Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одатда инсоний муносабатларнинг ҳар бирида манфаатдор томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўлади. Мен сиздан дўстлар ўртасида ҳам қандайдир ҳақ-ҳуқуқлар борми, деб сўрамоқчи эдим. Чунки кўп ҳолларда одамлар бу масалага унча эътибор беришмайди.
ЖАВОБ: Ҳар бир инсоний алоқада ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқ ва мажбурият бўлганидек, дўстликнинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва масъулиятлари бор. Руҳий тарбия бўйича мутахассис уламоларимиз мазкур ҳақлар саккизтадан иборат эканини айтишган ва уларни бирма-бир шарҳлаб беришган.
Биринчи ҳақ: молдаги ҳақ.
Дўстларнинг дўстлиги тугал, мақсадлари бир бўлса, улар худди бир шахсга ўхшаб қолишади. Бу эса ўз навбатида хурсандчилик ва хафачиликда, ҳозирда ва келажакда ҳамиша шерик бўлишни тақозо қилади. Бу шериклик молу дунёга ҳам тегишли бўлиб қолади. Молу дунё масаласида дўстларнинг муносабати уч даражага тақсимланади:
Биринчи даража: Мол эгаси дўстни ўз ходими билан баробар кўради. Унга ўзидан ортиб қолган молни сарфлайди. Дўстининг ҳожати тушиб қолса, сўрамасидан олдин ўзидан ортиб турган молини унга беради. Агар мол эгаси муҳтож дўстининг сўрашига қараб турса, дўстлик ҳақини адо этишда нуқсонга йўл қўйган бўлади.
Иккинчи даража: Мол эгаси дўстини ўз ўрнида кўради, уни молига шерик қилади. Молининг ярмини дўстиники деб билади.
Учинчи даража: олий даража бўлиб, унда мол эгаси дўстини ўзидан устун қўяди. Молини ўз ҳожатидан аввал дўстининг ҳожати учун сарфлайди. Бу сиддиқларнинг даражасидир. Бу Аллоҳ таоло учун бир-бирига муҳаббат қилганлар даражасининг энг юқорисидир. Молни бундай сарфлашга ҳозирлик жонни сарфлашгача ҳам олиб боради. Ушбу зикр қилинган уч даражадан бирига эришмаган одам дўстликнинг энг паст даражасига ҳам етмаган бўлади.
Олий даражадаги дўстлик васфида Аллоҳ таоло Шуро сурасида: «Роббиларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шуро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар...» (38-оят), деган.
Аллоҳ таоло Нур сурасида: «Сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқлигингизда (танглик) йўқдир» (61-оят), деган.
«Калитга молик бўлиш» уй эгасининг калитни ишониб топшириб қўйишидир. Ана шундай кишилар инсоф билан, қоринлари тўйгунча есалар, бўлаверади. «Дўст» деганда, ишончли дўст, биродари унинг уйидан изнсиз таом еса, хурсанд бўладиган дўст кўзда тутилган.
Оиша онамиздан Имом Зуҳрий қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жангга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйларининг калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, ҳожатингиз тушганда емоқни сизга ҳалол қилдик, деб кетар эканлар. Аммо калитни олиб қолганлар, қуруқ манзират учун айтилган бўлса керак, деб ўзларини тийишаркан. Ушбу оят билан уларга Аллоҳ таоло ҳам изн берган.
Фатҳ ал-Мусилий дўстининг уйига борса, у уйида йўқ экан. Уйдагиларга сандиқни олиб чиқишни амр қилди. Жория сандиқни олиб чиқди. У ўзига керак нарсани олиб, кетди. Хўжайин келганда жория унга бўлган иш ҳақида хабар берди. У севиниб кетганидан: «Агар гапинг рост бўлса, Аллоҳнинг розилиги учун озодсан!» деди.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо бир кишига: «Сизлар бир-бирингизнинг чўнтак ва ҳамёнингизга рухсатсиз қўл солиб, истаган нарсани олаверасизларми?» деди. «Йўқ», деди. «Ундай бўлса, дўст эмас экансизлар», деди.
Масруқ раҳматуллоҳи алайҳ кўп қарз бўлиб қолган экан. Унинг дўсти Ҳайсама ҳам қарздор экан. Масруқ Ҳайсамага билдирмай, унинг қарзини тўлаб қўйди. Ҳайсама ҳам Масруққа билдирмай, унинг қарзини тўлаб қўйди.
Иккинчи ҳақ: ҳожатини чиқаришда ёрдам бериш.
