1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бемор кишига нима дейилади?

20:26 / 02.07.2017 6927 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

525. Оишадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, Абу Бакр ва Билолни қаттиқ иситма тутди. Икковининг олдига кириб: «Эй отажон, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Эй Билол, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?» дедим. Абу Бакр иситма тутганда шундай дер эди:

   «Киши ўз аҳлида тонг оттираркан бемалол, беғам,

   Ўлим унга яқин тургай пойабзал ипларидан ҳам».

Билол эса иситмаси тарқаганда овозини кўтариб шундай дерди:

«Эвоҳ! Тунарманми водийда бир кеч,

Теграмда барқ уриб изхиру жалил?

Мижанна сувидан ичарманми бот?    

Кўзимга тушарму Шомаю Тафил?»

Оиша розияллоҳу анҳо айтди:         

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, буни у зотга айтиб берган эдим, у зот: «Аллоҳим! Маккани қандай севсак, Мадинани ҳам бизга шундай ёки ундан-да ортиқ севикли қил! Аллоҳим, уни соғ-саломат айла! Бизлар учун унинг муддига ва соъига (тош-тарозисида) баракот бер! Ундаги безгакни Жуҳфага кўчир!» дедилар».

Шарҳ: Жалил – пояси майин, хушбўй ўсимлик. Ўша пайтларда уйларнинг туйнугини тўсиш учун ишлатилган. Мижанна – қадимги Макка шаҳридан тахминан бир барид масофада, Укоз бозори яқинида жойлашган сув ҳавзасининг номи (бир барид – тахминан 55,44 км). У ерда шу ном билан аталган бозор ҳам бўлган. Шома ва Тафил – Маккаи Мукаррамадан ўттиз мил (55,5 км) узоқликда жойлашган, Мижанна яқинидаги тоғлар.

Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳунинг шеърларида Маккаи Мукаррама васф қилинмоқда.

Ҳазрати Билол Мадинада касал бўлиб қолиб, ватанларини қўмсамоқдалар. Кўпроқ ўша ерларда ўсадиган изхир, жалил дарахтларининг соясида яна ётиш насиб қилармикан, демоқдалар. Маккадаги сувлардан бири бўлмиш Мажаннанинг сувига тушиб, яна бир ичармиканман, демоқдалар. Макка яқинидаги тоғлар – Шомма ва Туфайлни яна кўриш насиб қилармикан, деб соғинч шеърларини айтиб, орзу қилмоқдалар.

Ушбу ҳадисда зикри келган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иситма хасталигини Мадинадан мийқот маскани бўлган Жуҳфа номли ерга кўчириш ҳақидаги дуолари мустажоб бўлиб, Мадинада бундай иситма касали тарқалмайдиган бўлди.

Исломда касални кўргани келган одам «Ҳолингиз қандай? Қандайсиз, яхшимисиз?» деб сўраши бор экан, чунки Оиша онамиз розияллоҳу анҳо оталарига ва ҳазрати Билол розияллоҳу анҳумодан шундай деб ҳол-аҳвол сўраган эканлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аёл киши бемор эркакларни кўргани бориши жоизлиги.

2. Беморни кўргани борган одам унинг ҳолини сўраши кераклиги.

3. Беморни кўргани борган шахс ундан «Қандайсиз?» деб ҳол сўраши.

4. Бемор киши ўз ҳолини сифатлаб шеър айтиши мумкинлиги.

5. Бемор киши ўз юртини соғиниб шеър айтиши мумкинлиги.

6. Беморларнинг ҳолини бошқаларга, хусусан раҳбарларга айтиш мумкинлиги.

7. Бир диёрнинг муҳаббатини сўраб дуо қилиш мумкинлиги.

8. Бир диёр ёки шаҳарнинг тош-тарозисига барака сўраб дуо қилиш борлиги.

9. Бир диёр ёки шаҳарда соғлик сўраб дуо қилиш борлиги.

10. Бир диёр ёки шаҳардаги хасталикни кўтаришни сўраб дуо қилиш жоизлиги.

526. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийни кўргани кирдилар. Одатда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кўргани кирсалар:

«Ҳечқиси йўқ, иншааллоҳ, покланишдир», дер эдилар. У:

«Покланиш? Йўқ! Бу қари чолда уни гўрга тиқиш учун қўзийдиган (ёки қайнайдиган) иситма», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унда шундай бўла қолсин», дедилар».

Шарҳ: Демак, беморни кўргани кирган одам «Дард сизни гуноҳлардан поклайди, иншааллоҳ, бу яхшилик» деган маънодаги гапларни айтиши керак экан. Касал киши ҳам шукр қилиб, шундан умидвор бўлиши лозим экан. Аъробий эса ношукрлик қилиб, тескари гап айтган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Майли, ўзинг хоҳлаганингча бўлсин» деган маънодаги гапни айтдилар.

527. Нофеъдан ривоят қилинади:

«Ибн Умар бемор кўргани кирганида, «Унинг ҳоли қандай?» ва ўрнидан турганида: «Аллоҳ сенга хайр берсин» дер, бошқа нарса зиёда қилмас эди».

Шарҳ: Бемор кўришнинг одобларидан бири унга машаққат туғдирмасликдир. Беморнинг ҳузурида узоқ ўтириб қолиш, ҳар хил гапларни гапиравериш ҳам одобдан эмас. Бемор кўришдан асосий мақсад ундан ҳол сўраш ва ҳаққига дуо қилишдир. Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу мақсадни энг содда ва қисқа тарзда амалга оширар эканлар. Албатта, бу сиз билан бизга ҳам ибрат бўлиши керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тилдан келадиган офатлар турлитуман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Инсон табиатида уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш давоми...

2120 18:36 / 13.01.2023
Тақсит савдоси.Тақсит, сўзи луғатда бўлиббўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо давоми...

10898 17:33 / 29.03.2018
Тарихдаги машҳур комик актёр Чарли Чаплин айтади.Болалигимда отам билан цирк томоша қилгани бордим. Касса олдида узун навбатга турдик. Биздан олдинда олти болали давоми...

1237 19:00 / 20.10.2022
.Мадраса, сўзи ҳозирги .мактаб, маъносидадир. Бизда тарихий хато туфайли бу икки ном нотўғри тушуниладиган бўлиб қолган. Баъзилар мадраса дийний ўқув юрти, бу номни давоми...

1582 09:00 / 23.06.2022