1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пайғамбар алайҳис салом кўксларининг ёрилишдаги ҳикматлар ва фойдалар

19:00 / 28.04.2017 3498 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1.    Аллома Ибн Мунир айтади: “Пайғамбар алайҳис салом кўксларининг ёрилиши ва ул зотнинг бунга қилган сабрлари худди Аллоҳ таоло Забиҳуллоҳ Исмоил алайҳис саломни имтиҳон қилиб кўргани ва ул зотнинг бунга қилган сабрларининг туркумидандир. Бироқ Расулуллоҳдаги ҳолат машаққатлироқ ҳамда устунроқ саналади. Сабаби, Исмоил алайҳис саломдаги ҳолат ул зотни имонларини бир имтиҳон қилиб кўриш мақсадида бўлиб, ҳақиқатда ўша нарса (яъни Аллоҳ йўлида оталари томонидан қурбон қилинишлари) рўёбга чиқмаган. Лекин Расулуллоҳда эса ҳақиқатдан ҳам кўкслари ёрилган. Қолаверса, бундай воқеа такрор-такрор бўлган. Ўз оналари, боболаридан узоқда, кичик ёшли етимлик чоғларида содир бўлган”. 

2.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўкслари ёрилганида қалбларидан олиб ташланган қора қуюқ қон ҳамда фариштанинг: “Бу сендаги шайтоннинг насибаси эди” деб айтгани ҳақида шайхулислом Абулҳасан Субкий раҳимаҳуллоҳдан сўрашганида қуйидагича жавоб берган: “У нарса Аллоҳ таоло барча инсониятнинг қалбларида шайтоннинг васвасаларини қабул қилгувчи қилиб яратган қуюқ қон бўлиб, у нарса Расулуллоҳнинг қалбларидан бутунлай чиқариб ташлангандир. Шундан сўнг у кишининг қалбларида шайтоннинг қиладиган васвасаси учун бирон бир ўрин қолмади. Бу айтганимиз бу борадагаи зикр қилинадиган ҳадисларнинг маъносидир. Аслида ҳам ул зотда шайтоннинг (васваса қилиш борасидаги) насибаси йўқ эди. Бироқ фаришталарнинг ул зотдан олиб ташлаган нарсаси бу башарият табиъатидаги бир нарса эди. Анашу қабул қилувчи нарса кетказилган. Лекин шуни билишимиз лозимки, бу қабул қилувчи нарсани у зотнинг қалбларида мавжуд бўлганлиги, қалбларига васваса тушишини билдирмайди”. (Бундай ўйга бормаслик керак!) Кейин Абулҳасан Субкийга: “Бўлмаса, нима учун Аллоҳ таоло васвасани қабул қилувчи бу хилқатни шарафли зотда яратди, ҳолбуки уни Расулуллоҳда яратмаса ҳам бўларди-ку?”, деб айтилди. Субкий раҳимаҳуллоҳ айтди: “Бу нарса инсоний жузларнинг жумласидандир. Инсоний хилқатни мукаммал яратилмоғи учун ўша нарсанинг бўлиши лозим эди. Ана энди, ўша нарсани олиб ташланишига келсак, у Пайғамбар алайҳис саломга бўлган Раббоний иззат-икром намунасидир”. Бошқа бир олим (бу саволга) шундай жавоб берган: “Агар Аллоҳ таоло ўз набийсини мана шундоқ яъни (васвасани қабул қилувчи қуюқ қонсиз) яратганида эди, бутун одамзотга Расулуллоҳнинг ҳақиқатлари ҳақида мукаммал хабардор бўлиш имконияти бўлмас эди. Бутун инсониятга Расулуллоҳнинг зоҳир (ташқи кўринишлари)нинг мукаммаллиги қандай намоён бўлган бўлса, худди шундай ботинлари (ички кўринишлари)нинг мукаммаллиги ҳақида ишонч ҳосил қилишлари учун ҳам Аллоҳ таоло ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ботинларининг ҳақиқатини Жаброил алайҳис саломнинг қўлларида намоён қилди”. 

