1446 йил 30 шаввол | 2025 йил 28 апрель, душанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одоби (иккинчи мақола)

10:03 / 25.06.2020 6073 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ҳаромдан сақланиш ва кўзни тийишдир.

Зотан, шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг барчаси ҳамма учун ўта зарарли нарсалардир. Мазкур зарарли нарсалардан муқим яшаш жойида ҳазар қилиш қанчалик аҳамиятли бўлса, ўша нарсалардан сафар жойида ҳазар қилиш ҳам бундан-да аҳамиятлидир. Чунки яшаш жойида ҳаромдан ҳазар қилишда оила аъзолари ва таниш-билишларнинг ҳам ўрни бор. Баъзи одамлар «Оила аъзоларим, таниш-билишларим кўриб қолса, нима бўлади», деган мулоҳаза билан ҳам ўзини ҳаром ишлардан узоқ тутади. Худди мана шу савиядаги кишилар сафарга чиқиб, оила аъзолари, таниш-билишларидан узоқлашганида, мазкур ҳаром ишлардан ўзини сақлашга эътибор бермай қўйишлари мумкин. Шунинг учун ҳам «Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одоблари» бобида ҳаром ишлардан сақланиш алоҳида, қайта-қайта таъкидланади.

Кўзни тийиш масаласи ҳам худди шундай. Кўзни ҳаром нарсалардан тийиш жуда аҳамиятли иш. Чунки кўз ила кўриш орқали хаёл қочади, дил бузилади ва охири ҳаром ишга қўл урилади. Бу нарсага дам олиш ва сайру сафарда алоҳида эътибор бериш керак бўлади.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир» (30-оят).

Шундай экан, мусулмонлар доимо ҳаром нарсалардан кўзларини тийишлари лозим. Бу ишнинг аҳамияти дам олиш жойлари ва сайргоҳларда ҳам зинҳор камаймайди.

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири покизаликка эътибор беришдир.

Ислом поклик дини экани, поклик иймондан экани ҳаммага маълум ва машҳур. Мусулмон инсон қайси соҳада бўлмасин, қандай жойда бўлмасин, покликка алоҳида эътибор бериши лозим. Орамизда шундай кишилар борки, ўз уйларида, иш жойларида бу таълимотларга ихлос билан амал қилишади-ю, жамоатчилик жойларида, жумладан, дам олиш ва сайргоҳларда бу нарсага беэътибор бўлишади. Қўллларидаги чиқиндиларни дуч келган тарафга ташлаб, чиройли жойларни булғатишади, ўтирган жойларини бирпасда ифлос қилишади. Бундай масканлардаги баъзи дам олувчилар қайтиб кетишганидан сўнг, ортларидан турли ахлат-чиқиндилар, овқат қолдиқлари сочилиб ётганини кузатиш мумкин.

Аслида эса мазкур дам олиш жойлари ва сайргоҳлар ҳам жамоатчилик жойи, уларнинг поклигига эса барча баробар масъулдир. Ҳар ким ўзи дам олган жойни ва сайр қилган ерини покиза тутиши лозим. Баъзи ҳолатларда тозалашга эҳтиёж туғилиб қолганда, яхшилаб тозалаш ҳам керак.

Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга турар жойларимиз саҳнини, ҳовлиларни тоза, покиза тутишга амр қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейиш ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шуъбасидир», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда ерни бировлар ташлаган нарсадан тозалаш ҳақида сўз кетмоқда. Бундан эса булғатадиган, бошқаларга озор берадиган, кўнгилни нохуш қиладиган нарсаларни ерга ташламаслик лозимлиги келиб чиқади. Мабодо ташланган бўлса ҳам, ташлаган одамнинг ўзи тозалаб қўйиши зарур. Баъзи одобсиз кишилар томонидан шундай нарсалар ташланган бўлса, уларни олиб, тозалаган одам ажр-савобларга эга бўлади. Ушбу таълимотларга амал қилиб, барча жойларимизни, жумладан, дам олиш ва сайр қилиш масканлари каби жамоат жойларини тоза, покиза тутишга эътиборли бўлишимиз лозим.

