1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Пайгамбаримизнинг Зайнабга уйланишлари ҳақида...

18:58 / 26.04.2016 4224 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайгамбаримизнинг Зайнабга уйланишлари ҳақида бизда баъзи тушунмовчиликлар бор. Яъни улар ўзларининг боқиб олган фарзандлари Зайд ибн Ҳорисанинг аёлига уйланганлар. Айтингчи, бу шариатга тўғри келадими?

Айнан шариатга тўғри келишини қатъий равишда таъкидлаш учун Аллоҳ таоло пайғамбаримизга Зайнаб бинти Жаҳш онамиз (ра)га уйланишни қатъиян буйруқ қилган: “Мана шу шариатга тўғри келадиган бўлиб қолсин, жоҳилиятнинг жоҳил тузумларидан биттаси йўқ бўлсин” деган маънода бу нарсани Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган. Ва бу Қуръони Каримга кириб қолган ҳақиқатга айланган. Ана ўша ҳақиқат Қуръони Каримнинг “Аҳзоб” сурасида ўз аксини топган: “Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига осий бўлса бас, батаҳқиқ очиқ адашишда адашибди. Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбар (сав)нинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. Аллоҳнинг кўрсатмаси, Расулининг (сав) айтганлари турганида мўмин киши хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл-ўзича бир иш қила олмайди, мумкин эмас. Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулини қўйиб ўзича иш тутса Аллоҳ таборака ва таоло ва Унинг Расули (сав)га осий бўлади. Ким Аллоҳга Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ очиқ адашишла адашибди. Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум”. Ушбу ояти кариманинг ҳукми барча мўмин-мусулмонларга тегишли саналса ҳам, оятнинг нозил қилинишига баъзи бир воқеаларнинг сабаб бўлганлиги ривоят этилади. Жумладан Ал-Авфий Абдуллоҳ ибн Аббос (ра)дан қуйидагиларни ривоят қилади: “Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун” ояти Расуллуллоҳ (сав) Зайд ибн Ҳориса (ра) учун совчиликка борганларида нозил бўлган. У зот (ас) Зайнаб бинти Жаҳш ал Асадия олдиларига кириб, совчилик қилиб розилигини сўрадилар. Зайнаб: “Мен унга-яъни Зайдга тегмайман” деди. Расулуллоҳ (сав) “Хўп де, унинг никоҳига кўнавер” дедилар. У: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга ўз нафсимда ҳам амр қилинадими” деди. Икковлари гаплашиб турганларида Аллоҳ таоло “Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун” оятини нозил қилди. Шунда Зайнаб (ра): “Эй Аллоҳнинг Расули, менга уни никоҳга олувчи деб рози бўлдингизми?” деди. Расулуллоҳ (сав): “Ҳа” дедилар. Зайнаб (ра): “Ундай бўлса Расулуллоҳ (сав)га осий бўлмайман, ўз нафсимни унинг никоҳига топширдим” деди. Оятнинг нозил этилишига сабаб бўлган ривоятдан кўриниб турибдики Зайнаб бинти Жаҳш (ра) бу никоҳга ўз иродасига қарши, Аллоҳнинг оятини эшитиб, Расулуллоҳнинг рағбатлари туфайлигина рози бўлдилар, чунки Аллоҳ ва унинг Расули ҳукм қилган ишга ҳеч бир мўмин ва мўмина қарши чиқиши мумкин эмас. Мусулмонлар ушбу эътиқодда мустаҳкам турган пайтларида, фақат Аллоҳ таолонинг ва Расулининг ҳукми ила иш юритганларида дунёнинг пешқадам уммати бўлганлар. Жоҳилиятнинг ботил қонун-қоида ва урф-одатлари йўқотилиб, ўрнига исломий қонун-қоида ва урф-одатлар жорий этилар эди. Маълумки, жоҳилиятда турли инсоний табақалар мавжуд бўлиб, ҳар