1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ҳақиқий тойй – яқинлаштириш

20:42 / 16.08.2017 3415 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақиқий тойй (яқинлаштириш) дунё масофасини охиратни ўзингдан кўра яқинроқ кўришинг учун ўзингга яқинлаштиришингдир.

– «Тойй» сўзи луғатда «яқинлаштириш, буклаш, йиғиш, тахлаш, ўраш ва жамлаш» маъноларини англатади. Руҳий тарбия илмида эса «узоқ масофани қисқартириш ва катта нарсани кичрайтириш» маъносини англатади. 

Бу маъно одатда муридларнинг ўз шайхларининг кароматлари ила мақтанишлари давомида эшитилади. Кимдир ўз шайхини ёки ўтган авлиёлардан бирини ҳар куни бомдод намозини Бухородан Масжидул Ҳаромга бориб ўқиб келиши ҳақидаги ҳикоя билан мақтайди. Бошқаси яна бошқа бир ҳикояни тўқийди. Бу каби гаплар кўпинча ўзининг ва устозининг бошқалардан афзал экани ила мақтаниш мақсадида айтилган уйдирма гаплардан иборат бўлади. Баъзилар шу йўл билан илмсиз кишиларнинг эътиборини қозонишга уринадилар. 

Баъзи китобларда тойй тўрт хил бўлиши – замон, макон, дунё ва нафс тоййларидан иборат бўлиши ҳақида сўз кетган.

– Замон тоййи бир жойда узун бўлган замон бошқа жойда қисқаришидан иборатдир. 

– Макон тоййи Маккада турган одам бирдан бошқа шаҳарда бўлиб қолишига ўхшаш ҳолатлардан иборатдир.

– Дунё тоййи ундан зуҳд қилиш орқали ғойиб ўлароқ кутилаётган охират худди қаршисида тургандек ҳолга келишидир.

– Нафслар тоййи нафслардан ғойиб бўлиб, Аллоҳ таолога фоний бўлишдан иборатдир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг ушбу биз ўрганаётган ҳикматида дунё тоййи ҳақида сўз юритмоқда.

«Ҳақиқий тойй (яқинлаштириш) дунё масофасини охиратни ўзингдан кўра яқинроқ кўришинг учун ўзингга яқинлаштиришингди».

Бундан замон ва макон тоййлари эътиборсиз экани келиб чиқади. Чунки узоқ масофаларни қисқа муддатда кесиб ўтиш ва бир у ерда, бир бу ерда пайдо бўлиб қолиш имконини Аллоҳ таоло баъзи махлуқотларига ва кофир, мушрик бандаларига ҳам бериши бор. Айниқса, бугунги кунда бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб қолди. 

Демак, узоқ масофларни қисқа муддатда кесиб ўтиш ёки бир у жойда, бир бу жойда пайдо бўлиб қолиш мазкур жонзотлар ва одамларнинг тақвоси, ибодати, ихлоси, иймони ва Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилгани аломати бўла олмайди. 

Ҳақиқий каромат бошқача бўлади. Бир инсон соғ-саломат, тинч-омон яшаб турибди. Кўпгина орзу-умидлари бор. Молу мулк тўплаши, мансаб поғоналаридан кўтарилиб бориши, истаган соҳасида машҳур бўлиб, мақтовларга кўмилиши осон кўриниб турибди. Мазкур орзу-умидларга эришиши учун вақт ҳам, имкон ҳам бор. Аммо унинг қалб кўзи мазкур нарсаларнинг барчасидан ҳам узоқроқ нарсани кўрмоқда. У бу дунёни қўйиб, охиратни кўрмоқда. Унинг барча орзу ва умидлари охиратда, Робби ҳузурида мавжуд бўлган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган нозу неъматлар, роҳату фароғатларга боғланмоқда. У охиратда Аллоҳ таоло Ўзига қурбат ҳосил қилган бандаларига инъом этадиган зиёфатда бўлишни истамоқда.

