1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Агар киши бир бева аёлга уйланса, аёлнинг фарзандлари бор бўлса...

16:05 / 26.04.2016 12369 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг «Азҳоб» сурасида: «Боқиб олган болаларингиз ўзларингизники эмасдир» дейилган. Агар киши бир бева аёлга уйланса, аёлнинг фарзандлари бор бўлса, у кишига бу фарзандлар номаҳрам бўладими? Ва умуман, мана шу оятни батафсил таҳлил қилиб беришингизни илтимос қиламиз.

Мазкур оят «Азҳоб» сурасида эканлиги саволда ҳам айтиб ўтиляпти, ана ўша сурадаги оятда Аллоҳ субҳану ва таоло қуйидагиларни айтади: «Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир. Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас. Буларингиз оғзингиз билан айтаётган гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтур ва у Зот тўғри йўлга ҳидоят қилур». Бу оятда жоҳилият тузумининг учта ҳукми ҳақида сўз кетмоқда, булар: «Ақлли, вазила кишиларнинг қалби иккита бўлади» деган тасаввур; «Ким хотинидан зиҳор қилса хотини онаси бўлиб қолади» деган ақида; «Ким бирон болани асраб олса ўз сулбидан бўлган боланинг ўрнига ўтади» деган ҳукм. Бу уч ҳукмга кофир ва мунофиқлар тўла ишонишар ва амал қилишар эди. Шу билан бирга мўмин-мусулмонларнинг ҳам бу ҳукмларига итоат этишларини талаб қилишар эди, ким амал қилмаса маломатга қолар эди. Мана шу оят мусулмонлар олдига Аллоҳга тақво қилиш, У юбораётган ваҳийга эргашиш, фақат Яратганнинг ўзига суяниш ва кофиру-мунофиқларга эргашмаслик вазифасини амалий равишда қўйди. «Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир». Араб мушриклари «Баъзи одамларнинг иккита қалби бўлади» деган эътиқодни қилишар эди. Масалан: «Жамил ибн Маъмор ал-Фиҳрий исмли деган одамнинг иккита қалби бор» дейишар эди. Унинг ўзи ҳам «Менинг ичимда иккита қалбим бор, уларнинг ҳар бири билан Муҳаммаддан кўра яхшироқ ақл юритаман» дер эди. Ушбу ояти карима ўша Жамилнинг ёлғончи эканини, мушрикларнинг бу борадаги тушунчалари ботиллигини баён қилмоқда. Шу билан бир вақтда ҳеч бир одам ҳеч қачон иккита қалбли бўлмаслигини, уларнинг бири билан имон, иккинчиси билан куфр келтира олмаслигини, бир одам ҳам ростгўйлик, ҳам ёлғончилик қила олмаслигини, ҳам диндор, ҳам динсиз бўла олмаслигини, динга ҳам ихлос, ҳам адоват кўрсата олмаслигини уқтирмоқда. Аллоҳ субҳану ва таоло ҳар бир одамга битта қалб берган, у қалбга бир нарса сиғади, ё имон, ё куфр ё нифоқ. Имонли қалб эгаси доимо ростгўй, диндор, ихлосли, тақволи, ибодатли, ҳамма ҳолатда Аллоҳнинг амрига мувофиқ иш қиладиган, шариат бўйича йўл тутадиган бўлади. Унинг айтаётган сўзидан, қилаётган ишидан имонли қалб эгаси эканлиги билиниб туради. Ўз навбатида кофир қалб эгаси ёлғончи, динсиз, ихлоссиз, фисқу-фужурга берилган, ҳаромхўр, ибодатсиз, Аллоҳнинг буюрганини қўйиб бошқанинг айтганида юрадиган бўлади, кофир ҳам гап-сўзидан, қилаётган ишидан таниб олинади. Мунофиқ эса ичи бошқа, усти бошқа одамдир, у сиртидан мусулмон бўлиб кўринади ичи эса кофир бўлади, мусулмонларни кўрса «мусулмонман» дейди, ислом амалларини бажаради, ўзи ёлғиз қолса ёки кофирларга қўшилса ислом амалларини тарк этиб куфр ишларини қилади, уни ҳам гап-сўзи, юриш-туришидан билиб олса бўлади. Демак, инсон фақат бир хил бўлиши мумкин холос, чунки Аллоҳ субҳану ва таоло унинг ичида фақат битта қалб яратган. Ўзининг шахсий ишларига алоҳида қалб, жамиятдаги ишларига яна бошқа бир қалб берган эмас. Диний ишлар учун алоҳида бир қалб, дунёвий ишларга яна бошқа бир қалб яратган эмас. Худо учун қиладиган муомаласига бошқа битта қалб берган эмас. Аллоҳ субҳану ва таоло ҳар