1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Олимлар омонатдир

20:39 / 19.08.2017 4974 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 «Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб қилиш – ибодат, музокараси – тасбиҳ, уни излаш – жиҳод, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир. Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи далил, хурсандлигу хафалик пайтида кўмакчи, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст ва жаннат йўлининг минорасидир. Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди. Улар одамларни яхшиликка етаклайди, бошқалар уларнинг изидан юради, қилган ишлари эътиборли бўлади. Ҳар бир қуруқ ва ҳўл нарсалар, ҳаттоки денгиздаги балиқлару ҳашаротлар, ёввойи ва барча ҳайвонлар, осмон ва ундаги юлдузлар уларнинг ҳаққига истиғфор айтади».

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу

Бу мавзу уламолар ҳақида бўлиб, ҳар бир мусулмон улар ҳақида билишга муҳтождир. Зеро, хайрнинг бари шундадир. Уламоларнинг борлиги, айниқса, суннат уламоларининг борлиги Аллоҳ таолонинг улкан неъматидир. Замин уларни кўтариб туриш билан гўзаллашиб боради, зийнат тўкиб туради. Улар сабаб тирикдир у.

Биз ерга келиб, унинг атрофидан қисқартириб бораётганимизни кўрмадиларми?!  (Раъд, 41). 

Унинг камайиши уламоларнинг ҳаётдан кетиши биландир. Шак-шубҳа йўқки, уламоларнинг фазли улкан, Аллоҳ таоло ҳузурида даражалари олий. Агар шундай бўлмаганда Аллоҳ таоло энг улкан гувоҳлик бериладиган нарса бўлмиш тавҳидга уларни гувоҳ сифатида олиб келмас ва уларнинг гувоҳлигини Ўзининг гувоҳлигига боғламас эди:

Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. (Оли Имрон, 18)

Бу оят уламоларнинг фазилатига далилдир. Махлуқотлари орасидан фақат адолатлиларни гувоҳликка олиб келади. Шараф нуқтаи назаридан уларнинг даражасини олий манзилатга кўтарди:

Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» – деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар. (Зумар, 9)

Аллоҳ таолонинг шариати ва динининг ҳукмларини билган киши билан бирор нарсани билмайдиган кимса баробар бўлмайди. Худди оқ билан қора, зулмат билан зиё баробар бўлмаганидек. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ одамларнинг уламоларга ҳожатини ёдга олганда: «Одамлар илмга муҳтожликлари таом ва ичимликка ҳожатларидан кўпроқ. Чунки таом ва ичимликка бир кунда бир ёки икки марта эҳтиёж тушади. Илмга эса нафаслар ададича эҳтиёж тушади», деб айтганлар.

Илм қаердан олинади? Фақат ўз эгаларидан. Ўз эгаларидан ҳосил қилинади. Агар инсон шуни хоҳласа, бас, унга Аллоҳ таоло манзилатларини олий қилган, ўринларини юқори қилган, шаънларини улуғ қилган ана шу уламоларга боғланиши вожиб бўлади. Илм аҳли шариат ҳукмларини билишда, уни таҳсил қилишда, Аллоҳ таборака ва таолонинг Китоби ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини билишда, у иккисининг носихи (бекор қилувчи) ва мансухи (бекор қилинган), мутлақ ва муқайяди, мужмал ва муфассарини билишда уламоларга эҳтиёж сезади. Шунингдек, толиби илм саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг сўзлари, уламоларнинг ижмоъси, ижмоъ ва ихтилоф қилинган фиқҳий масалаларни ҳам таълим  олишда уларнинг кўмагига суянишади. Илм аҳли улар билан боғланиши, улар ҳузурида мук тушиши ва уларнинг олдида тизза букиб ўтириши лойиқ бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Одамлар модомики илмни катталари, омонатдорлари ва уламоларидан олар эканлар, мудом яхшиликдадирлар. Агар кичиклари ва ёмонларидан олсалар, ҳалок бўладилар», дедилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларга ёшлари билан бирга виқор, салобат ва ҳайбат либосини кийдирди. Улардан қизиққонлик, ёшлик роҳати, ёшлик шошқалоқлиги, мурғаклик аҳмоқлигини узоқ қилди. Уларга замон ўтиши билан тажриба ва билим берди. Уларга ва уларнинг илмига шубҳа ораламайди. Уларга ҳавои нафс ғолиб келмайди. Чунки улар Аллоҳ таборака ва таоло сари яқинлашдилар (ёшлари бир жойга бориб қолди). Улар Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсага кўз тикувчироқ, бандалар қўлидаги нарсадан умид узувчироқ ва узоқроқдирлар. Шайтон уларни ёши кичикни йўлдан ургани каби йўлдан уролмайди.

