1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Муҳаббат сирли ширк бўлаётган вақтда

00:00 / 23.06.2018 7335 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳикматларидан бирини кўриб қолдим. Унда шундай дейдилар: «Бир нарсани яхши кўрсанг, албатта ўшанинг қули бўлибсан, ваҳоланки, Аллоҳ Ўзидан бошқага қул бўлишингни хоҳламайди».

Маълумки, Ибн Атоуллоҳнинг ҳикматлари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг китоби ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан олинганига уммат ижмо қилган. Бу асар ушбу соддадил олимнинг Яратган мавлоси азза ва жаллани кузатувчи асарларидан биридир.

Уламолар орасида: «Эҳтимол, агар намоз Қуръондан бошқанинг қироати билан дуруст бўлганида, Ибни Атоуллоҳнинг ҳикматларини ўқиш билан намоз жоиз бўларди», деганлар.

У киши айтадилар: «Бир нарсани яхши кўрсанг, албатта унинг қули бўлибсан, ваҳоланки, Аллоҳ Ўзидан бошқага қул бўлишингни хоҳламайди».

Мен ўйлаб, бу сўз Қуръонни, балки Қуръондаги кўплаб оятларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ширк келтиришдан ман қилинган Аллоҳ қайтариғининг нозик ифодаси эканини ҳис қилдим.

Ширк инсонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларидан олдинги араб мушрикларининг одатлари каби сажда қилиб сиғиниш учун Аллоҳ азза ва жалладан ўзгани илоҳ қилиб олишдагина чегараланган эмас. Балки ширкни бунданда кўп ва кенг маъноси бор.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз каломида:

«Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта «илоҳ» экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин», дегин» (Каҳф, 110) деб бежиз айтмаган.

Бу шуни ифода қиладики, у ерда Аллоҳга иймон келтириб солиҳ иш қиладиганлари бор, лекин улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқани Унга шерик қиладилар, ҳолбуки, улар сиз биладиган тақлидий (одатий) мушриклар эмаслар. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи маъносидир:

«Кўплари эса Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос» (Юсуф,106). (Яъни, иймон келтирсалар ҳам, Унга ширк келтирган ҳолларида иймон келтирадилар. Холис тавҳид ила иймон келтирмайдилар. Чунки холис тавҳид масаласи нозик, ширкнинг турлари эса жуда ҳам кўп. «Тафсири ҳилол»).

 

Бу бизга ўхшаганларга ва ўзларини Аллоҳ азза ва жалла ҳамда унинг ваҳдониятига иймон келтирдик деб ўйлайдиган ва унинг тавҳиди соясида яшаётган кўплаб одамларга мос тушади.

Аллоҳ азза ва жалла огоҳлантирган ширкнинг маъноси нима?

Унинг маъноси қалбингдаги Аллоҳнинг муҳаббатига Ундан бошқа ҳар қандай нарсанинг севгиси рақиб бўлишидир. Қалбингдаги Аллоҳнинг муҳаббатига Ундан ўзга ҳар қандай нарсанинг муҳаббати рақобат қилишидир. Бу хатарли бўлган яширин ширкдир.

Ким ўзини яхши кўрса ва бу севгиси такаббурлик, манманлик ва ўзига тегишли ҳар қандай нарсага муҳаббат қўйиш даражасига етса демак у, Аллоҳ азза ва жаллага шерик қўшибди. Ўз нафсини ўзи учун илоҳ қилиб олибди. Ҳавойи истагини нафси учун илоҳ қилиб қўйибди.

Ким бойлиги, тижорати ва ҳовлисини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббати билан беллашадиган даражада яхши кўрса, демак у Аллоҳ азза ва жаллага шерик қўшибди. Чунки Ибн Атоуллоҳ айтганларидек, у бирор нарсани яхши кўрса, унинг қулига айланади. Чунки у ўзи яхши кўрган маҳбубига бўйсунади ва унга илтижо қилиб кўзи кўр одам каби эргашишга мажбур бўлади. Шу жиҳатдан у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ўзгани шерик қилган бўлади.

Ким фарзандларини ҳам ана шундек, яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатига рақобат қиладиган даражада яхши кўрса, батаҳқиқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ўзгани шерик қилибди.

