1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Кел, эй яхшилик талабгори!

12:39 / 12.06.2017 3678 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Термизий  ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

«Рамазоннинг илк кечаси киргандаёқ шайтонлар ҳамда жинларнинг ашаддий исёнкорлари занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилади, уларнинг бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилади, уларнинг бирортаси ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: «Эй яхшилик талабгори, кел! Эй ёмонлик талабгори, ёмонлигингни бас қил!» деб нидо қилади. Бу ойда Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинувчи бандалари бўлади. Рамазоннинг ҳар кечасида шундай бўлади».

Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилиб келтирган бошқа бир ҳадисда эса мазкур нидо қилувчи зотнинг фаришта экани, бу нидо Рамазон ойи ниҳоясига етгунга қадар ҳар куни такрорланиб туриши айтилади:

«…ва унда то Рамазон тугагунча бир фаришта: «Эй яхшилик талабгори, кел! Эй ёмонлик талабгори, ёмонлигингни бас қил!» дея нидо қилиб туради».

Мўмин-мусулмонлар нидо қилувчи мазкур фариштанинг овозини эшитмасалар-да, унинг шундай нидо қилишига чин дилдан ишонадилар. Зеро, бу ҳақда хабар берган зот асло ҳавою нафсидан гапирмайдиган, балки ҳар бир сўзи ваҳий бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Шундай экан, Рамазоннинг муборак кечаларида ушбу буюк нидони ҳис этайлик, унга ижобат қилайлик ва уни ҳаётимизда акс эттирайлик. Ўз аҳволимиз ва юриш-туришимизга тафаккур кўзи билан назар солиб, бу икки нидонинг қай бирига мансуб эканлигимизни билиб олайлик.

Биз яхшилик талабгоримизми ёки ёмонлик талабгорими?

Ушбу ҳадиси шариф инсон қалбининг икки хил бўлишига далолат қилади. Бири яхшилик истайдиган, эзгулик қилишга ҳарис қалб бўлса, яна бири ёмонлик излайдиган, доим кимгадир ёмонлик қилиш пайидан бўладиган ёмон қалб бўлар экан. Аллоҳ таоло қалбларимизни тўғри йўлга бошлаб, эзгулик толиби бўлган қалблардан қилсин!

Қалб Аллоҳ таолонинг назаргоҳидир. Уни мудом маънавий иллатлардан, ҳасад, бахиллик, гина-кудурат, адоват, бировга ёмонлик исташ каби жирканч, разил хислатлардан поклашга ҳаракат қилиш лозим. Акс ҳолда, маънавий иллатлар уни маҳв этиб, ёмон қалбга айлантириб боради.

Рамазоннинг ҳар кечасида мазкур фаришта: «Эй яхшилик талабгори, келақол!» дея одамларга нидо қилар экан, гўёки лисони ҳол, яъни ҳол тили билан «Яхшилигингни кўпайтир, эй инсон! Яхши ишларда олға бос, аввалгидан-да кўпроқ эзгулик уруғларини соч, аввалгидан-да каттароқ шижоат билан, аввалгидан-да кучлироқ саховат билан одамларга эзгулик улаш, хайр тарат! Зеро, бунда қилган эзгу амалинг учун бошқа вақтлардан кўра кўпроқ ажр олурсан» дея солиҳ зотларни яхшиликда яна ҳам пешқадам бўлишга тарғиб этади.

Бу нидо борасида бироз тафаккур юритадиган бўлсак, шуни англаб етамизки,  Рамазоннинг ҳар бир куни, ҳар бир дақиқаси ғаниматдир. Унинг ҳар бир лаҳзаси олам-олам яхшиликлар, ажру савоблар учун тайёрлаб қўйилган бир сандиқдир. Бу сандиқни қандай тўлдириш эса ўзимизга боғлиқ.

Шундай экан, бу муборак ойда кўпроқ яхшиликлар қилиб олайлик, охират сандиғимизни тўлдириб олайлик. Зеро, бу фурсатлар асло қайтмайди. Янаги Рамазонгача эса ким бору, ким йўқ. Эҳтимол, кимлар учундир бу сўнгги Рамазондир.

Фариштанинг иккинчи нидосига тегишли бўлиб қолишдан, «Эй ёмонлик талабгори, ёмонлигингдан тийил!» деган нидога нишон бўлишдан Аллоҳ асрасин! Зеро, шундай улуғ ва муборак ойнинг ҳурматини оёқости қилиб, ёмон ишларга, ёвузликларга, фисқу фужурга қўл урган кимса энг бадбахт одам бўлади.

Аммо Роббимизнинг карами кенг. Ушбу нидога лойиқ бўлган ёмонлик талабгори ҳам Рамазонда ёмонлигини қўйса, ажаб эмаски, Аллоҳ таоло унга марҳамат кўрсатиб, қалбини тўғрилаб қўйса… Ажаб эмаски, Аллоҳнинг иноятига сазовор бўлиб, яхши инсонлардан бирига айланса… Нафақат Рамазон, балки бошқа ойларда ҳам эзгуликлар қилишда бардавом бўлса...

Рамазоннинг ҳар бир куни, ҳар бир туни ва ҳар онидан унумли фойдаланмоқ оқил кишининг ишидир. Рамазон Аллоҳ таоло билан орамизни ислоҳ қилиб олиш, гуноҳларимизга тавба қилиб, мағфиратга эришиш учун энг қулай фурсатдир. Ҳадиси шарифларда Рамазон кириб, чиқиб кетса ҳамки, гуноҳлари кечирилмаган кишининг ҳолига вой дейилган.

Аллоҳ таоло юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни бардавом қилсин. Муборак Рамазон ойи шарофатидан диёримизни янада кўркам ва обод қилсин, халқимизга, элимизга бераётган неъматлари ва баракотларини янада мўл-кўл қилсин, ёшларимизни диёнатли, инсофли, илмли, ўз юртига садоқатли, баркамол авлод бўлиб ўсишни насиб этсин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазонда қандай яшаймизОйлар ичида Рамазонни кўп фазилатлар ва хусусиятлар билан хослаган Аллоҳга ҳамд бўлсин.Набий ва элчиларнинг шарафлиси бўлган Муҳаммад давоми...

3837 15:32 / 01.06.2017
Рамазон ойи ойларнинг энг фазилатлисидир. Рамазоннинг охириги ўн кечаси Зулҳижжа ойининг илк ўн кечасидан кўра фазилатлироқдир. Чунки ушбу кечаларда Қадр кечаси давоми...

4915 18:40 / 10.06.2017
Араб тилидаги .таровеҳ, сўзи луғатда .дам олиш роҳатланиш, маъноларини билдиради. Рамазон ойида адо этиладиган йигирма ракъатли намознинг ҳар тўрт ракъатини давоми...

4473 17:44 / 15.06.2017
.Қадр кечаси, .ЛайлатулҚадр, Рамазон ойи ичига яширилган энг фазилатли, минг ойдан яхшироқ, гуноҳлар кечириладиган, дуолар ижобат бўладиган кечадир. Қуръони Карим давоми...

6140 17:22 / 17.06.2017