1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

«иштон» билан чўмилиш ноқулай-ку

20:01 / 26.04.2016 3324 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи вабаракатуҳ.
Ҳурматли Шайх ҳазратлари, сиздан сўрамоқчи бўлган масалам қуйидагидан иборат:
Яқинда бир эшиттиришда ҳаммомга яланғоч ҳолда кириш Лут қавмига хос одат дейилди. Ҳаммом деганда бир неча одамлар чўмиладиган ҳаммом назарда тутилмоқ-дами ёки ҳозирги пайтда кундалик ҳаётимиздаги бир кишилик ҳаммомлар ҳам назарда тутилганми?
Агар бир кишилик ҳаммом назарда тутилган бўлса, ғусл қилганимизда игнанинг учичалик ҳам қуруқ ер қолмаслиги керак, агар қолса ғусл қилинмаган ҳисоб бўлади, деб эшитгандим. Ундан ташқари, узр, қўполроқ бўлса ҳам илм олиш йўлида бу сўзни ишлатаман, «иштон» билан чўмилиш ноқулай-ку. Саволимга тўлиқ жавоб оламан деб умид қиламан.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Саволингизга тўлиқ жавоб олишни истасангиз, китоб ўқинг! Илмли одамни учратсам, сўраб оларман қабилида иш қилиш дуруст эмас. Яна савол ортидан тўлиқ жавобни талаб қилиш ҳам одобдан эмас.
Сиз айтган эшиттиришда нима дейилган бўлса, уни айтган одамидан сўранг. Аммо диний адабиётда «ҳаммомга кириш» деганда жамоатчилик ҳаммоми кўзда тутилишини ҳамма яхши билади.
Баҳз ибн Ҳакийм отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади:
«Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим. У зот:
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Бухорий баъзисини ривоят қилган.
Бу ҳадисда Муовия ибн Ҳайдата розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган бир неча масалалар ва уларга берилган жавоблар келтирилмоқда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?»
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил».
Демак, эркак киши тиззаси билан киндиги орасидаги аъзоларини ўз хотини ва чўрисидан беркитмаса ҳам бўлар экан. Аммо бошқалардан тўсмоғи вожибдир.
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?», унда нима қилади? Баъзи вақтларда беихтиёр баъзи жойлар кўриниб қолиши мумкин-ку?
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин».
Яъни, кўпчиликнинг ичида, ноқулай ҳолатда бўлсанг ҳам авратингни бировга зинҳор кўрсатмасликка ҳаракат қил.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?»
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир».
Яъни, авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳдан ҳаё қилмоқ зарур.
Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб, ғусл қилгани афзал, дейилган.
Имом Бухорий китобларида «Ўзи ёлғиз, холи жойда яланғоч ғусл қилган ва тўсиниб ғусл қилган одам. Тўсмоқлик афзаллиги ҳақида боб» номли боб очганлар.
Бошқа ҳадисларда, хусусан, Мусо ва Айюб алайҳиссаломларнинг яланғоч ҳолда ғусл қилганларини васф қилувчи ҳадисларни далил қилиб, барча фақиҳлар ғусл вақтида холи бўлган одам авратини тўсиши мустаҳабдир, деганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аврат ҳақида савол бериб, билиб олиш яхшилиги.
2. Эркак киши ўз хотини ва чўрисидан авратини тўсмаса жоизлиги.
3. Хотин ва чўридан бошқадан авратни тўсиш лозимлиги.
4. Одамлар ичида бўлганда ҳам зинҳор авратни ўзгага кўрсатмасликка ҳаракат қилиш зарурлиги.
5. Холи бўлган одам авратини тўсиб ғусл қилиши афзаллиги. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Бир дўстимнинг тўйида никох ўқилаётган домла келинкуёвнинг исмларини айтмасдан уларни никохлаб қўйди, яъни куёвтура келинпошшани тан махрамликга қабул давоми...

4277 21:39 / 27.04.2016
СаволАссалому алайкум Сизларга куч қувват тилаган ҳолда саволимни йўлламоқчиман.Биоток билан таъсир қила оладиган одамлар бор эмиш, кўпчилик фарзанд талаб давоми...

6987 13:25 / 08.03.2018
Абу Ҳурайра р.а. бир куни бозорга кириб Эй одамлар, сизлар бу ерда юрибсизлар, масжидда эса Муҳаммаднинг сав меросларини тарқатишяптиrdquo, дедилар. Одамлар бозорни давоми...

3058 21:37 / 27.04.2016
Ҳозирда аёл киши турмушга чиқаётганда кўп ҳолларда маҳр ўрнида уй, ҳовлиер деб мулк ажратилмоқда. Бу, албатта нотўғри. Шуни отаонага тушунтира олмаган тақдирда давоми...

3225 15:38 / 24.05.2016