Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 ражаб | 2026 йил 16 январь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (171-дарс). Пайғамбарларга муносабат

19:36 / 21.02.2022 4748 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар алайҳиссаломлар ўзларига Аллоҳ таолодан берилган рисолатни бир ҳарфини ҳам ўзгартирмай, омонат ила умматларга етказишиб келганлар. Улар Аллоҳ таолодан келган ваҳийни худди ўзи каби одамларга етказадилар. Унинг бирор ҳарфини камайтирмайдилар ҳам, унга бирор ҳарф зиёда ҳам қилмайдилар.

Бу маънода Қуръони Каримнинг Оламлар Роббидан туширилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни омонат ила етказишлари ҳамда агар, фаразан, Пайғамбар алайҳиссалом бу омонатга хиёнат қилсалар, Аллоҳ таоло у кишини дарҳол жазолаши ҳақида Ҳааққо сурасида қуйидагилар айтилади:

«Албатта, у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир» (40-оят).

Яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзидир.

Бу ерда Қуръони Каримнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилиши у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у каломни тиловат қилувчи ва кишиларга етказувчи эканликлари эътиборидандир.

«Ва у шоирнинг сўзи эмас. Нақадар оз ишонасизлара!»­ (41-оят).

Яъни, шундай эканлигига ишонмайсизлар.

«Ва у фолбиннинг сўзи ҳам эмас. Нақадар оз эслайсизлар!» (42-оят).

Яъни, эсламайсизлар.

«Оламлар Роббидан нозил қилингандир» (43-оят).

Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз сўзи эмас. Қуръон оламларнинг Робби томонидан туширилган каломдир. Муҳаммад алайҳиссалом уни етказувчи, холос. Агар у киши алайҳиссалом Қуръоннинг ҳаммасини ёки битта сурасини ўзидан тўқиб, «Бу Аллоҳнинг гапи» дейиши у ёқда турсин, баъзи бир қавлларни тўқиб, Аллоҳга нисбат берса ҳам, соғ қолиши мумкин эмас.

«Ва агар у Бизга баъзи ёлғон сўзларни тўқиганида…» (44-оят).

Яъни, агар Муҳаммад Бизнинг номимиздан, мушриклар даъво қилаётганидек, баъзи сўзларни тўқиса, ҳозиргига ўхшаб, соғ-саломат, турли мўъжизаларга соҳиб бўлиб, гуноҳлардан маъсум бўлиб, одамлар ёмонлигидан сақланиб юрмас эди. Ундай бўлса,

«Уни қудрат билан албатта тутамиз» (45-оят).

Яъни, Биз ундан Ўз қувватимиз ва Ўз қудратимиз ила интиқом олган бўлур эдик.

«Сўнгра унинг шоҳ томирини албатта кесамиз» (46-оят).

«Шоҳ томир» деганда юракнинг бош томири тушунилади. Албатта, ўша томири узилган одам соғ қолмайди, дарҳол ўлади. Демак, агар Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонга ўзларича бирор нарсани қўшиб, бу ҳам Аллоҳдан, дегудек бўлсалар, Аллоҳ у кишини дарҳол ҳалок қилиши турган гап экан. Бу Қуръони Карим Аллоҳнинг соф каломи эканига ёрқин далилдир.

«Бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қолувчи бўлмас» (47-оят).

Яъни, фаразан, Биз уни азобламоқчи бўлсак, сизлардан ҳеч бирингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Бизнинг азобимиздан тўсиб қола олмайди.

Бошқа пайғамбарларга муносабат ҳам худди шундай бўлган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Аввал бошда бошқалар Исломни ҳам бошқа динлар каби илмга қарши қўйдилар. Лекин илм ривожланиб борган давоми...

4484 13:27 / 14.12.2020
Тожуддин Субкий ўзининг .Муъийдунниъам ва мубидунниқам, номли китобида шундай дейди.Ҳанафийлар, Шофеъийлар, Моликийлар ва Ҳанбалийларнинг фузалолари, Aллоҳга давоми...

3718 15:00 / 20.08.2021
Ўтган пайғамбарлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Чунки давоми...

2941 14:20 / 25.10.2018
15 дарсимизда зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айни илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида давоми...

5326 13:00 / 07.12.2020