1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Мунофиқ бўлиб қолмадимми?

20:46 / 24.04.2016 2950 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум. Ҳазрат аҳволим ҳақида сизга савол бермоқчи эдим. Ҳаётимда неъматлар кўпайса, ишим ривожидан келса, иймоним зиёдалашаётганини сезаман, кўпроқ Қуръон ўқийман, нафл ибодатларини қиламан, бир сўз билан айтганда амалларим кўпаяди. Лекин (!) бошимга мусийбат келса, амалларимни ташлаб қўяман, фақат фарз ва суннат ибодатларни қиламан. Аммо барча нафлларимни ташлаб қўяман. Муаммоларим ҳал бўлганидан кейин эса яна нафлларимни кўпайтираман. Мусийбатда юрган маҳалларим юрагимга ҳеч бир нарса сиғмайди. Мусийбатларни бошида уларга эътибор бермайман, уларга маҳзун бўлмайман, уларни синов эканлигини, маҳзун бўлиш яхши эмас эканлигини ўзимга такрорлайман. Лекин улар кўпайган сари тушкунликка (депрессия) тушаман, қўшиқ эшитишни бошлайман, бўш вақтимни ҳеч бир иш қилмасдан ўтказаман. Ҳазрат бу мунофиқликми? Муаммолар кўпайган кунлари ёрдамни Исломдан қидириш учун (Қуръон тиловати ва нафллар билан) нима қилишим керак?


- Сизнинг ишингиз юришгандан ўзингизни тутишингиз тўғри. Аммо мусийбат етгандагиси нотўғри. Бу ҳақиқатни ўзингиз ҳам тушуниб турибсиз. Банда ҳар доим Аллоҳ таоло билан бўлиши керак. Яхшилик етганда шукр, ёмонлик етганда сабр қилиши керак.

Банда ман қилишга, мусийбатга ва балога учраганда билиши лозим бўлган бир неча ҳақиқатлар мавжуд.

- Биринчи ҳақиқат.

Аллоҳ таоло бандага берган соғлик-саломатлик, ризқу рўз, омонлик, хотиржамлик, бойлик ва фаровонлик каби неъматларнинг қадру қиймати уларлардан маҳрум бўлиш ҳамда уларга тескари бўлган нарсаларга йўлиқиш ила аён бўлади.  Агар неъматлар узиликсиз ўз-ўзидан келиб тураверса аста-секин, вақт ўтиши билан уларнинг қадри қиймати қолмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандани турли ҳолатларга солиб туради.

- Иккинчи ҳақиқат.

Бу дунё ўткинчи ва бевафо дунёдир. У абадийлик ва боқийлик дунёси бўлмиш охиратнинг экинзоридир. Ушбу бевафо ва бебақо дунёда фақат роҳат ҳамда фароғатда ўтиладиган бўлса, охиратнинг қизиғи қолмайди.

- Учинчи ҳақиқат.

Инсон зотининг асосий ҳақиқатларидан бири унинг Аллоҳ таоло  бандаси эканидадир. Инсон банда бўлганидан кейин бандалиги адо этиши – Аллоҳ таолога ибодат қилиши зарурдир.

Аллоҳ таоло "Зарийат" сурасида марҳамат қилади:


“Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим”, 
- (56-оят).

Инсоннинг Аллоҳ таолога ҳақиқий банда бўлиши унинг У Зот ҳожатманд бўлишидагина бор будири ила юзага чиқади. Албатта инсон ўзининг барча ҳолатларида атога эришганидан ҳам, манга йўлиққанидан ҳам ва бошқа ҳолатларида ҳам Аллоҳ таолога ҳожатманддир.

Аллоҳ таоло "Фотир" сурасида марҳамат қилади:


«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир”, - (15-оят).

Инсонлар айнан ушбу ҳақиқатни англаб етмаганларидан ўзларининг Аллоҳга банда эканликларини унутадилар. Оқибатда бошқа муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларга хитоб қилиб:

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз», – деяпти.

Ҳа, инсон ҳар бир нарсада – дунёга келишида ҳам, нафас олиши ва нафас чиқаришида ҳам Аллоҳга муҳтождир. Агар Аллоҳ инсоннинг нафас олиш ёки чиқариш эҳтиёжини қондирмаса, одам ўша заҳоти тамом бўлади. Озиқ-овқат ейиш, ичимлик ичиш ва уларнинг чиқиндисини чиқаришга ҳам шундай муҳтожлик бор. Бошқа барча иш ва ҳолатларни ҳам шунга таққосласа бўлади.

