1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазонда «тижорат» хаёли...

13:58 / 06.04.2022 5493 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

- Ассалому алайкум.

- Ва алайкум ассалом.

- Қалайсиз ака...

- Яхши, уфф чанқаб кетдим, анаву крандан бир пиёла сув қуйиб узатиб юборинг.

- Ия, рўзамасмисиз ака?! Рўза фарз-ку!

- Э, мени ошқозоним касал, тутолмайман.

- Ҳа рўза шу касалингизни даволайдику, ана ҳатто америкаликлар буни исботлашди.

- Э-ээ...

- Сиз-чи ака?

- Мени жигарим касал, ўтган йили сариқ бўлганман.

- Ундай бўлса «какраз» рўза сиз учун экан-да, ўқимадингизми?

- Э бўлмайди, бир нарса еб турмасам, қорним таталаб кетаверади... чидолмайман.

- Сизам шулар қаторидамисиз?

- Эээ... ука... иссиқни қара, бунақада рўза тутиб бўладими... чидаб бўлмайди.

- Дўзахнинг иссиғи олдида бу нима бўпти, ё унисига чидай оласизми?

Акалар гапни қисқа қилиб, жўнаб қолишади...

Ногаҳон энам раҳматли эсимга тушади. Муборак Рамазон ойи бошланар экан энам (Аллоҳ раҳмат қилсин) билан суҳбатимиз яна ҳам қизирди. У кишининг бошидан ўтказганлари, ҳикоялари орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам қулоғим остидан нари кетмайди:

— Бир пайтлар рўза тутиш нақ машаққатнинг ўзи эди. Кечаси пусиб саҳарлик қилардик, токи бирор кимса хабар топмасин. Ҳеч бир ёруғлик чиқармай, ими-жимида бунинг уддасидан чиқсак кундузи яна бир синов кутиб турарди. Масъуллар ундови билан барчамиз тановул қилишга мажбур қилинардик. Ана шу имтиҳондан ўтиш бизга жуда катта қувонч бағишларди...

Энам гапирар эканлар узоо-оқ хаёлга берилардилар гоҳида. Ажин тушган юзларига қараб нималар ҳақида ўйлаётганликларини билиб олгим келарди.

— Ҳозир одамларимизни кузатиб, баъзиларнинг хатти-ҳаракатларига ақлим етмайди. Бойлиги бисёр, таъқиқлар йўқ — ҳамма шароитлар муҳайё. Аммо рўза тутиш хаёлларининг кўчасига ҳам келмайди. Наҳотки, Аллоҳ ризоси, ўзларининг саломатликлари учун битта фарзни бажаришга куч топа олмасалар...

Ўша давр одамларининг эътиқоди кучли бўлгани яққол кўзга ташланади, бироқ аслида ўзимизнинг иродамиз ёки иймонимиз сустдек. Энам раҳматлик тўшакка михланиб қолган ҳолларида ҳам рўза тутгандилар. Кексаларимиз бизга ибрат намунаси бўлиб яшаб ўтдилар.

Хаёл ҳаракат дейишади. Бу гапнинг ростлигига неча карра иқрор бўлдим. Рамазон ойининг аввалида ниятни тўғри қилганлар, албатта, уни охирига етказадилар. Соғлигимизни рўкач қилсак, васвасага айланиб 2-3 кунда нафсимизга оғир келиб рўзани тарк қиламиз. Ишни, иссиқни баҳона қилсак ҳам айни шундай. Амаллар ниятга яраша деганлари шу бўлса керак.

— Ўтган йили рўзани тута бошладим. Аммо ошқозоним оғриб қолмаса деган ҳадик билан юрдим. Сезиб турардим, нафсимга оғир келаётганди. У бўлди-бу бўлди, нафснинг макрига тушдим. Рўзани йиғиштириб, шу баҳона яхшилаб даволаниб олишни режалаб шифохонага йўл олдим. Натижада мўмайгина пул харажат қилиш билан бирга тижорат ойининг беҳисоб савобларидан ҳам маҳрум бўлдим. Энди бу йил ниятни қаттиқ қилиб турибман, соғлиғим ҳам ёмон эмас. Аксинча, ифторликдан кейин бир оз жисмоний машғулотлар қилаяпман, анча тетикман...

