1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Ислом дийнида Фалсафага қандай қаралади

21:12 / 25.04.2016 3517 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайx ҳазратлари. Мен қуйидагича савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Ислом дийнида Фалсафага қандай қаралади.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бу нарса ихтилофли масала. Менинг фикримча, бу масаланинг яхши жавобини имом Fаззолий берганлар.

Имом Fаззолий ўз асарларида фалсафа ва файласуфларга холисона баҳо беришга ҳаракат қилдилар. У киши фалсафага оид илмларни олтига бўладилар ва уларнинг ҳар бирига ўзига яраша баҳо берадилар:

1. Аниқ фанлар.

Ўисоб, ҳандаса, жуғрофия каби илмлар. Бу нарсаларда дийнга аралашилмайди. Улар аниқ ҳужжатларга асосланган илмлардир. Шу боис, уларни инкор қилиб бўлмайди. Аммо мусулмонлар бу нарсаларни кўриб, фалсафага оид ҳамма нарса шу каби бўлади, деб алданиб қолмасликлари керак.

2. Мантиқ.

Бунда ҳам дийнга тегишли нарса йўқ. Мантиқ илми ақлий ўлчовларга назар солиш, бур¬ҳон муқаддималари шартларини ўрганиш, уларнинг таркибидан хабардор бўлиш каби нарсалардир.

3. Табиий илмлар.

Бу илмларда ҳам дийнга боғлиқ нарсалар йўқ. Улар ҳаммаси тажрибага суянадиган нарсалар. Шунинг учун, буларни ҳам инкор қилиб бўлмайди. 

4. Сиёсий илмлар.

Файласуфларнинг бу соҳадаги барча гаплари дунёвий ишларга боғлиқ нарсалардан иборат бўлиб, уларнинг кўпи Аллоҳ таоло Набийларга нозил қилган китоблардан ва Набийлардан қолган гаплардан олганлар. Шунинг учун, буларнинг ҳам дийну диёнатга тегишли жойи йўқ. 

5. Ахлоқий илмлар. 

Файласуфларнинг бу борадаги кўп гаплари сўфийларнинг гапларига тўғри келади. Улардан Ислом таълимотларига тўғри келадиганини олиб, бошқаларини тарк қилиш лозим.

6. Илоҳиётга оид илмлар.

Бу борада файласуфлар ўзлари мантиқда қўйган шартларга вафо қилмадилар, улардан ташқарига чиқдилар ва катта хатоларга йўл қўйдилар. 

Имом Fаззолий, асосан, файласуфларни худди шу бобда танқид қиладилар. Кўпчилик фалсафа ҳақидаги танқидий гапларни умумийлашган ҳолда тушуниб хато қиладилар.

Имом Fаззолий файласуфларни учга тақсим қиладилар:

1. Даҳрийлар.

Улар Аллоҳ таолонинг борлигини ва холиқлигини инкор қилган ва «олам ўзини ўзи яратган» дейдиган зиндиқлардир.

2. Табиатчилар.

Улар Аллоҳ таолонинг борлигини эътироф қилсалар ҳам, қайта тирилиш ва савобни инкор қилганлари учун дийндан чиққанлар.

3. Илоҳиётчилар.

Имом Fаззолийгача фалсафа Исломга қарши ҳужум қилар ва мусулмон уламолар ҳимояланиш билан кифояланар эдилар. Худди Ислом айбдор-у, илми калом уламолари унинг номидан фалсафага узр айтаётганга ўхшар эди.

Имом Fаззолий эса, ўзлари фалсафани яхши билганлари учун, унинг айбларини англаб етганлари учун, бевосита унга шиддатли ва аёвсиз ҳужум қилишни йўлга қўйдилар. Бунинг учун аввал фалсафани кўпчиликка улар тушунадиган услуб ва тилда англатиш лозим эди. Чунки, ўша давргача фалсафа китоблари кўпчилик тушунмайдиган услуб ва тилда ёзилар эди. Уни фақат файласуфларгина англаб етар эди. Бу эса, ўзига хос тўсиқ яратган ва файласуфлардан бошқаларга фалсафа ҳақида сўз юритиш имконини йўққа чиқарган эди. 

Имом Fаззолий «Мақосидул фалосифа» номи билан осон тил ва услуб ила китоб ёзиб, кўпчиликка фалсафа нима экани ва файласуфлар нимани мақсад қилиб олганликларини тушунтириб бердилар. Бу китобда имом Fаззолий фалсафий истилоҳларни ва файласуфлар юритадиган баҳсларни ҳеч қандай шарҳ ёки тан¬қид қилмай, уларнинг айни ўзини келтирдилар. 

