1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

“Alloh taolo mehribon Zot, qilayotgan noto‘g‘ri ishlarimizni baribir kechiradi” degan niyatda gunohi

21:39 / 27.04.2016 5929 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Аллоҳ таоло меҳрибон Зот, қилаётган нотўғри ишларимизни барибир кечиради” деган ниятда гуноҳларда бардавом бўлишликнинг ҳукми қандай бўлади?

Азизлар кўпчилик вақтларда Ислом таълимотларида келган баъзи-бир тушунчаларни бир тарфлама тушунишимиз оқибатида, атрофлича ўрганмаганлигимиз оқибатида катта-катта хатоларга йўл қўямиз. Ана шу хатоларга йўл қўйиш, бир тарфлама тушунчага ўтишнинг боиси ўзимиздаги дангасалик, Аллоҳнинг амрини тутишда бўш қарашлигимиз ва нафсни кўйига тушиб, шаҳватнинг орқасидан кетиб бу дунёнинг беш кунлик матоҳига берилганлигимиз оқибатидан бўлади. Шунга бир мисол келтирадиган бўлсак баъзи-бирларимиз Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг раҳмати кенг, мағфирати кўп, Ўзи фазли карамли Зот деган тушунчани бир ёқлама тушунамиз, муболағага ўтиб кетамиз. Аллоҳнинг раҳмати кенг экан, Ўзининг раҳматига олар экан деб гуноҳларни қилаверамиз. “Аллоҳнинг мағфирати кўп экан, гуноҳларни кечар экан, бизникини ҳам кечар, кечадида энди” деган маънода қилиб юрган гуноҳларимиздан бардавом бўламиз. Аллоҳнинг фазли карами улуғ деган гапларни айтиб, яна бошқа янги-янги гуноҳларни қилаверамиз. Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати, фазли карамига бўлган эътиқодни бир тарафлама кучайтириб юборамизда, Аллоҳнинг амри борлиги, Аллоҳнинг қайтариғи борлиги ва бу амрлар, қайтариғлар Қуръони Каримда, суннати набавияда такрор-такрор келганлигини бутунлай унутамиз. Аллоҳнинг раҳмати кенг экан деб Аллоҳнинг буйруғини қилмаймиз, Аллоҳниннг мағфират кўп экан деб, Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтмаймиз, Аллоҳнинг фазли карами бор экан деб Аллоҳнинг иқоби борлигини, азоби борлигини мутлақо унутамиз. Кўпчилик баъзи-бир оятларга, ҳадисларга нотўғри талқин берган ҳолида “мана бу гап бор эканку, бу гап бор эканку” деб ёки баъзи-бир тушунмаган ўзига илм нисбатини бериб юрганларнинг гапига асосланиб ғурурга кетиб қоладилар, алданадилар. Мисол учун баъзи-бир кишилар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “Зумар” сурасидаги “албатта Аллоҳ гуноҳларнинг барчасини мағфират қиладидир” деган оятга нотўғри суяниб қолганлар. Уламоларимиз мана шу оятга эҳтимот қилиб “гуноҳ қилиб юраверишни ўзига раво кўриш бу энг катта жаҳолатдир” деганлар. Ва ҳамма уламолар жам бўлиб айтишганки “ушбу ояти карима тавба қилувчилар ҳақида”. Аввал билмасдан баъзи-бир гуноҳларни қилиб қўйган бўлсаю кейин тавба қилсалар, тавбалари ҳақиқий бўлса Аллоҳ таоло ҳамма гуноҳларни кечади. Агар бу тавбасиз юрганларни ҳам Аллоҳ таоло кечаверишига далолат қилади бу оят. “Мана Аллоҳ таоло ҳамма гуноҳларни кечади деб қўйибдику, демак тавба қилдию қилмади тавбасизларни ҳам гуноҳи кечирилиб кетади” дейдиган бўлса, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан “ҳар бир гуноҳ учун зарра мисқолида бўлса ҳам ҳисоб китоб борлиги, унинг жазоси тайинлиги”ни қайта-қайта таъкидлаб келган барча оят, ва ҳадисларни инкор қилинган бўлади. Бу эса ҳақиқатан жуда катта бир нотўғри хатодир, бу ҳақиқатан катта бир жаҳолатдир. Ана энди мана шу тушунчани, яъни “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тавба қилсаю қилмаса гуноҳларини кечаверади” деган тушунчани ўтган кишиларимиз, улуғларимиз, қандай тушунганларига ҳам бир эътибор беришимиз керак. Ўтган салафи солиҳ уламоларимиз иттифоқ билан айтганларки, "ким Аллоҳнинг авф этишига эътимод қилиб гуноҳда бардавом бўлса, у билиб туриб гуноҳларни саркашлик билан қилаверганлик даражасида бўлади". Чунки ўзи билиб турибди бу гуноҳ, лекин уни Аллоҳ авф қилади деб қилаверади. Бу худди "эй, гуноҳ пуноҳ дегани йўқ, мен Худога ҳам ишонмайман" деганидек амал қилган одамга ўхшаб қолган бўлар экан. Демак энг катта қоидалардан бири "авфга эътимод қилиб, гуноҳда бардавом бўлишлик саркашлик қилган кабидир," деган қоида бор. Шуни унутмаслигимиз керак. Ўтган улуғ зотлардан Маъруфул Кархий раҳматуллоҳи алайҳ айтган эканларки, "ўзинг унга итоат қилмаётган зотдан раҳмат умидвори бўлишлигинг бу аҳмоқликдир, пасткашликдир". Дарҳақиқат албатта Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг мисоли олий, Парвардигориоламга бир мисол келтириш, ўхшатиш қилиш дуруст эмас. Лекин тушунча учун айтамизки, шу дунёда инсонларнинг ўзаро алоқасида ҳам бошқа бир одамга тоъбе бўлган киши, қўлида ишчими ёки ҳизматкорми ёки қандайдир бир насаб юзасидан улуғими, шу ўзидан ўзи қўлида бўлган ўзидан катта мансаб ёки ҳақ-ҳуқуқга эга бўлган одамга осий бўлиб туриб, шуни айтганини қилмай, итоатидан чиқиб туриб яна у мени кечиради дейишлик ҳам ўзи ақлни тўлалигидан эмас. Чунки айтган гапига юрмай турибсан, қайтариганидан қайтмай турибсан, энди у одам албатта сенга бир жазо белгилаши керак. Худди шунингдек Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг итоатидан чиқсанг, Павардигорга тоат қилмасангу, кейин у мени кечиради дейишлик, ҳақиқатан ақли тўлаликдан, ақли борликдан аломат эмас экан. Яна бу дунёда гуноҳларни Худо кечирар деб қилиб юраверишни ўзига эп кўрганларнинг гапи мутлақо нотўғрилигини баён қилувчи уламоларимизнинг гапларидан бири қуйидаги маънони ўзига олган экан. "Бир зотики бу дунёда 3 дирҳамлик нарсани ўғирлаганда қўлининг кесишга амр қилган зот охиратда шунга ўхшаган нарсада бўлишидан, яъни шунга ўхшаган нарсага амр қилишидан эмн бўлмагин". Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу дунёда 3 дирҳам миқдоридаги нарсани ўғирлаган кишини қўлини кесишга амр қилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда "Ўғри эркак, ўғри аёлнинг қўлларининг кесинглар" деган. Қанчалик миқдордаги ўғрилик қилган кишини қўлини кесишликни Пайғамбаримиз (сав) баён қилганлар, 3 дирҳам миқдорида бўлган. Демак шу 3 дирҳам миқдорида ўғрилик қилганни қўлини кесишга амр қилган Аллоҳ ана шу раҳмати кенг Аллоҳ, ана шу мағфирати кўп Аллоҳ, ана шу фазли карами чексиз Аллоҳ. Лекин шу билан бирга, мана 3 дирҳамлик ўғрилик қилган одамми бу дунёни ўзида қўлини кесишга амр қилган. Мана шу амрини ўзи, фазли карамини кенглигидан, раҳматини чексизлигидан ва ҳамда мағфиратини кўплигидан. Агар хохласа бундан кўпга амр қилиши мумкин эди, лекин мана шу амрини ўзи инсониятга, жамиятга илоҳий раҳмат, мағфират ва фазли карамидан келиб чиққан. Демак бу дунёда шунчалик ҳукм қилган Зот, У Зотга билиб туриб яна такрор гуноҳ қилиб юрганни уқубатини охиратда камайтириб қўйиши ёки бир йўла ғилмай қўйиши мумкинми, шунга одам суяниши мумкинми, эътимод қилиши