1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Талбия

20:28 / 13 июнь 88799 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Талбия биз томонларда «лаббайка айтиш» номи билан машҳур. Ушбу сарлавҳа остида келадиган ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида талбиянинг лафзлари, унинг фазли ва вақти каби мавзулар билан яқиндан танишамиз.

1410. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари у зотни кўтариб, Зул-Ҳулайфа масжиди олдида тик турганида: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк. Лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда ваннеъмата лака вал мулк. Лаа шарийка лак!» дер эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Талбиянинг худди мана шу сийғаси бутун дунё мусулмонлари орасида машҳур ва ҳозирги кунда ҳам айтилиб келинаётир.

Ушбу сийғанинг маъноси қуйидагича;

«Лаббай Сенга Аллоҳим, лаббай! Сенга лаббай! Сенинг шеригинг йўқ, Сенга лаббай! Албатта, ҳамд ҳам, неъмат ҳам, мулк ҳам Сеникидир! Сенинг шеригинг йўқдир!»

1411. Бухорийдан бошқалар қуйидагиларни зиёда қилганлар:

«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлаган талбиялари ила ҳалиги калималарни айтар ва: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк. Лаббайка ва саъдайка. Вал хойру фии ядайка. Лаббайка вар роғбау илайка вал амалу» дер эди».

Шарҳ: Аммо бу зиёдани айтиш кўпчиликка урф бўлмаган.

Унинг маъноси қуйидагича: «Лаббай Сенга Аллоҳим, лаббай! Сенга лаббай! Сени розилар қиламан! Яхшилик қўлингдадир. Сенга лаббай! Орзу-истак ва амаллар Сенгадир!»

1412. Соиб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб, саҳобаларимга ва мен билан бирга бўлганларга иҳлолда (ёки талбияда) овозларини кўтаришни  амр қилишимни буюрди», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ деган.

Шарҳ: Жумҳури уламолар «Талбияни баланд овоз билан айтиш мустаҳабдир», деганлар. Аммо бошқаларга халақит бермаслик керак. Аёл киши ўзи эшитадиган қилиб айтиши лозим.

1413. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Қандай ҳаж афзал?» деб сўралди.

«Баланд овозли ва қон оқизгани», дедилар».

Шарҳ: Албатта, бу саволда ҳажнинг рукни ва вожибларидан кейинги афзал амали ҳақида сўралмоқда. Бу ҳадисдан «лаббайка»ни баланд овоз билан айтиб, қурбонликларни яхшилаб сўйиб, ҳаж ибодатининг шиорини ошкора қилиш афзал эканлиги келиб чиқади.

1414. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир мусулмон талбия айтса, албатта, унинг чап ва ўнгидаги тошлар, дарахтлар ва кесаклар ҳам талбия айтади. Ҳаттоки ер у жойдан, бу жойдан кесилиб кетади», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан талбия айтиш жуда фазилатли иш эканлиги англашилади. Тошлар, дарахтлар ва кесакларнинг талбия айтган мусулмонга қўшилиб талбия айтиши шуни кўрсатади. Уларнинг талбияси қандай бўлиши ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига аён.

1415. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамъдан Миногача Фазлни мингаштириб келдилар. Фазлнинг менга хабар беришича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то Ақобада тош отгунларича талбия айтишда бардавом бўлганлар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятдаги «Жамъ» сўзидан мурод Муздалифадир. Фазл эса машҳур саҳобий, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғиллари Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудир. Фазл ибн Аббос ва ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Аббос ака-укадирлар.

Бу ҳадисдан жумҳури уламолар «Ҳажда талбия айтиш Ақобага тош отилиши билан тўхтатилади», деган ҳукмни чиқарганлар. 

1416. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умра қилувчи то ҳажарни истилом қилгунича талбия айтади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда умра қилувчи киши Ҳажарул асвадни ўпгунча ёки унга қўли билан ишора қилиб, қўлини ўпгунча талбия айтади. Ҳажарул асвадни истилом қилиши билан талбия айтишни тўхтатади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга беҳисоб шукрки, бу йилги ҳаж ибодати юртимиз зиёратчилари учун жудаям файзли бўлди. Гарчи, ўзимиз бормаган бўлсакда, устозлар, қадрдонлар ва яқинларимиз давоми...

3546 15:30 / 14.07.2022
1620. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким менга салом берса, албатта, Аллоҳ менга руҳимни қайтаради ва мен унга алик давоми...

5772 19:57 / 21.08.2017
Ҳaж бир ошиқона ибoдaтдир. Aллoҳга қулчилик қилишга oшиқ бўлгaн бaндa дунёнинг ҳaр нaрсaси билaн xaйрлaшиб, телбаларча сафарга равона бўлади. Кулфaт вa мусибaтлaргa пaрвo давоми...

2875 05:00 / 16.01.2017
Қуёш ботгач, шом намозини ўқимасдан, Арафотдан Муздалифага қараб юрилади. Етиб келиб, шу жойда тунаш учун жойлашилади. Таъкидлаб айтиш керакки, одам кўплигидан давоми...

10121 16:52 / 14 июнь