1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Тинчликни қадрлайлик!

15:13 / 22.04.2017 3125 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тинчликнинг энг катта неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим а.с.нинг Макка ҳақига қилган дуоларида бунинг тасдиғини кўрамиз.  У оятда Маккага тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. Бу ҳақида шундай дейилади:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُمْ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ قَالَ وَمَنْ كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلًا ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ (126)

Эслaнг: Ибрoҳим: Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин (Бақара;126)

Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш шу жойда тинчлик бардавом бўлсин дейишни ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади.

Тинчлигини йўқотган юрт худди юлдузини йўқотган осмон каби зимистонга айланади. У юртнинг қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлару, анҳорлари бўлмасин, у худди харобага айланган, биров ундан манфаат ва фойда ололмайдиган саҳрога ўхшаб қолади. У юртда на роҳат ва на хотиржамлик бўлади. Бугунги кунда атроф мамлакатларда бўлиб турган беқарорликлар бунинг ёрқин далилидир.

Аксинча тинчлиги бор юрт эса гарчи саҳро бўлиб, ундан гиёҳ унуб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ерда истиқомат қилаётганларга ўзининг ана шу  тинч ватани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади.

 Демак, ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъий назар, қайси касб, қандай мартаба, қанча обрўли бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтождир.

Чунки хавфсираган киши хотиржам тунамайди, хотиржам тонг оттирмайди, хотиржам яшамайди. Доим қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи ва касбида хавфсираб юради.

Тинчлик бўлса инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади, Раббиларига эса хотиржамликда ибодат қиладилар. Бунга барчамиз гувоҳ бўляпмиз.

Харим ан-Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?”. У: “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётдан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берди.

Тинчлик – барча давлатлар ва барча жамиятларнинг талаб қилган асосий мақсадидир. Тинчлик учун қанча ҳаракатлар, қанчалар харажатлар қилинади.

Бу неъмат ўта қадрли неъмат бўлганлиги сабабли Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида бандаларига бу неъматни миннат қилиб зикр қилади:

أَوَلَمْ يَرَوْا أَنَّا جَعَلْنَا حَرَمًا آمِنًا وَيُتَخَطَّفُ النَّاسُ مِنْ حَوْلِهِمْ

Яъни, “Улaр ўзлaрининг aтрoфлaридaги oдaмлaр қирғингa учрaб тургaн бир пaйтдa, биз (Мaккaни) oсoйиштa ҳaрaм қилиб қўйгaнимизни кўрмaдилaрми?!” Анкабут – 67

Қурайш сурасида ҳам Аллоҳ таоло Макка аҳлига берган икки катта неъматини эслатади:

فَلْيَعْبُدُوا رَبَّ هَذَا الْبَيْتِ (3) الَّذِي أَطْعَمَهُمْ مِنْ جُوعٍ وَآمَنَهُمْ مِنْ خَوْفٍ (4)

Яъни, “Мaнa шу уй(кaъбa)нинг пaрвaрдигoригa ибoдaт қилсинлaр! зeрo, (У) улaрни oчликдaн (қутқaриб) тaoмлaнтирди вa xaвф (вa xaтaр)дaн xoтиржaм қилди.” (Қурайш;3-4)

Тинчлик неъмати – инсоният уни сақлашлик учун хоҳ қимматли бўлсин, хоҳ арзон бўлсин барча нарсасини, ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақли бўлган улкан неъматдир!

Бу неъмат бардавом бўлиши учун унинг сабаблари, уни тутиб турувчи омиллари ва устунлари ҳам бардавом бажарилиши лозим бўлади.

Шуларнинг асосийси ва энг улуғи Аллоҳга иймон келтириш ҳисобланади.

الَّذِينَ آمَنُواْ وَلَمْ يَلْبِسُواْ إِيمَانَهُم بِظُلْمٍ أُوْلَئِكَ لَهُمُ الأَمْنُ وَهُم مُّهْتَدُون.

