1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Балоғат илмининг аҳамияти ва унинг ривожланиши

20:16 / 22.04.2017 9217 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У Луғат бойлиги,   қоидаларининг турли-туманлиги, бир калимани бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан мукаммалликда тиллар ичида ажралиб туради. Балки,  шеваларининг жуда кўплиги  билан ҳам дунёда юқори ўринни эгаллайди.

Бу тил Қуръони карим тили, жаноб Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам тиллари бўлгани учун ҳам уни ўрганиш йўллари саҳобаи киромлар давридаёқ ишлаб чиқилган. Араб тилини ўрганиш учун ҳам бошқа тилларни билиб олиш учун керак бўладиган луғат, морфология, грамматика, яъни сарф ва наҳв илмлари мукаммал ўрганилади. Шу билан бирга араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак.

Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикликларини теран англаш осон кечади ҳамда Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан иъжози (мўъжизакорлиги) кашф бўлади . Шу боисдан, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва шариат китобларини ўрганмоқчи бўлган киши юқорида таъкидланганидек, луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим. Шунингдек, мумтоз адабиётимз дурдоналари ҳисобланган шеър ва ғазалларда ҳам мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланилган. Демак, буюк аждодларимиздан қолган бой адабий меросимизни тўғри ва чуқур ўрганиб бошқаларга ҳам етказишимизда балоғат илми катта аҳамият касб этади. 

Бу илм бошқа фанлардан ўзининг фазилати билан ажралиб туради. Зеро, унинг луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини кашф этишда бетакрор ўрни ва услублари бор. Шунинг учун ҳам у тилнинг нозик, нафис ва дақиқ жиҳатларини ўрганишда беқиёсдир.

Шунингдек, бу илм тил мусобақалари ва суҳандонлик беллашувларида олий мукофотни қўлга киритиш усулларини чуқур ўргатади. Бу билан ақлларни лол қолдирувчи жумлалар тузиш, ҳолат тақозосига мувофиқ тарзда сўзлаш, бир сўзни турли маъноларда нуқсонсиз ишлатиш малакаларини ривожлантиради. Кўнгилдаги мақсадни чуқурроқ, кенгроқ ва тушунарли ҳолатда баён қилиш тажрибасини камолга етказади. Бу эса балоғат илмига эҳтиёж нақадар кучли эканини билдиради.

Балоғат илми бир-бирини тўлдирувчи бўлган учта илм: илми маоний, илми баён ва илми бадиъдан таркиб топган.

Илми маонийда арабий лафзларнинг ишлатилиш усуллари ва баъзи сўзларнинг ўрни ва салмоғи ҳақида баҳс юритилади. Илми баён эса, керакли мақсадни ифодалаш ва етказишда, шунингдек, таъсирини оширишда сўзларнинг ҳақиқий ва кўчма маъноларидан фойдаланиш усулларини; Илми бадиъ эса, илми маоний ва баёнлардан фойдаланган ҳолда гапириладиган ёки хатга тушуриладиган мақсадларни чиройли, бадиий, қофияли, жарангли ва сўзларни бир-бирига уйғун қилиб келтириш услублари ҳақида баҳс қилади. 

Балоғат фани бўйича ҳижратнинг II асридан бошлаб китоблар битила бошлангани тўғрисида тарих зарварақлари шоҳидлик беради. Энг биринчи бўлиб илми Баён ҳақида китоб ёзилган дейиш мумкин. 206 ҳижрий санада дорул бақога риҳлат қилган Абу Убайда Маъмар ибн ал-Мусанний ал-Басрийнинг "Мажозул-Қуръон" китоби илми баённинг биринчи бўлиб алоҳида илм сифатида шаклланишига тамал тошини қўйди. Абу Убайда Халил ибн Аҳмаднинг шогирди бўлиб, ҳазрат Сибавайҳнинг шайхидирлар. Раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъин.

Илми маоний ҳақида биринчи бўлиб қалам тебратган олим ким эканлиги маълум эмас. Бу борада кўплаб муаллифларнинг асарлари мавжуд. Лекин, услубида ягона бўлган, адиблар сардори дея танилган Абу Усмон Амр ибн Баҳр ал-Жоҳизнинг (вафоти 255 ҳижрийда) "ал-Баён ват-табйин" ҳамда "Иъжозул-Қуръон" номли китоблари улар орасида алоҳида ажралиб туради. У кишидан кейин Абу Аббос ал-Мубаррад "ал-Комил" асари билан, ибн Қутайба "аш-Шеър ваш-шуаро" китоби билан бу фанга ўз ҳиссаларини қўшдилар. 

Балоғатнинг бадиъ илми бўйича биринчи бўлиб асар ёзган олим халифа Абдуллоҳ ибн ал-Муътазз ибн ал-Мутаваккил ал-Аббосийдир (в. 296 ҳ.). У гап безаги, яъни бадиий тасвир воситаларини чуқур ўрганиб, улардан ўн еттитасини ўзининг "ал-Бадиъ" асарида келтириб ўтади. Кейинги асрларда ҳар бир олим бу илмни ривожлантирди. "Ас-Саноъатайн" асари соҳиби Абу Ҳилол ал-Аскарий, "ал-Умда" соҳиби ибн Рашиқ, буюк ватандошимиз муфассирлар устози "ал-Кашшоф" асари соҳиби Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий ва бошқаларни санаш мумкин. Балоғат илми чўққисини эса, шайх имом Абдулқоҳир ибн Абдурраҳмон ал-Журжоний (в.471 ҳ.) ўзларининг "Далоилул-иъжоз" ва "Асрорул-балоға" китоблари билан забт этдилар. У кишидан кейин беназир шоҳсупага форс ўғлони Абу Яъқуб Юсуф ас-Саккокий (в. 626 ҳ.) чиқдилар. Китобларининг номи "Мифтоҳул-улум" бўлиб, академик Карачковский балоғат илмини айнан мана шу асар билан ўз камолига етган дея баҳолайди . Кейинги асрларда муаллифлар асосан ас-Саккокийнинг "ал-Мифтоҳ" асарига шарҳ ва ҳошиялар ёза бошладилар.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги "Хўжа Аламбардор"

жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исрофrdquo сўзи асли арабча бўлиб, ҳисобсиз тарзда ишлатишrdquo, ҳаддидан ошишrdquo каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан давоми...

9548 10:06 / 24.03.2017
Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни давоми...

5395 20:11 / 22.04.2017
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамнинг бошқа бир одамни турғизиб, ўрнига ўзи ўтириб олмоғини ман давоми...

1657 17:36 / 26.08.2020
Баъзилар сендан ниманидир хоҳлашади, сени ўзингни эмас. Баъзилар сени ўзингни хоҳлашади, сендан нимадир эмас. Баъзилар сени бўш вақтларида яхши кўришади. Баъзилар давоми...

2658 16:43 / 27.03.2017