1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Эътикоф ҳукмида инсоф

05:00 / 13.01.2017 3207 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Машҳур ҳинд олими, ҳанафий тадқиқотчиларидан бири Абдулҳайй ал-Лакнавий (1847-1886) қаламига мансуб "ал-Инсоф фий ҳукм ал-эътикоф" ("Эътикоф ҳукмида инсоф") деб номланган мўжазгина рисоласи рамазон ойида масжидларда эътикоф ўтиришнинг ҳукми ҳақидадир. Унда эътикофни вожиб, суннат ва мустаҳаб турлари; эътикофнинг суннати муаккадаи кифоя бўлиши; эътикоф рамазоннинг охирги ўн кунлигида тўлиқ равишда ўтказилиши каби масалалар ҳанафийлик мазҳабининг эътиборли фиқҳий манбалари ва далиллари асосида кўриб чиқилган.


Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм


Эй, комил сифатларни ўзида жамълаган зот, Сенга ҳамдлар бўлсин! Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ! Бутун атрофи оламда ва теварак дунёда Сенинг шеригинг йўқ! Сенинг умматни шўбошимчалик йўлидан олиб чиққан ҳабибинг мужтабо Муҳаммадга, мустафо Аҳмадга солату саломлар айтаман! Унинг саҳобалари ва хайрли, шариф оила аъзоларига ҳам солату саломлар айтиб қоламан!



Аммо баъд. Қўлида хатоликлар ва яхшиликларни касб қилишдан ўзга бирорта бир ҳунари йўқ кимса – Абдулҳайй деб чақирилувчи Муҳаммад, ал-Лакнавий ватанли, ал-Ансорий ал-Айюбий насабли, ал-Ҳанафий мазҳабли кимса айтади. Аллоҳ унинг ошкора ва ниҳон бўлмиш гуноҳларини кечирсин!

Инсу жиннинг расули – машриқлар парвардигори унга ва оилаларига саловотлар йўлласин – ҳижратидан 1282 сана ўтган вақтда мен билан айрим фозил зотлар орасида эътикоф кифояга кўра суннати муаккадами ёки айн суннати муаккадами, деган масала борасида баҳс бўлиб ўтди. Аввалгиси бўлган тақдирда у шаҳар аҳлига худди жаноза намозидек суннати кифоями ёки таровеҳни жамоат билан ўқишга ўхшаш ҳар бир маҳалла аҳлига суннати кифоями? Бу мнозара вақтида бизлардан ҳар биримиз хотирамизга келган нарсаларни гапириб ўтдик. Лекин, ўшанда фиқҳий китоблардан қараб, таҳқиқ қилишга фурсат бўлмади. Шундай қилиб, мен тўғри йўлни танлаб бир китоб ёзишни хоҳладим ва унда мақсад ва муродга етишиш мумкин. Уни эса "ал-Инсоф фий ҳукм ал-эътикоф" ("Эътикоф ҳукмида инсоф") деб атадим. Аллоҳ таолонинг уни қабул қилишини тазарруъ ва қатъиятлилик ила сўраб қоламан.

Демак, мен айтаман: ихтилоф эътикофнинг мустаҳаб ёки суннат эканлиги борасида ҳам; унинг суннати муаккада ёки ғайри суннати муаккада борасида ҳам; эътикоф мутлақ суннатлиги ёки фақат рамазоннинг охирги ўн кунлигида бўлиши борасида ҳам; у суннати кифоялиги ёки суннати айн эканлиги борасида ҳам бўлиб ўтиши мумкин. Бу ерда биз ушбу мавзу юзидаги пардани кўтариб, Ваҳҳоб эгамнинг ўзидан ярдам сўраган ҳолда зикр қилиб ўтамиз. Асаримиз бир неча мақомлардан иборатдир:


Биринчи мақом. Эътикоф мустаҳабми, суннатми ёки мубоҳми, вожибми?

Моликий мазҳабининг айрим уламолари эътикофнинг мубоҳ иш эканини айтиб ўтганлар. Ушбу фиқҳий қарашнинг ҳеч қандай далили йўқдир. 

Абу Бакр ал-Моликий: "Бизнинг асҳобларимиз эътикофни жоиз амал, дейишган" деган гапи жаҳолатдир. 