3.    Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Жамра айтади: “Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳис салом кўксларини ёрмасдан  қалбларини имон ва ҳикматга тўла қилишга қодир эди, лекин шунга қарамай у зотнинг кўкслари ёрилишидаги ҳикмат шуки, ишонч қуввати янада зиёда бўлиши учундир. Зеро, Расулуллоҳ кўксларини ёрилишини (бевосита) кўришлари ҳамда бу нарсадан қаттиқ таъсирланмасликлари туфайли ул зотга оддий қўрқиладиган барча ҳолатлардан эминлик, ҳотиржам бўлиш неъмати ато қилинган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг кўринишда ва гапиришда энг шижоъатлиси эдилар. Аллоҳ таоло ҳам Расулуллоҳ алайҳис саломни шундай сифатлаган: 

مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَى (17)

   “(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oғгaни ҳaм йўқ, ўз ҳaддидaн oшгaни    ҳaм йўқ”. 

4.     Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ биринчи, учинчи ва тўртинчи сафарларда кўкснинг ёрилиши ҳақида зикр қилиб ўтганларидан кейин  шаққус содр (кўкс ёрилиши) воқеасининг такрор-такрор бўлганининг ҳикмати ҳақида шундай дейди: “Мана шу учала ҳолатнинг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Биринчиси, Расулуллоҳ ёшлик чоғларида, шайтондан сақланилиб, энг мукаммал ҳолатда вояга етишлари учун бўлган. Кейингиси, Пайғамбарлик келган пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажак ваҳийни энг пок ҳолатда, бақувват ва мустаҳкам қалб ила қабул қилишларида ул зотни юқори даражада иззат-эҳтиром қилиш учун бўлган. Сўнгиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (меърож кечаси) осмонга кўтарилмоқчи бўлганларида, токи Аллоҳ таоло билан суҳбатлашишга ҳозир бўлишлари учун содир бўлган”. 

Ҳофизи Шомий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳнинг кўксларини иккинчи бор ёрилишидаги ҳикмати ҳақида мендан сўрашди. Ҳолбуки, мен бу ҳақида “Тавҳид” номли китобда зикр қилиб ўтган эдим. Унинг ҳикмати ҳақида қуйидагича айтсак бўлар: “Вақтики, тамйиз (ўз фаросати билан тегишлича иш тута биладиган) ёши саккиз (-ўн)  ёшда экан, шу эътибордан У зот одатда кишилар содир етадиган қабиҳ, гуноҳ ишлардан йироқ бўлишлари учун қалблари ёрилиб мусаффо қилинган. 

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Эҳтимол, учинчи марта Пайғамбар алайҳис салом қалблари ювилишининг ҳикмати, ҳар ишнинг тамомига етиши учинчи марта ила ҳосил бўлганлиги учун мазкур ҳолатда ҳам шу нарса эътиборга олинган бўлса керак, зеро, уч мартадан қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари саналади”. 

Ибн Абу Жамра раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Албатта, Пайғамбар алайҳис салом қалблари ювилди, ҳолбуки қалблари мусаффо, унга келадиган барча яхшиликларни қабул қилувчи эди. Биринчи бор ул зотнинг қалблари болалик чоғларида ювилган бўлиб ундан қуюқ лахта қон чиқариб ташланган, токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эъзозлаш учун ва меърожда йўлиқадиган  нарсаларига таёр бўлсинлар учун”. 

Мазкур ҳолатдаги сингари ҳикмат кўп ўринларда жорий бўлган. Бу худди таҳоратли кишининг намоз учун яна таҳорат олишига ўхшайди. Чунки ундай кишининг яна таҳорат қилиши бу фақатгина Аллоҳ таоло ҳузурида туришга ва У зот билан суҳбатлашиш (яъни, намоз)га астойидил таёрланиши демакдир. Шунинг учун аслида таҳорат бир марта комил бўлса, битта, иккитанинг устидан зиёда қилиш эса суннат ҳисобланади. Чунки унинг таҳорат олишида жоизлик даражаси бир марта билан ҳосил бўлган эди. Ана энди учтагача қилишига келсак, бу Улуғ Зотга нисбатан юксак эҳтиром кўрсатиш учундир. Демак, Пайғамбар алайҳис саломга нисбатан ботинларини ювиш масаласи ҳам худди шу тариқада бўлган. 

 Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Кимки Aллoҳ шиoрлaрини ҳурмaт қилсa, бaс, aлбaттa, (бу) қалбларнинг тaқвoсидaндир”. (Ҳаж: 32) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларининг ювилиш ҳодисаси ҳам бир шиор бўлиб, Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг умматларига Ўз шиорларини улуғлашни ояти каримада баён қилганидек, худди шундай амалда, воқеъликда ҳам кўрсатиб берганлигига  ҳам ишора ҳисобланади. 

Бурҳон Нуъмоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Дарҳақиқат, муқаддас қадамжо Ҳарами шарифни ичкарисини ювиш мумкин бўлиб турганида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларини ювилишига нима монелик қилиши мумкин эди? Яъни, Ҳарами шариф моддият оламидан (яъни борлиқдаги кўриниб турадиган нарсалардан) эканми, муомала оламида ювишлик унинг устки қисмига боғлиқ бўлиб қолди. Ана энди муборак зот маънавият оламидан (борлиқдаги ботиний нарсалардан) бўлганлари учун ҳақиқат оламида ювишлик ул зотнинг ботинларига боғлиқ бўлиб қолди.    

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга намоз фарз бўлиши учун ва ул зот фаришталарга намоз ўқиб беришлари учун осмонга кўтарилдилар. Намоз ўқиш учун эса таҳоратли, покиза бўлиш керак эди. Шунинг учун ҳам ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ботинан ҳам зоҳиран покланиб мусаффо бўлдилар. Агар сиз мендан: “Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарлардан кўчиб келган нур қилиб яратган бўлса, ахир бу нурнинг мусаффолиги ҳиссий поклашдан (яъни, қалбларини ҳақиқатда ёрилиб покланишидан) беҳожат қилмасмиди? Қолаверса, бир маротаба қалбнинг ювилиши ботинларини бутунлай покланишига кифоя қилмаган эди. Пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ул зотда поклашга муҳтож бўлинадиган нарсалар қолган бўлиши мумкинми? Ҳолбуки, инсоният ифлосликларидан пок бўлсалар”, деб сўрасангиз, мен шундай жавоб бераман: “Биринчиси бу илмул яқин  учун бўлган. Иккинчиси айнул яқин  учун бўлган. Учинчиси эса ҳаққул яқин  учун бўлгандир”. (Бурҳон Нуъмонийнинг гапи тугади).

5.    Суҳайлий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари олтин жомда ювилди. Айни олтин хосланганининг сабаби шуки, олтиндан қасд қилинган маънога муносиб бўлиши учундир. Араб тилида “ذَهَبٌ” – “Заҳабун” лафзи - “олтин” маъносини билдиради. Агар сиз “ذَهَبٌ” – “Заҳабун” лафзига қарасангиз, у араб тилидаги “кетказиш”, “кетиш” маъносини англатадиган “ذَهَابٌ” – “Заҳобун” ўзагидан келиб чиққанлигини кўрасиз. Шундан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу олтин жом билан Пайғамбар алайҳис саломдан ёмон нарсаларни кетказишни ҳамда ул зотни том маънода поклашни истади. Ҳақиқатдан ҳам сиз воқеъликда олтиннинг моҳиятига, унинг сифатларига қарасангиз, уни барча нарсаларнинг ичида энг тоза ва энг мусаффо ҳолатда топасиз”. 

6.    Ибн Абу Жамра роҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбар алайҳис салом қалби Жаннат суви билан ювилмади, сабаби замзам сувининг асли келиб чиқиши жаннатдан бўлганлигидир. Кейинчалик ерда қарор топган. Айни ерда қолганлиги билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баракалари ҳам ерда қолиши ирода қилинган”. 