кимнинг қадр-қиймати табақасига қараб белгиланар, шунга кўра муомала қилинар эди. Хусусан, қуллар ёки қулликдан озод бўлганлар одам ўрнида кўрилмас эди. Ислом ҳамманинг тенг эканлигини, оқ билан қора, араб билан ажам, бой билан камбағал, подшоҳ билан гадо орасида ҳеч қандай фарқ йўқлигини, бўлганида ҳам фақат тақвога кўра бўлиши мумкинлигини қатъий низом асосига қўйди, бу ҳақда оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп келди. Расули акрам (ас) ушбу оламшумул таълимотларни амалда татбиқ қилишни истадилар. Бу ишни ўз яқинларидан бошладилар. Ўзларининг мавлолари-озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса (ра) номидан аммалари Умайма бинти Абдулмуталлибнинг қизлари Зайнаб бинти Жаҳш ал-Асадияга совчи бўлиб бордилар. Бу билан исломда асли қул ҳам, Бани Ҳошимдан бўлган оқсуяк ҳам баробар қилинганлигини кўрсатмоқчи эдилар. Шундай бўлди ҳам, Зайнаб билан Зайд бинти Ҳориса оила қурдилар. Лекин турмушлари унча келишмади, эр-хотин тотув яшай олмадилар. Зайд хотинидан норози бўлиб, унинг устидан шикоят қилиб Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларига қайта-қайта келди. Пайғамбар (ас) эса унга насиҳат қилиб, сабрга чақириб, оиласига қайтарар эдилар. Кейинроқ Зайд (ра) хотини Зайнаб (ра)ни талоқ қилиш ниятида эканлигини айта бошлади. Расулуллоҳ (ас) унга талоқ қилмай туришни маслаҳат берардилар. Сўнгра иш умуман бошқача тус олиб кетди. Келаси ояти каримада ана шулар ҳақида сўз кетади: “Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга “Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил” дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани маҳфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг. Ҳолбуки Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач Биз сени унга уйлантирдик. Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач танг бўлмасин деб. Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир”. Аллоҳ субҳану ва таоло ушбу ояти каримада Расулуллоҳ (сав)га у зот озод қилган қуллари Зайд ибни Ҳорисага нималар деганлигини эслатиш билан сўз бошламоқда: “Эсла, сен Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга”. Бу жумлада Зайд ибни Ҳориса (ра) сифатлари келтирилмоқда. “Аллоҳ неъмат берган”. Аллоҳ Зайдга имон, ислом неъматини ва Муҳаммад (ас)га эргашиш саодатини берган эди. “Сен ҳам неъмат берган”. Пайғамбар (ас) Зайд (ра)ни қулликдан озод этган, унга кўплаб яхшиликлар қилган эдилар. Шу сабабли у жамиятда обрў-эътиборли, ҳамма ҳурмат қиладиган шахсга айланган. Расулуллоҳ (сав) Зайд (ра)ни ўта яхши кўрганларидан “Расулуллоҳнинг маҳбуби” лақабини олди. Кейинроқ у кишининг ўғли Усомага “Маҳбубнинг ўғли маҳбуб” номи берилди. Ойша онамиз: “Расулуллоҳ (сав) ўзлари иштирок этмаган юришларга Зайдни юборадиган бўлсалар фақат амир қилиб юборар эдилар. У зот кейин қолганида ўзларига халифа қилиб олар” дедилар. Ана ўшандай одам Зайнаб бинти Жаҳшдан шикоят қилиб келганида: “Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил” дер эдилар. Аввал айтиб ўтилганидек Расулуллоҳ (сав) ўзлари совчи бўлиб, ўртада туриб, икковларини никоҳлаб қўйган эдилар. Зайнаб (ра) Расулуллоҳ (сав)нинг аммалари Умайма бинти Абдулмуталлибнинг қизлари эди. Унинг маҳрига ўн динору олтмиш дирҳам пул, бир рўмол, бир чойшаб, бир кўйлак, саксон муът таом ва ўн муът хурмо берилган эди. Муқоза ибн Хиббоннинг айтишича бир йил ёки ундан кўпроқ бирга яшаганлар. Сўнгра Зайд (ра) Расулуллоҳ (сав)га хотинидан шикоят қилиб кела бошлади. У зот (ас) эса унга “Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил” дер эдилар. “Ва ичингда “Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани маҳфий тутардинг”. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (сав)нинг кўнгилларига Зайд Зайнабни талоқ қилгандан кейин унга уйланиш ниятини солган эди. Аниқ амр бўлмаган эди-ю аммо кўнгилларига тушган эди. Шунинг учун Зайд (ра) “Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур” деб айтаётганларида ҳаёлларининг бир четида бу фикр бўлиб Аллоҳдан амр келишини кутардилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (сав)нинг ҳаёлларида кечган ушбу гапни ҳам эслатмоқда. Расулуллоҳ (ас)нинг Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани маҳфий тутаётганларининг сабаби кейинги жумлада маълум келади: “Ва одамлардан қўрқардинг. Ҳолбуки Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди”. Одамлар “Ўзининг асранди ўғли талоқ қилган хотинга уйланибди” деб айтишларидан қўрқар эдилар. Чунки ўша вақтнинг урф-одатига биноан асранди ўғилга худди ўз ўғлидек муомала қилинар эди. Ўз ўғлининг талоқ қилган хотинига уйланиш ҳаром бўлганидек, асранди ўғлининг талоқ қилган хотинига ҳам уйланиш ҳаром ҳисобланар эди. Расули акрам ушбу мулоҳазалар билан Аллоҳ кўнгилларига солган ишни, Зайд талоқ қилганидан кейин Зайнабга уйланиш ниятини маҳфий тутар эдилар. Таъкидлаб айтиш керакки, бу фақат кўнгилга тушган фикр эди. Агар Аллоҳнинг очиқ-ойдин амри бўлса, ҳеч қандай маҳфий тутмас эдилар, балки уни дарҳол ошкор қилар эдилар. Пайғамбаримиз (ас) Аллоҳнинг амридан бирор сўзни ҳам маҳфий тутишга ҳақлари йўқ эди, бундай қилмаганлари маълум ва машҳурдир. Ибн Жарир Табарий раҳматуллоҳи алайҳ Омир (ра)дан қилган ривоятда Ойша онамиз (ра) қуйидагиларни айтадилар: “Агар Расулуллоҳ (сав) ўзларига ваҳий қилинган Аллоҳнинг китобидан бирор нарсани беркитадиган бўлсалар ” Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани маҳфий тутардинг, ва одамлардан қўрқардинг. Ҳолбуки Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди” оятини беркитар эдилар. Ҳа, Расулуллоҳ Аллоҳнинг амрига итоат этиб ҳеч нарсани беркитмадилар. Бу гапларни ҳам оят бўлиб нозил қилинишидан кейин ҳаммага ўқиб бердилар, мана асрлар давомида ўқилиб келинмоқда. Аллоҳ субҳану ва таоло ҳар бир ишни ҳикмат ила қилади. Бу ҳақиқат суранинг аввалида асранди болаларга ўз фарзандларидек муомалада бўлишни ботил қилган оятлар ҳақидаги баёнда ҳам айтилган эди. Пайғамбар (ас) пайғамбар бўлгунларича ҳам жоҳилиятнинг ботил урф-одатларидан четда турганлар. Аллоҳ таоло у зотни Ўзи сақлаган. Фақат бола асраш бобида Аллоҳ ирода қилган ҳикмат юзасидан Зайд ибн Ҳорисани ўғил қилиб олганлар. Мана энди ҳикмат юзага чиқмоқда. Аллоҳ таоло шу одатни ва унга қўшиб “Асранди ўғлининг талоқ қилган хотинига уйланиб бўлмайди” деган жоҳилият қонунини ботил қилиш учун чиқарган ҳукмни Ўз Расули (ас) ҳаётида татбиқ этишни хоҳлаган экан. Чунки шунда ҳукм таъсирлироқ бўлади, ҳамма ҳеч