1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳ таолонинг муҳаббатини жалб қилувчи сабаблар

22:09 / 20.04.2018 4283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазкур сабаблар ўнтадир:

1. Қуръони Каримни тадаббур ила, маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш.

2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш. Бу нарса муҳаббат даражасидан ўтиб, маҳбубиятга эриштиради.

3. Барча ҳолатларда – тил, дил, амал ва ҳол билан Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлиш. Банданинг зикрдан бўлган насибасига қараб, муҳаббатдан бўлган насибаси белгиланади.

4. Ҳавойи нафс ғалаба қилганда Унинг муҳаббат қилган нарсаларини ўзинг муҳаббат қилган нарсалардан устун қўймоғинг.

5. Қалбнинг У Зотнинг исмларини, сифатларини яхши мутолаа ва мушоҳада қилиши ҳамда таниши. Бас, ким Аллоҳ таолони исмлари, афъоллари ва сифатлари билан таниса, шубҳасиз, Унга муҳаббат қилади.

6. У Зотнинг зоҳирий ва ботиний яхшилигини, эҳсонини, неъматларини мушоҳада қилиш.

7. Аллоҳ таолонинг олдида қалбнинг бутунлай синиши.

8. Илоҳий нузул вақтида (кечанинг учдан бири қолганда) У Зот билан холи қолиб, муножот этиш ва каломини тиловат қилиш. У Зотнинг ҳузурида бандалик одобларини ўрнига қўйиш ва бу ҳолни истиғфор ҳамда тавба ила хатм қилиш.

9. Содиқ муҳаббатлилар мажлисларида ўтириб, уларнинг каломларидан энг ширин меваларни териш.

10. Аллоҳ таоло билан қалб орасида тўсиқ бўладиган ҳар бир нарсадан узоқда бўлиш.

Аллоҳнинг муҳаббати ҳақидаги оятлар:

Аллоҳ таоло Моида сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур...» (54-оят).

Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишини ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита – сабаб қилади. Ушбу шарафли ишга мусулмон уммати танланган. 

Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадирлар: 

Биринчиси – ўзаро муҳаббат. 

«Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур».

Яъни Аллоҳ таоло уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар. Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга Аллоҳ таоло муҳаббат қилар экан. 

Аллоҳнинг севгисини қозонган бандалар Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт! 

Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севгидир. 

Бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади. 

Мазкур бандаларнинг сифатларидан иккинчи ва учинчиси... 

Бинобарин, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини ихтиёр қилган қавмдан бўлиш:

«Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир».

Аллоҳнинг бундай кенг фазли-карамидан баҳраманд бўлган кишилар бу улуғ иноятнинг қадрига етишлари лозим.

Аллоҳнинг муҳаббати аломатлари:

1. Аллоҳга йўлиқишни севиш.

2. Аллоҳга маъсият қилмаслик.

3. Аллоҳнинг тоатини лозим тутиш, дангасалик ва ҳавойи нафсга эргашишдан йироқ бўлиш.

4. Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш.

5. Аллоҳга Унинг Китобини тиловат қилиш, таҳажжуд намози ўқиш каби амаллар ила унс пайдо қилиш.

6. Аллоҳнинг зикрисиз ва тоатисиз ўтган ҳар бир соатга афсус қилиш.

7. Аллоҳнинг тоатини оғир санамай, тоатдан ҳузурланиш.

8. Аллоҳнинг бандаларига меҳрибон бўлиш.

9. Аллоҳга бўлган муҳаббатини беркитиб, уни даъво қилишдан йироқ бўлиш.

10. Аллоҳдан унс топиб, У Зотдан рози бўлиш.

Аллоҳнинг муҳаббати фойдаларидан:

1. Аллоҳнинг муҳаббати иймон камолотининг далилидир.

2. Аллоҳнинг муҳаббати Ислом гўзаллигининг далилидир.

3. Аллоҳнинг муҳаббати У Зот ила учрашув шавқидир.

4. Аллоҳнинг муҳаббати бор қалбни Аллоҳ таолонинг баракаси давомли равишда ўраб туради.

5. Аллоҳнинг муҳаббати асари қийинчилик ва ғам-ғусса пайтида зоҳир бўлади.

6. Аллоҳнинг муҳаббати, бу дунё неъмати ва сурури ўлароқ, охират неъмати ва сурурига етказади.

7. Аллоҳнинг муҳаббати мусибат пайтида тасалли беради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва зикри билан тўлиб-тошган бўлса, бундай қалбда дунёнинг муҳаббатига жой қолмайди. Бундай банда бадани билан молу мулк учун ҳаракат қилаётган чоғида ҳам унинг қалби доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлади. 

У нақшбандийларнинг «Даст ба кору, дил ба ёр» шиорига амал қилган бўлади. Оқибатда қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлади. Қалби Аллоҳнинг муҳаббати ила тўлиб-тошган бандага Аллоҳ таоло ҳақиқий маънодаги бойликни ато қилади ва уни қашшоқликдан қутқаради. 

Аксинча, қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ҳамда зикри билан обод бўлмаган банда очкўз бўлиб, доимий қашшоқликда қолиши ҳам турган гап.

Гап моддий маънодаги молу дунёнинг кўп ёки озлигида эмас, балки банданинг ўша мол-дунёга бўлган муносабатидадир. 

Тарихда молу дунёси ҳад-ҳисобсиз бўлган тариқат шайхлари анчагина. Уларнинг бошқа бойлардан фарқи ўз молу дунёларига заррача муҳаббат қўймасдан, фақат Аллоҳ таолонинг ибодати ва зикри билан машғул бўлганлари ва қалбларида мол-дунё муҳаббатига жой қолмаганидадир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  (Руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Душман банданинг қалбидагини била оладими, деб сўрабсан.Билгинки, қалб Аллоҳнинг яшириб қўйган қутисидир. Ҳеч ким унинг ичидаги нарсани кўра олмас ndash фаришталар давоми...

4884 17:28 / 25.09.2017
Шубҳали нарсага нисбатан керак бўлган муносабат бир неча хил бўлади1. Вожиб.Ўзиникими ёки ўзганикими, аниқ бўлмаган молни олмаслик.2. Мустаҳаб.Молининг кўпи ҳаром давоми...

3875 22:23 / 09.03.2018
Дегувчи деди .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида оч қолиб, ҳаттоки қоринларига бир ёки иккита тош боғлаб олганлар. Шунингдек, Абу Бакр ва Умар давоми...

4514 17:09 / 14.10.2017
Ағёрлардан фориғ бўлишни кутма Чунки бу У Зот сени қоим қилиб қўйган нарсанинг муроқабасидан сени кесиб қўяди. ndash .Ағёр, .ғияр,нинг жами бўлиб, Аллоҳ таолодан ўзга давоми...

4241 06:51 / 28.11.2017
Аудиолар

210864 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130129 14:35 / 11.08.2021