1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Расулуллоҳнинг ҳаётларидан лавҳалар (16-қисм)

11:11 / 28.06.2017 4887 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолодан қўрқиш

 

* وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى * فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى  *

“Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса... Бас, албатта, жаннат (унга) жой бўладир” (Назиъаат сураси, 40−41-оятлар).

         Қўрқишлик парҳезкорликни келтириб чиқаради. Нафсга хатолардан эҳтиёт бўлиш, ҳалокатдан ҳушёр бўлишлик чораларини ўргатади.

         Қўрқишликнинг даражалари бор. Унинг энг баланд ва юқори даражаси – Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишлик. Аллоҳ таолодан қўрқишлик туфайли инсон Аллоҳ таоло учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун, дин учун амал қилиш мақомига эга бўлади.

         Аллоҳ таолодан қўрқишлик инсонни гуноҳкорлик ботқоғидан, гўзал амаллар гулшанига, ғафлатдан идрокка чиқаради. Оғишмасдан тўғри юришига, бировларнинг ҳақига кўз олайтирмаган ҳолда қаноатда бўлишига олиб келади. Аллоҳ таолодан қўрққан инсон бошқаларни ҳам эъзозлайди. Зиммасидаги  Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этади. Ота-онанинг ҳақларини билиб, уни сидқидилдан бажаради. Муқаддас Ислом дини арконларига оғишмай амал қилади. Натижада у валийлар – Аллоҳ таолонинг дўстлари сафидан жой олиб, руҳий ва маънавий даражаси кўтарилиб боради. Аллоҳ таолонинг буюк неъматига сазовор бўлган, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бандалари қаторида бўлишга мушарраф бўлади. Улуғ Зот инсонлар қалбларида ундай бандаларга нисбатан муҳаббат уйғотиб қўяди.

         Аллоҳ таолодан қўрқишнинг энг асосий маҳсули – ҳар бир амални нуқсонсиз тўла бажаришга олиб келгувчи парҳезкорликдир. У Зотдан қўрқиш бозорда сотилгувчи матоҳ эмаски, хоҳлаган одам сотиб олаверса. Аксинча, Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлган ушбу Ислом умматига насиб этган улуғ неъматки, Ўзи хоҳлаган бандасига хоҳлаган миқдорда ато этади.   Улуғ Зотнинг буйруқ ва кўрсатмаларига хилоф равишда нафсининг хоҳишлари кесилиб қолишидан қўрққан кимсалар эса Аллоҳ таолога, Унинг Расулига осий бўлади.

ШАЪБОН КЕЧАСИ

         Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кирдилар. Устки кийимларини ечдилар. Кейин ҳеч қанча фурсат ўтмай дарҳол қайта кийдилар-да, шошилиб чиқиб кетдилар. Мен кундошларимдан бириникига кирармикин, деб гумонсираб рашким келди ва орқаларидан чиқсам, Бақеъ қабристонида эканлар. Мўмин ва мўминларга, шаҳидларга истиғфор айтаётган эканлар.

Ота-онам Сизга фидо бўлсин, мен дунё ҳожати бўлсам, мен дунё ҳожатида деб ўйласам, Сиз Раббингиз ҳожатида экансиз, – деб қайтиб бориб ҳужрамга кириб кетдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортимдан етиб келдилар ва сўрадилар:

Бу қандай нафс, эй Оиша?

Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Кийимларингизни ечиб қўйганимдан сўнг ҳеч қанча фурсат ўтмасдан, яна кийиб чиқиб кетдингиз. Мен кундошларимдан бириникига кирармикинсиз деб гумонсираб, қаттиқ рашким келди ва ортингиздан чиқсам, Бақеъ қабристонида экансиз, – жавоб бердим.

 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Эй Оиша! Сен ҳали Аллоҳ ва унинг Расули адолатсизлик қилади деб қўрқдингми? Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ушбу кеча Шаъбон ойининг ўртасидур. Бу кечада Аллоҳ таоло бандаларни дўзахдан Бану Калб қўйининг туклари миқдорида озод қилур. Лекин бу кечада мушрик, урушиб қолганлар, қариндошлик алоқаларини узганлар, бадхулқлар, ота-онасига оқ бўлганлар ва доимий хамр ичгувчиларга қаралмайди”, деди.