Имом Fаззолий кўпчиликка фалсафа нима экани, файласуфлар ким ҳамда мақсадлари қандайлигини англатиб олганларидан кейин фалсафани танқид қилишга ўтдилар. 

Бу ишни имом Fаззолий асосан «Таҳофутул фалосифа» номли китобларида амалга оширдилар. Бу китобнинг муқаддимасида имом Fаззолий ўша пайтларда бошқалардан ўзларини юқори тутадиган тоифалар чиққанини, улар Исломий ибодатлардан бош тортаётганларини, дийнга шиор бўлган намозга ўхшаш нарсаларга паст назар билан қараётганларини, ҳаром қилинган нарсалардан сақланмаётганларини, баъзилари эса бутунлай дийндан чиқиб кетганларини ва бошқа афсусланарли ҳолатлар бўлаётганини айтадилар. Сўнгра, мазкур шахсларнинг куфрга кетишлари сабаби ҳақида қуйидагиларни айтадилар:

«Аммо уларнинг куфрларининг сабаби Суқрот, Буқрот, Афлотун, Аристотулис каби улуғ исмларни, уларнинг издошларидан ақллари ўткирлиги, усулларининг гўзаллиги, ҳандаса, мантиқ, табиат ва илоҳиётга оид илмларни нозик жойларигача билишлари ҳақидаги мақтовларни, буюк ақлли бўлганлари учунгина ана шу ишларни қила олишлари ҳақидаги муболағали гапларни  эшитганларидир. 

Шунингдек, ана ўшалар, ақллари ўткир бўлишлари ва фазллари кўп бўлишига қарамай, шариатлар ва дийнларни инкор қилишлари, дийнлар тўқиб чиқарилган ҳийла-найрангдан иборатлигига эътиқод қилишлари ҳақидаги ҳикояларни тинглаганларидандир».

Имом Fаззолий ўзларининг бу китобларига тўртта муқаддима қилганлар. Биринчисида ўз услубларини, иккинчисида файласуфларнинг ҳолини, учинчиси ва тўртинчисида уларнинг шариат билан тўқнашадиган ва тўқнашмайдиган илмларини баён қилганлар. 

Кейин эса файласуфларни танқид қилишга ўтганлар. Бу танқидлар илоҳиётга ва метафизикага оид ўн олтита ҳамда табиат илмларига тегишли тўртта масалани ўз ичига олган. 

Мазкур йигирма масаладан учтасида файласуфлар куфр кетганлиги ҳақида қарорга келинди. Ўша уч масала қуйидагилар:

1. Файласуфларнинг «олам қадимдир» деган гаплари.

Файласуфлар ўзларининг турли ақлий далилларидан келиб чиқиб, олам қадимдир, у кейин пайдо бўлган ҳам эмас, уни биров яратган ҳам эмас, деган фикрни айтганлар.

Имом Fаззолий уларга олам қадимий илоҳий ирода ила мавжуд бўлгани, ўша ирода оламнинг маълум вақтда вужудга келишини ирода қилгани, ундан олдин мавжуд бўлиши ирода қилинмагани, шунинг учун, у пайдо бўлмагани, янги пайдо бўлган ҳар бир нарса эса силсила ила охирги ва қадимги сабабга бориб тақалиши, ўша сабаб Аллоҳ таоло эканлигини таъкидладилар.

2. Файласуфларнинг «Аллоҳ таоло жузъий нарсаларни билмайди» деган гаплари.

Файласуфларнинг фикрича, Аллоҳ таоло фақат собит куллиётларнигина билади. Шу нарса унинг камолига мос келади. Жузъий – майда нарсалар ўзгариб туради. Шунинг учун, уларга боғлиқ илм ҳам ўзгариб туради. Илмнинг ўзгариб туриши эса Аллоҳ таолонинг камолига тўғри келмайди. Аллоҳ таоло инсониятнинг амалларини тўп шаклида умумий ҳолда билади, холос. Одамлардан алоҳида шахсларнинг қилган амалини билмайди.

Имом Fаззолий Аллоҳ таоло ўша жузъий амалларнинг барчасини ўзгармас битта илм ила билишини таъкидлайдилар.

3. Файласуфларнинг охиратда жасадларнинг қайта тирилишини инкор қилишлари.

Уларнинг фикрича, охиратда фақат руҳлар қайта тирилтириладилар, холос. Бинобарин, жаннатда жисмнинг лаззатланиши ва дўзахда азобланиши ҳам бўлмайди.