Эътикофни вожиб деган бирорта олимнинг борлигини билмайман. Балки ан-Нававий ўзининг "Шарҳ Саҳиҳ Муслим" асарида: "Эътикофнинг вожиб эмаслигига ижмоъ бор" деган қарорга келган. 

Ибораларнинг ҳар хиллигига эътибор қаратганимизда, бизнинг асҳобларимиз (ҳанафийлар) эътикоф борасида учта гуруҳга бўлинганларини кўрамиз. Имом ал-Қудурий ўзининг "Мухтасар" асарида эътикофни мустаҳаблигини айтиб ўтган. Жумладан, у "Эътикоф мустаҳаб бўлади" деган. Ундан бошқа олимлар эса уни суннати муаккада деганлар. 

Имом ал-Марғиноний "ал-Ҳидоя" асарида: "Саҳиҳ шуки, эътикоф суннати муаккададир. Чунки, Пайғамбар (с.а.в.) рамазоннинг охирги ўн кунлигида уни доимо одат қилганлар. Доимий одат эса суннатликка далилдир", дейилган. Шунингдек, бу гап "ал-Муҳит", "Бадойеъ ус-санойеъ", "Туҳфат ул-фуқаҳо"да ҳам зикр қилинган. 

Аз-Зоҳидий "ал-Мужтабо" асарида бундай деган: "Устозимиз айтишича, эъткофнинг суннат экани тўғридир!". Хуллас, "Мухтасар ал-Қудурий"дан бошқа жойда эътикофнинг суннат дейилганини топганим йўқ. Зоҳири шуки, у ҳам мустаҳаб деганда суннатни ирода қилган бўлса керак. Чунки, у китобининг аввалида "Таҳорат олувчи таҳоратга ният қилмоғи мустаҳаб бўлади, бошига тўлиқ масҳ тортади" деган ва ушбу амалларни мустаҳаб деган. Ҳолбуки, улар ҳам суннат амаллардандир. Тамом.

Имом ан-Насафий ўзининг "ал-Манофеъ шарҳ ал-Фиқҳ ан-Нофеъ" номли асарида бундай деган: "Сўнгра Қудурийнинг китобида мустаҳаб дейилган, тўғриси у суннатдир. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) уни доим қилишга одат қилгандилар. Агар тарк қилсалар, шавволда қазо қилардилар".

Шу ерда икки фиқҳий қараш айтиб ўтилди, унинг учинчиси шуки, эътикоф рамазоннинг охирги ўн кунлигида суннати муаккададир. Агар тили билан назр қилса, у вожибга айланиб қолади. Ниятнинг ўзи билангина, эътикофга киришиш билангина, эътикоф қилишни бирор нарсага боғлаш (масалан, "агар касалим шифо топса, шу кунлари эътикоф ўтираман", дейиш) билангина вожибга айланмайди. Уни Ибн ал-Камол зикр қилган.

Ушбу замондан (рамазоннинг охирги ўн кунлигидан) бошқасида эътикоф ўтириш мустаҳабдир. Ушбу фиқҳий қарашни Бадриддин ал-Айний "Шарҳ Канз ад-дақоиқ" асарида саҳиҳ деб зикр қилган: "Шайх Абу-л-Баракот ан-Насафий эътикофни суннат деган. Имом ал-Қудурий эса уни мустаҳаб деган. "ал-Ҳидоя" соҳиби: "Саҳиҳи шуки, у суннати муаккададир!" деган. Мен айтаманки, саҳиҳи уни ажратиб ҳукмини чиқариш керак. Агар назр қилинган бўлса, эътикоф вожиб, рамазоннинг охирги ўн кунлигида суннат, бошқа вақтларда эса мустаҳабдир". Тамом.

Имом аз-Зайлаъий "Шарҳ Канз ад-дақоиқ"да бундай деб ўз ихтиёрини билдирган: "Ҳақиқат шуки, эътикоф ҳукмини уч қисмга бўлиш керак: вожиб – у назр қилинган бўлади; суннат – у рамазоннинг охирги ўн кунлигида бўлади; мустаҳаб – у бошқа вақтларда бўлади". Ибн ал-Ҳумом ҳам "Фатҳ ал-қадир"да шу фикрни ихтиёр қилган. Аш-Шурунбулолий эса "Нур ал-ийзоҳ"да, ат-Темуртоший "Танвир ал-абсор"да шунга жазм қилган, ал-Ҳаскафий унга майл билдирган.