Яъни, “Имoн кeлтиргaн вa имoнлaрини зулм (ширк) билaн қoриштирмaгaнлaр - aйнaн ўшaлaргa xaвфсизлик (бoрдир) вa улaр тўғри йўл тoпгaнлaрдир. Анъом;82

Яна бир оятда эса шундай дейилган:

مَا يَفْعَلُ اللَّهُ بِعَذَابِكُمْ إِنْ شَكَرْتُمْ وَآمَنْتُمْ وَكَانَ اللَّهُ شَاكِرًا عَلِيمًا )147(

Яъни, “Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни азоблаб нима ҳам қилади?! Аллоҳ шукрни қабул этувчи ва билувчи зотдир.” (Нисо;147)

Демак иймон ва шукр тинч ҳаёт учун асосий омиллардандир. Бу неъматни сақлашни истасак, доим тинч ва хотиржам ҳаёт кечирайлик десак, Раббимизга иймон келтириб, ана шу иймоннинг тақозасида ҳаёт кечирайлик. Раббимиздан келган эслатма ва насиҳатларни унутмайлик. Акс ҳолда Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтадики:

فَنَسُوا حَظًّا مِمَّا ذُكِّرُوا بِهِ فَأَغْرَيْنَا بَيْنَهُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ

Улaргa эслaтилгaн нaрсaдaн (кaттa) бир қисмини унутдилaр. Шундaн кейин улaрнинг ўртaлaридa қиёмaт кунигaчa aдoвaт вa нaфрaт қўзғaтдик. Моида 14

Демак, тинчликнинг бузилишига бандаларнинг ўз Раббиларидан келган эслатмани унутишлари сабаб бўлар экан.

Тинчликни сақлашлик учун кишиларни, фарзандларни, аёлларни, хуллас ҳар бир шахсни Аллоҳнинг тоатида тарбиялаш, Аллоҳга маъсият қилишдан қайтариш лозим бўлади. Яъни, ҳар бир инсон ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга амал қилиши лозимдир.

Халқимиз муқаддас динимизга ва соф динимиз ақидасида йўғрилган миллий урф-одатларимизга қанчалик мувофиқ ҳаёт кечиришса, шунча жиноятлар олди олинади, тинч ва осуда ҳаёт таъминланади.

Тўғри тафаккур қилиш тинчликни рўёбга чиқаради. Тинчлик бардавом бўлиши учун фарзандларни, ёш авлодни ҳар хил бузуқ эътиқод ва нотўғри фикр юритишдан асрашимиз лозим бўлади. Улар орасида бирор бир фаҳш, мункар иш ва нотўғри ғояларни тарқалишига йўл қўймаслигимиз керак. Бу борада динимиз шомил ва комил бўлиб, етарли кўрсатмаларни белгилаб берган. Бирор нарсани унутиб қолдирмаган.

Ҳар хил фитна-фасод чиқарувчи, дин номидан иш қилувчи, турли иғволарни тарқатувчи мунофиқларнинг ишлари тўхтатилса, тинчлик неъмати сақланади.

Неъматларга шукр қилиш ҳам тинчликни сақловчи омиллардандир.

وَضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا قَرْيَةً كَانَتْ آمِنَةً مُطْمَئِنَّةً يَأْتِيهَا رِزْقُهَا رَغَدًا مِنْ كُلِّ مَكَانٍ فَكَفَرَتْ بِأَنْعُمِ اللَّهِ فَأَذَاقَهَا اللَّهُ لِبَاسَ الْجُوعِ وَالْخَوْفِ بِمَا كَانُوا يَصْنَعُونَ

Яъни, “Aллoҳ бир шaҳaрни (яъни, Мaккaни) мисoл кeлтирур: у тинч, сoкин (шaҳaр) эди, ҳaр тoмoндaн ризқи кeнгу мўл кeлиб турaр эди. Бaс, у (aҳoлиси) Aллoҳнинг нeъмaтигa нoшукрлик қилгaч, Aллoҳ унгa (aҳoлисигa) бу “ҳунaрлaри” сaбaбли oчлик вa xaвф либoси (бaлoси)ни тoтдириб қўйди”. Наҳл-112

