда шаҳват қуввати, ғазаб қуввати ҳамда тафаккур қуввати мавжуд. Тарбиялаш жуда қийин бўлгани ва энг исёнкори – бу шаҳватдир. Чунки бу бошқалардан кўра биринчи вужудга келган ва у кучли барқарор тасъир кучига эга. Бундан ташқари, у инсон ҳиссиётларининг аввалида туради. Сўнг завқ ва ундан кейин ғазабланиш ҳислари вужудга келади. Тафаккур эса энг охирида пайдо бўлади. Буни оддий бирор ишда ҳам кўриш мумкин.

Инсонлар тўрт тоифада бўлади.

       Биринчиси, жуда эътиборсиз ғофил инсон. У ҳақни ботилдан, гўзалликни аксидан фарқламайди. Натижада эътиқоддан йироқ ҳамда лаззатларга берилиши сабабли шаҳватларига қарши туришдан ожиз қолади. Бу тоифадаги инсонлар тарбия муолажасига энг ҳақли инсонлардир. Улар муршиднинг таълимига муҳтож бўлади. Шунинг баробарида ўзларида ҳам кучли хоҳиш бўлиши зарур. Агар муолажа шу ҳолатда олиб борилса, оз фурсат ичида хулқ-атворлари жуда ҳам гўзал ҳолатга келади.

Иккинчиси, энг қабиҳ ва разолатларни фарқлай олиши мумкин, аммо солиҳ амалларга одатланмаган, балки унга ёмон амаллари чиройли бўлиб кўринади. Уни ўз шаҳватларига қуллик ҳисси эгаллаб олган ва соғлом фикрлашдан юз ўгиргандир. Бундай инсонларнинг тарбия муолажаси биринчи тоифадаги инсонларникидан кўра қийинроқ амалга оширилади. Чунки унинг “касаллиги” икки баробар кучлироқдир. Бу ҳолатда олдимизда иккита вазифа бор: 1) Фасод ишларга ўрганиб қолиш сабабли одатга айланган ёмонликларни илдизи билан қўпориб ташлаш; 2) Ана шундай иллатлар қаршисида бор имкониятларни ишга солиш. Умумий қилиб айтганда, мукаммал ҳаракатлар орқали руҳий чиниқишдир.

Учинчиси, ёмон хулқлар инсон ҳаётида жуда муҳим ва улар энг тўғри ва жуда гўзал деб билади ҳамда шу фикри асосида тарбияланадиган инсон. Бундай инсонларга тарбия муоалажаси йўқдек гўё. Чунки ундай инсонга залолат сабаблари икки ҳисса ортиқдир. Аммо тарбия орқали нодир ҳолларда гўзал ахлоқ соҳибига айланиши айни ҳақиқат.

Тўртинчиси, умри давомида ахлоқсиз тушунчалар ичра ўсиб-улғайган, тарбияси эса ўз тушунчаси асосида ривожланган, ёмонликлар қилиши натижасида обрў-эътиборим ошиб боради, деб ўйлайдиган инсонлар. Бундай инсонларнинг тарбияси мазкур тўрт тоифанинг энг қийини ҳисобланади. Бу худди бўрини тарбиялашга ўхшайди.

Ушбу тоифанинг биринчиси жоҳил; иккинчиси жоҳил, адашган (йўлини йўқотган); учинчиси жоҳил, адашган ва фосиқ; тўртинчиси жоҳил, адашган ва фосиқ ҳамда бадният инсонлар деб аталади.

Хулқни ўзгартириш ҳамда  нафсу ҳаво муолажасидаги гўзал ечим

  Солиҳ амаллар асосида бор имкониятни ишга солган ҳолда руҳий тарбияни олиб боришдан мақсад, инсон камолоти ва нафснинг покланиши ҳамда ҳидоят топиши учун турли ёмон хулқлардан мусаффо бўлишидир. Нафс ва инсон қуввати орасида қандайдир алоқа бор. Буни сўз билан ифода этиб бўлмайди, чунки бу алоқа ҳиссий эмас.