Мен айтаманки, ал-Қудурийнинг эътикофни мустаҳаб деганининг унинг асли ўзи мустаҳаб бўлиши эҳтимоли борлиги узоқ эмас. Худди шунингдек, "ал-Ҳидоя" соҳибининг эътикоф рамазоннинг охирги ўн кунлигида суннат деган гапи далилнинг тақозоси билан айтилганининг эҳтимоли йўқ эмас. Демак, бу ерда фақатгина энг саҳиҳ битта фиқҳий қараш қолади.


Иккинчи мақом. Эътикоф суннати муаккадами ёки ғайри суннати муаккадами?

 Ал-Марғиноний, ал-Айний, аз-Зайлаъийнинг гапларидан эътикоф суннати муаккада – таъкидланган суннат эканини билиб олиш мумкин. Унга далил сифатида Пайғамбар (с.а.в.) унга доимий одат қилганларини кўрсатганлар. Уни икки шайх – Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.

Агар сен: "Бирор амални Расулуллоҳ (с.а.в.) доимий бажарганлари унинг вожиблигини билдиради" дейдиган бўлсанг, мен айтаман: вожиблик бўлиши учун ўша амални тарк қилганни инкор қилган ҳам бўлишлари керак. Тарк қилган кимсани инкор қилмаган бўлсалар, ушбу давомийлик суннатга далил бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалардан бирортаси эътикофни қилмаган, адо этмаган бўлсалар, уларни инкор қилмаганлар.

Агар сен: "Агар эътикоф суннати муаккада бўлса, унда саҳобалар нимага тарк қилганлар. Жумладан, тўғри йўлдан борган тўртта халифа эътикоф ўтирган эмаслар", десанг, мен жавоб бериб айтаман: ул зотлар бошқа сабабга кўра эътикоф ўтира олмаганлар. Уни Имом Молик айтиб ўтган: "Менга Абу Бакр, Умар, Усмон, Ибн ал-Мусаййаб ва бу умматдан бўлган бошқа салафларнинг эътикоф ўтирганлари етиб келмаган. Фақатгина Абу Бакр ибн Абдурраҳмон эътикоф ўтирганлиги маълум. Улар эътикоф ўтириш жуда оғир бўлгани учун, кечаси ҳам худди кундуздагидек бир хил бўлгани учун эътикоф ўтирмаган бўлсалар керак, деб ўйлайман".

Имом ас-Суютий "Саҳиҳи Бухорий"га ёзган шарҳи "ат-Тавшиҳ"да бундай деган: "Мен ул зотларнинг оиласининг тирикчилиги учун машғул бўлганлари, деҳқончилик ишлари қолиб кетмаслиги боис эътикоф ўтирмаган, деб ҳисоблайман. Чунки, масжидга боғланиб қолиб, эътикоф ўтиришдан мана шу нарсалар тарк бўлиб, инсонга машаққатлар юзланиб қолади". Тамом.

Мен айтаман: хаёлимга келган нарса шу бўлдики, эътикоф гарчи суннати муаккада бўлса ҳам, лекин у қуйида келтиришимизга қараганда, суннати кифоядир. Халифаларнинг ўз даврида эътикофни тарк қилганлари ҳеч нарсани билдирмайди. Чунки, Пайғамбар (а.с.)нинг аёллари уйларига қайтганларидан кейин уч ичида эътикоф ўтирардилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим, ан-Насоий, Абу Довуд, ат-Термизий Ойша (р.а.)дан қилган ривоятларида Пайғамбар (а.с.) то вафот қилгунларига қадар рамазонда охирги ўн кунида доим эътикоф ўтирардилар. Сўнг ул зоти шарифдан кейин эътикоф ўтирардилар. Демак, уларнинг эътикоф ўтиришлари суннати муаккадани тарк қилиш сабабли лозим бўладиган гуноҳни кўтариш учун кифоя қилади. Аллоҳ билгувчи!