иккиланмай қабул қилади. Худди шу ҳикматга биноан Расули акрам (ас) аммаларининг қизи бўлмиш Зайнаб бинти Жаҳш (ра)ни норози бўлишларига қарамай Зайд ибн Ҳориса (ра)га никоҳлаб берган эканлар. Худди шу ҳикмат юзасидан “Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ“ ояти нозил бўлган экан. Мазкур ишларнинг асл моҳияти, улардан кўзланган ҳикмат энди юзага чиқмоқда ва Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига “Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач Биз сени унга уйлантирдик” демоқда. Яъни “Зайд ибн Ҳориса (ра) Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилгач Биз Ўзимиз сенга уни завжа-хотин қилиб бердик” демоқда. Шундай бўлиши керак эди, Аллоҳ таолонинг иродаси шу эди. Аллоҳ субҳану ва таоло Зайнаб бинти Жаҳш (ра)ни Пайғамбар (ас)га Ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ, ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор. Зайнаб бинти Жаҳш онамиз бундай никоҳ билан фаҳрланиб юрар эдилар. Имом Бухорий Анас ибн Моликдан қилган ривоятда бу ҳақда шундай дейилади: “Зайнаб бинти Жаҳш (ра) Пайғамбаримиз (сав)нинг бошқа аёлларига фаҳрланиб “Сизларни аҳлларингиз никоҳлаб берган, мени Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан никоҳлаб берган” дер эди. Кейинги жумлада бу ишнинг ҳикмати очиқ баён этилади: “Токи мўминларга ўз асранди болалари хотинларида улардан ҳожатларини адо қилишгач танг бўлмасин деб”. “Бировнинг асранди боласи хотинидан ўз ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилса уни асраб олган киши ҳалиги аёлга уйланиши мумкин эмас” деган ғирт мантиқсиз, хато жоҳилият қонунини энди Аллоҳ таолонинг Ўзи тўғрилади. Бу ишда намуна тариқасида Пайғамбари Муҳаммад (сав)нинг шахсан ўзларини танлади. “Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир”. Бўлмаса иложи йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг бу борадаги амрига амал қилинди. Расулуллоҳ (ас) Зайнаб (ра)га уйландилар. Шу билан жоҳилиятнинг одамлар ҳаётида ва онгида қаттиқ сингиб кетган одатларидан бири “Асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уйланиш ҳаром” деган қонуни ботил бўлди, мўминлардан яна бир танглик кўтарилди. Мана бу ҳақиқатни билиб олишимиз лозим ва лобуд, чунки ислом душманлари Пайғамбар (ас)нинг душманлари бу ҳодисадан турли уйдирмаларни тўқиб Расули акрам (ас)нинг шахсларига ва бу орқали ислом динига таъна отишни ўзларига касб қилиб олганлар, мўминлар бу нарсани унунмасликлари керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Имом алМотурийдий ва Ашъарийя ақидасида 3 та жузъий фарқ борлигини Сунний ақийдаларrdquo китобидан ўқиган эдим адашмаган бўлсам 3 та фарқ мана шу фарқни давоми...

3041 20:56 / 25.04.2016
Савол Муҳтарам устоз Рамазон ойи бу йили айниқса иссиқ келиши сиз муҳтарамга бу мавзуда кўплаб саволлар оқимини келишига сабаб бўлмоқда. Бу мавзуда давоми...

4042 15:22 / 02.06.2017
СаволКўзи ожиз бир одам умуман кўрмайди эмас, деярли кўрмайди олдимга келибquotМен рўза тутсам, дейман. Аммо уйимдагиларим рози бўлишмаяпти. Рўза тутсангиз бир оз давоми...

3755 09:05 / 25.05.2018
СаволШайх Ҳазратлари, Абдулқосим исми тўғримиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад ЮсуфНотўғри.

3859 02:10 / 20.11.2017