1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазонга кирган кишилар учун дарслар (2-дарс)

15:32 / 01.06.2017 3839 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазонда қандай яшаймиз?

Ойлар ичида Рамазонни кўп фазилатлар ва хусусиятлар билан хослаган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Набий ва элчиларнинг шарафлиси бўлган Муҳаммад алайҳиссаломга салоту саломлар ёғилсин.

Келинглар, Рамазон ойининг қадр-қийматини ўрганишга биргаликда ҳаракат қиламиз. Бу улуғ ойнинг хислатлари бир қанчадир.

Рўза – Исломнинг беш арконидан биридир. Ислом фақат шу беш аркон устида барпо бўлган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ислом беш нарса устига бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир», деб гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Аллоҳ таоло Рамазон ойида барча инсонлар учун бўлган Ислом рисолатини Муҳаммад алайҳиссаломга юборди.

Бу ойда Қуръони Карим нозил бўлди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон нозил қилингандир» (Бақара сураси, 185-оят).

Бу ойда яхшиликлар кўпайтирилади, даражалар юқори қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Рамазон фазилатларининг зикри келган:

«Кимки бу ойда яхшиликдан бир хислатга яқин бўлса, бир фарз амални адо этган одам каби бўлади. Бу бошқа ойда бўлмайди. Кимки бу ойда бир фарз амални адо этса, етмишта фарз амални адо этган одам каби бўлади. Бу ойдан бошқасида ундай бўлмайди».

Ибн Хузайма «Саҳиҳ»ида ривоят қилганлар.

Рамазон ойи кейинги Рамазонгача бўлган гуноҳларни ўчиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Беш вақт намоз, жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар катта гуноҳлардан четланган бўлса, кечирилгандир».

Имом Муслим ривоятлари, «Таҳорат» китоби.

Рўза гуноҳлар кечирилиши учун сабабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Кишининг фитнаси аҳлида, молида ва қўшнисида бўлади. Гуноҳни намоз, рўза ва садақа ўчиради».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари. 

Рўза дўзахдан қалқондир. Набий алайҳиссалом айтадилар:

«Рўза тўсиқдир. У билан банда оловдан беркинади».

Жобир розияллоҳу анҳудан «Муснад»да Аҳмад ривоят қилганлар.

Рўзадор оғзидаги нохуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушкдан ҳам хушбўйроқдир.

Малоикалар рўзадор учун ҳатто ифтор қилгунларига қадар истиғфор айтадилар.

Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини зийнатлайди ва айтади: «Солиҳ бандаларим ғам-азиятга яқин юрадилар, кейин сенга юзланадилар».

Рамазон сабр ойидир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» (Зумар сураси, 10-оят).

Бу ойда шайтон кишанланади. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Агар Рамазон ойи кирса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари беркитилади ва шайтон занжирланади».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Бу ойда минг ойдан яхши бўлган Лайлатул-Қадр бордир. Ушбу ойнинг яхшилигидан маҳрум бўлган киши, дарҳақиқат, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди.

Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорлар кечирилади.

Рамазоннинг ҳар бир кечасида дўзахдан озод қилиниш бордир.

Рўзадор учун қайтарилмай, ижобат қилинадиган дуо ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Учта дуо қайтарилмайди: ота-она дуоси, рўзадорнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси».

Имом Байҳақий ривоятлари.

Эй карамли дўстим! Бу ойдаги хусусият ва фазилатлардан қай бирига бандлилик, бекорчилик, узун бедорлик ҳамда ғафлатда давомли бўлиш билан юзланамиз?! Ёки бу ойдан юз ўгириб, у бизга оғирлик қилиб, Рамазон кунларини, тунларини зое қилиш билан ўтказамизми?!

Йўқ! Солиҳ банда ҳақиқий тавбани, молидан садақани ва вақтининг кўпида солиҳ амални қилади.

Эй карамли дўстим! Рамазонда таъкидланган баъзи амалларни қилишинг лозим:

1. Рўза. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Одам боласининг барча амаллари ўзигадир. Бир яхшиликнинг мисли ўндан етти юз ва ундан ортиқ ажри бўлади. Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Фақат рўза Мен учундир ва Мен унинг мукофотини бераман. Шаҳватини, емагини, ичмагини Мен учун тарк қилади».

Рўзадор учун икки хурсандчилик бордир: ифтор пайтидаги хурсандчилик, Роббисига йўлиққандаги хурсандчилик. Рўзадор оғзидаги нохуш ҳид Аллоҳнинг олдида мушкдан ҳам хушбўйроқдир»

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Кимки Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Рўзадор таомдан ва ҳаром нарсалардан: ёлғондан, бўҳтондан, ғийбатдан, чақимчиликдан тийилади.

Эй дўстим, рўза бўлган кунингда ҳам, рўзамас бўлган кунингда ҳам ёмонлик қилма. Рўзангдан оладиган улушинг очлик ва чанқоқлик бўлиб қолмасин.

2. Бедор бўлиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Кимки Рамазон ойида иймон билан ва савоб умидида бедор бўлса, унинг олдинги-ю кейинги гуноҳлари кечирилади».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Аллоҳ таоло айтади:

«Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозу ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида «салом» дейдиганлардир. Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар»(Фурқон сураси, 63–64-оятлар).

Саиб ибн Язиддан ривоят қилинган ҳадисда айтилади:

«Қори юз оят ўқирди. Туришимиз узун бўлганидан ҳатто асога суяниб қолардик, тонг отмагунча кетмас эдик».

3. Садақа. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг сахийроғи эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом уларга йўлиққан вақтда янаям сахий бўлиб кетардилар. Эсадиган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Рамазондаги садақа ўзининг фазилатлари билан ажралиб туради. Садақа қилишга шошилинг. Имконингиз борича уни адо этишга харис бўлинг.

