1447 йил 3 Рамазон | 2026 йил 21 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Мунофиқлик

23:55 / 13.05.2017 15002 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир.

Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам «нифоқ» сўзи ишлатилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажнабий тилларда «тоннель» деб номланаётган иншоотлар ҳам араб тилида «нафақ» дейилади.

Агар бу маънони диний-ақийдавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка «мунофиқлик» деб айтилади.

Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кишилар «мунофиқ» дейилади.

Журжоний «Таърифот»да нифоқни «Нифоқ тил билан иймонни изҳор қилиб, дилдаги куфрни беркитишдир», деб таъриф қилган.

Бу «катта нифоқ» деб аталади.

Жуда кўп ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади».

Аҳмад ривоят қилган.

Бундай нифоқ амалий – «кичик нифоқ» деб аталади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, мунофиқлар оловнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчи топа олмассан» (145-оят).

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ мунофиқларга, мунофиқаларга ва кофирларга жаҳаннам оташини унда мангу қолувчилар қилиб ваъда қилди. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир» (68-оят).

Имом Бухорий қилган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Бугунги мунофиқлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки улар мунофиқликни махфий қилардилар, булар эса ошкора қилмоқдалар», деган эканлар.

 

Мунофиқликнинг зарарларидан:

1. Аллоҳ таоло мунофиқнинг амалини қабул қилмайди.

2. Мунофиқнинг қалбида марази бўлади. У мусулмонларга етган мусибатдан масрур ва нусратдан маҳзун бўлади.

3. Мунофиқ бахил бўлади. Молни фақат риё учун сарфлайди.

4. Мунофиқнинг эътиқоди, илми ва амали залолатдадир.

5. Мунофиқ риёкордир.

Мунофиқлар кофирлардан ҳам хатарлидир. Кофирлар билан бўладиган алоқа ва муомалаларда биз уларнинг кимлигини эътиборга олиб, ўзларига яраша иш тутамиз. Мунофиқлар эса сиртдан мусулмон бўлиб кўринадилар. Одамнинг ичидагини билиб бўлмайди, натижада уларга ҳам мусулмонча муомала қилишга мажбур бўлинади. Бу билан мунофиқлар орқали динга катта зарарлар етказишга имкон яратилади.

Айнан мана шу ҳолат уларга қиёмат куни кофирлардан кўра кўпроқ ва аламлироқ азоб берилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло мунофиқлар жаҳаннамнинг энг қаъридан жой олишларини таъкидлаб айтган.

Мунофиқлик турли ахлоқий разилатларнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзламачилик, ваъдага хилоф қилиш кабилар шулар жумласидан. Мунофиқлик ҳар бир умматнинг жисмини титиб юборадиган ижтимоий касалликдир.

Мўмин банда нифоқ ва унга олиб борувчи нарсалардан куйдирадиган оловдан қўрққандек қўрқиши керак. Мўмин киши нифоққа тегишли ҳар бир катта-кичик нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.

Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади. Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.

Мўмин банда нифоқ ва унинг аломатларини яхши таниб олиб, улардан доимо четда бўлиш чораларини кўриши лозим. Жумладан, Аллоҳнинг зикридан, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи инсонлар дин, иймонэътиқод тараққиётни, ишлаб чиқаришни орқага суради деб ўйлайдилар. Дин дунёга бўлган муҳаббатни қоралайди, уни қалбдан чиқариб ташлашга давоми...

4507 05:00 / 04.03.2017
Устоз, аллома, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ҳақида ишланган 2 қисмли 4 соатдан ортиқ ҳужжатли фильмни томоша қилиб шунга амин давоми...

2377 15:10 / 14.04.2022
Ушбу мақоламизда деҳқончилик, хусусан кўчат экиш фазилати ва унинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида тўхталиб ўтамиз.Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу давоми...

6704 05:00 / 04.03.2017
Бу кичкинагина номнинг ўзига гапларни жалб қиладиган катта ва кўп маънолардан иборат тарафлари бор. Фалсафачилар, тижоратчилар, деҳқонлар, хунармандлар, давоми...

10365 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

232339 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150804 14:35 / 11.08.2021