Мен айтаман: бизнинг фақиҳларимиз эътикофни суннати муаккададан бошқаси билан таърифлаганлари аниқ эмас. Фақат ал-Қудурий ўзининг "Мухтасар"ида уни мустаҳаб деган. Унинг борасидаги гап-сўзларни билиб олдинг. Имом ан-Насафий "Канз ад-дақоиқ" асарида: "Масжидда рўза ва ният билан ўтириш суннат бўалди" деган. Бу ерда суннати муаккададан бошқаси борасида бундай дейилмаслиги аниқ. Чунки, ушбу фақиҳ  "ал-Манофиъ"да эътикофнинг мустаҳаб деган фикрни рад қилган. Чунончи, уни олдинроқ зикр қилган эдим.

Сўнгра Баҳр ал-улумнинг "Расоил ал-Аркон" асарида кўрдимки, унинг матни қуйидагича: "Билгинки, Пайғамбар (с.а.в.)нинг рамазонда охирги ўн кунлигидаги эътикофни доимо бажарганларига шак-шубҳа йўқ. Лекин, улуғ саҳобалардан эътикофни қилмаганлари ҳам маълум бўлган. Улардан хулафои рошидинларни мисол келтириш мумкин. Демак, эътикоф бир нави махсус амалдир. Шу кунларда Жаброил Қуръонни дарс қиларди, Қуръоннинг дарслари эса Расулуллоҳ (с.а.в.)га хос қилинган амалдир. Шунинг учун ҳам эътикофни Расулуллоҳ (с.а.в.)га хос қилинган амал, дейиш мумкин. Шунга имомлардан кўпчилиги эътикофни тарк қилганлари учун гуноҳ бўлади, демаганлар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) эътикофга бошқа суннатлар каби таъкидлаган эмаслар. Саҳобалардан ҳеч кимни эътикофни тарк қилгани учун айбланган эмас. Демак, эътикоф Расулуллоҳ (с.а.в.)га хос бўлган, умматга таъкидланмаган суннатдир. Балки, умматлар ҳақида ғайри муаккада суннатлар каби боқий қолди. Пайғамбарга вожиб ҳолдаги, ўзларига хос суннат бўлиб қолди, ул зоти шариф вожибга бўйсинганлари боис адо қилардилар. Бу ҳолда умматга суннат бўлмайди, балки холис мандуб бўлади. Бу ҳақиқатдан узоқ эмасдир!". Тамом. Мен айтаманки, бу таҳқиқотларнинг барчаси унинг ўз фикри бўлиб, менимча ҳақиқат зикр қилганимдир.


Учинчи мақом. Эътикоф суннати муаккадаи кифоями ёки суннати муаккадаи айнми?

Уламолар оммаси эътикофни суннати кифоя, деганлар. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалардан эътикофни тарк қилганларни инкор қилган эмаслар. Бу суннати муаккаданинг хилофи биландир. Демак, мана шу унинг суннати кифоя эканига далолат қилади. Шуни аш-Шурунбулолий "Мароқий ал-фалоҳ"да, аллома ат-Тароблусий "ал-Бурҳон шарҳ Мавоҳиб ар-Раҳмон"да шунга жазм қилганлар. Ал-Ҳаскафий ва ундан бошқалар уларга эргашганлар.

Мен айтаман: эътикофнинг суннати айн экан, деган гапнинг тўғрилигини айтган кимсани билмайман. Сўнгра мен Қўҳистонийнинг "Шарҳ Хулосат ал-Кайдоний" асарида суннатларни бир неча турга тақсимлар экан, суннатни суннати айн ва суннати кифояга тақсимлаган. Мисол тариқасида жамоатга бир одамнинг салом қилишини кўрсатган, шунингдек эътикофни ҳам шу қабилда, деган: "Уни камёб ривоят экани рад қилинган, ҳақиқат шуки, у суннати айндир". Тамом.

Лекин ушбу асарда муаллиф рад қилувчини аниқ айтмаган, шунда унинг ҳолидан баҳс қилиш мумкин бўларди. Унинг "ҳақиқат" деган гапи аслида ҳақиқат эмас. Сўнг ад-Димётийнинг "Таолиқ ал-анвор ъало ад-Дурр ал-мухтор" номли ҳошиясида ал-Қўҳистонийнинг гапини нақл қилган. Лекин, бу борада унинг сукут қилгани ажабланарлидир.


