1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

Хар кимки, вафо килса, вафо топгусидир!

15:30 / 28.04.2017 4076 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳурматли ўқувчи биз қўйидаги сатрларда пайғамбаримизнинг гўзал ахлоқларини ўргатадиган мактабларда таълим олган, улуғ уламоларимиздан бирлари – 442-ҳижрий санада туғилган, етти ёшидаёқ Қуръони Каримни ёд олган, умрини исломий илм ва унинг таълимига бағишлаб, 535-ҳижрий санада тўқсон уч ёшида вафот этган, муҳаддис олим, қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқийнинг ҳаётида воқеъ бўлган ва уни ўз тили билан сўзлаб берган, улуғ хулқлардан омонатдорлик, вафо, хайрлик ишни ҳеч қандай муқобилсиз адо этиб, унинг мукофотини охиратга заҳира қилиб қолдиришдек гўзал хулққа намуна бўладиган бир воқеъани баён қилмоқчимиз. Умид қиламизки, ушбу воқеъа сиз ҳам, мана шундай улуғ хулқларни касб этишингизда сизга албатта кўмакчи бўлгай.
У зот ҳикоя қилиб айтади:

«Маккада – уни Аллоҳ муборак этиб сақласин! – мужовир бўлиб турган кунларимнинг бирида ейишга ҳеч нарса топа олмай, оч қолдим. Бу очликдан мени халос этгудек бирор егулик қидириб кўчага чиқдим. Кўчада ипак матодан ишланган, оғзини ҳам ипак билан боғлаб қўйилган бир ҳамён топиб олдим. Уни манзилимга олиб келиб очиб қарасам, ичида бир шода марварид бор экан. Ҳаётимда бундайин чиройли, бундайин тоза марваридни кўрмаганман. Қайтиб кўчага чиқдим. Кўчада қўлига беш юз динор пулни ушлаб олиб: ''Ҳамёнимни топиб берган кишига мана шу беш юз динорни мукофот қилиб бераман? — деб турган бир кишини кўрдим. Фикр қилдим: "Мен ҳозир оч қолган, бир муҳтож кишиман ҳамёнини қайтиб берсаму, мана шу беш юз динор тиллони олиб, тирикчилигимга сарф қилсаммикин?''. Кейин, у кишини манзилимга бошлаб келдим. У менга ҳамённи, унинг оғзи боғланган боғични ҳамда унинг ичидаги марваридни тўғри сифатлаб берганидан сўнг, омонатни унинг қўлига тутқаздим. У менга ваъда қилган беш юз динорни бермоқчи бўлган эди, мен унга: ''Йўқ, ушбу омонатни ҳеч қандай мукофотсиз ўз эгасига топшириш менинг бурчимдир'' — деб, ҳар қанча илтимос қилса ҳам, уни қабул қилмадим. У киши мен мукофотни қабул қилмаслигимни билгач, хаққимга дуо қилиб, йўлига равона бўлди.
Кўп ўтмай мен ҳам Маккадан ўз юртимга денгиз орқали, кема билан сафарга чиқдим. Йўлда бахтсиз воқеъа содир бўлиб, кема ҳалокатга учради. Кемадаги барча кишилар бор-будлари билан бирга денгизга ғарқ бўлдилар. Аллоҳнинг марҳамати билан кеманинг бир синиқ бўлагига тирмашиб олиб, фақат мен омон қолдим. Денгиз мавжи мен тирмашиб олган кема парчасини мусулмонлар яшайдиган бир оролга олиб бориб ташлади. Денгиздан соғ-саломат қутулиб, ўша жойдаги бир масжидга бориб тушдим. Орол аҳли менинг масжидда қуръон ўқиб ўтирганимни кўриб, илм аҳлидан эканимни билишди. Сўнгра улар менинг ҳузуримга қуръондан таълим беришим ва ёзувни ўргатишим учун тўп-тўп бўлиб келишди. Деярли оролдаги ҳамма – ёш болалару катталар келиб, ҳузуримда таълим олишди.
Кўп ўтмай анча мол-дунё топиб, ўзимни ўнглаб олдим. Шундан кейин, улар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишди. Менга отасидан анча мол-дунё мерос олган, бир етим қизни таклиф қилишди. Мен уйланишга рағбатим йўқлигини билдиришимга қарамай қаттиқ туриб олишди. Ноилож рози бўлдим. Қизни ясантириб, тақинчоқларини тақтириб ҳузуримга олиб келишди. Мен қизга назар ташлар эканман, Маккада мен топиб олиб, эгасига топширганим, бир шода марвариднинг айни ўзи, мен аввал кўрган сифатда унинг бўйнида турарди. Мен беихтиёр, у марваридга узоқ тикилиб қараб қолдим. Улар: ''Эй шайх, мунча марваридга тикилиб қарайсиз, бу ишингиз билан бечора қизга озор бермоқдасиз'' — деб, менга итоб қила бошладилар. Шунда мен уларга марварид воқеъасини сўзлаб бердим. Улар: ''Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ'' — деб, шу даражада қаттиқ овоз билан такбиру таҳлил айтишдики, ҳатто овозлари жазира аҳлининг барчасига етиб борди. Мен ажабланиб: ''Сизларга нима бўлди ўзи? — деб, сўрадим. Улар: ''Ўша сиздан марваридни қайтиб олган, марварид соҳиби мана шу етим қизнинг отаси эди. У доимо сизни мақтаб: ?Мен дунёда у кишидан бошқа, бундайин ҳалол, чин мусулмон кишини кўрмаганман, эй Аллоҳ мени у кишига қайта рўбарў қилгин, қизимни унга никоҳлаб берайин?— деб, дуо қилиб юрарди, бироқ у орзусига етолмай ҳаётдан ўтди. Мана энди унинг дуоси ижобат бўлиб орзуси ушалмоқда''— деб, жавоб беришди. Кейин у билан бирга ҳаёт кечира бошладим. Аллоҳ таоло менга ундан икки ўғил ато этди. Кўп ўтмай, аввал аёлим, кейинроқ эса, икки ўғлим ҳам вафот топишди. Ҳалиги қийматбаҳо марварид менга мерос бўлиб қолди. Мен уни минг динорга сотиб юбордим. Сизлар кўриб турганларинг мана шу бойликларим ўша марвариднинг пулидан қолганларидир».