Бошқа бир олим айтади: “Аслида, замзам суви Исмоил алайҳис саломга ато қилинган эди. Ул зот замзам суви ила тарбияланган эдилар. Қалблари ҳам таналари ҳам замзам суви ила ўсган эди. Исмоил алайҳис салом замзам суви ва муборак қадамжонинг соҳиби бўлганлари учун ҳам кейинчалик бу нарсаларга эгалик қилишга ул зотнинг авлодларидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам муносиб деб топилдилар. Шунингдек, Расулуллоҳнинг кўкслари замзам суви ила ювилишида Исмоил алайҳис саломдан кейин бу нарсаларга эгалик қилишга фақат Расулуллоҳ хосланганларига ишора бордир. Чунки фатҳ бўлгандан кейин бу нарсаларга мутлоқ эгадорлик қилиш Расулуллоҳнинг қўлларига ўтган. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожиларни суғориш иши – “сиқоя”ни Аббос розияллоҳу анҳу ва у кишининг авлодларига топширганлар. Байтуллоҳ устини қоплаш иши – “ҳижобатул байт”ни эса Усмон ибн Абу Шайба ва у кишининг қиёматгача бўладиган авлодларига топширганлар”. 

7.     Шифо манбайи ҳисобланган, ифлос, нопок кир-чир нарсалар тўпланадиган ернинг турли моддалари билан ифлосланмаган қор ва дўл суви билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларининг ювилишида замоннинг Пайғамбар алайҳис салом ва У кишининг умматлари учун беғубор бўлиши ҳамда пок шариъат ва суннатлари ила ярқирашига ишора бордир. Шунингдек, ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманлар устидан ғолиб бўлиб зафар қучишлари ила баҳридиллари очилишига ва Аллоҳ таоло умматларининг гуноҳларини мағрифат қилиши ва хато-камчиликларини кечиб юбориши билан  қалблари ҳотиржам бўлишига ишора бордир. 

Ибн Даҳийя роҳимаҳуллоҳ айтади: “Албатта, ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари қор ила ювилди, бунинг боиси қалбларига ёғиладиган қатъий ишонч, чуқур эътиқодни ҳис қилишлари учундир. Дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир билан қироъат орасида: “Эй Аллоҳим, менинг хатоларимни қор ва дўл ёмғири ила ювгин”, деб дуо қилардилар. Аллоҳ таоло ул зотнинг қалбларини ичи имон ва ҳикматга тўла олтин жомда жаннатдан тушган сув ила ювган эди. Тоинки, Расулуллоҳ жаннатнинг ҳушбўй уфуридан баҳраманд бўлсинлар, унинг завқини туйсинлар, кейин бунинг натижаси ўлароқ дунёдаги энг зоҳид инсон, башариятни жаннатга даъват этишга энг ҳарисманд киши бўлсинлар. Шу билан бир қаторда У зотнинг шону шарафларига қарши ҳар қандай гапларни тўқиб чиқарадиган душманлари бор эди. Аллоҳ таоло ул зотдан ҳафа бўлиш, сиқилиш ва душманларнинг ҳар қандай гапларига аччиқланиш каби инсоният табиъатини  йўқ қилишни истади. Пайғамбар алайҳис салом бағрикенг, танглик, ҳафалик тушунчаларидан йироқ бўлсин, деб қалбларини ювди. 

Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Шaксиз, биз улaрнинг (сизни мaсxaрa қилиб) aйтaётгaн сўзлaридaн дилингиз сиқилишини билурмиз”. (Ҳижр: 97) 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ул зотнинг қалбларини бир неча бор ювиб мусаффо қилди. Бунинг натижасида қалблари шундай ҳолатда бўлдики, бирор киши У зотни урса ёки Уҳуд куни бўлган ҳолатдек, бошлари ёрилиб, тишлари синса-да: “Эй Аллоҳим, қавмимни мағфират айла, чунки улар нима қилаётганларини билмаяптилар”, деб дуо қилардилар. 