Демак, тинчлик бардавом бўлиши учун биздан талаб қилинадиган нарса ушбу неъматга шукр келтириш экан. Агар бу неъматга шукр қилинмаса, Аллоҳ таоло бунинг ўрнига хавф-хатарни алмаштириб қўяди, бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ

Яъни, “Aлбaттa, Aллoҳ бирoр қaвм ўзлaридaги нaрсa (яxши ҳoлaт)ни ўзгaртирмaгунлaричa, улaрдaги нaрсa (ҳoлaт)ни ўзгaртирмaс”. Раъд;11

Яъни, биз тинчлик учун лозим бўлган шукрни ва тинчликни сақлаб туриш учун керак бўлган ҳаракатни тўхтатмасак, Аллоҳ таоло бизда ҳукм суриб турган тинчлик неъматини хавфга ўзгартирмайди.

Инсонларнинг бирлиги, ҳаётнинг гуллаши, ризқнинг мўл-кўл бўлиши, инсонларнинг ўзаро маърифат ҳосил қилиши, илм олишга имконият, уммат, жамият, уламолар ўртасида бирликнинг мустаҳкамлиги, жамият ва якка шахс ўртасида алоқанинг яхшиланиши, ҳамма бир сўз устида жамланиши, бир ёқадан бош чиқариши, инсонлар ўзаро манфаат алмашиши, қўни-қўшни ва қавми-қариндошнинг ҳолидан хабар олиб туриш, силаи-раҳм қилиш, ибодатлардаги хотиржамлик ва Ер юзида Аллоҳ таоло рози бўладиган ҳаётни кечиришга асосий сабаб тинчликдир.

Тинчликнинг бузилиши эса илм ва маърифат йўлининг тўсилиши, ўзаро яхшиликнинг узилиши, уламолардан ҳикматлар тинглаш имконининг йўқолиши, силаи-раҳмнинг узилиши, касаллар ўзларининг дардига табиб топа олмаслиги, табиб топса дори-дармон топа олмасликлари, ҳаётнинг издан чиқиши, одамларнинг юртини тарк этиб кетиши, оиласидан йироқда бўлиши, ўзаро келишувлар, ақдлар ва аҳдларнинг бузилиши, тараққиётнинг таназзулга учраши, ишлаб чиқаришнинг камайиб кетиши, тижоратларнинг тўхтаб қолиши, касб қилишнинг қийинлашиши, нарх-наво кўтарилиб яшаш оғирлашиши, ҳар бир тўғри ёки нотўғри хабарларнинг тарқалиб юриши, одамларнинг эшитганига ишониб кетавериши, халқ ўртасида ваҳиманинг тарқалиши, рост хабарларнинг инкор қилиниши, одамларнинг бегуноҳ қонлари тўкилиши, аёлларнинг бева қолиши, ёш болаларнинг етим бўлиши ва ҳ.к.з.ларга сабаб бўлади. Тинчлик йўқолса жаҳолат кучаяди, ҳар хил жиноятлар кўпаяди, зулм тарқалади.

Таъкидалб айтамизки, ҳар бир инсон учун тинчлик зарур ва бу муқаддас динимизнинг, шариатимизнинг талабидир. Бу ҳақида набий с.а.в. шундай деганлар:

 من أصبح آمنا في سربه معافى في جسده عنده طعام يومه فكأنما حيزت له الدنيا

Яъни, “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”. (Бухорий, ал адаб ал муфрад)

Эътибор қилинг, пайғамбар с.а.в. биз учун энг муҳим бўлган, лекин биз кўпинча одатда унга эътибор қилмайдиган уч нарсани зикр қиляпти. Тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бугун бу неъматларнинг барчасига эришиб турибмиз. Бардавом бўлиши учун эса, уни сақлашимиз ва қалб, тил ва аъзолар билан шукр қилишимиз лозим бўлади.