(Ҳоний ал-Хож: Солиҳ кишилар ҳаётидан минг бир қисса)

Мана азиз ўқувчи ўзингиз шоҳид бўлганингиздек, мана шундай омонатга вафо қилган улуғ хулқ соҳибини Аллоҳ таоло мана шу дунёнинг ўзидаёқ яхшилик билан мукофотлаб қўйди. Охиратда эса, бунда-да олийроқ, бундан-да яхшироқ мукофотлар билан мукофотлашида асло шубҳа йўқдир. Аллоҳ таоло тўғри сўзлагувчи Зотдир. У буюк Зот марҳамат қилиб айтади: «Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшиликдир» . (ар-Роҳман сураси: 60)
Аллоҳ таолодан ҳаммаларимизни ҳам, мана шундай улуғ, гўзал хулқларга муваффақ айлашини тилаймиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўп инсонлар учун ҳаётда зарурий эҳтиёжлар бўлган ейиш, ичиш, турмуш қуриш, молдунё тўплаш асосий мақсадлар бўлиб қолган. Яна бир тоифа эса олдиларига юксак давоми...

2575 15:09 / 28.04.2017
Биз яшаётган хилқат гўё жим тургандек туюлади бизга. Аслида, нимаики Аллоҳ томонидан яратилган экан, демакки, у Парвардгорга ҳамд айтади, чексиз тасбеҳдадир. давоми...

4157 15:44 / 28.04.2017
Илм икки навдир Касбий илм ва ваҳбий яъни, Аллоҳдан ҳадя қилинган илм.1. Касбий илм. Бу илм жиддий ҳаракат, қатъиятлилик ва музокаралар воситасида ҳосил бўладиган давоми...

3582 14:57 / 28.04.2017
quotҲилол тақвимиquotнинг муҳаррам ойига бағишланган сонида ажиб бир ҳикоятни ўқиб қолгандим. Унда ёзилишича, Ҳикмат Алиев деган ватандошимиз бошларидан ўтган давоми...

3298 15:42 / 28.04.2017