Сўнг уст-бошларини ечиб сўрадилар:

Эй Оиша, ушбу кечада қиём туришимга изн берасанми?

Ҳа, ота-онам Сизга фидо бўлсин, – дедим.

У зот турдилар. Намоз ўқиб саждага бош қўйган ҳода шунчалар узоқ туриб қолдиларки, мен омонатни топшириб қўйдими, деб қўрқиб кетдим. Ўрнимдан туриб оёғининг тагини ушлаган эдим, ҳаракатга келдилар. Севиниб кетдим. Саждада турган ҳолларида: “Эй Аллоҳ! Азобингдан паноҳ сўраб афвинг сари сиғинаман. Ғазабингдан паноҳ сўраб, розилигинг сари сиғинаман. Сенинг улуғлигинг сари сиғинаман. Мен Сенинг зотингга лойиқ сано айта олмайман”.

Тонг отгач, бўлган гапни айтиб бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

Эй Оиша! У нарсаларни билиб ол! – дедилар.

Хўп, – дедим.

У нарсаларни билиб ол ва ўргат! Чунки Жаброил алайҳиссалом бу нарсаларни менга ўргатди ва саждада қайтаришимни буюрди – дедилар”.

АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ҚЎРҚИШ

Саълаба ибн Абдураҳмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соқчиси ва ходими эди. Бир кун у ансорлардан бирининг уйидан ўтаётиб ногаҳон ансория аёлнинг ғусл қилаётганига кўзи тушиб қолди. У яна қайта назар солди. Сўнг бирдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу гуноҳим ҳақида ваҳий келиб қолса, нима қиламан, деган қўрқувда Мадинадан чиқиб, Макка ва Мадина орасидаги тоққа қочиб борди.

Қирқ кунгача унинг дараги бўлмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни суриштирар эди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва шундай деди:

Раббингиз Сизга салом йўллади. Хабар бердики, қочиб кетган умматингиз фалон тоғда дўзахдан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога сиғинмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб ва Салмон Форсийни уни олиб келишга юборди. Улар йўлда борар экан, Зуфофа исмли чўпонга рўпара келишди. Умар ибн Хаттоб ундан тоққа чиқиб кетган йигит ҳақида сўради. Чўпон:

Жаҳаннамдан қочган йигитни сўраяпсанми? – деди.

У жаҳаннамдан қочганини қаёқдан биласан?

У ярим кечада манави қояларнинг орасидан чиқиб келади. Қўлларини бошига қўйиб йиғлайди ва: “Эй кошки, жонимни олсанг эди! Менга Ўз марҳаматингни дариғ тутмагин!” деб нола қилади.

Ҳа, ўшани излаяпмиз, – деди Умар розияллоҳу анҳу.

Зуфофа уларни етаклаб кетди. Тун ярим бўлганда Саълаба чиқиб одатича нола қила бошлади. Умар розияллоҳу анҳу уни тутди. У яна нола қилди:

Ал-омон! Ал-омон! Қачон дўзахдан омонлик бўлур?!

Мен Умарман!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳимдан хабардор бўлдими? – сўради у.

Мен у нарсадан бехабарман. Менинг билганим шуки, кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мулойимлик билан сени сўради, – жавоб берди Умар розияллоҳу анҳу.

Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётган пайтда ёки Билол қомат айтаётган пайтда олиб кирасан.

Хўп, шундай қиламан.

Улар Мадинага бориб, масжидга кирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган эдилар. У зотнинг қироатларини эшитиб Саълаба ҳушидан кетиб йиқилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлгач, Умар ва Салмон розияллоҳу анҳумодан Саълабани сўрадилар.

– Ана у, эй Аллоҳнинг расули! – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзига келтирдилар ва сўрадилар:

– Сени мендан нима узоқ қилди?

– Гуноҳим! – деди у.

–  Сенга гуноҳ ва хатоларни ўчиргувчи оятни ўргатайми?

–  Ҳа, эй Аллоҳнинг расули!

– “Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин” деб айт, – дедилар  у зот.

– Менинг гуноҳим ундан катта, – деди Саълаба. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Йўқ! Аллоҳ таолонинг Каломи буюкроқдир! – деб уни уйга қайтишга буюрдилар. У уйига бориб, уч кун касал бўлиб ётиб қолди. Салмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб унинг бемор бўлиб қолганини айтди.