Агар биз қалбларимизга назар солиб, унинг ҳис-туйғуларини текшириб чиқсак, ўзимизда Аллоҳ таоло сўзининг тасдиғини кўрамиз:

«Кўплари эса, Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос» (Юсуф,106).

Бу бизларни Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳининг: «Бир нарсани яхши кўрсанг, албатта, ўша нарсанинг қули бўлибсан», дея огоҳлантирган буюк сўзи олдида тўхталишимизни лозим этади. Бу ерда бу тўғрисида бирор шубҳа бўлиши мумкинми?

Агар сен бир нарсани айни ўзини яхши кўрадиган бўлсанг, иложсиз бу нарса сени қулга айлантиради. Қуллик даражалари ҳар хил бўлади.

Бу шубҳасиз ҳақиқатдир.

Аллоҳ таоло эса сендан буни истамайди. Фақат Ўзигагина қул  бўлишингни хоҳлайди. Бунинг далили Аллоҳ сени Аллоҳдан бошқани шерик қилиб олишингдан огоҳлантирган шу каби кўпгина оятларда ўз аксини топган. Аллоҳдан бошқани шерик қилиб олишнинг маъноси шуки, қалбингда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқанинг муҳаббатига жой қолади.

Буни Аллоҳ азза ва жалла ўзининг сўзи билан бизларга эслатади. Бу оятни кўп бора эслаб исботловчи мисол тариқасида келтирамиз:

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор» ( Бақара,165).

Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ўзгани шерик қилувчи мушрикдан ҳақиқий зоҳидни ажратиб берадиган ўлчовдир. 

Лекин инсон баъзида шубҳа билан савол беради: инсон гоҳида ўзи муҳтож бўладиган нарсаларни яхши кўришга табиатан мойил-ку?  У ўзининг табиий инстинкти билан аҳли оиласи, фарзандлари, аёли ва дўстларини яхши кўришга мойил қилиб яратилган-ку? Аллоҳ азза ва жалла Оли Имрон сурасининг 14-оятида:

«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди», деб қўйган бўлса, инсон қандай қилиб ўзининг табиий инстинктига қарши чиқади ёки қандай қилиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган асл табиатга ғалаён кўтаради?

Бунинг жавоби шуки, агар инсон Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ҳақиқий маърифат билан таниса, унинг қалби бошқани қўйиб садоқат билан Унинг ўзига юзланади. Агар инсон Аллоҳни мукаммал сифатлари ва Унинг сон-саноқсиз неъматлари билан таниса, унинг қалби бошқани севмай ёлғиз Унинг муҳаббатига йўл олади. Шунда у Аллоҳдан бошқа кўпгина нарсаларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло етказувчи воситани севгандек яхши кўради. У бойликни Аллоҳни яхши кўрганидан кейин яхши кўради. Чунки у бу бойликда ўзини Аллоҳ таоло хоҳлайдиган барча нарсаларга етказадиган нарса борлигини кўради.

У аҳли аёли ва фарзандларини яхши кўради, лекин у буларни ўзига сармоя қилиш учун яхши кўради. Бу сармоя орқали у Аллоҳ таоло буюрган ушбу оилани қуради. Шу сабабдан ушбу оиланинг риоясини қилиш ва уларни асраш билан Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришади. Болаларини боқиш ва уларнинг тарбиясига риоя қилиш билан Аллоҳга яқинлашиб, унинг севгисига етишга интилади.

У дўстларини яхши кўради. Лекин у бу ҳолатда уларни Аллоҳга шерик қилиб яхши кўрмайди, балки уларни Аллоҳнинг йўлида яхши кўради. Уларни ўзидек Аллоҳни таниганлари учун яхши кўради. Чунки улар ҳам унинг ўзидек Аллоҳ азза ва жаллага яқин муносабатда бўлиш йўлини қидирадилар. Улар билан унинг ўртасида меҳрибончилик риштаси бор. Бу меҳрибончилик Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони танишда, Унинг тўғри йўлида ҳаракатланишда кўзга ташланади.

