1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазонга руҳий «қизиб олиш»

17:58 / 24.05.2018 3197 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон нозил қилингандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (Бақара сураси, 185-оят).

Мана Рамазон ойи ҳам кириб келди. Барча юртлардаги мусулмонлар бутун йил давомида унинг келишини интиқлик билан кутадилар. У кириб келади-ю, то уни англаб етгунимизча якунланиб қолаверади.

Рўза тутиш ва Аллоҳга ибодат қилиш ойи бўлган бу муборак ойга руҳан тайёрланамиз ҳамда ундан борича фойдаланиб қолишга ҳаракат қиламиз. Мазкур ойга руҳан шайлигимизга ишонч ҳосил қилиш учун эътибор қаратсак бўладиган бир қанча жиҳатлар бор.

 

Уйимизни тартибга келтириш

Биз руҳий масалаларга эътибор қаратишдан аввал яшаётган жойимизга ишчи муҳитни олиб киришимиз лозим. Тартибсизлик, чанг ва кирлик – буларнинг ҳаммаси жараённи англашга салбий таъсир қилади. Уйдаги тартибсизлик тафаккуримиздаги тартибсизликка олиб келади. Покиза бўлмаган яшаш жойи безовталик, асабийлик ва хавотирни чақириши мумкин. Бу каби ҳиссиётлар эса мусулмон кишини кўпроқ намоз ўқиш ва ибодат қилишдан чалғитади. Бу, шунингдек, рўза тутишимиз ва ифторликка таом ҳозирлашимизни ҳам қийинлаштиради.

Уйимизни тозалашда, яъни саранжом-саришта қилишда Рамазонгача бўлган кунларда кераксиз ва бузилган нарсаларни ташлаб юборсак, имконимиз бўлса, ҳали ишлатишимиз мумкин бўлганларини хайрия мақсадида ҳадя қилиб юборсак бўлади. Чангларни синчковлик билан артиш, полларни ювиш ва ҳар бир юзани то порлагунча ярқиратишимиз мумкин.

Тана ва уйдаги покизалик – Исломдаги энг буюк фазилатдир.

 

Рўза тутишга ундовчи сабаблар ҳақида ўйлаш

Рўза ойини бошлашдан аввал мусулмон киши нима учун рўза тутаётганини билиши лозим. Бунинг сабаби эса Қуръонда келтирилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Рўза – бу Аллоҳга ибодат ва итоат қилиш ойидир. Рўза инсон қалбини юмшатади ва инсонни Яратганни эслашга ундайди. Рўза, шунингдек, чанқоқ ва очлик каби биз инсонларнинг асосий хоҳишларимизни назорат қилишга ёрдам беради. Рўзадор киши рўза тутаётган вақтида очлик ва чанқоқ машаққатини ҳис этади, фақирлик туфайли бу каби ташвишлар ҳаётининг кундалик ажралмас қисмига айланган ожизроқ кишиларга меҳрибон бўлиб қолади.

Ҳар кунлик рўзани якунлаш, бошқача айтганда, оғиз очиш Аллоҳдан катта хурсандчилик ва марҳаматдир.

Рамазонда рўза тутишда Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларини маҳкам тутиш зарурдир. Рўзани бузишдан сақланиш, уни нималар бузишини билиш учун исломий китобларга ва мақолаларга мурожаат қилсак бўлади.

Рамазонга яқин кунларда бир неча бор рўза тутишга уриниб кўриш мумкин. Айниқса, агар мусулмон кишига бу биринчи рўза бўлса, Рамазонгача рўза тутиб кўриб, унинг қандайлигини билиб олса бўлади.   

Мен астойдил рўза тутиш учун ҳар доим Рамазондан анча аввалроқ рўза тутишга ҳаракат қиламан.

Ибодатларимизни кучайтириш

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:

«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зариат сураси, 56-оят).

Рамазон ойи давомида беш вақт намоздан ташқари ҳар бир мусулмон кишига таровеҳ, тунги намозларни бажариш мақбулдир. Агар сиз ҳозирда намозларингизни ўтказиб юборётган бўлсангиз, буни Рамазонда қилмасликка ҳаракат қилинг. Ахир ҳаттоки биргина намозни қазо қилиш – гуноҳ, Рамазонда эса гуноҳлар қилишдан янада кўпроқ қайтарилган.

Ҳозирдан ибодатларимизни кўпайтириб боришимиз керак. Бу кунларда Исломни яқинда қабул қилганлар учун намозни тўғри ўрганиб олиш учун имконият бор. Агарда намозни бажаришга оид қандайдир иккиланишлар бўлса, маҳаллий имомга учрашиб, исломий ибодатни қандай қилиб тўғри бажаришда кўмак сўрашингиз мумкин.