– Юринглар! – деди у зот. Бирлашиб уйига бордилар. Кириб муборак тиззаларига унинг бошини қўйган эди, у бошини тортиб олди.

–  Нега бошингни тиззамдан тортиб олдинг? – деб сўрадилар  у зот.

–  Бошим гуноҳларга тўла.

–  Нимани сезяпсан?

– Этим билан суякларим орасида чумоли ўрмалагандек бўляпти.

– Нимани хоҳлаяпсан?

–  Раббимнинг мағфиратини.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло уни мағфират қилганининг хабарини етказган эдилар, бир ҳайқирди-ю, жон таслим қилди...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзи ювиб, кафанлаб, жанозасини ўқидилар ва қабристонга олиб бордилар. У жойда эҳтиёткорлик билан оёқларнинг учларида юрган эдилар асҳоблари бунинг сабабини сўрадилар.

– Уни зиёрат қилгани келган фаришталарнинг кўплигидан оёғимни қўйгани жой топа олмаяпман, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

ҲАЗРАТ УМАРНИНГ АҲДНОМАСИ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомдан Мадинага қайтар экан, одамларнинг аҳволларини билиш учун ўзи ёлғиз айланиб юрар экан, чодрадаги бир кампирга йўлиқди. Кампир сўради:

–  Ҳой йўловчи! Умар нималар қиляпти?

– Шомдан Мадинага қайтди, – жавоб берди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу.

–  Аллоҳ унга яхшилик кўрсатмасин!

–  Нега?

– Аллоҳга қасамки, у мўминларга раҳбар бўлганидан бери менга ундан бирор туҳфа етиб келмади.

– Сен ундан олисда бўлсанг, у сенинг ҳолингни қаёқдан билсин?

– Субҳоналлоҳ! Аллоҳга қасамки, мўминларга раҳбар бўлган инсон уларнинг машриқидан мағрибигача билмайди деб ўйламайман!

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб юборди ва ўзига айтди: “Шўринг қурғур Умар! Ҳар бир инсон, ҳатто мана шу кампир ҳам сендан кўра фаҳмлироқ экан!” Сўнг кампирга айтди:

– Эй Аллоҳнинг канизаги! Умардан қилган шикоятингни қанчага сотасан, шоядки мен уни дўзахдан сақлаб қолсам?

– Мени масхара қилма! – деди кампир.

– Мен сени масхара қилмаяпман!

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ундан шикоятини йигирма беш дирҳамга сотиб олди. Шу маҳал Али ибн Абу Толиб билан Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумо келиб қолишди ва салом беришди:

– Ассалому алайкум, мўминларнинг амири!

 Кампир бошини чангаллаб қолди:

– Вой шўрим қурсин! Мўминларнинг амирини ўзининг олдида сўкиб юборибман-ку!

–  Аллоҳ сенга раҳм қилсин, ҳечқиси йўқ, – деди ҳазрат Умар ва хат ёзиб бергани варақ сўради. Топилмаган эди, кийимининг ямоғидан қирқиб олиб ёзди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ушбу хат Умар раҳбарлик қилганидан бери шу кунгача фалон кампирнинг шикоятларини йигирма беш дирҳамга сотиб олиш шартномасидир. Шу миқдор эвазига фалон аёл Маҳшар кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида Умарга даъво қилмайди. Гувоҳлар − Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўша хатни ўғлига топшириб тайинлади: “Қачон мен вафот этсам, шу хатни кафанимга қўшиб кўм. Токи Раббимга шу хат билан йўлиқай”.


Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака туман бош имом-хатиби

 таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
530. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир нарсага қасам ичсаю, сўнгида .иншааллоҳ, деса, батаҳқиқ, давоми...

2942 17:00 / 25.06.2021
885. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мадинада бир уй кечаси аҳли билан бирга ёниб кетди. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

1957 19:00 / 21.04.2023
769. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бўҳтоннинг нималигини сизларга айтиб берайми Бу одамлар орасида давоми...

4120 19:00 / 09.09.2022
436. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг,, дедим. .Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир,, давоми...

3403 13:30 / 20.11.2020