Инсоннинг энг катта эҳтиёжларидан бири – икки дунё саодатига эришишдир. Шу эҳтиёж юзасидан Пайғамбар юборилди, илоҳий дастур – Қуръон нозил қилиинди. Илоҳий кўрсатмаларга амал этиб, ибодат қилиб яшаган инсоннинг бу эҳтиёжи ҳам қондирилади. Билиб қўйиш лозимки, ҳар кимнинг ибодати ўзи учун, Аллоҳнинг бировга ҳам, унинг ибодатига ҳам ҳожати йўқдир. Чунки

«Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, ҳамма Унга муҳтождир. Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг мақтовига ҳам зор эмас, Аллоҳ Ўзи аслида мақталган Зотдир.

Агар банда ҳаёти давомида баъзи ман қилинишларга учраб турмаса, доимо атодан баҳраланиб юраверса, ўзининг Аллоҳ таолога муҳтожлигини унитиб қўяди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:


155. Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.
156. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир.

Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Инсон қийинчиликларда, синовларда тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».

«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир. Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», – дейди Аллоҳ таоло. Бошига шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда:

«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир».

Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтиш қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.

«Албатта, биз Аллоҳникимиз…» яъни «Барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани қачон қандай тасарруф қилишни Ўзи билади».

«…ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни «Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам». Шу боис, истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Умму Салама онамиз дейдиларки:

«Бир куни Абу Салама Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларидан келди-да:

«Набий алайҳиссаломдан бир гап эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, у киши:

«Мусулмонлардан бирига мусибат етганда истиржоъ айтса ва сўнгра «Аллоҳумма ажирни фий мусибати вахлуф ли хойромминҳа (Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин)» деса, айтгани бўлади», – дедилар», – деб айтди.

Мен буларни ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, истиржоъ айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча «Менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда», – дедим.

Иддам чиққанидан сўнг Расулуллоҳ келиб, киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У кишига ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг менга уйланмоқчи эканларини айтдилар. У киши гапларини тугатгач, мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», – дедим. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрисида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», – дедилар... Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди».

Имом Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳ таоло:

– Эй ўлим фариштаси, сен бандам фарзандининг, кўзи қорачиғининг, қалби самарасининг жонини олдингми? – дейди. Фаришта:

– Ҳа, – дейди. Аллоҳ:

– У нима деди? – деб сўрайди. Фаришта:

– Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди, – дейди. Шунда Аллоҳ таоло:

– Жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб номланглар, – дейди», – деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом:

«Бирортангизнинг оёқ кийимининг ипи узилса ҳам истиржоъ айтсин», – дейдилар.

Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак: кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржоъ айтиб, сабр қилиш, «Ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади» деган эътиқодни маҳкам тутиш керак.

Юқорида зикр этилган машаққатларнинг, шаҳидликнинг, Аллоҳ йўлида қатл этилишнинг, хавфу хатарга, очликка учрашнинг, молу жонга ва меваларга нуқсон етиб, зарар кўришларнинг ва уларга сабр қилиб, истиржоъни айтиб, унинг маъносини ақийда этиб яшашнинг мукофоти келаси оятда зикр қилинади:


157. Ана ўшаларга Роббларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар, ўшаларгина ҳидоят топганлардир.

Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот тарзида ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловотлари, меҳри, шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақийданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалом алайкум. Сизга берадиган саволим куйидагича. Авваллари ҳам бу сайтда маслахат сўраб ёзган эдик. Эрим томонидан гуноҳ иш ўтганлиги сабабли масжидга давоми...

8759 17:05 / 05.12.2017
СаволАссалому алайкум, Ҳурматли Шайх Ҳазратлари Ёшлигимда, ойим ишда бўлганликлари учун, келинойим мени эмизганлар. Уларнинг фарзандлари менга маҳрам давоми...

5035 09:05 / 30.08.2017
Ассалому алайкум Ҳурматли устозлар, яқинда онамиз бандаликни бажо келтирдилар. Таъзия кунлари онамизнинг кийимкечаклари қариндош ва қўшни аёлларга тарқатилди. давоми...

3284 10:00 / 18.01.2019
Баъзан масжид имоми узрли сабаб билан намозга етиб кела олмай қолганида фосиқлиги аён бўлиб турган кишилар масжидларда имомликка ўтиб қолади. Бундай ҳолатларда давоми...

2883 15:50 / 24.04.2016