1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Садақа қилувчи ва бахилнинг мисоли ҳақидаги боб

21:13 / 02.05.2017 6574 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

243. (290). Товусдан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайрадан эшитдим: «Садақа қилувчи ва бахил мисоли темир тўн кийган икки киши кабидир. Иккисининг баданлари ёки қўллари (шак Ҳусайндан) кўксига ёки томоғигача чирмашган. (Садақа қилувчи) нафақа қилса, (темир тўн) кенгаяди. Ҳатто бармоқларини ёпади ва (қадамининг) изини ўчиради. Агар бахил садақа қилмоқчи бўлса, ҳалқалари торайиб, уни бўға бошлайди».

Абу Ҳурайранинг яна «Абу Ҳурайра ўз кўзлари билан кўрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки бармоқларини томоқларига қўйиб: «У уни бўғади. У бўшаштиришга уринади. Аммо бўшашмайди»дедилар», деганини эшитдим».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда садақа қилувчи сахий инсон билан садақа қилмайдиган бахил инсоннинг ҳолати жонли тасвирда баён қилиб берилмоқда.

«Садақа қилувчи ва бахил мисоли темир тўн кийган икки киши кабидир».

Икки киши темирдан ясалган тўнни кийиб олиб туришибди. Сиртдан қаралганда бир хилга ўхшашади.

«Иккисининг баданлари ёки қўллари (шак Ҳусайндан) кўксига ёки томоғигача чирмашган».

Темир тўн кийган икки кишининг қўллари йиғилиб, кўксига ёки томоғига чирмашган. Улардан бири

«(Садақа қилувчи) нафақа қилса, (темир тўн) кенгаяди. Ҳатто бармоқларини ёпади ва (қадамининг) изини ўчиради».

Сахий инсон садақа қилса, уни сиқиб турган темир тўн кенгаяди. У садақа қилгани сари темир тўн кенгайиб бораверади ва ниҳоят темир тўннинг енглари узайиб, бармоқларини ёпади, этаги эса ерга судралиб, оёқ изларини ўчиради.

Сахий одам хайру эҳсон қилгани сари эгнидаги совути кенгайиб, узайиб бориб, бутун танасини ҳимоя қилган киши каби бало-офатлардан сақланиб, натижада кўнгли ёзилиб боради.

«Агар бахил садақа қилмоқчи бўлса, ҳалқалари торайиб, уни бўға бошлайди».

Бахил эса совутининг ҳалқалари зичлашиб, бир-бирига киришиб бориб, бўғзига ёпишиб қолган одам каби ҳимоясиз бўлиб, борган сари зиқналашиб, қалби торайиб боради. У турли йўллар билан ўзига таскин истайди, аммо иложини топа олмайди.

«У уни бўғади. У бўшаштиришга уринади. Аммо бўшашмайди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапларни айтаётиб, бармоқлари билан томоқларини бўғиб кўрсатганлар.

Бахилликнинг оқибати ана шундай оғир бўлади. Бахилликдан қутулиш учун кўп садақа қилиш лозим бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азизлар Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, сиз билан бизни .Ибратли дунё, туркумидаги суҳбатларимизни давом эттиришга муяссар қилмоқда.Бугунги суҳбатимизда сиз давоми...

9616 13:30 / 01.06.2021
Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида инсонлар маҳрнинг нархини кўтариб юборишди. Умар розияллоҳу анҳу уни бир қолипга солиб қўймоқчи бўлиб минбарга чиқдилар. давоми...

3962 15:32 / 15.03.2021
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғи билан завжаси Ҳожар ва гўдаги Исмоилни ҳеч нарса ўсмайдиган ва кимсасиз Маккага ташлаб кетди. Сўнгра ўша машҳур .Замзам, давоми...

3953 17:01 / 31.05.2022
Ҳаёт бу мусофирчиликдир. Дунёга келар эканмиз умр бўйи давом этадиган узун йўлга мусофир бўлиб қадам босамиз. Баъзан йўлнинг ўзидан ҳам кўра елкамизга ортган давоми...

2360 16:11 / 03.03.2024