Бу ишнинг ҳам аввалгисига ўхшаб даражалари бор. Унинг энг паст даражаси ёрдам сўралганда қудрати етса очиқ юзлик, сурур ва хурсандчилик билан ёрдам бериш. Баъзилар: «Агар дўстингдан ҳожатингни чиқаришни сўрасанг, у бу ишни қилмаса, яна бир бор эсига сол. Унутиб қўйган бўлиши мумкин. Агар ўшанда ҳам қилмаса, унга такбир айтиб қўявер», деган.
Ибн Шубрума дўстларидан бирининг муҳим ҳожатини чиқарганда, дўст унга совға олиб келибди. «Бу нима?» деб сўради Ибн Шубрума. «Ҳожатимни чиқарганинг учун», деди. «Ол молингни! Аллоҳ сенга офият берсин! Агар дўстингдан ҳожатингда ёрдам сўрасанг ва у сенга ёрдам бермаса, намозга таҳорат қилда, уни ўлган санаб, тўрт такбир айтиб, жанозасини ўқиб қўявер», деди Ибн Шубрума.
Салафи солиҳлардан баъзилари ўз дўстининг вафотидан кейин қирқ йил унинг болалари ва аҳли аёлидан хабар олиб турган. Ҳар куни уларнинг ҳолидан хабар олиб, ўз молидан таъминотларини жойига қўйган. Фарзандлар оталаридан кўрмаган нарсаларини унинг дўстидан кўришган. Улардан баъзилари дўстига билдирмай, унинг оиласидан хабар олиб турган.
Учинчи ҳақ: тилни тийиб, сукут сақлаш.
Бунда банда дўстининг айблари ҳақида гапиришдан, уни ғийбат қилишдан, у билан талашиб-тортишишдан ва унинг ҳақида чақимчилик қилиш ҳамда ёмонлиги ҳақида савол беришдан тилини тийиб, сукут сақлайди. Бу ишни амалга оширишда икки нарса ёрдам беради: биринчиси, ҳар ким ўзига назар солсин. Агар ўзида камчилик борини билса, ўзгани ҳам ўзидек кўрсин ва камчилигини афв этсин. Парвардигоргина беайб эканини унутмасин; иккинчиси, агар айби йўқ инсонни истайдиган бўлсанг, одамлар ичидан топа олмайсан. Унда умуман дўст топиш мумкин бўлмай қолади.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мусулмонлар ичида Аллоҳ таолога тоат қилиб, маъсият қилмайдигани ва аксинча, маъсият қилиб, тоат қилмайдигани бирорта ҳам одам йўқ. Кимнинг тоати маъсиятидан кўп бўлса, ўша адолатлидир», деганлар.
Дўст ҳақида ёмон гапиришдан тилни тийиш билан бирга у ҳақида ёмон гумон қилишдан дилни ҳам тийиш керак. Банда дўсти билан ўзининг орасидаги сирни очмаслиги ҳам керак.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сир айтдилар. Мен унинг ҳақида ҳеч кимга хабар бермадим. Батаҳқиқ, мендан Умму Сулайм сўраганда унга ҳам хабар бермадим» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Анас розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. Бировнинг сирини ҳеч кимга айтмаслик кераклиги шу ҳадиси шарифдан келиб чиқади. Биров томонидан сўзланган сир омонат ҳисобланиб, сир эгасининг изнисиз уни бошқа одамга айтиш хиёнатдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон киши бир гапни айтсаю, аланглаб қараса, ўша омонатдир», дедилар» (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
Бундай пайтда ўша гап соҳиби, гапимни бировга айтма, деб таъкидлашининг кераги йўқ. Ўша биров эшитиб қолмадими, деган маънода аланглаб қараб қўйишининг ўзи етади. Ким мазкур ҳолдаги гапни бошқаларга айтса, омонатга хиёнат қилган бўлади.
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ўғиллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга қуйидагиларни айтганлар: «Сени анави одам (Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу) шайхлардан олдинга ўтказаётганини кўрмоқдаман. Мендан қуйидаги беш нарсани ёдлаб ол: унинг сирини зинҳор фош қилмагин, унинг ҳузурида бирор кишини ғийбат қилмагин, унинг олдида каззобни фош қилма, унинг амрига хилоф қилма, у сендан зинҳор хиёнат кўрмасин». Шаъбий: «Ушбу беш нарсанинг ҳар бир сўзи мингдан афзалдир», деган.
Абу Саъид Саврий: «Қачон бир киши билан дўст бўлмоқчи бўлсанг, аввал унинг ғазабини чиқар, сўнгра бировга ундан ўзинг ва сиринг ҳақингда фикрини сўрашни илтимос қил. Агар яхши гап айтиб, сирингни сақласа, у билан дўст тутин», деган.