бир одамга ягона қалб берган, ҳар бир одам шахсий юмушларида ҳам, жамият ишларида ҳам, дину-диёнатда ҳам, Худо ва банда билан бўладиган алоқада ҳам бир қалб билан, бир йўл билан, Аллоҳ кўрсатган йўл билан юриши керак. Оятнинг давомида «Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас» дейилган. «Зиҳор» арабларга хос истилоҳ бўлиб, жоҳилият қоидаларига кўра ким ўз хотинига «Сен мен учун худди онамнинг орт қисми кабисан» деса хотини онасига айланиб қолар эди. Яъни худди онасига ўхшаб никоҳи ҳаром бўлар ва бошқа ҳукмлар ҳам жорий қилинар эди. Зиҳор ҳақидаги тушунча ва унга тегишли ҳукмлар «Мужодала» сураси ва унинг тафсирида батафсил келтирилган. Бу оятда эса зиҳор нотўғри экани эълон қилинмоқда. Худди бир одамнинг ичида иккита қалб бор эканлиги беҳуда ва мантиқсиз гап бўлганидек, эркак киши «мен сени зиҳор қилдим» деийши билан хотини унга она ўрнига ўтиб қолиши ҳам мантиқсиз экани баён қилинмоқда. Оятнинг давомида «Ва асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас» дейилмоқда. Арабларда бола асраш, хусусан ўғил болани асраб ўзига ўғил қилиб олиш одати бор эди. Бу ҳолат айниқса урушда асир тушганларни ўғил қилиб олиш борасида кўпроқ содир бўлар эди. Жоҳилият арабларидан ҳар бири бошқа бир одамнинг ўғлини ўзиники қилиб олиши мумкин эди, бу ҳолат жуда кенг тарқалган эди. Бир одам бировнинг боласига «Сен менинг ўғлимсан, мен сенга меросхўрман, сен менга меросхўрсан» деса ва бола буни қабул қилса иш битди ҳисоб. Бола унга ўз сулбидан бўлган ўғлидек бўлар, мерос, никоҳ, талоқ ва бошқа ҳукмларда ўз ўғлига нима муомала қилинса асранди болага ҳам шу муомала қилинар эди. Аллоҳ субҳану ва таоло иродасидаги ҳикматга биноан Муҳаммад (сав) ҳам Пайғамбар (с.а.в)ғамбар бўлишларидан олдин араблар одати бўйича Зайд исмли болани асранди ўғил қилиб олган эдилар. Бу воқеанинг ҳам ўзига яраша тарихи бор, уламоларимиз бу қиссани батафсил ёзиб қолдиришган: Зайд онаси билан Той қабиласидаги тоғалариникига зиёратга борганларида улар устига араб қабилаларидан бири бостириб келиб қолади, ўшанда Зайд ҳам асирга тушганлар билан бирга Маккага келтирилади. Уни Ҳадича бинти Ҳувайлид хоним сотиб оладилар. У киши Расулуллоҳ (сав)га турмушга чиққанларидан сўнг у зотга Зайднинг заковати ва етуклиги ёқиб қолганлигини мулоҳаза қилиб ҳадя қиладилар. Зайд Расулуллоҳ (сав)нинг хизматларини қилиб юради. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шарҳабил ўғли асирга тушганидан сўнг унинг фироқида кечаю-кундуз йиғлар эди, унинг ҳақида шеърлар айтар эди. Кунлардан бирида Ҳорисага ўғли Зайд Маккада Муҳаммад (сав) ҳузурида эканлиги хабара етди. Дарҳол укаси билан Маккага келиб Ҳазрати Муҳаммад (сав)ни излаб топди ва: «Эй Муҳаммад, албатта сизлар Байтуллоҳнинг аҳлисизлар, асирга тушганларни озод қиласизлар, асирга таом берасизлар. Менинг ўғлим сизнинг ҳузурингизда экан, уни бизга беринг, унинг тўлови ҳақида бизга яхшилик қилинг. Албатта сиз ўз қавмининг улуғи бўлган зотнинг зурриёдисиз. Унинг тўловига нимани истасангиз берамиз» деди. Шунда Расулуллоҳ (сав): «Мен сизларга бундан ҳам яхшироқ нарсани бераман» дедилар. Улар «У нарса нима?» деб сўрашди. У зот (ас): «Ҳузурингизда уни ўз ихтиёрига қўяман, агар у сизларни ихтиёр қилса уни тўлов бермай олиб кетаверасизлар, агар у мени танлайдиган бўлса, мен ўзимни ихтиёр қилган киши учун тўлов оладиган одам эмасман» дедилар. Улар «Жуда яхши қиласан, Аллоҳ сенга яхши мукофотлар берсин» дейишди. Сўнгра Расулуллоҳ (сав) Зайдни чақириб «Эй Зайд, ановиларни танийсанми?» деб сўрадилар. У «Ҳа, буниси отам, ановиниси амаким» деди. Расулуллоҳ (сав): «Эй