Гапнинг хулосаси шуки, албатта, бу ерда Аллоҳга тенглаштириб яхши кўриш ва Аллоҳнинг йўлида яхши кўриш бор. Аммо Аллоҳга тенглаштириб яхши кўриш бу Аллоҳ азза ва жалла эҳтиёт бўлишни огоҳлантирган ширкдир. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзидаги маънодир:

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор» (Бақара,165).

Аллоҳни севгандек севиш Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига рақобат қилиш бўлади. Бунинг сурати жуда кўп ва аниқ, уларни мисол қилиб келтиришнинг ҳожати йўқ.

Аммо Аллоҳнинг йўлида яхши кўриш бу тавҳиднинг чўққиси, ягона худога эътиқод қилишнинг юқори даражасидир.

Агар банда Роббиси субҳанаҳу ва таолони севса, ёлғиз Унинг қулига айланади. Кейин у назар солиб Аллоҳнинг розилиги ва унинг муҳаббатига, Аллоҳнинг буйруқларини амалга оширишга ва топшириқларини бажаришга йўл қидириш лозим эканини ҳис қилади.

Эътибор бериб, у ерда Аллоҳнинг розилиги йўлида ҳаракат қилган ҳолда ушлаш керак бўлган васила ва воситалар борлигини ҳис қилади, улар орасидан Аллоҳга етиш йўлида ўша воситаларни қидиради. Бирдан уни топиб олса, яхши кўради, чунки бу уни Аллоҳга етказади.

Унга боғланади, чунки у нарса унинг ўз йўлида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога етказиши учун Аллоҳ таоло унга ихтиёр қилган уловдир.

Худди шунингдек, инсон Аллоҳ таоло икром қилиб берган уловни яхши кўради, лекин уни айнан ўзини яхши кўрмайди, балки ушбу улов унинг ўз мақсадларига етказгани учун яхши кўради. Чунки у буни ўз орзу умидларига етказиши учун восита қилади. Мўминнинг бутун ҳаёти давомида биргина мақсади бўлади, у ҳам бўлса Аллоҳнинг ризосига етиш ҳамда Аллоҳ таоло ўз ризоси ва мағфирати билан уни икром қилишидир. Шубҳа йўқки, бунга етишнинг бир нечта йўллари бор. Бойлик ўша йўллар жумласидан, аҳли аёл ва фарзандлар ўша йўллар жумласидан, дўстлар ва эҳтимол, етакчилик ҳам ўша йўллардандир. Ким буларни Аллоҳга етиш учун улов қилса, Аллоҳга бўлган муҳаббати сабабли уларни ҳам яхши кўради. Бу эса тавҳиднинг юқори даражасидир. Ким булар қаршисида Аллоҳни унутса ва Аллоҳдан юз буриб, бу ишларга эътибор қаратса, демак, у буларни Аллоҳни севгандек яхши кўрибди. Бу эса Аллоҳ огоҳлантирган ширк маъносидир.

Ибн Атоуллоҳ: «Бир нарсани яхши кўрсанг албатта, ўша нарсанинг қули бўлибсан, ваҳоланки, Аллоҳ Ўзидан бошқага қул бўлишингни хоҳламайди»- деб ифода этган нарсанинг маъноси шудир.

Аллоҳим, бизларни фақат ўзинг учун банда қил. Аллоҳим, бизларни ўзингдан бошқа нарсаларга бўлган муносабатларимизни ўзингга элтувчи васила ҳамда ризойингга эриштирувчи йўл қил.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

 

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий хутбаси.

1997 йил 7 март

Абдуллажон Ғуломов таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Одам ота ва момо Ҳаввонинг жаннатдан чиқарилишларига ҳам айнан қорин шаҳвати давоми...

4112 11:43 / 15.12.2018
Бешинчи фoйдa ҳaрoмдaн сaқлaниш.Ғийбaтнинг ҳaрoмлиги oят вa ҳaдислар иттифоқи билaн собит бўлгaн. Пaйғaмбaримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мўминнинг қони мўмингa ҳаром. давоми...

3125 15:41 / 05.05.2018
Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.ndash Маҳзунлик ndash давоми...

5795 19:24 / 08.08.2017
Дуодаги илтижога қарамай, бериш муддатининг кечга сурилиши умидсизлигингга сабаб бўлмасин. У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи ирода қилган вақтда ижобат давоми...

7171 10:33 / 15.07.2019