Банда ўз дўсти билан талашиб-тортишишдан ҳам тилини тийиши зарур.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғонни тарк қилса, ҳолбуки у ботилдир, унга жаннатнинг саҳнида бир уй қурилади. Ким ҳақ бўлиб туриб талашиб-тортишишни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасида уй қурилади. Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг юқорисида уй қурилади», дедилар» (Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Абу Довуднинг лафзида бундай келган: «Мен ўзи ҳақ бўлиб туриб талашиб-тортишишни тарк қилган одамга жаннатнинг саҳнида бир уй бўлишига, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасида бир уй бўлишига ва хулқини гўзал қилган одамга жаннатнинг юқорисида бир уй бўлишига кафилдирман», дедилар»).
Бу икки ривоятдан нафақат ноҳақдан талашиб-тортишиш, балки ҳақ бўлиб туриб ҳам бу ишни қилиш яхши эмаслигини билиб оламиз. Чунки талашиб-тортишиш кишилар ўртасига ҳиқду ҳасад ва адоватни солади. Шу туфайли жамият аъзолари ўртасида душманлик руҳи тарқалади. Агар ҳақ бўлса, талашиб-тортишмай, бошқа яхши йўллар билан ҳам унга эришса бўлади. Дўстлик айтишиш ва талашишда эмас, балки бир-бирига мувофиқ бўлишдадир.
Машойихлар: «Дўстингга «Тур, кетдик», деганингда, «Қаёққа?» деса, уни тарк қил. Агар у дарҳол «Кетдик», деса, суҳбатида бардавом бўл», дейишган.
Абу Сулаймон Дороний айтади: «Ироқда дўстим бор эди. Оғир пайтларда унинг олдига бориб, «Молингдан бериб тур», десам, олдимга халтасини отар ва мен керагини олардим. Бир куни олдига бориб: «Бир нарсага ҳожатим тушди», дедим. «Қанча истайсан?» деди у. Шундан кейин унинг билан дўстлик ҳаловати қалбимдан чиқди».
Тўртинчи ҳақ: тил билан нутқ қилиниши лозим нарсалар.
Албатта, дўстликнинг ҳақи дўстнинг айблари ва унинг ҳақидаги ёқимсиз гапларни гапиришдан сукут сақлаш билан чегараланиб қолмайди. Аслида гаплашиш ва гапириш учун дўст бўлинади. Шунинг учун ҳам дўстга ва унинг ҳақида гапирадиган нарсаларда дўстлик ҳақи жорий қилинган. Бу қуйидагиларда намоён бўлади:
1) Аввало уни дўст тутиши ҳақида хабар бериши керак.
Миқдом ибн Маҳдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир киши биродарига муҳаббат қилса, унга ўзининг муҳаббати хабарини берсин», дедилар» (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бор эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мана шуни яхши кўраман», деди. «Буни унга билдирдингми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Унга билдир», дедилар. У унинг ортидан етиб борди ва: «Мен сенга Аллоҳ учун муҳаббат қиламан», деди. «Мен ҳам Унинг учун – сен муҳаббат қилган Зот учун сенга муҳаббат қилурман», деди» (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Ким бировни яхши кўрса, дўст бўлмоқчи бўлса, унга бу хабарни етказиши керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади. Имом Термизий келтирган ривоятда: «Бир киши бошқасига муҳаббат қилса, унинг исмини, отасининг исмини ва кимдан эканини сўрасин. Бу дўстликни мустаҳкамлайди», дейилган.
2) Дўстининг олдида ҳам, орқасидан ҳам фақат унинг ўзига ёқимли исми билан атасин.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Уч нарса сен учун дўстинг муҳаббатини мусаффо қилади: унга йўлиққанингда аввал салом беришинг; мажлисда унга жой беришинг ва уни ўзи учун энг маҳбуб исми билан чақиришинг», деганлар.
3) Дўстингнинг мақталишини ёқтирадиган одам ҳузурида унинг ҳақида билган яхши сифатларини айтиб мақташинг.
Бу иш унинг обрўсини орттиради ва унинг сенга бўлган муҳаббатини зиёда қилади.
4) Кези келганда дўстингнинг оила аъзолари, ишлари, яхши сифатлари ва бошқа фазилатларини ҳамда сенга қилган яхшиликларини муболаға қилмасдан, меъёрида гапириб туришинг.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ким ўз дўстини яхши ният билан мақтамаса, уни қилган яхшилиги учун ҳам мақтамайди», деган.