Зайд, бу отанг, бу амакинг, мен ўзинг билган одамман, биздан кимни хохласанг танла» дедилар. Шунда Зайднинг кўзларидан ёш оқа бошлади ва «Мен сиздан бошқа ҳеч кимни ҳеч қачон ихтиёр қилмайман. Сиз мен учун ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз» деди. Отаси билан амакиси «Ҳой Зайд, ҳурликни қўйиб қулликни танлайсанми?» дейишди. Зайд уларга: «Албатта мен бу одамдан шунчалар яхшилик кўрдимки, энди ундан ажрай олмайман, мен ҳеч қачон ундан бошқа одамни ихтиёр қила олмайман» деди. Сўнгра Расулуллоҳ (сав) одамлар ҳузурига чиқдилар ва: «Гувоҳ бўлинглар Зайд менинг ўғлимдир, мен унга меросхўрман ва у ҳам менга меросхўр» дедилар. Зайднинг Муҳаммад (сав) ҳузурларида қанчалик икром, эъзозга эга эканлигини кўрган отаси ва амакиси кўнгиллари таскин топиб ортга қайтдилар. Қуръони Карим оятлари тушиб асранди ўғил бекор қилингунча «Зайд ибн Муҳаммад» деб чақирилиб юрди. Пайғамбаримиз (с.а.в) Зайб ибн Ҳорисани аввал айтилганидек Аллоҳ субҳану ва таоло ирода қилган бир ҳикмат билан асранди ўғил қилиб олганларини ёдимизда тутайликда яна жоҳилият аҳлининг бошқа бировнинг боласини ўзига фарзанд қилиб олишдек номаъқул одатига қайтайлик. Аллоҳ субҳану ва таоло ушбу оят билан бу одатнинг ботил эканини баён қилди. Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ субҳану ва таоло бир оятда бир йўл жоҳилиятнинг уч одатини йўққа чиқармоқда: Бир кишининг икки қалбли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хурофий тасаввурни; зиҳор қилинган хотин эрига она бўлиши ҳақидаги ҳукмни; бировнинг боласини бошқа одам ўзига фарзанд қилиб олиш одатини бекор қилмоқда. Сўнгра оятнинг давомида: «Буларингиз оғзингиз билан айтаётган гапларингиздир» дейилмоқда. Ҳар кимнинг оғзидан чиққан гап қонун бўлавермайди. Беҳудадан беҳудага оғзингизни тўлдириб гапириб юрган гапингиз холос бу ишлар. Сизнинг гапингиз ноҳақдир. «Аллоҳ эса ҳақни айтур ва У тўғри йўлга ҳидоят қилур». Аллоҳ бу уч масалани – ҳақни баён қилиб қўйди: Бир кишининг икки қалб бўлмайди; зиҳор қилинган хотин эрига она бўлмайди; тутинган ўғил фарзанд ўрнига ўтмайди. Аллоҳгина тўғри йўлга ҳидоят қилур. Шунинг учун доимо У кўрсатган йўлдан юрмоқ даркор. Аллоҳ асранди фарзандлар ҳақида қуйидаги йўлни кўрсатади: «Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар, ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир». Бу оятлар нозил бўлгунча одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб олиб юрганлар. Инсонлар жамиятидаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Энди эса оят нозил бўлиб бу одатни ботил қилди. Ўз-ўзидан одамларда: «Нима қилиш керак, аввал асраб олган фарзандларни нима қиламиз, олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми?» каби саволлар пайдо бўлади. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда. «Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар». Яъни асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отасининг номи билан чақиринглар. Имоми Бухорий ва Имоми Муслимлар ўз китобларида Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар (ра)дан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Расулуллоҳнинг «мавло» – яъни дўстлари Зайд ибн Ҳорисани Зайд ибн Муҳаммад деб чақирар эдик. Қуръони Каримни «Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар, ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ (сав) Зайдга «Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шарҳабилсан» дедилар. Мабодо асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким эканлиги маълум бўлмаса «Улар сизга ислом дини бўйича қардош бўладилар. «Дин