Бу ўринда мазкур алоқани баён этиш мақсадидан йироқмиз, лекин нафс билан инсон вужуди бир-бири сабабли ўзаро таъсирга эга бўлишини таъкидлаш зарур. Зеро, нафс камолотга эришиб разилликлардан покланса, инсон вужуди, яъни аъзоларида содир бўлаётган феъл ва ҳаракатлар ҳам гўзаллашиб боради. Шунингдек, инсон аъзолари таъсири гўзаллиги нафсда ҳам намоён бўлади. Нафс поклиги томон йўл комил нафслардан талаб қилинадиган феълларга одатланиш экан, айнан шу нарса жуда яқин вақтлар ичида такрор амаллар орқали одатга айланади. Ундан эса муқобиллик асосида нафснинг мустаҳкам ҳолати юзага келади. Бора-бора бу унинг табиатига айланади. Масалан, ким ўзида сахийлик, очиқкўнгиллик хулқи (сифати)ни шакллантирмоқчи бўлса, сахий ва очиқкўнгил кишилар амалларини ўзида мужассам этмоққа зўр бериб ҳаракат қилиши унинг учун ягона йўлдир. Ушбу талаб қилинадиган нарса эса мол-дунёни яхши йўлларга сарфлашдир. Бошида қийин бўлиши мумкин, аммо ўз мақсадига етишишда доимий ҳаракатда бўлади. Натижа эса ўз ўрнини сахийлар қаторида кўриш билан якунланади. Шунингдек, ким ўзида такаббурликни ҳис қилса-ю, шу сабаб тавозелик хулқини шакллантирмоқчи бўлса, бунинг йўли тавозе соҳиблари амалларида бардавом бўлишидир. Қийинчилик билан бошланган амаллар такрор бажарилиши билан тез фурсатда инсон табиатига айланади.

Бундаги йўл-йўриқ ва вазифалар касб-ҳунар ва машғулотлардаги ҳолат кабидир. Яъни ким ҳуснихатда моҳир бўлишни хоҳласа, моҳир ёзувчи эга бўлган фазилатларни эгаллаши лозим бўлади. Бу эса чиройли ёзувни маромида ўрганишга интилиш билан амалга оширилади.

Шу ўринда энг асосий нарсани зикр қилиш ўринлидир. Инсон мазкур мисолларда келтирилган қилиниши лозим бўлган, амалга оширадиган ишларини бир  кеча қилмаса, у ўша сабабли мақомдан тушиб қолмайди, бир кун кўп қилиб қўйиши билан тезда мақсад қилган мақомига эришиб ҳам қолмайди. Худди шу каби нафс камолотига эришишни истаган инсон ҳам бир кунлик машаққат билан унга эришмайди ва ёки қиладиган амалларини бир кунгина қолдириши сабабли мақсадидан маҳрум бўлиб қолмас, аммо бир кунлик дангасалик иккинчи куннинг қолдирилишига олиб келади. Сўнг қолдирилган кунлар оз-оздан кўпайиб боради. Бора-бора нафс дангасаликка ўрганиб қолади. Натижада гўзал фазилатлар йўқолиб боради. Шунингдек, кичик гуноҳлар ўзи каби кичикларини чақиради.

Биргина тоат нафс камолотида ўша пайтнинг ўзида сезилмаслиги мумкин. Лекин уни арзимас санамаслик керак. Чунки умумий натижаси таъсир этувчидир. Бу эса битта-битта бўлиб умумийликни ифода этади. Худди тананинг ривожланиши ва бўйнинг ўсиши инсоннинг комил гавдасини ифода этганидек. Воқеликда ҳис қилмасак-да, ҳар бир тоатнинг таъсири бўлади. Шунингдек, гуноҳни ҳам. Яъни ким кичик гуноҳларни арзимас санаса, иш ниҳояда саодатдан маҳрум бўлиш билан якунланади. Нафс камолотида изчиллик ва узлуксизлик жуда муҳимдир. Шу сабаб ҳам Али розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Иймон қалбда оқ доғ (нуқта) бўлиб кўринади. Иймон (нури) зиёда бўлиб борса, ўша оқлик ҳам катталашиб боради. Банданинг иймони комил бўлган пайтда қалбни оқлик эгаллайди. Нифоқ (мунофиқлик) қалбда қора нуқта каби зоҳир бўлади. Агар нифоқ катталашса, ўша қоралик ҳам ортиб боради. Банда мунофиқликни маромига етказса, қоралик қалбни тўлиқ эгаллайди”.

Ҳасанбой Эргашов таржимаси  

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қачон У Зот сенга ато берса, сени яхшилигига шоҳид қилади. Қачон сени ман қилса, сени қаҳрига шоҳид қилади. Барчасида ҳам сенга Ўзини яхшилаб танитувчидир ва сенга давоми...

3673 18:28 / 08.04.2018
У Зот Унга томон сайр қилувчиларни ва Унга етишганларни ўз амалларини кўришдан ва аҳволларига шоҳид бўлишдан кесди. Чунки сайр қилувчилар уларла ўз амаллари ва давоми...

3268 19:28 / 22.04.2018
.Шубҳа, сўзи луғатда .ўхшаш, маъносини билдиради. Яъни шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади.Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром давоми...

6336 17:20 / 14.09.2017
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади .Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк давоми...

3368 18:31 / 08.04.2018