Бугун жаҳонда рўй бериб турган нотинчликлардан ғафлатда қолмаслигимиз керак. Инсонни ҳалокатга учратадиган мусибатларнинг энг ёмони бу – ғафлатдир. Ғафлат кўринмас касаллик. Биз ана шу ғафлат исканжасидан чиқишимиз керак. Мажбуриятлардан ғафлатда яшаш, Роббисидан, охиратдан, Ватаннинг олдидаги бурчдан, ота-онанинг ҳаққидан, Фарзанду-аҳли аёл олдидаги мажбуриятдан, қўшнилар ҳаққидан ғафлатда яшаш катта мусибатларнинг келишига сабаб бўлади.

Шунинг учун Аллоҳ таоло жаҳаннамга тушадиган, унга ўтин бўладиган инсонларни Қуръони каримда баён қилиб шундай дейди:

وَلَقَدْ ذَرَأْنَا لِجَهَنَّمَ كَثِيرًا مِنَ الْجِنِّ وَالْإِنْسِ لَهُمْ قُلُوبٌ لَا يَفْقَهُونَ بِهَا وَلَهُمْ أَعْيُنٌ لَا يُبْصِرُونَ بِهَا وَلَهُمْ آَذَانٌ لَا يَسْمَعُونَ بِهَا أُولَئِكَ كَالْأَنْعَامِ بَلْ هُمْ أَضَلُّ أُولَئِكَ هُمُ الْغَافِلُونَ

 Яъни, “жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир. (Аъроф-179)

Айнан ўшалар ғофиллардир.” Дарҳақиқат айнан ўшалар ғофиллардир. Чунки Аллоҳ таоло уларга мана шу аъзоларни омонат қилиб берганди, лекин улар бу аъзоларни хароб қилдилар, ҳаққини адо қилмадилар. Қалб ва ақл ҳақни англамаса, кўз ибрат назари билан қарамаса, қулоқ ҳақни тингламса, уларнинг қиймати қанча?. Шунинг учун биз бундай ҳолатларда ғафлатда қолмай, доим хушёрлигимизни йўқотмаслигимиз лозим. Бу юртда ҳукм суриб турган тинчликни асраб-авайлаб, фарзандларимизга ҳам унинг қадрига етишларини ўргатишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло бутун жаҳонда, хусусан мустақил юртимизда тинчликни бардавом айласин. Халқимизни эса унинг қадрига етадиган, шукрини адо қиладиган, Ўзининг розилигини топадиган халқлардан бўлишини муваффақ қилсин.

Қудратуллоҳ Сидиқметов


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ибодат маъносидаги муҳаббат.Бу турдаги муҳаббатда банданинг қалбида Маҳбубни улуғлаш, ўзини эса, хор ва заиф деб билиш ва бунинг натижасида Маҳбубнинг давоми...

2459 10:15 / 27.03.2017
Ўғирлик ndash катта гуноҳдирИнсонлар ўзларига берилган қимматли умрларини беҳуда ишлар билан ўтказишлари дуруст эмас, албатта.Лекин орамизда баъзи бир одамлар давоми...

9295 21:46 / 21.04.2017
Фарзанд тарбияси ва жамият равнақида ҳалол касбнинг тутган ўрни Инсон ўзидан яхши из қолдириб, дунёдан ўтганидан кейин ҳам яхши амаллари савоби тўхтамасдан давоми...

5420 21:41 / 21.04.2017
1. Аллоҳ ҳузуридаги энг мақбул дин. 2. Охирзамон пайғамбари. 3. Эътиқод. 4. Ҳанафий мазҳаби асосчисининг исми. 5.Исломдаги иккинчи фарз. 6. Халифа Усмон р.а.нинг лақаби. 7. давоми...

3648 14:20 / 15.03.2017