1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Ўғлим келиним билан оралари бузилди.

16:13 / 27.04.2016 3114 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари.

Ўғлим келиним билан оралари бузилди. Иккаласига панд-насиҳат таъсир қилмади. Улар ажрашиб кетишди, ораларида фарзанд бор, 3 ёшда. Ўғлим фарзандини жуда соғинади, нафақасини ҳар ой ўз вақтида етказади. Келиним ва уйидагиларнинг шарти шуки, ўғлим уйига кириб кўриши керак экан. Бу ёқда мен ҳам, бувиси ҳам неварани жуда соғинамиз, уни уйга олиб келгимиз ва эркалаткимиз келади. Келиннинг уйидагилари ҳам мусулмонликни даъво қилгувчилардан.

Сиздан сўрайдиганимиз шуки, шариатда эру хотин ажрашгандан кейин болага отаси ҳам ҳақлими, уни кўришга ўз уйига олиб кетишга ҳаққи борми?

Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан ташаккур.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Болани қарамоғига олиш араб тилида «ҳизона» дейилиб луғатда қучоғига олиш маъносида. Шариат истилоҳида эса ота-она ажрашгандан кейин болани ўз қарамоғига олиши ва тарбия қилишига айтилади.
Онага мажбурламасдан берилади. Талоқ қилинганми ёки бошқача бўлганми, барибир.
Яъни, қай тарзда бўлсин ота-она ажрашганда кичик ёшдаги бола онаси истаб турса, унга берилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Ибн Абу Шайба ўзининг «Мусаннаф» номли китобида Саъид ибн Мусаййабдан ривоят қилади:
«Умар Умму Осимни талоқ қилди. Ке-йин унинг олдига борди. Осим унинг қучоғида турган эди. Болани ундан тортиб олмоқчи бўлди. Икковлари уни тортишиб кетди. Бола йиғлаб юборди. Икковлари Абу Бакрнинг ҳузурига борди. Бас, Абу Бакр унга «Аёлнинг силаши, қучоғи ва ҳиди унинг учун сендан кўра яхшироқ. Бола улғайса, ўзи танлаб олади», деди».
Агар аёл болани олишни истамаса, бунга мажбурланмайди. Фақат ундан бошқа шахс бўлмаса ёки бола ундан ўзгага кўнмаса мажбурланади.
Ёш болани қарамоғига олиш–уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едириб-ичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан иборатдир.
Лекин болани ўз қарамоғига олувчи шахсда бир неча шартлар бўлиши лозим:
1. Оқил бўлиши керак.
2. Балоғатга етган бўлиши керак.
3. Диндан чиққан муртад бўлмаслиги керак.
4. Фосиқ, ишончсиз бўлмаслиги керак. Баъзи фисқу-фужур ишларни қиладиган, ўғри, бетайин раққоса кабилар ёш болаларни ўз қарамоғига олишга ҳақли эмаслар.
5. Болани қаровсиз қолдирмаслиги керак. Агар қаровсиз қолдирадиган бўлса қарамоғига олиш ҳақидан маҳрум қилинади.
6. Ота камбағал бўлиб, она ажрсиз тарбия қилишдан бош тортса, ажрсиз тарбия қилишни хоҳлаган яқин аёл қариндош болани ўз қарамоғига олади.
Ёш болага ихтиёр ҳақи берилмайди.
Яъни, кичик ёшдаги болага сен ким билан бўласан, ўзинг танлаб ол, дейилмайди.
То бола ўзи еб ичадиган ва истинжо қиладиган бўлгунча онаси ва момоси унга ҳақлидир. Қиз болага то ҳайз кўргунча. Имом Муҳаммад иштаҳа тортадиган бўлгунча деган. Замоннинг фасоди туфайли шу гап мўътабардир. Икковларидан бошқалар то иштаҳа тортадиган бўлгунча.
Кичик болани отаси ва онаси талашиб қолса, онасига берилади.
Ўзи еб-ичадиган ва истинжо қиладиган бўлган ўғил бола отасига берилади. Чунки у эркакларга хос нарсаларни отасидан ўрганиши зарур.
Қиз болалар эса ҳайз кўрадиган бўлгунча оналари билан қоладилар. Чунки улар аёлларга хос нарсаларни оналаридан ўрганишлари лозим. Қизлар балоғатга етганларидан кейин уларни асрашга ва турмушга чиқаришга оталар қодир бўлганлари учун вақти етганда улар оталари қарамоғига ўтадилар.
Боласининг нафақасини бериб турган отанинг уни кўришга ҳақи бор. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволМен ўзим юргизиб турган фирмани сотиб олиш учун бир аёлдан қарз сўрадим. У аёл эри билан таништирди ва эри билан келишиб фирмадаги асосий техникани унга давоми...

3253 14:00 / 25.01.2018
Аёлим ҳозирги даврда ҳомиладор 5 ойлик, рўза тутиши фарзмиЖАВОБ Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАёл кишининг ўзига ва ҳомиласига зарар етиши хавфи бўлса, рўза давоми...

2921 16:01 / 24.04.2016
Ассалому алайкум Мен баданимга ёшлик қилиб татуировка чиздирганман. Энди буни катта гуноҳлигини тушуниб етдим. Энди тавба қилиб намоз ўқисам бу гуноҳим давоми...

2998 10:01 / 19.01.2019
Савол.Мен сизга Худога ишонгандай ишонаман, каби ибораларни қўллаш жоиз ишмиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Йўқ.

4475 13:25 / 18.10.2017