Муовиянинг «Саҳиҳайн»да саҳиҳлигига иттифоқ қилинган саҳиҳ ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран тушунувчи) қилиб қўяди». Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг онаси тонгда унинг бошига саллани ўраб, шундай дерди: «Робиъа ҳузурига бор. Унинг илмидан олишингдан олдин йўли, мулойимлиги ва хулқидан ол». Шак-шубҳа йўқки, уламоларга боғланиш одобни пайдо қилади.

Толиби илмга уламолардан ахлоқ ва одобни таълим олиш вожибдир. Худди илмдагидек баб-баробар. Уламолардан илм олганидек уларнинг одоби билан одобланмоқ, хулқи билан хулқланмоқ зарур. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрлари», дедилар. Ана ўша уламоларда илм камтарликни пайдо қилди, фахрланишни эмас. Улар бирор кишига фахрланмайдилар. Бошқаларни нуқсон (камчилик)ка мансуб қилмайдилар.

Товус раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Олимни ҳурмат қилиш суннатдандир». Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг «Сунан»ида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейди: «Сочига оқ тушган мусулмон, унда ҳаддан ошмаган ва совуққонлик қилмаган Қуръон ҳофизи ҳамда адолатли ҳукмдорни ҳурмат-эҳтиром қилиш Аллоҳни улуғлашлик жумласидандир».

Эй толиби илм! Бунга эътиборли ва диққатли бўлишинг лозим бўлади. Сен уламоларга боғланган вақт, модомики улар ер юзида тирик экан, уларни ҳурмат ва эҳтиром қилишинг зарур. Шак-шубҳа йўқки, бу яхшилик аломатларидан. Аммо бир кун ёки бир йил ёҳуд бир ой таълим олсанг, сўнг ўзингни уларнинг мартабасига етдим деб билган ҳолда чиқсанг, дарҳақиқат, сенга бало ва ёмонлик етади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Зайд ибн Собитнинг узангисини ушларди. Шунда Зайд у кишига: «…Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғли бўла туриб-а?»  дерди. Шунда Ибн Аббос у кишига: «Бу (гаплар)ни қўйинг. Биз уламоларимизга нисбатан шундай қиламиз», дерди.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Илм олаётган киши(устоз)га камтар бўлишга буюрилганмиз». Биз уламоларни эҳтиром қилишимиз, уларга нисбатан одоб сақлашимиз, уларнинг ўрнини, қадрини билишимиз, уларга фахрланмасликни билишимиз зарур. Уларни бадном қилишдан Аллоҳ таолодан офият ва саломатлик сўраймиз.

