1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Қалбдаги кечинмалар

17:28 / 25.09.2017 4255 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Душман банданинг қалбидагини била оладими?» деб сўрабсан.

Билгинки, қалб Аллоҳнинг яшириб қўйган қутисидир. Ҳеч ким унинг ичидаги нарсани кўра олмас – фаришталар ҳам, улардан бошқалар ҳам. Қалбдаги кечинмалар эса фариштадан ва васваса қилувчидандир (шайтондандир).

Банданинг бошқалардан яшириб қиладиган амали ошкора амалидан етмиш марта улуғдир. Унинг ҳафазалардан (фаришталардан) яшириб, бандаларга ошкора қилган амали яшириб қилган амалидан кўра етмиш марта улуғдир. 

 Ибн Умардан шундай ривоят қилинмиш:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Яширин амал ошкорасидан афзалдир. Ошкора амал унга эргашишларини истаган киши учун афзалдир»[1].

Амал қилувчи амалини яширади, аммо ичида буни одамлар кўришини истайди. Амалнинг эгаси бу истакни инкор қилади ва қайтаради. Душман эса унга амалини одамларга кўрсатиб қилишни эслатаверади. Буни нафси истайди, қалби эса инкор қилади. У ҳавои нафси ва душмани келтирган нарсани ўзларига қайтаради. 

Бундай одам душман эшигини нафси қаршисида қаттиқ ёпган бўлади. У амали ила риё қилишга қодир бўлмайди, чунки уни ошкора қилмади. Бу амалнинг савоби ошкора қилинганидан кўра етмиш марта кўпдир. Ошкора қилганида, агар у қалби ила Аллоҳга ихлос қилган бўлса ҳам, нафси одамлар кўришини истагандир. Душмани эса унга буни чиройли кўрсатади. Ошкора амал нафсга ва душманга риё учун озгина бўлса ҳам фурсат ва насиба беришга йўл очади. Қалб эса инкор қилади. Унга шу ёзилади. Лекин уни яширин қилса, душманга ҳеч нарса қолмайди. Нафснинг хоҳиши қолади, холос. Қачон нафс уни (амални) ҳеч ким кўрмаслигини билса, у амал эгасининг мазкур хоҳишни қондиришидан умидини узади. Шунда у сўнади ва ушбу амал(нинг савоби) ошкора қилинган амалникидан кўра етмиш марта кўпайтирилади.

Яна Аллоҳ илм неъматини бермасидан олдин нафсларини риёзатга солган Аллоҳнинг бандалари бор. Уларнинг қалбларида маърифат нури устма-уст бўлиб кетган. Улардан нафснинг васвасаси кетган, чунки уларнинг турли истак-хоҳишлари ўлган. Уларнинг қалблари Аллоҳ таолонинг азамати, жалоли ва кибриёси денгизига тушгандир. Бундай одам ошкора амал қилганида ҳам, унда жидду жаҳд қилишга муҳтож бўлмайди, чунки унинг ўз амалини одамлар кўриши ва улуғлаши борасидаги шаҳват истаги кесилган ва қалб кўзи ила кўрган Аллоҳ таолонинг мулки олдида ўз нафсини арзимас санаган.

У қачон амалини ошкора қилса, бу билан Аллоҳнинг бандаларига ўзига эргашишлари учун насиҳатни, уларни яхши амалларга ундашнигина ирода қилган бўлади. Ушбу банда Аллоҳ учун Унинг бандаларига насиҳат қилувчидир. Унга яширин амалнинг савоби етмиш марта кўпайтириб берилади.

Билмайсанми, Аллоҳ таоло Танзилида бир қавмни мақтаган ҳамда уларни Раҳмоннинг бандалари деб атаган ва уларга жаннатдаги олий даражаларни вожиб қилган:

«Ана ўшалар сабр қилганлари учун (жаннатда) «ғурфа» ила мукофотланурлар...»[2]

Улардаги хислатларни санаб бориб, дуода шундай деганларини зикр қилган:

«...ҳамда бизларни тақводорларга пешво қил»[3].

Уларнинг пешволикка эришишдан мақсадлари Аллоҳ учун Унинг бандаларига насиҳат қилиш, уларнинг шариатга ҳақ ва адолат ила эргашиб, Аллоҳнинг йўлига юришларини таъминлашдан иборатдир.

Аллоҳ таоло Танзилида Мусо алайҳиссаломни Бану Исроилнинг ичида нима ила хослаганини айтди. Мусо алайҳиссалом: «Роббим! Лавҳларда бир қавм бўлиши, уларнинг сифати бундай, ҳоли бундай эканини кўрдим», деди. Шунда У Зот: «Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидир», деди. Шундай бўлгач, Мусо алайҳиссалом ўз умматига ҳам ўшалардан баъзиси бўлишини истаб қолди. Шунда у зотга қуйидагилар айтилди: 

«Ва Мусонинг қавмидан ҳақ ила ҳидоят қилиб, у ила адолат қиладиган уммат ҳам бор»[4].

Шунда у зот Аллоҳ таолодан батамом рози бўлган.

Сўнгра ушбу умматга Мусо алайҳиссаломнинг умматига берилган нарса берилган. У Зот деди:

«Ва Биз яратган кимсалар ичида ҳақ ила ҳидоят қиладиган ва у ила адолат қиладиган уммат ҳам бор»[5].

Улар ҳидоят имомларидир. Улар халойиқнинг танилганларидир. Аллоҳ таоло томон юришда уларга эргашилади. Уларнинг У Зотдан қалбларига ҳақ нури ва адолат нуридан жо қилишини сўрашларига сабаб мазкур икки нур ила кишиларни ушбу шариат орқали Аллоҳ таолога чақиришдир. Агар улар нурсиз чақирсалар, қабул бўлмайди, чунки бундай калом қулоқдан нарига ўтмайди. Агар одамларни ўша нур ила чақирсалар, уларнинг қалбларига етиб боради ва одамлар улар чақирган нарсага ижобат қиладилар. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Cарахс аҳли сўраган масалалар китобидан)


____________________________

[1] Бумаънодаги ҳадисни Термизий ва Ибн Можаҳам ривоят қилишган.

[2] Фурқон сураси, 75-оят.

[3] Фурқон сураси, 74-оят.

[4] Аъроф сураси, 159-оят.

[5] Аъроф сураси, 181-оят.

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кимнинг ибтидоси нурафшон бўлса, интиҳоси ҳам нурафшон бўлади.Ушбу ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматни тўлдириб келгандир. Барча амал ва ишларнинг хотимаси яхши ва давоми...

3718 20:08 / 12.08.2017
Инсон руҳий ҳолатига дуо қандай таъсир қилиши мумкинЧин дилдан қилинган дуо инсон қалбини тинчлантиради. Айниқса дуонинг кучи турли хил касалликлар, руҳий ва давоми...

7220 18:36 / 17.09.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ эди. Агар бирор кишининг сал бўлса ҳам ёлғончи давоми...

3203 22:39 / 28.03.2018
Ўта ҳожатмандлигинг зотингда бордир. Сабабларнинг келиши эса сенга улардан махфий бўлганларини эслатиш учундир. Зотий ҳожатмандликни ўткинчи нарсалар йўқота давоми...

5129 09:55 / 24.06.2018
Аудиолар

135384 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55629 14:35 / 11.08.2021