1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Кичик гуноҳларнинг катталашиши

22:04 / 22.04.2017 5519 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олдини олиб, тезроқ тавба қилинмаса, кичик гуноҳлар катталашиб кетиши турган гап. Гуноҳи сағийраларнинг катталашувига бир қанча сабаблар бор.

1. Улардан бири гуноҳда қатъий туриш бўлса, бошқаси гуноҳда бардавом бўлишдир.

Бу борада аҳли илмлар «Қатъият ила сағийра қолмайди, истиғфор ила кабийра бўлмайди», деган қавлни келтирадилар.

Банданинг бардавом қилиб юрган сағийра гуноҳидан кўра тавба қилиб такрорламаган кабийра гуноҳининг афв бўлишидан умидворлик кўпроқ.

Бу худди тошга тўхтамасдан томиб турган сув томчисига ўхшайди. У бориб-бориб тошни ёриши мумкин. Аммо ўша томчиларни жамлаб, тошга бир марта қуйилса, таъсир қилмайди.

2. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири гуноҳни арзимас санашдир. Қачон банда гуноҳни кичик санаса, Аллоҳ таоло уни катта санайди. Аксинча, қачон банда гуноҳни катта санаса, Аллоҳ азза ва жалла уни кичик санайди. Агар банданинг қалбида гуноҳга нисбатан нафрат ва ёмон кўриш бўлса, уни катта санаган бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин гуноҳларини ўзи тагида ўтирган ва бошига қулаш хавфи бўлган тоғ каби кўради. Фожир эса гуноҳларини бурнига қўнган пашша каби кўради», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Банданинг қалбида Аллоҳ таолонинг жалоли ҳақида илм бўлса, гуноҳ унга катта бўлиб кўринади. Агар кимга осий бўлаётганини англаб етса, кичик гуноҳни катта кўради.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сизлар бир қанча амалларни қиласизлар. Улар кўзингизга қилдан ингичка бўлиб кўринади. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида уларни ҳалокатга элтувчи гуноҳлар деб билар эдик».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Билол ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи:

«Хатонинг кичиклигига назар солма. Ўзинг осий бўлаётган Зотнинг улуғлигига назар сол», деган.

3. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири гуноҳи сағийрани қилганидан хурсанд бўлиш ва у билан мақтанишдир.

Бунга баъзи ноўрин тасарруф қиладиганларнинг «Фалончининг обрўсини бир пул қилиб ташладим, ўзиям бошини кўтара олмай қолди», деб мақтанишларини мисол қилиш мумкин.

Шунингдек, баъзи тожирларнинг шерикларига: «Ўтмай қолган матоҳни мақташимни кўрдингми, гаранг харидорни алдашда менга етадигани бўлмаса керак», деган гапига ўхшашлар ҳам шу жумладандир.

4. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири Аллоҳ таоло бандасининг айбларини фош қилмаётганини, ҳилмига олаётганини ва фурсат бераётганини писанд қилмасликдир.

Эҳтимол, Аллоҳ таоло уни «истидрож» учун тек қўйиб қўйгандир.

Аллоҳ таолонинг кофир ва осийларни дарҳол жазоламай, балки яхшилик қилиб тек қўйиб қўйиши «истидрож» – «даражама-даража олиш» деб номланади.

Ўша кофир, золим ва осийларга бериладиган кенг ризқлар, узун умрлар, бадан офияти ташқаридан яхшилик бўлиб кўринади. Ичкаридан эса балодир. Чунки асосий мақсад уларни ўшалар туфайли иқоб ва азобга олишдир.

Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенг, Ўзига куфр келтирганларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам тек қўйиб қўяди. Дарҳол азоблашга ўтмайди, балки аста-секин азоблайди.

Баъзи одамлар ўз қадрларини молу дунё, мансаб билан ўлчайдилар. «Менинг фазлим бўлмаса, шунча бойлигим бўлармиди, шунчалик мансабга кўтарилармидим», деб ўйлайдилар, охиратни унутадилар.

Аллоҳ таоло эса шошилмайди, мағрур банда ҳар гал гуноҳ қилганда унинг бойлигини ёки мансабини ошириб қўяди. Натижада банданинг айби кўпайиб боришига қарамасдан, ўзининг қаёққа кетаётганини сезмайдиган бўлиб қолади ва оқибатда оғир ҳолатга тушиб қолади.

Уламоларимиз: «Аста-секин олишнинг бир тури шуки, гуноҳкор бир гуноҳ қилганда Аллоҳ таоло атайлаб унинг мартабасини бир поғона ошириб қўяди ва шундай қилиб у ўзининг ҳалокатли ҳолатга дучор бўлганини сезмай қолади», деганлар.

5. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири қилган гуноҳини бошқалар олдида зикр қилишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мужоҳирлардан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. Албатта, «мужоҳара» – бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам, «Эй фалончи, кечаси ундай қилдим, бундай қилдим», дейишидир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», деганларини эшитдим».

Икки шайх ривоят қилишган.

«Мужоҳир» луғатда «жаҳр» сўзидан олинган бўлиб, «ошкора қилувчи» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга биноан, ўзи қилган гуноҳини одамларга мақтаниб юрадиган одамни ҳам мужоҳир дейилади.

Демак, ўзидан содир бўлган кичик гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг кичик гуноҳи каттага айланар экан.

6. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири гуноҳкорнинг одамлар иқтидо қиладиган олим бўлишидир.

Олимнинг гуноҳи ошкор бўлса, оламнинг гуноҳига айланади. Чунки омилар олимнинг қилган ишига тақлид қиладилар ва «Олимлар қилганда, биз қилсак нима бўлибди», дейдиганлар кўпаяди.

Олим кишининг гуноҳдан ҳазир бўлиши алоҳида таъкидланган. У бошқалар қатори, гуноҳни тарк қилиши лозим, шу билан бирга, мабодо бандалик ила ундан баъзи гуноҳлар содир бўлиб қолса, уни жуда ҳам махфий тутиши керак.

Олим киши содир этган гуноҳларга одамлар эргашса, унинг жазоси бир неча баробар бўлгани каби, у қилган яхшиликка одамлар эргашса, савоби ҳам бир неча баробар зиёда бўлади.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга шу суннатга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради.

Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.

Олим киши ҳар бир рухсат берилган нарсада ўртача бўлишга ҳаракат қилмоғи зарур. Чунки одамлар унга назар солиб турадилар. Айниқса одамлар ундан ўрнак оладиган нарсаларда жуда ҳам эҳтиёт бўлиши лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
951. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот.Роҳат топган ва ундан давоми...

5849 17:55 / 13.07.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм..Аллоҳнинг мукаммал калималари, ndash қалбларнинг нури, кунларнинг шодлиги, бахтсаодат сурури, ҳидоят калити. Кимки унга боғланса, нажот давоми...

8757 20:50 / 16.09.2017
Қуръони Карим аввалидан охиригача мазкур икки тур тавҳидни баён қилишга, уларнинг шаънини ҳақиқатга чиқаришга хизмат қилади. Чунки Қуръон 1. Аллоҳ, Унинг исмлари, давоми...

1302 19:00 / 01 апрель
Осмону ерда Аллоҳнинг дини бирдир. УИслом динидир. Аллоҳ таоло .Албатта, Аллоҳнинг наздидаги динndashИсломдир,, деган. Оли Имрон сураси, 19 ва яна .Ва сизларга Исломни давоми...

6179 23:40 / 02.12.2016