5) Дўстинг ҳақида ёқимсиз гап эшитганингда, дарҳол уни ҳимоя қилишинг ҳам унинг дўстлик ҳақидир.
Бу ишни қилмаган одам дўстлик ҳақини поймол қилган бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).
Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса, ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро, мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. У баъзи сабабларга кўра зулмга учраганда ҳам биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилиши керак.
6) Билмаган нарсасини ўргатиш.
Агар сен дўстинг билмайдиган нарсани билсанг, унга ўша нарсани таълим беришинг, ўргатишинг керак. Чунки дўст молга муҳтож бўлганидек, илмга ҳам муҳтождир. Шунинг учун унинг дини ва дунёси учун зарур бўлган нарсаларни билсанг, ўргатиб қўй.
7) Керак бўлганда насиҳат қилиб туриш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Термизийнинг лафзида: «Албатта, сизнинг ҳар бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин, дедилар», дейилган).
Албатта, насиҳат қилиш бошқаларнинг олдида эмас, ёлғиз ҳолда амалга оширилади. Аслида бировга унинг айбларини айтиб, йўл кўрсатиб насиҳат қилиш яккама-якка бўлади. Бу ишни бошқанинг олдида қилиш насиҳат эмас, дўқ-пўписа бўлади.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким ўз дўстига махфий ваъз қилса, унга насиҳат қилган ва уни зийнатлаган бўлади. Ким ўз дўстига ошкора ваъз қилса, уни шарманда қилган ва айблаган бўлади», деганлар.
Мусаҳир раҳматуллоҳи алайҳга: «Сенга айбларинг ҳақида хабар берган одамни яхши кўрасанми?» дейишди. «Агар у билан ўзим ёлғиз бўлсак, яхши кўраман. Агар одамлар орасида бўлса, йўқ», деди.
Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни банданинг айбларини унинг ўзига алоҳида айтади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳатто елкасини унинг устига қўяди ва унга, бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми, деб гуноҳларини санайди. У “Ҳа, Роббим», дейди. Уни гуноҳларига иқрор қилдириб бўлганидан кейин унга: “Ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса, сени мағфират қиламан, дейди», деганлар».
Бешинчи ҳақ: Дўстнинг қоқилиш ва тойилишларини афв қилиш.
Одатда дўстнинг хатоси динда ёки сенинг ҳақингда бўлади. Унинг хатоси динда бўлса, лутф билан насиҳат қилиш керак бўлади. У насиҳатни қабул қилиб, ўзини ўнглаб олса, айни мурод. Аммо насиҳатни қабул қилмаса-чи?
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Қачон дўстинг ўзгариб, аввалгидан бошқача бўлиб қолса, уни ўша сабабдан тарк қилма. Чунки дўстнинг бир эгри, бир тўғри бўлиши бор», деган.
Иброҳим Нахаҳий раҳматуллоҳи алайҳ: «Дўстинг гуноҳ иш қилгани учун ундан алоқани узма, бугун гуноҳ қилса, эртага уни тарк қилиши бор», деган. Бу ҳолат унинг ўзини ўнглаб, тўғри йўлга тушиб кетишидан умид узилгунча давом этади. Умид узилганда эса, у билан алоқани кесишга тўғри келади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Қачон дўстинг ўз ҳолидан тескарига ағдарилиб қолса, уни нима учун яхши кўрган бўлсанг, шунинг учун ёмон кўр», деган.
Дўстнинг хатоси ва қоқилиши сенинг ҳақингда бўлса, афв этиш, сабр қилиш ва яхшиликка йўйиш керак бўлади. Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: «Уч нарсага сабр қилиш дўстнинг ҳақидандир: Ғазабдаги зулмга. Хуши учгандаги зулмга. Қоқилгандаги зулмга», деган.
Абу Сулаймон Дороний Аҳмад ибн Абул Ҳаворийга: «Бу замонда биров билан дўст бўлсанг, уни ундаги сен ёқтирмаган нарса сабабидан койимагин. Тағин, ўшанинг жавобига аввалгисидан ҳам ёмонроқ нарсага дучор бўлиб қолмагин», деган.
Олтинчи ҳақ: дўстнинг ҳақига дуо қилиш.
Киши ўз дўсти ҳақига унинг тириклигида ҳам, ўлимидан кейин ҳам дуо қилиб туриш масъулиятидадир. Ўзи учун нимани сўраса, дўсти учун ҳам шуни сўраб дуо қилади.
Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб, уни тополмадим. Умму Дардони топдим. У менга: «Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди. «Ҳа», дедим. «Бизга яхшилик сўраб дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганида муваккал фаришта «Омин! Сенга ҳам ўшандай бўлсин!» дейди, дер эдилар», деди Умму Дардо». Бозорга чиқиб, Абу Дардони топдим, у ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди» (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Мусулмонлар бир-бирларига дуо сўраб туришлари керак. Дўст йўқлигида ортидан қилинган дуо мақбул бўлади. Орқадан қилинган дуога муваккал фаришта «омин» деб туради. Ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам биродарига сўраган яхшиликчалик яхшилик етади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Мен етмишта дўстимга саждамда исмларини айтиб дуо қиламан», деган.
Еттинчи ҳақ: дўстга вафодор бўлиш ва унга ихлос қилиш.
Дўстга вафодор бўлиш унинг муҳаббатида то ўлгунча собит туришдан, унинг ўлимидан кейин болалари ва дўстлари билан бирга бўлишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясида бўладиган етти тоифа ҳақидаги ҳадисларида: «...Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши», деганлар. Яъни, то ўлгунича деганлари.
«Ўлганидан кейин қилинган озгина вафодорлик тириклигидаги кўпидан яхшидир», дейишган баъзи улуғларимиз.
Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўзларига бирор нарса келтирилса, буни Фулонанинг уйига олиб бориб беринглар. У Хадийжанинг дугонаси эди», дердилар», дейилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зот менинг олдимдалигида бир кампир келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен кимсан?» дедилар. «Мен Жассома Музанияман», деди. «Йўқ. Сен Ҳассона Музаниясан! Сизлар қандайсизлар? Ҳолингиз қандай? Биздан кейин нима қилдингиз?» дея сўраб кетдилар. «Яхшимиз! Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!» деди у. У чиқиб кетганидан кейин: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир кампирга бунчалик иқбол қилдингиз?!» дедим. «У Хадийжанинг вақтида ҳузуримизга келиб турар эди. Албатта, эски аҳдни гўзал тутиш иймондандир», дедилар» (Ҳоким ривоят қилган).
Дўстнинг барча қариндошлари, дўстлари ва унга боғлиқ кишиларнинг риоясини қилиш унга вафодорликнинг давомидир. Дўстнинг динда йўл қўйган хатоларига рози бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдир. Дўстнинг фироқига ҳасрат-надомат қилиш ҳам унга бўлган вафодандир.
Ибн Уйяйна раҳматуллоҳи алайҳ: «Ўттиз йил олдин фироқига учраган дўстларимнинг ҳасрати ҳали ҳам хаёлимдан кўтарилгани йўқ», деган.
Дўсти ҳақидаги чақимчиликка қулоқ солмаслик ҳам унга бўлган вафодорликка далолат қилади. Бир одам донишманднинг олдига келиб: «Дўстлигингга совчи бўлиб келдим», деди. «Маҳрига уч нарсани сўрайман», деди. «Улар нималар?» деди. «Менинг ҳақимдаги чақимчиликка қулоқ солмайсан. Менинг ишимга хилоф қилмайсан. Мени кўр-кўрона тасдиқламайсан», деди.
Дўстининг душманига дўст бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдандир. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Қачон дўстинг душманингга итоат қилса, иккиси сенга душманликда шерик бўлибди», деганлар.
Саккизинчи ҳақ: енгиллик ва ортиқча такаллуфни тарк қилиш.
Киши дўстига оғир келадиган нарсани раво кўрмаслиги керак. Бошқача қилиб айтганда, унга оғирлигини солмаслиги лозим. Менинг оғиримни енгил қилсин, мендан хабар олиб турсин, ёрдамимга доим шай турсин каби талабларни кўнглига ҳам келтирмагани яхши. Мусулмон киши дўстига Аллоҳ учун муҳаббат қўяди, унинг дуосидан умидвор бўлади, уни кўришдан унс топади, унинг ҳақларини адо қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади ва динига ёрдам олади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Дўстларнинг ёмони сени тангликка солгани, муросаи-мудорага муҳтож қилгани ва узр айтишга мажбур қилганидир».
Баъзи машойихлар: «Ким дўстларидан улар ундан талаб қилмаган нарсани талаб қилса, уларга зулм қилган бўлади. Ким дўстларидан улар ундан талаб қилган нарсани талаб қилса, уларни заҳматга қўйган бўлади. Ким дўстларидан ҳеч нарса талаб қилмаса, уларга фазл кўрсатган бўлади», дейишган.
Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Икки киши Аллоҳ учун дўст бўлсаю, улардан бири бошқасидан тортинса ёки уялса, албатта, иккисидан бирида иллат бўлади» (Аллоҳ билувчидир).