Тўртинчи мақом. Эътикоф суннати кифоя бўлган тақдирда – ҳақиқат аслида шудир – у жаноза намозига ўхшаган бутун шаҳар аҳлига кифоями ёки жамоатда адо қилинадиган таровеҳ намозига ўхшаб ҳар бир маҳаллага суннати кифоями?

Уламоларнинг ибораларининг зоҳири аввалгисини тақозо қилади. "Мултақий ал-абҳур"нинг шарҳи "Мажмаъ ал-анҳур"да фиқҳий қарашларни зикр қилар экан, бундай деган: "Эътикоф суннати кифоядир! Агар бир шаҳар аҳли тарк қилса, уларнинг барчасига гуноҳ ёпишади. Агар ашаҳр аҳолисининг бирортаси эътикофни тарк қилмаса, азон айтганга ўхшаб, ҳеч ким гуноҳкор бўлмайди". Тамом.

Имом ат-Таҳтовий ал-Ҳаскафийнинг гапини шарҳ қилиб, бундай деган: "Эътикоф суннати кифоя бўлиб, баъзи мусулмонлар гарчи битта инсон бўлса ҳам, эътикофни адо қилсалар, бошқалардан эътикоф соқит бўлади". Тамом. Шунингдек, бу фикр Али ал-қорининг "Шарҳ ан-Ниқоя" асарида ва бошқа манбаларда келтирилган.


Бешинчи мақом. Эътикоф ҳамма вақт суннати муаккадами ёки фақат рамазоннинг охирги ўн кунлигидами?

Бу борада икки хил фиқҳий қараш мавжуд бўлиб, улар "Мажмаъ ал-анҳур"да нақл қилинган. Илёсзода ўзининг "Шарҳ ан-Ниқоя" асарида аввалги фикрга майл билдирган. Имом аз-Зайлаъий ҳақиқат доирасида батафсил сўз юритиб, эътикофни рамазоннинг охирги ўн кунлигида суннати муаккада экани, бошқа пайтларда эса мустаҳаб эканини манбалар тақозо қилишини аниқлаган.

Аллома Илоҳдод ал-Жунфурий "ал-Ҳидоя"нинг ҳошиясида: "Эътикоф ўз ҳолича мустаҳаблигига шак-шубҳа йўқ. У рамазоннинг охирги ўн кунлигида суннат эканига ҳам шубҳа йўқ!" деган.


Олтинчи мақом. Эътикоф рамазоннинг охирги ўн кунлигининг ҳаммасини эгаллаши керакми ёки ундан бир бўлагида эътикоф ўтирса ҳам жоизми?

Зоҳири аввалгиси ҳисобланади. Чунки, Пайғамбар (с.а.в.) доимо шундай қилиб келганлар. Сўнг, "ал-Ҳидоя"нинг ал-Жунфурийнинг қаламига мансуб ҳошиясида кўрдимки, у бундай деган экан: "Зоҳир суннат шуки, эътикоф Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг ҳаммасини қамраб олади. Ўнинчи кунда ёки ундан бирортасида эътикоф ўтириш суннат эмас. Имом Шаҳоб ал-милла ва-д-дин Давлатободий (н.м.) ривоят қилишича, Пайғамбар (с.а.в.) эътикофга ўтиришни тўлиқ ўн кунда адо қилишга одатланган эдилар. Бинобарин, ўн кунни тўлиқлик билан ўтириш суннат бўлади".

Бундай савол берилиши ҳам мумкин: "Агар эътикоф тўлиқлик сифатида билан бўлмоғи керак, яъни, рамазоннинг охирги ўн кунлигида тўлиқ эътикоф ўтириш керак, дейиладиган бўлса, машаққатга сабаб бўлиниб қолинади. Чунки, агар эркаклар масжидларда, аёллар эса уйларида эътикоф ўтирадиган бўлсалар, касб-корларини ким бажаради? Бу ерда машаққат бўлиши ҳеч кимга махфий эмас. Шунинг учун эътикофни ўн куннинг бирида ёкки куннинг бир бўлагида ўтиришни суннат деймиз, эътикофни тўлиқ ўн кунда ўтириш суннат демаймиз".

