1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

Сийрат мавъиза ва ибрат дарсидир

09:30 / 22.03.2022 2666 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳунайн ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи инсонларга бошқаларга қараганда кўпроқ ўлжа бердилар. Ақраъ ибн Ҳобис ва Уяйна ибн Ҳиснга юзтадан туя бердилар. Арабларнинг баъзи катталарига шунга ўхшаш нарсалар бердилар. Бу билан уларнинг қалбини исломга улфат қилмоқчи бўлдилар. Чунки даъват ишида уларнинг ўзига хос таъсири ва ижтимоий ўрни бор эди.

Шунда кишилардан бири: «Аллоҳга қасамки, бу адолатли тақсимот бўлмади. Бундан Аллоҳнинг розилиги исталмади!», деди. Унинг бу гапини Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эшитиб қолиб деди: «Аллоҳга қасамки, бу гапингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга албатта айтаман!», деди.

Сўнгра бориб унинг гапини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ғазабдан қизарди ва шундай дедилар:

«Агар Аллоҳ ва Расули одил бўлмаса ким одил бўлар экан?!».

Сўнгра тинчланиб дедилар:

«Аллоҳ Мусога раҳм қилсин! Унинг қавми жуда кўп озор берган эди. У эса уларга сабр қилган эди!».

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзига деди: «Аллоҳга қасамки, бундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гап олиб келмайман!».

Қадимда араблар: «Инсонларни рози қилиш етиб бўлмас истакдир!», дейишган эди. Агар инсонларнинг аҳволига назар солсангиз уларнинг Аллоҳ таолога ғазаб қилганини кўрасиз.

Улардан бири ризқига қаноат қилмаса, бошқаси бировнинг мансабига ҳасад қилади. Яна бири бировнинг уйига ҳасад қилса, бошқалари бировнинг пулига ҳавас қилади. Шундай экан, сизда тўғри иш ҳам бор, хато иш ҳам бор. Шундай бўлганидан кейин, инсон сифатида бутун инсониятни рози қилишни хаётингизга ҳам келтирманг!

Роббилари тақсимотига рози бўлмаган инсонлар сизнинг тақсимотингизга рози бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақсимотлари танқидга учраб турган бўлса, сизнинг ҳамма қилган ишингизни кишилар тўғри дейишармиди?!

Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга раҳм қилсин! Кишилар у кишига кўп азиятлар беришди. У киши сабр қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин ўтган пайғамбар биродарлари сийратдан ўзларига тасалли олар эдилар. Қандай ажойиб тасалли! Сиз ҳам улар ила тасалли топинг!

Агар сизда ноқобил фарзанд бўлса Нуҳ алайҳиссаломдан тасалли олинг. У кишининг ўғиллари кемага минишдан бош тортган эди!

Агар сизнинг отангиз маъсият устида бўлса Иброҳим алайҳиссалом ила тасалли топинг. У кишининг отаси Озар мушрик эди!

Агар сизда итоат қилмайдиган хотин бўлса Нуҳ ва Лут алайҳиссаломлардан тасалли олинг. Уларнинг хотинлари кофира бўлган эди!

Азиз аёлларимиз! Агар сизда осий эр бўлса Фиръавннинг хотини Осиё ила овунинг. Аллоҳ унга атаб жаннатда уй қурди. Унинг эри: «Мен сизнинг олий Роббингизман!», деган эди!

Агар сизда фожир қариндошлар бўлса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан овунинг. У кишининг амакилари Абу Лаҳаб ва унинг хотини у кишини ёлғончи ва сеҳргар деб айблаган эди!

Агар азиз инсонингизни йўқотсангиз Яъқуб алайҳиссалом билан овунинг!

Агар қаттиқ бемор бўлсангиз Айюб алайҳиссалом билан овунинг!

Агар сизга туҳмат қилинса Юсуф алайҳиссалом билан овунинг!

Пайғамбарлар сийрати эрмак учун ўқиб қўйиладиган нарса эмас. Улар мавъиза ва ибрат дарсларидир!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Шуайбнинг исмларини Қуръон Каримда ўн марта келтирган. У зот алайҳиссалом Аъроф, Ҳуд, Шуаро ва Анкабут сураларида зикр қилинганлар.У зотнинг давоми...

15175 15:52 / 28.04.2017
ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИБиринчи инсон ва биринчи Пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади .Эсла, давоми...

68551 15:54 / 28.04.2017
Қуръони Каримда Солиҳ алайҳиссаломнинг исмлари тўққиз марта тилга одинган. У зотнинг қиссалари Шуаро, Аъроф, Қамар, Намл, Ҳуд каби сураларда келган.СОЛИҲ давоми...

11496 15:52 / 28.04.2017
Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарларнинг Одам отадан кейинги энг қадимгилари Идрис алайҳиссаломдирлар. Аллоҳ таоло у зот ҳақларида .Мариям, сурасида давоми...

9642 15:53 / 28.04.2017
Аудиолар

213525 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132735 14:35 / 11.08.2021