Муборак ой ҳақида мулоҳаза қиларканман, байрам олдида савдогарларнинг елиб-югуришлари ёдимга келади. Ҳаммамизга маълум, 8-март арафасида атир-упа сотадиганларнинг мавруди келади. Бир йил мобайнида топадиган фойдаларини 3-4 кунлик меҳнатлари эвазига қўлга киритадилар. Янги йил арафасида савдо қанчалар авж олиши ҳақида тўхталишга ҳожат йўқ.

Менинг хаёлимда эса бошқа нарса, мўминларнинг «тижорат» ойида, савоблар кўпайтириб бериладиган ойда қанчалар савоб ишлаб қола олишим мумкину қанчасига улгураяпман?!

Иброҳим Наҳаий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

«Рамазоннинг бир кунидаги рўза минг кунлик ибодатдан, унда айтилган бир тасбеҳ бошқа ойларда айтилган минг тасбеҳдан, бир ракат намоз бошқа ойларда ўқилган минг ракат намоздан афзалроқдир».

Минг ойга тенглаштирилган Қадр кечасига қанчалар тайёрман?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳузурингизга муборак ой кириб келди, унинг рўзаси сизларга фарз қилинди. У (ой)да жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у (кеча)нинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди».

Имом Аҳмад, Имом Насоий ва Имом Байҳақий ривоят қиладилар.

Нақд фойдага ошиқадиган туйғуларимиз, наҳотки, рўзадан келадиган ҳисобсиз савобларни, мукофотларни илғамаётган бўлса...

Бир эътибор қилинг-а:

Рамазон рўзаси гуноҳларга каффоратдир.

Рамазондаги рўза сабабли Аллоҳ таоло раҳматлар ёғдиради.

Рамазондаги ибодатларга бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ савоб берилади.

Рамазондаги садақа энг афзал садақадир.

Рўза – гуноҳлар ва жаҳаннам оловидан ҳимоя қиладиган қалқондир.

Рўзадор оғзидаги ҳид (бўй) Аллоҳ наздида мушку анбардан кўра хушбўйроқдир.

Рўзадорнинг дуоси ижобатдир.

Рўзадор Аллоҳнинг муҳаббати ва яхшиликка эга бўлади.

Рўза – қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир.

Рўза банданинг жаннатга киришига сабабчидир.

Рўзадорлар учун Аршнинг остида дастурхон ёзилади...

Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Азизлар, шундай экан муборак ойнинг файзидан кўпроқ баҳра олишга шошилайлик, ғайрат қилайлик!

Дуоларингизга муҳтожлик билан...

АбдулАзиз Ўктам

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Диалектиклик, яъни мавжудотни самовий ва арозийга бўлиш монотеистик динларниг ривожланиш манбаи ҳисобланади. Дунёда қарамақаршиликлар ва улар ўртасидаги давоми...

3522 10:00 / 12.04.2023
Ислом келиб бу икки байрам ўрнига икки Ислом байрамини жорий қилди. Шаръий равишда ҳалолпок байрамларда ўйнаб кулиб, хурсандчилик қилган, аҳли аёли, таниш давоми...

4004 05:00 / 14.01.2017
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ табарока ва таоло, бандаларини тақвога буюрдики, у сабабли бу ҳаёти дунё ва охиратда саодатни қўлга киритишади, Унинг розилиги ва давоми...

3946 03:30 / 07.04.2023
Милодий еттинчи аср боши, олам жаҳолат ботқоғида ётган бир аҳвол эди...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик вазифаси юкланишидан икки йил олдин, давоми...

2935 05:00 / 11.01.2017