 

Қуръон ўрганиш учун вақт ажратиш

Кўпчилик араб бўлмаган ва араб тилини билмайдиган мусулмонлар учун Қуръон билан танишув – бу Қуръон маъноларининг уларнинг ўз она тилларига таржимасини ўқишдан бошланади. Лекин маънолар таржимаси Қуръон нозил бўлган араб тилидаги ёзилиши даражасидек эмас. Қуръоннинг ҳақиқий маъноси ва гўзаллигини тушуниш учун араб тилини билиш лозим.   

Араб тилини ўрганишда жуда кўп дарслик, китоб ва DVD дисклар, онлайн-курслар бор. Албатта, Рамазон бошлангунча бутун тилни ўрганиб бўлмайди, лекин ўрганиш жараёнида бир неча кичик қадамлар ташлаб қўйилса бўлади, масалан, араб алифбосини ўрганишдан бошлаш керак.

Шу билан бирга, ўз диний тушунча ва исломий билимларимизни купайтириш учун, албатта, Қуръоннинг маънолар таржимасини ўқишда давом этиш лозим.  

 

Ёмон хулқлардан воз кечиш

Ёмон хулқлар – ғийбат, туҳмат, ёлғон ёки алдов кенг тарқалган ҳаром амаллардан ҳисобланади. Ислом эътиқодида уларга жой йўқ. Содир этилган гуноҳлар туфайли рўза кунида савоблардан айрилиб қолиш мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар:

«Кимки ёлғон сўзларни (гапиришдан) сақланмаса, ёмон амаллар қилса ва қўполликда бўлса, Аллоҳга бу рўзадорнинг ўз таоми ва ичимлигини тарк қилишининг кераги йўқ» (Имом Бухорий ривояти).

Рамазонда рўзамиз ва ибодатларимиз қабул бўлиш имконини кўпайтириш учун бу ой келишини кутмасдан, ҳозирнинг ўзида ёмон хулқларимизни тарк этишимиз лозим.

 

Қўлларни очиш

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) йил давомида сахий эдилар, лекин Рамазон ойи (келса,) энг сахий бўлардилар. Бу ойда бажарилган ҳар бир яхши иш етмиш баробар ва ундан ҳам кўпга (савоби) кўпайтирилади.

Шунинг учун ҳам (бу ойда) закот билан бир қаторда имкон борича кўпроқ бошқа эҳсонларни ҳам қилиш мақсадга мувофиқдир. Закот бир йил мобайнида йиғилган бойликдан 2.5% миқдорида кам таъминланганларга бериладиган мажбурий молиявий ёрдамдир.  

Кимки эҳсон килишга қодир бўлмаса, сахийлик қилиш учун бошқа йўллар бор. Вақт ажратиб, мусулмон кишига бирор ишда кўмак бериш мумкин ёки маҳаллий масжидни тозалаш ё таъмирлашда ёрдам кўрсатса бўлади ва ҳ.к.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) айтадиларки, ҳаттоки табассум ҳам эҳсон ҳисобланади. Демак, нима учун мусулмон, иймондош дўстларимизни кўрганда юзимизда самимий табассум ила қалбдан саломлашиб «Ассалому алайкум!» деб кутиб олмаслигимиз керак!   

Рамазон ойи дим ёзги кечаларни салқинлашга шошаётган енгил шабадага ўхшайди. Бироқ, шу билан бирга, у тез келади-ю кетади. Демак, Рамазон кириб келганда унинг муборак куну тунларидан имкон борича фойдаланиб қолиш учун бу муборак ойни кутиб олишга бугундан тайёргарлик кўришимиз лозим.

Ихтиёржон ПЎЛАТОВ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1237. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари давоми...

3649 16:59 / 23.05.2018
Эй, гуноҳкор қалбБу Рамазонга сенинг умидларинг катта эди. Бу Рамазонда барчаси ўзгача бўлишини ҳоҳлаган эдинг. Ёмон иллатлардан қутулишни истаган эдинг. давоми...

3357 17:10 / 04.06.2018
Қуръони каримда рўзанинг ҳукми баён қилинган оятларнинг орасига рўзага алоқаси бўлмаган, балки дуога алоқадор, дуога тарғиб қилган бир оят кириб қолган. Яъни, давоми...

4358 05:00 / 14.01.2017
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

3961 17:19 / 31.05.2018