Имом Fаззолий эса, жисмларни йўқдан бор қилишга қудрати етган Аллоҳ таоло улар чириганларидан кейин қайта тирилтириши осонроқ эканини таъкидлайдилар.

"Таҳофутул фалосифа» китобининг аҳамияти катта бўлган. Унинг аҳамияти баъзи файласуфларнинг куфр кетганини баён қилишида эмас, балки фалсафанинг дийний эътиқод бобида ҳеч нарсага арзимас нарса эканини баён қилиб берганидадир. Бу борада фалсафа турли фикр, хаёл, қиёс ва тахминларнинг йиғиндиси, холос. 

Фалсафани илоҳий таълимотлар ўрнида ёки уларга тенг равишда кўрилиб турган бир пайтда унинг ҳақида илмий асосларга мувофиқ тарзда бу каби кучли зарба берилиши тарихий воқеъа эди. 

Имом Fаззолий шу тарийқа фалсафанинг обрўсини чилпарчин қилдилар. Файласуфлар у кишининг кучли ақли ва далиллари олдида довдираб қолишди ва деярли бирорта эътиборга олса бўладиган раддия ҳам қила олишмади.    


ХУЛОСА


Демак, имом Fаззолий яшаган ўрта асрларда ғайбиёт олами ҳақида фалсафий тортишувлар авж олганди. Бу тортишувларда ҳамма, жумладан, мусулмонлар ҳам иштирок этардилар. Аммо айни мусулмонлар ичидан мазкур тортишувлардан одамларга ҳеч қандай наф йўқлигини англаб етганлар ҳам чиқди. 

Ўшалардан энг улуғи ҳужжатул Ислом Абу Ўомид Fаззолий раҳматуллоҳи алайҳи эдилар. Имом Fаззолий фалсафани чуқур ўрганган эдилар. Ўзларининг ҳақийқатни излаш йўлида олиб борган изланишлари давомида «Ўақийқат фалсафада бўлса, ажаб эмас» деган фикрга ҳам борган эдилар. Аммо фалсафа у киши ахтараётган ҳақийқатни бера олмаслигини тушундилар. Шу билан бирга, фалсафанинг заиф жойларини чуқур англаб етдилар.

Имом Fаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ-ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечасини олдилар. 

Мисол учун, оламнинг азалийлиги ёки ке¬йин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала. Унинг хатосини имом Fаззолий «Такофуъул адиллати ала қидамил олами ва ҳудусиҳи» – «Оламнинг қадимлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги далилларнинг тенглиги» номли баҳсларида ёрқин ақлий таҳлил ва инкор қилиб бўлмайдиган далилу ҳужжатлар ила исботлаб бердилар.

Јадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб тортишиб келганлар. Баъзилари: олам азалий – қадимий, деса, бошқалари: олам ҳодис – кейин пайдо бўлган, деган. 

Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига ақлий далил олиб келади. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Јадимдан шундай бўлиб келмоқда эди. Бунга далил сифатида имом Fаззолий юнон файласуфларидан олдингиларнинг, юнонларнинг ва улардан кейин келган файласуфларнинг далилларини бирма-бир келтириб баён қилдилар.  

Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, дейдилар имом Fаззолий, аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди. 

Имом Fаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки, улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди?! Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида турган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?! 

Унинг ўрнига, инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, дейдилар имом Fаззолий. Мисол учун, нима учун темирни оловга тутса куймайди-ю, пахтани тутса, куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами?

Имом Fаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Имом Fаззолий тажрибий илмларнинг келиб чиқишига туртки бўлган фикр соҳиби сифатида дунё илмий тарихида муносиб жой олган улкан ақл соҳиби бўлмиш мусулмон шахс сифатида машҳур бўлдилар. Ўрта асрларда мазкур назарияга амал қилароқ Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топди. Улардан аста-секин оврополикларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб катта муваффақиятларга эришдилар.

Имом Fаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарз¬да ишлатишни таклиф қиладилар.

Инсоннинг ақл доирасидан ташқаридаги, минг тортишса ҳам фойда бермайдиган ғайбий олам – метафизикага оид маълумотларни эса тайёр ишончли манбаъдан, яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзи дийнлар орқали берган хабарлардан олишни таклиф қиладилар. Дийний ақийдаларга оид маълумотлар айнан ғайбиёт олами – метафизикага оиддир.

Ўозиргача кўпчилик мусулмонлар, имом Fаззолий фалсафани бутунлай куфрга чиқарган, деган хаёлда юрадилар. Аммо, аввал ўрганиб ўтганимиздек, аслида ундоқ эмас. Имом Fаззолий фалсафанинг олтидан бирини, илоҳиётга тегишли ерини, яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, фалсафадаги илоҳиётга тегишли йигирмата масаладан учтасини инкор қилиб, уларнинг куфр эканини баён қилганлар, холос.