8.    “Ҳикмат” сўзининг маъно-мазмуни борасида олимлар турли хил фикр билдиришган. Баъзилар: “Ҳикмат бу Аллоҳ таолони маърифати , шу билан бирга ақлу заковатли, фаросатли бўлиш, нафсни тарбиялаш, ҳақни унга амал қилиш учун рўёбга чиқариш ва унинг зиддига иш қилишдан тийилишни қамраб олган илм демакдир”. 

Имом Нававий айтади: “Ҳикмат бу биз учун мусаффо бўлган кўплаб сўзлардир”. (У кишининг гаплари тугади). 

Гоҳида ҳикмат деб Қуръонга ишлатилади. Чунки Қуръон барча ҳикматни ўз ичига олган китобдир. Баъзан пайғамбарликка ҳам ишлатилади. Гоҳида эса фақат илмга нисбатан ёки фақат маърифатга нисбатан қўлланилади. 

Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар: “Бу борада айтилган таърифларнинг энг саҳиҳи (ишончлироғи, тўғрироғи) қуйидагилардир: 

“У бир нарсани ўз ўрнига қўймоқдир”, ёки “Аллоҳ таолонинг китобини тушунишдир”. Иккинчи таърифга кўра, гоҳида инсонда ҳикмат топилиб, иймон бўлмаслиги мумкин. Гоҳида эса ҳикмат ҳам бўлмайди. Лекин биринчи таърифга кўра, ҳикмат билан иймон бир-бирисиз бўлмайди. Чунки иймонга (яъни кишининг мўминлигига) ҳикмат (яъни оғзидан чиқадиган ҳикматли сўзлар) далолат қилиб туради”. 

Муҳим фойда! Ҳабиб, имом, орифумбиллоҳ, саййид Али Ҳабаший Пайғамбар алайҳис салом кўксларининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг насибаси олиб ташланган ҳодисаси ҳақида шундай деган эди: 

“Фаришталар ул зотнинг қалбларидан зарарли нарсани олиб ташламадилар, балки бу билан ул зотда поклик устига покликни зиёда қилдилар. (Бу гаплар хабарлар ва асарларда ҳам зикр қилинган).

Китоб муаллифи Муҳаммад ибн Алавий айтади: “Менинг қалбимга (кўкс ёрилиши воқеаси ҳақида) бошқа бир маъно келди. У ҳам бўлса, албатта Саййидимиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари раҳматга тўла эди. Аниқроғи, раҳмат манбайи ва унинг асли эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилганидек: “(Эй, Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз”. (Анбиё: 107). Бу раҳмат ҳам шомил ҳам комил раҳматдир. Чунки у раҳмат Аллоҳ таолонинг барча нарсани қамраб олувчи раҳмати эди. Лекин Аллоҳ таоло саноқли кишиларни – шайтонни, унинг гумашталарию дўсту ёрларини ҳамда тақдирига бадбахтлик битилганларни ўз раҳматидан чиқариб ташлади. Шундай экан, улар учун кенг қамровли раҳматдан бирон бир насиба йўқдир. Шу эътибордан (Пайғамбар алайҳис саломнинг кўксларининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг насибаси олиб ташланганлик воқеасининг) маъносини қуйидагича тушунсак бўлади: Фаришталар бу муборак қалбдан Расулуллоҳ раҳматларидан бўлган шайтоннинг насибасини чиқариб ташлашган. Шунинг учун ҳам шайтонга бу  кенг қамровли раҳматдан бирон бир насиба йўқдир". Валлоҳу аълам.  


Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил инсон китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Икки кундан кейин Ислом ва араб олами барча расмий ва оммавий табақаларда Исро ҳамда Меърож хотирасини ёдга олиб тантана қиладилар. Биз бу муборак ойдаги ушбу давоми...

6824 14:36 / 12.04.2018
446. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи давоми...

3865 13:00 / 11.12.2020
509. Абу Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан ҳақнинг бир қисмини ўтиб юборса, давоми...

3187 15:30 / 30.04.2021
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Анасга.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди, ndash дедим. .Сочлари тўлқин сифат ndash жуда жингалак ҳам, давоми...

3356 19:54 / 28.04.2017