қардошим» деб мурожаат қилинглар, ёки мавло-дўстларинг бўладилар, «эй дўстим» деб мурожаат қилинглар. Аммо зинҳор «ўғлим, фарзандим» деб мурожаат қилманглар». Ушбу оятлар тушгунча бировнинг боласини «ўз фарзандим» деб унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақидаги илоҳий ҳукмни билмаган эдилар. «Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ». Шунинг учун бу оятлар тушгунича қилган ишларингизни ўйлаб, хижолат бўлманг, энди ҳукмни билдингиз унга амал қилишга ўтинг. «Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз» - Аммо ўша ишни билмасдан эмас, билиб туриб қилган бўлсангиз гуноҳга қоласиз. Бировнинг боласини «ўз болам» деб даъво қилиш гуноҳ эканлигини билиб туриб шу ишни қилсангиз гуноҳ бўлади. «Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир». Билмай қилинган хатоларни кечиради ва Ўзи тўғри йўлни лутф билан кўрсатади. Ушбу ояти карима ҳукмига биноан биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам» дейиши ҳаромдир. Шунингдек, бировни «отам» деб танлаши ҳам катта гуноҳдир. Имоми Бухорий ва Имоми Муслимлар ривоят қилишларича Пайғамбар (с.а.в) «Ким ўз билиб туриб отасидан бошқанинг боласиман деб даъво қилса унга жаннат ҳаромдир» деганлар. Чунки ислом кўзда тутган олти катта масаладан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Шунинг учун ҳам никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўплаб ҳукмлар жорий қилинган. Ҳамма нарса инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса ҳаром - ҳалол аралашиб ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади, инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона бўлган боласни ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-ҳариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик, номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир куни келиб ота ўз қизига ёки ака ўз синглисига уйланиб қолиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши мумкин. Шунинг учун ҳам исломда бу иш ҳаром қилинган. Аммо бу дегани етим болани, қийинчиликда қолган оиланинг боласини боқиб қараш, тарби қилиш мумкин эмас дегани эмас. Аксинча бундай қилинса жуда ҳам савоб бўлади, бу ишларни қилиш керак, лекин болани ўз боласидек номига ўтказиб олиб эмас балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса ўшанинг номида қолдириб қилиш керак ҳамда шариат ҳукмига мувофиқ этиб қилиш керак. Ислом оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берган, оила доимо пок, мустаҳкам бўлиши, шариат ҳукмига биноан яшаши учун барча чораларни кўрган, чунки оилалар пок бўлмагунича жамият покланмайди, оилалар мустаҳкам бўлмагунича жамият мутсаҳкам бўлмайди, оилалар диндор бўлмагунича жамият диндор бўлмайди. Ҳа, кўп нарса оиладан бошланади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Кўпчилик одамлар тиш пастасини таркибини ўқишмайди, чунки ундаги ёзувлар ҳам майда қилиб ёзилган, мен қизиб таркини ўқиб ўргандим унда Бензйл давоми...

2977 08:35 / 31.07.2019
САВОЛ Эркак киши намоз ўқиётганида кийими қандай бўлиши керак Шунингдек, ёш ўғил болаларнинг либослари ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Жумладан ёз давоми...

8767 20:10 / 27.04.2016
Ассалому алайкум Мени озиқовқат дўконим бор мен ёнимдаги дўконда спиртли ичимликлар бор. Мени дўконимга харидорлар кириб спиртли махсулотлар каерда сотади деб давоми...

3022 06:10 / 03.10.2018
Ассалому алайкум, Шайх жаноблари. Аллоҳ ўзига маълум бўлган гуноҳларимизни мағфират қилган бўлсин. Сизга зино тўғрисида мурожаат қиляпман. Агар бу тўғрида қанча давоми...

18683 16:06 / 27.04.2016