Аллоҳ таоло Ҳаққо сурасида марҳамат қилади:

«Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин!» (24-оят).

Мазкур банда бу билан ўзи яшаб турган вақт билан охират орасидаги масофа ва вақтни кесиб ўтмоқда. Мана бу ҳақиқий ва улкан каромат ва тойй дейилади. Бундай кароматга сазовор бўлган мўминлар кўп бўлган. Айниқса, аввалги асрларда, хусусан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари розияллоҳу анҳумлар ичида. Улардан битталаринигина эслаб ўтсак, тойй ҳақидаги тушунчамиз мукаммаллашса ажаб эмас. 

Ибн Нумайр сўзлаб берди. Молик ибн Миғвал сўзлаб берди. Зубайддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Ҳорис ибн Молик, қандай тонг оттирдинг?» дедилар.

«Ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирдим», деди.

«Албатта, ҳар бир гапнинг ҳақиқати бўлади. Бунинг ҳақиқати недир?» дедилар.

«Нафсим дунёдан юз ўгирган ҳолда тонг оттирдим. Кечамни бедор, кундузимни ташна ҳолда ўтказдим. Таъкидки, худди Роббимнинг Аршига ҳисоб-китоб учун ошкор қилинганда назар солиб тургандекман. Таъкидки, худди жаннат аҳлига жаннатда бир-бирларини зиёрат қилаётганларида назар солиб тургандекман. Таъкидки, худди дўзах аҳлининг дод-войларини эшитаётгандекман», деди.

«Қалбида иймон нур сочган банда, маърифат ҳосил қилибсан, лозим тут!» дедилар».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Ҳорис ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қалбида иймон нур сочган банда даражасига етиш учун босиб ўтган йўли ва эришган натижасига бир назар солиб чиқайлик.

Ҳорис ибн Молик розияллоҳу анҳу иймон келтириб, ўзига фарз, вожиб ва суннат бўлган амалларни ўринлатиб бажарганидан кейин Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга восита бўладиган нафл ибодатлар, Қуръони Карим қироати, зикр, салавот каби амалларни ҳам адо эта бориб, маълум бир мақомга эришган.

Нафси дунёдан юз ўгирганлик мақомига етган. Кечани бедор бўлиб, кундузни чанқаган ҳолда ўтказадиган мақомга эришган. 

Сўнгра ҳаракатни давом эттира бориб, бу дунёнинг масофасини кесиб ўтиб, ўзидан ҳам кўра охиратга яқинроқ бўлиб, худди Роббининг Аршига ҳисоб учун ошкор қилинганда назар солиб тургандек бўладиган мақомга эришган. Худди жаннат аҳлига жаннатда бир-бирларини зиёрат қилаётганларида назар солиб тургандек бўлиш мақомига эришган. Худди дўзах аҳлининг дод-войларини эшитаётгандек бўладиган мақомга эришган.

Охир-оқибат иймон ҳақиқатига соҳиб бўлган ва ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирадиган мақомга эришган.

Албатта, бу даражага етиш ҳақида гапириш осон. Аммо амалга келганда анчагина уринишга тўғри келади. Банда ушбу ҳикматда зикр қилинаётган дунёни тойй қилиб – кесиб ўтиб, охиратни ўзидан кўра яқинроқ кўриш даражасига эришиш учун Аллоҳ таолога бўлган мустаҳкам иймон, У Зотнинг ваҳдониятига ва баркамол сифатларига бўлган ўта чексиз ишонч, фарз ва вожиб амалларни қойиллатиб адо қилиш билан бирга, Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган йўллар билан Роббига бўлган муҳаббатини зиёда қилишга уринмоғи лозим бўлади. 