мумкинми, албатта мутлақо бу нарса дуруст эмас. Имои Хасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ жуда кўп Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан қўрқиб, йиғлагувчи зот эканлар. Шунда одамлар шундай улуғ обид киши, зоҳид киши, тақводор киши, ибодатли кишини бунчалик кўп йиғлашини кўриб ажабланиб сўраган эканлар. "Жуда узоқ йиғлаётганингизни кўрмоқдаман" дебди бир киши имоми Хасан Басрийга, шунда у киши айтган эканки, "мени тек қўйиб аҳамият бермай қўярмикин У Зот деб қўрқаман" деган эканлар. Демак Аллоҳ таоло аҳамият бермай қўйишини ўзи катта бир бадбахтик бўлиб, бу дунёда ўша нарсани ўзидан қўрқиб юришга йиғлашга сабаб бўладиган нарса экан. Энди Парвардигор эътибор берса, ҳисоб-китоб қилса, зарра миқдорида қилган гуноҳни қочирмасдан ҳаммасини номаи амолга ёзилган тарзида тарозига қўйса, унда оқибати нима бўлишини ўйлаб қўйиш лозим бўлади. Имои Хасан Басрий одатда айтиб юрар эканларки "баъзи-бир қавмлар борки уларнинг мағфират ҳақидаги ўйлари, орзулари алдаб қўйдида бу дунёдан тавбасиз кетдилар" деб афсус қилар эканлар. Демак "Аллоҳ мағфират қилади, Аллоҳ кечиради, Аллоҳ авф этади" деган маъноларга ишониб қолиб, мана шу нарсаларга бир тарфлама нотўғри бахо бериб, бу дунёдан тавба қилмай ўтиш, гуноҳларини кечирилишини сўрамай ўтиш, гуноҳларини тўхтамай қилавериш катта бир афсусларга сабаб бўладиган нарса экан. Баъзи-бир ўтган азизларимиз айтган эканларки "ҳалиги ғуруга кетган, аладниб қолган одамлардан биттаси нимага бу билиб туриб гуноҳ қиласан, Аллоҳнинг айтганида юрмайсан, қайтарганидан қайтмайсан деса, айтар эканки мен Раббимга яхши гумондаман, Парвардигоримдан умидворман, яхши гўзал гумоним бор" дейди. Аслида оладиган бўлсак уни бу гапи ёлғон. Чунки Аллоҳ таолодан яхши гумонда бўлганда амалини яхши қилар эди. Яхши амални қилиб туриб, кейин Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мени авф этар, мени жаннатга киритар, мени саодатманд қилар деган гумонни қилса бўлар эди. Лекин Парвардигори оламга маъсият қилиб туриб, гуноҳ қилиб туриб бундай гапларни айтиши мутлақо тўғри эмас. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мана шундай хатолардан сақалнишимизни Ўзи таъминлаган бўлсин. Балки ғуруга кетмай, алданмасдан, Аллоҳнинг раҳмати кенглиги, мағфирати кўплиги ва фазли карами чексизлигига имон келтирган ҳолда Аллоҳнинг амрида туриб, Аллоҳнинг тоатида бўлишга ва билиб билмай қилаётган гуноҳларимизга тавба қилиб боришга насиб этган бўлсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Ассалому алайкум, урматли Шайх Ҳазратлари Алҳамдуллилаҳ, Намозни 5 маҳал ўз вақтида адо этаман, садақа бераман, ҳар куни истиғфор айтиб юраман, Шаҳодат давоми...

3581 21:21 / 22.03.2016
Мен спортга жуда қизиқаман, кўпдан бери сузиш, енгил атлетика каби турлари билан мунтазам шуғулланаман. Мени бир савол қизиқтиради Ислом дини спортга қандай давоми...

5738 15:31 / 24.04.2016
СаволҲурматли Шайх ҳазратлари саволим шуки ҳозирда ибодат қилувчилар масжидларга худди яҳудийларни бош кийимига ўхшаш бош кийим кийишмоқда бу бошнинг юқори давоми...

6381 09:05 / 30.11.2017
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларига йўлланган савол Ҳазратларидан нафсини покламоқчи бўлган инсон босиб ўтадиган нафсни поклаш, ҳоллар ва мақомлар давоми...

3222 21:21 / 24.04.2016