Уламоларнинг тирик экани улуғ неъматдир. Оқил киши ушбу неъмат кетишидан олдин ундан унумли фойдаланади. Толиби илмлар уламоларга боғланишларида уларнинг одоби, йўли ва мулойимлигига диққат қаратишлари зарур. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: «Уйидан чиқиб унга қайтгунча мулойимлиги, ахлоқ-одоби ва йўли(юриш-туриш)ида одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшаши албатта Ибн Умму Абддир. Аҳли оиласи даврасида, холий қолганда нима қилишини билмаймиз», дедилар. Ибн Умму Абд − Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бўлиб, шогирдлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга юриш-туриши, мулойимлиги ва одобида энг ўхшаш киши эканини билганлари учун уларга ўхшашга ҳаракат қилардилар. Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Масъуд у зот алайҳиссаломга сийрати, мулойимлиги, хулқ-атворида ўхшардилар. Шогирдлари, ўқувчилари эса у кишига ўхшашликка ҳаракат қилардилар. Шунинг учун бу иш уламолар ўртасида жорий бўлган. Дарҳақиқат, Абу Довуд одамлар ичида Аҳмадга энг ўхшаши эди. Аҳмад одамлар ичида Вакийга энг ўхшаши эди. Вакий одамларнинг Суфёнга энг ўхшаши эди. Суфён Саврий ким у? Суфён Саврий. Вакий у кишига ўхшаш эди. Чунки у киши наздида у (Суфён) ўзидан олдингиларга ўхшаш бўлгани собит бўлган. Вакий Суфёнга ўхшаш бўлиши, унга ана шу бобда ўхшар эдики, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқида эди. Қандай? Чунки Суфён Саврий одамларнинг Иброҳимга энг ўхшаши эди. Иброҳим Алқамага, Алқама Асвадга, у эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга. Улар ўша зотларга ўхшаш эдилар. Уларнинг сийрати ва ахлоқи узра юрардилар. Улардан илм олардилар. Улардан ахлоқ олардилар. Улардан сийрат (юриш-туриш)ни олардилар. Улардан хулқ-атворни олардилар. Агар талабани шайхларнинг одоб-ахлоқида эмаслигини кўрсангиз, бас, у фойда олмаганини билинг. Агар уни уларнинг хулқ-атворида кўрмасангиз, бас, у истифода қилмаганини билинг. Бунинг сабаби, илм амални вужудга келтиради. Агар у унда амални, ўшаларнинг йўлида юришни вужудга келтирмаса, батаҳқиқ, у улардан бирор ҳолатда фойда олмабди. Ана шу дамда у бир томон, сўзи бошқа томон бўлади. Агар шундай бўлса, одамлар унга қарайдилар, сўзи ва ҳолати ўртасидаги фарқни кўрадилар. Агар сўзи ва ҳолати ўртасидаги фарқни кўрсалар, батаҳқиқ, улар шу вақт унга иқтидо қилмайдилар. Бунинг сабаби, у ўзида татбиқ қилмайдиган сўзни айтаётганини биладилар. Агар ўзида татбиқ қилмаса, бас, одамлар ундан фойда олишлари, ўзларига татбиқ қилишлари мумкин эмас. Толиби илмга олган илмини сўз ва амал жиҳатидан татбиқ қилган бўлиши, ахлоқ-одоб ва хулқ-атворда уламолар йўлида бўлиши, уларнинг сифатлари билан сифатланиши, хулқлари билан хулқланиши, одоблари билан одобланиши вожиб бўлади. Ана шу вақт Аллоҳ таборака ва таолонинг изни билан (ўзгага) фойдали ва (ўзида) фойдаланган бўлади.

Ҳасан Басрий: «Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар», дедилар.  Инсонларни илм ўргатиш йўли билан ҳайвонлик даражасидан инсонлик мартабасига кўтарган олимлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ота-оналаридан ҳам меҳрибон инсонлардир. Сабаби ота-оналаримиз бизларни дунё оташидан ҳимоя қилади, олимлар эса, охират олови – дўзахдан муҳофаза этади.

Эй илм толиблари! Барчамиз уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари эканини унутмаслигимиз керак. У зотнинг ворисларига ўхшашликка интилиб яшайлик. Худди Абу Довуд Аҳмадга ўхшаш бўлганидек. Чунки Аҳмад Вакийга, Вакий Суфён Саврийга, Саврий Мансурга, Мансур Иброҳимга, Иброҳим Алқамага, Алқама эса Абдуллоҳ ибн Масъудга ўхшарди…

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунёдаги энг ёши улуғ аёлнинг бошидаги рўмоли, уни .Гиннеслар китоби,га ёзилишидан тўсиб қолди. Марям Аммашнинг уйида унинг умрини тасдиқловчи туғилганлик ҳақида давоми...

4417 11:00 / 07.09.2021
350. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир одам қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига бир фариштани юборди. У.Қаерга давоми...

5175 14:00 / 15.05.2021
Бир дурадгорнинг устахонаси бор экан. У ҳар куни кечқурун ишини тугатгач, асбобларини дастгоҳнинг устида қолдириб, устахонани қулфлаб кетар экан. Бир куни у давоми...

5124 17:00 / 22.12.2020
Онам доим .Дадаларингиз ишдан уйга қайтганида юзига кулиб, табассум билан боқинглар. Чунки ташқари ҳаётнинг ҳолати оталарни синдирадиган даражада аянчли...,, давоми...

2730 19:00 / 02.09.2021