Банданинг бирор нарсага ўта берилиши ва ундан юқори даражада ҳузурланиши учун муҳаббат зарур бўлади. Банданинг молу дунёга, маркаб ва манзилга, кийим-кечакка, орзу-ҳавасга муҳаббати бўлмаса, улар ҳақида ўйламайди, режа қилмайди, уринмайди, елиб-югурмайди, рағбат қилмайди, ҳориб-чарчамайди ва ўзини ўтга-чўққа урмайди. Бандага қўшиб яратилган дунёнинг зийнатланиб кўриниши тарбия орқали тартибга солинмаса, у дунёга мойил бўлади, уни истайди, уни топишга тиришади, топганидан кейин кўпайтиришга ўтади, кўпайганда, ким ўзарга уринади ва охири бориб, дунё асосий кўзлаган мақсадига айланиб қолади. Шу тариқа банда дунёга қул бўлади.

Бандани дунё қуллигидан озод қиладиган нарса ўша бандани ва уни ўзига қул қилиб олган дунёни яратган Аллоҳ таолонинг муҳаббатидир. Аллоҳ таолонинг муҳаббати банданинг кўзини очади, ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини аниқ кўришига ёрдам беради. 

Шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Амал ва кароматдан иборат бўлган кунларни таом ва ичимликсиз кесиб ўтиш ва масофани юрмай, чарчамай, қисқа муддатда кесиб ўтиш каби тоййларда ҳеч қандай ибрат йўқ. Булар ташқи ва расмий нарсалардир. Ҳақиқий тойй дунёни зуҳд билан кесиб ўтишдир».

Шайх Бишрул Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳи дейди: «Ким тариқатимизга икки кун кирса, икки дунёнинг мулкига эга бўлади».

Шайх Абул Аббос Мурсий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Аҳамиятлиси бировга ер қисқартирилиб, бирдан Маккада ёки ўзи истаган юртда бўлиб қолиши эмас. Аҳамиятлиси бировнинг нафсоний сифатлари қисқартирилиб, бирдан Робби ҳузурида бўлиб қолишидир».

Баъзи машойихлар раҳматуллоҳи алайҳим айтадилар: «Чўнтагига бир нарсани солмай туриб, ундан истаган нарсасини чиқарадиган одамдан ажабланманглар. Аксинча, чўнтагига бир нарсани солиб, сўнгра қўлини унга тиқиб, бирор нарса топа олмаганда ўзгармайдиган одамдан ажабланинглар».

Абу Муҳаммад Муртаъиш раҳматуллоҳи алайҳига: «Фалончи сувнинг устида юради», дейилди. Шунда у: «Менимча, ҳавойи нафсига мухолиф бўла оладиган одам сувнинг устида юра оладиган одамдан кўра буюкдир», деди.

Аллоҳ таоло барчаларимизга дунё масофасини охиратни ўзидан кўра яқинроқ кўриши учун ўзига яқинлаштира оладиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

  

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барчамиз Аллоҳнинг гуноҳкор бандаларимиз, гарчи У ҳадларимиздан ошмасликни амр этган бўлса ҳам. Лекин Биз Аллоҳ таолонинг ожиз бандалари Роббимизнинг давоми...

5958 17:56 / 20.08.2017
Мазкур гуноҳлар сабабидан ҳозирги кунда турли азоблар содир бўлмоқда. Бир шаҳарни ер ютган, бир шаҳарда қаттиқ шамол, яна бирида қаҳатчилик бўлган, баъзи жойларда давоми...

3636 15:51 / 08.03.2018
Тўртинчи тақсим4. Одатлар ғийбати. Одатларни ғийбат қилишга фалончи ниҳоятда заиф, кўп ухлайди, кўп ейди, бирор ишни эплолмайди, ўтириш одобини билмайди, оқибатни давоми...

3962 19:36 / 19.01.2018
Тоатинг У Зотга манфаат бермас. Маъсиятинг У Зотга зарар етказмас. Фақатгина ўзингга қайтадиган фойда учун У Зот сени унисига амр этди ва бунисидан қайтарди.Ибн давоми...

4437 00:10 / 20.11.2017