Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (13-дарс)

12:00 / 28.12.2018 5260 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

96. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда кетаётиб қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқоқлигидан тупроқ ялаётган итни кўрди. Ҳалиги одам: «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб, мағфират қилди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» дейишди. «Ҳа, ҳар бир ҳўл жигарлида ажр бор», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

97. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Бир чумоли набийлардан бирини чақди. Шунда у амр қилган эди, чумолининг уяси куйдирилди. Шунда Аллоҳ унга ваҳий юбориб: «Бир чумоли сени чаққани учун тасбиҳ айтиб турган умматлардан бирини куйдирдингми?» деган», дедилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда: «Набийларидан бири дарахт остига жойлашди. Чумоли уни чақди. Амр қилиб, юкини унинг остидан бошқа тарафга олдирди. Сўнгра унинг уяси ҳақида амр қилди. Шунда у олов билан куйдирилди. Шунда Аллоҳ унга: «Битта чумолини дебми?» дея ваҳий қилди», дейилган.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

98. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У зот мулойимликни яхши кўради ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани беради», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлади».

Муслим ривоят қилган.

* * *

100. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жонли нарсани нишон қилманглар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

101. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Севинтиринглар, нафрат қилдирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

* * *

102. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни ризқининг кенгайтирилиши ва ажалининг ортга сурилиши хурсанд қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

103. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида бир неча киши ўтирган эдик. Биз билан Абу Бакр ва Умар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамиздан туриб кетдилар. Ҳаяллаб қолдилар. «Биздан ажраганларида бирор нарса бўлдими», деб қўрқдик. Ташвишланиб, ўрнимиздан турдик. Биринчи ташвишланган мен бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ахтариб чиқдим. Ансорийлардан Бану Нажжорлик бир кишининг боғига келдим. Унинг эшигини топармиканман, деб айланиб чиқдим. Топа олмадим. Қарасам, Хорижа қудуғидан чиқиб боғ ичига кириб кетадиган ариқ бор экан. Шунда худди тулки қимтингандек қимтиниб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирдим. «Абу Ҳурайра?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. «Сенга нима бўлди?» дедилар. «Орамизда эдингиз, туриб ҳаяллаб кетдингиз. Биздан узоқлашганингизда бирор нарса бўлдими деб қўрқдик, ташвишландик. Биринчи ташвишланган мен бўлдим. Шунда ушбу боққа келдим. Худди тулки қимтингандек қимтиниб кирдим. Анави одамлар ортимда», дедим. «Абу Ҳурайра!» дедилар ва менга кавушларини бера туриб: «Манави икки кавушимни олиб бор. Бу боғнинг ташқарисида қалбдан ишонч билан «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат берадиган кимни кўрсанг, унга жаннатнинг башоратини бер», дедилар.

Биринчи учратган кишим Умар бўлди. Шунда у: «Ҳой, Абу Ҳурайра! Бу  кавушлар кимники?» деди. «Бу иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавушлари. У зот иккиси билан мени «Қалбдан ишонч билан «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат берадиган кимни кўрсанг, унга жаннатнинг башоратини бер», деб юбордилар», дедим. У қўли билан кўксимга бир урган эди, думбам билан ерга ўтириб қолдим. Шунда у: «Ортингга қайт, эй Абу Ҳурайра!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб бориб, ҳўнграб йиғлаб юбордим. Ортимдан Умар етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сенга нима бўлди, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. «Умарни учратдим. Унга мени юбораётиб айтган нарсангизнинг хабарини бердим. У кўксимга бир урган эди, думбам билан ерга ўтириб қолдим. У: «Қайт!» деди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй Умар, бу нима қилганинг?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизга отам ва онам фидо бўлсин. Абу Ҳурайрани икки кавушингиз ила «Қалбдан ишонч билан «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат берадиган кимни кўрсанг, унга жаннатнинг башоратини бер», деб юбордингизми?» деди. «Ҳа!» дедилар. «Ундай қилманг. Мен одамлар унга суяниб қолишларидан қўрқаман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бас, уларни тек қўй», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
736. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Иблис тахтини сувнинг устига ўрнатади. Сўнгра давоми...

2990 19:00 / 02.07.2022
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида ҳамма Бомдод намозида ухлаб қолиб, қуёшнинг давоми...

3185 13:35 / 21.06.2020
503. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ростгўй, омонатдор тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан давоми...

523 19:00 / 27 сентябрь
179. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳ ила ва Расулуллоҳ миллати билан олға боринглар давоми...

4510 13:30 / 10.05.2019