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири – хизмат кўрсатиш тармоқларига яхши муносабатда бўлиш.

Дам олиш ва сайр қилиш жойларида кўпчиликка қулайлик яратиш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари мавжуд бўлади. Мисол учун, таҳоратхоналар, ўриндиқлар, соябонлар, сув жумраклари, ёритиш асбоблари ва бошқаларнинг узоқ вақт ҳамда иложи борича қўпроқ хизмат қилиши кўзланади. Уларни муҳайё қилиш учун кўплаб маблағ ва меҳнат сарфланади. Дам олувчиларнинг ҳар бири буни зинҳор эсдан чиқармаслиги ва хизмат тармоқларига оид нарсаларга зарар етказмаслиги лозим. Зотан, Исломда ҳеч бир нарсага талофат етказишга рухсат йўқ. Балки ҳар бир нарсани авайлаб­-асраш керак. Ўша нарсалар ўзиники бўладими, ўзганики бўладими, фарқи йўқ. Динимиз бизларни бузишга эмас, тузатишга, ислоҳ қилишга, хароб қилишга эмас, обод қилишга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бузғунчиликни қаттиқ қоралаган.

У Зот Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Ва бурилиб кетганда, ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат этадир. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас» (205-оят).

Мусулмон инсон ҳеч бир нарсага зарар, талофат етказмасликка ҳаракат қилиши лозим.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди», дедилар».

Аҳмад ва Тобароний ривоят қилганлар.

Бас шундай экан, дам олиш ва сайр қилиш жойларидаги ойналарни синдириш, ўриндиқларни пачоқлаш ёки йиртиш, ёритиш асбобларига тош отиш, тўсиқларни йиқитиш, гул ва ўсимликларни юлиш, эшикларга турли ёзувлар ёзиш, қулфларни кўчириш, жумракларни ишдан чиқариш каби зарарли ишларга қўл уриш мусулмон инсон учун мутлақо мумкин эмас.

Хусусан, бу борада ёш болаларга жуда эҳтиёт бўлиш керак. Кўпинча дам олиш жойларида катталарнинг болаларни қаровсиз қолдиришлари оқибатида улар шўхлик қилиб, кўп нарсаларга талофат, зарар етказишади. Шунинг учун болаларни доимий равишда кузатиб туриш ва уларни қаровсиз қолдирмаслик чораларини излаш керак бўлади.

Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири – ўзгаларнинг зарарли одат ва тушунчаларидан салбий таъсир олмаслик.

Баъзи ҳолатларда дам олиш ва сайр қилиш давомида кўпчилик билан алоқада бўлишга ҳам тўғри келади. Мана шундай ҳолатларда ўзгаларнинг кийиниши, ўзини тутиши, одатлари ва тушунчаларидан салбий таъсир оладиган кишилар ҳам топилиб қолади. Албатта, бу каби ҳолатлардан эҳтиёт бўлиш керак. Балки бундай ҳолларда яхши ва фойдали ўрнак олишга ҳаракат қилиш зарур.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усмон бин Савда Тафовийдан ривоят қилинишича, у кишининг онаси Роҳиба исмли обида аёллардан бўлган экан. Онаси ўлимидан олдин бошини осмонга кўтариб, .Эй менинг давоми...

2685 08:00 / 17.06.2020
Муфтий ҳазратлари, гарчи ўз ватанидан четга чиқиб, олис ўлкага шайланганини сир тутсада, айғоқчилар унинг сафаридан хабар топиб, миршаблар ёрдамида ушлаб олишди. давоми...

4693 10:05 / 29.11.2019
Интернетда йўлга қўйилган хизматлардан бири электрон почтадир. Бу хизмат орқали кишилар асосан бирбирларига мактублар ва турли маълумотлар юборишади. Илгаридан давоми...

2709 07:01 / 02.11.2018
Йўқ Соатни ёлғонга чиқардилар. Ва Соатни ёлғонга чиқарганларга ловуллаган дўзахни тайёрлаб қўйдик.Кофирмушриклар залолатларида шу даражага етдиларки, давоми...

5542 14:34 / 09.10.2020