А) Таом бериш. Аллоҳ таоло айтади:

«Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар. «Албатта, сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз. Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқурмиз», (дерлар). Бас, уларни Роббилари ўшал кун шарридан сақлади ва уларга хушрўйлик ҳамда хурсандчилик ато қилди. Ва сабр қилганликлари учун уларни боғу роғ ва ипаклар билан мукофотлади» (Инсон сураси, 8–12-оятлар).

Шунинг учун салафи солиҳлар очни тўйдиришми ёки солиҳ биродарларини таомлантиришми – таом беришда бир хил харис эдилар. Таомлантиришда фақирликни шарт деб ҳисобламасдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: «Исломдаги нима яхшироқ?» Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Таниган-танимаганингга таом ва салом беришингдир».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Одамларнинг суюклиси Аллоҳнинг Расулига эргашган ҳолатда Рамазон ойида сахийлиги зиёда бўлган киши одамларнинг ҳожати тушганда уларнинг ҳожатини чиқарган ва касбидан кўра кўпроқ ибодат билан машғул бўлган кишидир».

Б) Рўзадорга ифтор қилиб бериш. Дарҳақиқат, бунинг фазли улуғ экани ҳақида ҳадислар ворид бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Рўзадорга ифтор қилиб берган киши рўзадорнинг савобидан бирор нарса камаймаган ҳолатда рўзадорнинг ажри миқдорича ажрланади».

Имом Аҳмад ривоят қилганлар.

4. Қуръонни ўқишга ғайрат қилиш. Рамазон ойи Қуръон ойидир. Мусулмон киши Қуръон ўқишни кўпайтириши лозим. Салафи солиҳларнинг Қуръонга бўлган муносабати ҳам шундай бўлган. Жаброил алайҳиссалом Набий алайҳиссаломга Қуръонни Рамазонда ўргатган. Усмон Ибн Аффон розияллоҳу анҳу Қуръонни ҳар куни бир марта хатм қилар эдилар. Баъзи солиҳ кишилар тунлари бедор бўлиб, ҳар уч кечада, баъзилари эса ҳар ҳафтада, баъзилари ҳар ўн кунда бир хатм қилар эдилар.

Ибн Ражаб айтадилар: «Уч кундан кам вақтда Қуръонни хатм қилишга қайтариқ ворид бўлди. Аммо Рамазон ойидаги вақтнинг фазилати ҳамда Макка аҳолисидан бошқалар Макка шаҳрига кирганларида бу ерда вақт ва маконнинг фазилатига суянган ҳолда Қуръон ўқишни кўпайтиришлари матлуб саналади. Бу Аҳмад, Исҳоқ ва умматнинг бошқаларидан ҳам ворид бўлган».

5. Қуёш чиққунга қадар масжидда ўтириш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кеча эътикофда ўтирардилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикофда ўтирган эдилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Эътикоф – тоат, тиловат, намоз, зикр, дуо ва бундан бошқа ибодатларни жамлаганидир.

Эътикоф асосан Лайлатул-Қадр кечасини қидирган ҳолда Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида қилинади. Бу шаръий хилватдир. Эътикоф қилувчи ўзини Аллоҳнинг тоатига ва зикрига ҳибс этади. Уни машғул қиладиган барча нарсалардан узилади. Қалби билан қаттиқ шуғулланади. Қалби фақат Роббиси ва Унга яқин қиладиган нарсалар билан машғул бўлади. Аллоҳдан бошқа ғами бўлмайди.

6. Умра қилиш. Рамазон ойидаги умрада улуғ фазл ва катта ажр бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Умрадан кейинги умрагача бўлган гуноҳлар кечирилади».

Рамазонда умранинг фазли ва ажри икки баробар бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Набий алайҳиссалом ҳажжатул вадодан қайтганларида ансорлардан бўлган Умму Синан исмли бир аёлга дедилар:

«Биз билан бирга ҳаж қилишдан сени нима тўсди?» Аёл: «Фалончининг отаси турмуш ўртоғим. Унда икки туя бор. Туянинг бири ҳаж учундир, бошқаси эса суғориладиган туя», деди. Унга Набий алайҳиссалом: «Агар Рамазон келса, умра қилинглар, бу умра ҳаж билан баробардир» ёки «...мен билан ҳаж қилгандекдир», деб айтдилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Аллоҳим, бизни яхши амаллар қилишга ва тоатга шошилишга муваффақ эт. Роббим, бизга дунё ва охиратда яхшиликни бер ҳамда бизни дўзах азобидан сақла. Бизни, ота‑онамизни ва барча мусулмонларни мағфират қил. Набийимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг аҳли оилаларига ва барча асҳобларига салоту саломлар бўлсин!

 

Ҳумайро тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учга суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.Суннат рўза ndash Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий тутиб юрган ихтиёрий давоми...

6749 15:14 / 20.06.2017
Закот Исломнинг беш устунларидан биридир. Унинг муҳимлилик даражасини Қуръони Каримда закот намоз билан бирга келганидан ҳам билишимиз мумкин.Намозни тўкис адо давоми...

7664 17:41 / 15.06.2017
Рўзадор ўз рўзасини барча қадрини туширадиган, ажрини кетказадиган ишлардан сақламоғи лозим. Набий алайҳиссалом бундай дедилар .Албатта, умматимдан муфлис давоми...

4286 11:31 / 24.06.2017
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм ИЙДУЛ ФИТР ТАБРИГИ Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога У Зотнинг мукаммал сифатларига муносиб ҳамду давоми...

9926 00:46 / 26.06.2017