1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғоннинг ҳукми

10:04 / 07.07.2020 6007 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ибн Ҳажар ва Имом Заҳабий: «Узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир», деганлар.

Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир.

Қуръони Каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида:

«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар – ўзлари ёлғончилардир», деган (105-оят).

Бу ояти каримада уқтирилишича, аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар, чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.

Одатда одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермайдилар. Ёлғон фақат ёлғончининг ўзигагина маънавий зарар келтиради, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса ёлғон йўлида учраган ҳар қандай нарсага олов пуркаб, куйдириб-ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларида бирин-кетин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Шу сабабли Исломда бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор берилади, унга қарши курашилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир гўдак болага «Мана буни ол», деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб:

«Бери кел, бир нарса бераман», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Нима бермоқчи эдинг?» дедилар.

«Хурмо бермоқчи эдим», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Агар унга ҳеч нарса бермаганингда сенга ёлғон ёзилар эди», дедилар».

Ушбу икки ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрсак, атрофимизда нималар бўлаётганини яна ҳам аниқроқ тушунамиз. Ёлғончилик туфайли бошимизга тушган мусибатлар қилмишимизга муқояса қилинганда, бу кўргуликларимиз ҳали оз эканини билиб оламиз.

Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва ўз эгасининг обрўсини тўкади. Одамлар ёлғончининг гапига ишонмай қўядилар ва унга бирор ишни ишониб топширмайдиган бўладилар. Ҳаётнинг ҳар қандай соҳасида – хоҳ ­олди-сотди муомалаларида бўлсин, хоҳ ишлаб чиқариш соҳасида бўлсин, хоҳ маиший хизмат соҳасида бўлсин, кишилар ўртасида ўзаро ишонч бўлмоғи лозим. Ёлғон эса ишончни йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ёлғончиларни йўлдан адашганлар қаторига қўшади.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошган, каззоб шахсни ҳидоят қилмас» ( 28-оят).

Ушбу ояти каримада каззоб шахс ҳаддидан ошган киши бўлиши таъкидланмоқда. Бундан ёлғончи одам гап-сўзида ҳаддидан ошиши келиб чиқади. Энг даҳшатлиси, ёлғончини Аллоҳ таоло ҳидоят қилмас экан.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ ёлғончи, кофир кимсаларни ҳидоят қилмас» ( 3-оят). 

Ёлғончи ҳаммага ёлғон гапиради: «Аллоҳнинг шериги бор», дейди. «Фалончини рози қилсанг, Аллоҳ рози бўлади, у Аллоҳ ҳузурида сенга шафоат беради», дейди. Тавҳидга шак келтириб, Аллоҳга ширк келтиришга чақиради. Кофирлар эса Аллоҳга куфр келтирадилар.

Албатта, Аллоҳ таоло ёлғончи кимсани ҳидоят қилмайди. Аллоҳнинг ҳидояти улкан неъматдир, Аллоҳ таолонинг бандасига берадиган мукофотидир. Бу мукофотни олиш учун унга лойиқ бўлиш керак. Уни олишга рағбати борлигини билдириш керак. Яъни банданинг ўзи ҳидоятга эришиш учун интилиши лозим. Аллоҳ таоло унинг ҳаракатини тақдирлаб, Ўз фазли, карами ила ҳидоят ато этади. Аммо Аллоҳ таоло ҳақида ёлғон гапирган, яратган Холиқ шаънига номаъқул сўз айтиб турган ёлғончи қандай қилиб бу улуғ мукофотга сазовор бўлсин? Ўзининг Роббини, Унинг ягоналигини рад этиб, фақат Унга сиғиниш лозимлигини инкор этиб турган кофир қандай қилиб бу олиймақом мукофотга сазовор бўлсин?!

Қуръони Каримда ёлғончиларга қиёмат куни аламли азоблар бўлиши уқдирилади.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб, «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар зафар топмаслар. Озгина матоҳдир ва уларга аламли азоб бор», дейилади (116-117-оятлар).

Инсон бандадир. У неъматни Розиқ Аллоҳдан олади. Шунинг учун инсоннинг ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқдир. Кимки ўзи ҳақсиз бўлган нарсага аралашиб:

«Бу ҳалол, бу ҳаром», деса, Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиган бўлади. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганларга эса

«Озгина матоҳдир ва уларга аламли азоб бор».

Яъни Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганларга бу дунёда «озгина матоҳ» бор. Эҳтимол, ўша тўқиган ёлғонлари сабабли ушбу беш кунлик дунёнинг арзимаган фойдасига етишарлар, аммо у дунёда улар учун «аламли азоб бор»лиги муқаррардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, ҳадисларида ҳам ёлғон қаттиқ қораланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар ­Қуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Жаннат амали нимадир?» деб сўради. У зот:

«Ростгўйликдир. Агар банда рост гапирса, яхшилик қилади, яхшилик қилса, мўмин бўлади, мўмин бўлса, жаннатга киради», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?» деб сўради. У зот:

«Ёлғончиликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандалигидан қутулмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан. Бу ишда каттаю кичик, эркагу аёл, фуқарою амалдор, шоҳу гадо баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғончиликдан ва ёлғончиларнинг касридан Ўзи асрасин! Омин!

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Мўмин қўрқоқ бўладими?» дейилди.

«Ҳа», дедилар.

«Мўмин бахил бўладими?» дейилди.

«Ҳа», дедилар.

«Мўмин ёлғончи бўладими?» дейилди.

«Йўқ», дедилар».

Молик ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар.

Қўрқоқлик ва бахиллик хусусида сўз юритилганда, айтиш лозимки, кимда бу иллатлар мавжуд бўлса, энг аввало ўша одамнинг ўзи зарар кўради. Одатда, Ислом дини ўз эгасидан бошқага зарари кам етадиган ана шу қўрқоқлик ва бахиллик каби гуноҳларга нисбатан, жамиятга, халқ оммасига кўпроқ зарари етадиган гуноҳларга катта эътибор беради.

Исломда банданинг ҳаққига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин. Бироқ бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай гуноҳлар қаторига киради.

Демак, бир кишининг ёлғончилиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекар экан.

Демак, ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга келтирадиган зарарининг даражаси, миқдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан.


"Ёлғон" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло дейдиquotТо қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги жаннатга келиб етганларида...quot Зумар, 73.Илм аҳлининг баъзилари жаннат эшиклари саккизта эканини давоми...

17573 12:00 / 11.12.2018
Ҳасад динимизда қаттиқ қораланган иллатлардан биридир. Ҳасад ndash бировдаги неъматнинг ундан кетиб, ўзига келишини хоҳлашдир. Бу неъмат хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ давоми...

3144 13:30 / 02.05.2019
Исломда сиҳатсаломатлик, тани соғлик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг улкан неъматларидан бири ҳисобланади.Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу давоми...

2845 08:44 / 03.01.2019
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси давоми...

1894 15:00 / 02.08.2020