Сўнгра яна бундай ҳам савол берилиши мумкин: "Ўн кун тўлиғи билан эътикоф ўтириш суннат, шу билан бирга эътикофни баъзилар бажарса, бошқалардан соқит бўладиган суннати кифоядир, деган фикр унчалик тўғри эмас. Зотан, кифоя деганида айримлар адо қилгани билан бошқалардан вожиб ёки суннатдан топиладиган мақсад ҳосил бўлишига айтилади. Эътикофдан мақсад эса уни айримларнинг бажариши билан ҳосил бўлмайди. Шунинг учун эътикофни суннати кифоя деб сифатлашдан маъно йўқ".

Бу икки саволга жавоб бериб айтаман: рамазоннинг охирги ўн кунлигида тўлиқ равишда эътикоф ўтиришнинг суннати кифоя экани ҳақиқатдир. Бунда машаққат юзага чиқмайди. Чунки, унга гап-сўз ва баҳона топишнинг ўзида камчилик бор. Зотан, эътикофдан мақсад масжидларнинг ҳақларини адо қилишдир. Бу мақсад эса айрим кимсаларнинг бажариши ила ҳосил бўлаверади. Чунончи, жаноза намозидан мақсад мусулмоннинг ҳаққини адо қилишдир. Бу ҳам айрим кимсаларнинг ихлос билан бажариши ила мақсади ҳосил бўлаверади. Ўйлаб кўр!

Ушбу юқоридаги мақомлардан маълум бўлдики, эътикофнинг ўзи мустаҳаб экан. Назр ва бошқа нарсалар билан у вожибга ҳам айланиши мумкин. Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тўлиқ равишда эътикоф билан ўтказиш эса суннати муаккадаи кифоя бўлади. 

Агар: "Пайғамбар (с.а.в.)нинг бошқа кунларда эмас, айнан рамазондаги охирги ўн кунликни тўлиқ равишда эътикоф билан ўтказганларининг сири нимада?", деб сўрасанг, мен жавоб бериб айтаман: "Бу қадр кечасининг фазилатини топиш учун қилинган тадбирдир. Чунки, энг саҳиҳ, энг машҳур ривоятларга кўра рамазоннинг охирги ўн кунлигида лайлат ул-қадр бўлади". Тўғри, лайлат ул-қадрни аниқ белгилаш борасида қирқдан ортиқ ҳар хил ривоятлар мавжуд. Уларни бирма-бир Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний "Саҳиҳи Бухорий"нинг шарҳи "Фатҳ ал-Борий"да кенг ва муфассал санаб ўтган. Унга мурожаат қил! 

Валлоҳу аълам!


Муаллиф айтади: бу парвардигорим менга эътикоф ҳақидаги маълумотларни таҳририда илҳом берган нарсаларнинг охиридир. Бу шарофатли баҳсни мендан олдин ҳеч ким қилмаган экан, Худога шукр. Ушбу рисола бир минг икки юз саксон тўрт – 1284 ҳижрий йилнинг тўққизинчи рамазонида, якшанба кундузи тугатилди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)га салоту ва таҳийятлар бўлсин! Охирги дуоимиз ҳам оламлар роббиси Аллоҳга ҳамду санолар айтишдан иборатдир. Яна бир бор Аллоҳнинг расули Муҳаммад (а.с.)га ва унинг жами аҳлларига саловотлар бўлсин.

Тамом.


Таржимонлар: Масъудхон эшон ва Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Лақийт ибн Собрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен .Эй, Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратдан хабар беринг,, дедим. .Таҳоратни яхшилаб қил. Панжаларинг орасини давоми...

4290 20:00 / 26.04.2021
Шак куни, деб мусулмон ҳоким ҳузурида аниқ илм собит бўлмай, айни кўришда ихтилоф бўлиб, Шаъбоннинг ўттизинчи кунига ўтилган кундир. Яъни Рамазон ҳилолини кўришда давоми...

3737 05:00 / 11.01.2017
Муборак Рамазон ойининг бари, кечаларию кундузлари барака ва раҳмат ойидир. Унинг охирги ўн кунлиги бошқаларидан хос бўлган улкан хусусият ва олий фазилатлар давоми...

8649 17:17 / 08.06.2018
Ҳайит намозиСАВОЛ Ҳайит намозининг ҳукми нима Уни ўқиш кимлар учун лозимЖАВОБ Ҳайит намозини ўқиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида вожибдир. Чунки, Пайғамбаримиз давоми...

23129 05:00 / 14.01.2017