1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Ўнг ва чап тарафдаги фаришталар инсондан ажралмайдилар.

16:37 / 27.04.2016 5183 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ўнг ва чап тарафдаги фаришталар инсондан ажралмайдилар. Улардан ташқари яна битта фаришта борми?
Қуйидаги ишлар:
–инсон бутунлай ҳожати учун ечинганда;
–инсон аёли билан яқинлик қилганда;
–ғусл қилганда ва ҳоказолар уларга озор етказадими?
Умуман, уларга озор бермаслик ва, авваломбор, кузатиб тургувчи Аллоҳдан ҳаё қилиш одобларидан таълим берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Одамлардан ажралмайдиган фаришталарнинг бир неча вазифалари бор.
1. Одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси.
Аллоҳ таоло Қоф сурасида:
«Вақтики, икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар», (17–18-оятлар) деган.
Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади. Оятда уларни «икки кутиб олувчи» деб айтмоқда.
«Вақтики, икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар».
Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинган.
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар».
Биз «ҳозиру нозир» деб таржима қилган икки фариштанинг арабча номи «Рақиб» ва «Атийд»дир. Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назарларидан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирлар, ҳар бир нарсани дарров ёзадилар.
Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳатто, аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг хаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталар ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор, қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган номаи аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишига, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига сабаб бўлади.
Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади.
Али ибн Абу Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у зот:
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши ва ёмон гапи ёзиб борилади. Ҳатто, едим, ичдим, бордим, келдим, кўрдим, кабиларни ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади», деган эканлар.
Ҳасан Басрий «...ўнгда ва чапда ўтирган ҳолда» оятини ўқиб туриб:
«Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси ўнг тарафингдаги яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап тарафингдаги ёмонликларингни ёзади, озми, кўпми, нимани хоҳласанг шуни қилавер. Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...», деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу ан-ҳудан: «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилар-у, дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича инграмаган эканлар.
2. Инсонни доимий равишда муҳофаза қилиб юриш вазифаси.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида:
«Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъ-қиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар», (11-оят) деган.
Яъни, ҳар бир одам боласининг
«олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор».
Яъни, унинг ҳар тарафида кузатиб юрувчи фаришталар мавжуд.
Ушбу фаришталар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улар сизлар учун алмашиб, кетма-кет келиб турадилар. Кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар келади. Улар бомдод ва аср намозида жам бўладилар. Аллоҳнинг ҳузурига сиз билан тунни ўтказувчилар кўтарилганларида, улардан, Ўзи сизларнинг ҳолингизни жуда яхши билса ҳам:
«Бандаларимни қайси ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Фаришталар:
«Уларнинг ҳузурига борганимизда намоз ўқиётган экан, уларни тарк қилганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди», де-йишади», деганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда эса:
«Албатта, сиз билан бирга, сизни хало ва жимоъ пайтидан бошқа вақтда тарк этмайдиган зотлар бор. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», дейилган.
Мазкур фаришталарнинг вазифаларини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади:
«Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар».
Яъни, ўша фаришталар у бандани Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Ушбу жумладаги «ҳифз» сўзи «сақлаш» ва «ёдлаб, эслаб қолиш» маъноларини билдиради. Бандага бириктирилган фаришталар ушбу икки ишни бажарадилар. Яъни, бандани турли ёмонликлардан сақлаб турадилар ҳамда қилаётган амалларини ёзиб, ёдда сақлаб борадилар.
Ушбу оят ва ҳадисларга ҳамда шу маънодаги яна бошқа ҳужжатларга суянган ҳолда уламоларимиз қуйидагиларни таъкидлайдилар:
«Бандани турли ҳодиса ва ёмонликлардан ҳимоя этиш учун фаришталар навбат билан қўриқчилик қиладилар. Шунингдек, унинг амалларини ёзиб бориш учун ҳам кечаю кундуз маълум фаришталар алмашиб турадилар. Иккитаси ўнг ва чап тарафда туриб, ўнг тарафда турган фаришта яхши амалларни, чап тарафда тургани гуноҳ амалларини ёзиб боради. Яна икки фаришта олд ва орқадан уни қўриқлаб турадилар. Банда доимо тўрт фариштанинг ўртасида юради. Улар кундузи ва кечаси алмашиб туришади».
Аллоҳ таоло Ўзи юқорида зикр қилганидек, ҳамма нарсаларни, ҳатто бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйган. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақт-нинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳ таолонинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида:
«У бандалари устидан ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборадир», (61-оят) деган.
Аллоҳ таоло доимо бандалари устидан ғолибдир, Ўз иродасини ўтказиб тургувчидир.
«У бандалари устидан ғолибдир».
Аллоҳ таоло ғолиблигидан бандаларининг ҳар бир ҳаракат ва саканотларини кузатиб, ҳисоб-китобини қилиб туради.
«У устингизга ҳафазаларини юборадир».
«Ҳафаза»–ҳар бир инсонга бириктирилган фаришталарнинг номи бўлиб, улар қиладиган ишнинг маъносини англатади.
Биринчи маъно–муҳофаза қилиш, сақлаш маъноси бўлиб, ўша фаришталар ўзлари бириктирилган одамни муҳофаза қилиб турадилар.
Иккинчи маъно–ёд олиш маъноси бўлиб, мазкур фаришталар ўзлари бириктирилган инсоннинг ҳамма қилган иши ва айтган сўзларини ёдлаб боради.
Хулоса қилиб айтганда, инсон бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг кузатувидан четда қолмайди. Буни англаган инсон фақат яхшилик қилиб, доимо ёмонликдан четланади.
Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади:
«Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим. У зот:
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Бухорий баъзисини ривоят қилган.
Аввало, ҳадиснинг ровийи Баҳз ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Баҳз ибн Ҳаким ибн Муовия ал-Қушайрий ал-Басрий. Ҳадисларни боболари ва оталаридан ривоят қилдилар. Бу кишидан Саврий, Химода ибн Салама, Маъмур, Абу Осим, Марвон ибн Мубораклар ривоят қилишган.
Баҳз ибн Ҳакимнинг отаси Ҳаким ибн Муовиядир. У киши тобеъинлардан бўлиб, ишончли одам бўлган. Баҳз ибн Ҳакиймнинг боболари Муовия ибн Ҳайдата бўлиб, у киши саҳобийлардан бўлган.
Бу ҳадисда ўша Муовия ибн Ҳайдата розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган бир неча масалалар ва уларга берилган жавоблар келтирилмоқда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?»
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил».
Демак, эркак киши тиззаси билан киндиги орасидаги аъзоларини хотини ва чўрисидан беркитмаса ҳам бўлар экан. Аммо бошқалардан тўсмоғи вожибдир.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?»
Унда нима қилади? Баъзи вақтларда беихтиёр баъзи жойлар кўриниб қолиши мумкин-ку?
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин».
Яъни, кўпчиликнинг ичида, ноқулай ҳолатда бўлсанг ҳам авратингни бировга зинҳор кўрсатмасликка ҳаракат қил.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?»
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир».
Яъни, авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳдан ҳаё қилмоқ зарур.
Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб, ғусл қилгани афзал, дейилган.
Имом Бухорий «Ўзи ёлғиз, холи жойда яланғоч ғусл қилган ва тўсиниб ғусл қилган одам. Тўсмоқлик афзаллиги ҳақида боб» номли боб очганлар.
Бошқа ҳадисларда, хусусан, Мусо ва Айюб алайҳиссаломларнинг яланғоч ҳолда ғусл қилганларини васф қилувчи ҳадисларни далил қилиб, барча фақиҳлар ғусл вақтида холи бўлган одам авратини тўсиши мустаҳабдир, деганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аврат ҳақида савол бериб, билиб олиш яхшилиги.
2. Эркак киши хотини ва чўрисидан авратини тўсмаса жоизлиги.
3. Хотин ва чўридан бошқадан авратни тўсиш лозимлиги.
4. Одамлар ичида бўлганда ҳам зинҳор авратни ўзгага кўрсатмасликка ҳаракат қилиш зарурлиги.
5. Холи бўлган одам авратини тўсиб ғусл қилиши афзаллиги. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Сизга нима деб савол беришимни ҳам билмаяпман. Оилалиман, икки нафар фарзандим бор. Мен меҳнат сафари билан бошқа давоми...

4218 21:11 / 22.04.2016
Мен бир шаръий ҳукмни тушунмаяпман агар аёл кишининг юзини ёпиши фарз бўлмаса, Аҳзоб сурасининг 59ояти тафсирини тушунтириб берсангиз. Аёлларнинг юзини ёпиши фарз давоми...

5389 14:18 / 24.04.2016
CаволБир жавобни ўқиб менда савол туғилди 15 ва ундан кўпроқ кунни ният қилиб сафарга чиқилса, намозлар тўлиқ ўқилади. Нега унда ҳаж сафари давомида қаср ўқилади 30 давоми...

21065 11:25 / 24.11.2017
Эркаклар уйда бўлмаса, аёл киши хўроз, товуқларни сўйса, бўладимиЖАВОБ Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг чўри қизи бор бўлиб, Салъ давоми...

4916 20:42 / 24.04.2016