Аммо у кишининг ўзлари кучли файласуф бўлганлари аниқ. Балки кучли файласуф бўлибгина қолмай, фалсафада тубдан бурилиш ясаган ва уни тўғри йўналишга йўллаган аллома сифатида танилганлар. 

Имом Fаззолийнинг жаҳон фалсафасида тутган ўрнини тушуниб олиш учун дунёда дон¬ғи кетган мусулмонмас бирорта файласуф билан солиштириб кўриш лозим бўлади. 

Келинг, ўша файласуф уларнинг энг каттаси, «янги фалсафа отаси» унвонини олган франсалик машҳур файласуф Рене Дикарт бўлсин. 

Дикартни машҳур қилган асосий нарса унинг шак назариясидир. У ҳақийқий маърифатга эришишдан олдин шак зарурлигини таъкидлайди. Унинг бу назарияси имом Fаззолийнинг шакларига жуда ҳам ўхшайди. 

Fарбда имом Fаззолийни билмаганлари учун, шак назарияси фақат Дикартга тегишли, деган эътиқод ила уни кўкларга кўтариб мақтайдилар. 

Шарқда имом Fаззолийни билганлари учун, буюк файласуф Дикартнинг назариясига ўхшаш гапни айтган шахс ҳам борлигини эслаб қўядилар. 

Баъзи бирлари журъат қилиб Дикарт ва имом Fаззолийнинг шакларини солиштириб ҳам қўядилар.

Аммо бу борадаги ҳақийқатни ҳеч ким билмайди. Ушбу ҳақийқатни бу сатрларнинг котиби устоз Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутийнинг «Шахсиётун иставқафатни» номли китоб¬ларидан билди. У киши мазкур китобнинг 99–100 бетларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Сўнгра бу масалада барча иккиланиш ва ноаниқликка чек қўядиган васийқа – ҳужжат юзага чиқди. Уни устоз Маҳмуд Бийжу доктор Зақзуқдан нақл қилди. 

Унда айтилишича, тунислик тадқиқотчи Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳи Дикартнинг кутубхонасида «Ал-Мунқиз миназ-золал» китобининг таржимасини топган. Унда имом Fаззолийнинг «Шак яқийн – ишончли илмнинг биринчи поғонасидир» деган машҳур ибораси Дикартнинг эътиборини жалб қилгани белгиси бор эди. Дикарт ўша иборанинг тагига қизил қалам билан чизиб қўйган ва унинг тўғрисига, ҳошияга «Бу бизнинг назариямизга кўчирилади», деб ёзиб қўйган экан. 

Энсиклопедиячи ва тарихий тадқиқотчи устоз Усмон ал-Каок раҳматуллоҳи алайҳи милодий 1975-санада Жазоирнинг Аннаба шаҳрида бўлиб ўтган Ислом Фикрининг ўнинчи учрашувида маъруза қилди. Унда қандай қилиб Дикарт имом Fаззолийнинг назариясини ўзиники қилиб олгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Дикартнинг ўз қўли билан ҳошия¬га ёзган нарсасини ўқиганини ҳам гапириб ўтди. Мен ўша учрашувда иштирок қилган ва унинг мазкур маърузасини эшитган юзлаб одамлардан бири эдим». Валлоҳу аълам.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Одатда бизда жума намозидан олдин тўрт ракат суннат ўқилади. Лекин, .Мушкот, китобида фарздан олинги тўрт ракат суннат айтилмаган. Араб ўлкаларида бу суннат давоми...

5219 16:41 / 27.04.2016
САВОЛ Каламушга айланиб қолган қиз ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Ҳақиқатда бўлган воқеами ёки пул топиш йўлимиЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Бу нарса баъзи одамларнинг ўйини экани собит бўлди. Валлоҳу аълам.

5054 20:13 / 27.04.2016
СаволКўзи ожиз бир одам умуман кўрмайди эмас, деярли кўрмайди олдимга келибquotМен рўза тутсам, дейман. Аммо уйимдагиларим рози бўлишмаяпти. Рўза тутсангиз бир оз давоми...

3753 09:05 / 25.05.2018
САВОЛ Ҳурматли Шайх жаноблари, инсонга иссиқсовуқни таъсир қилиш жараёни ва унинг салбий томонлари ҳақида маълумот берсангиз.ЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

8624 16:10 / 27.04.2016